Ихтиро

Журфакда таҳсил олган ижодкорнинг қаламидан нур таралади, дейди Дониш домла.

икром ИХТИРО

Мен «йўқ»дан «қўй» қилдим,
«Йўқ» сўзини тескари ўқиб.

«Овсар» – «расво» бўлди.

«Нодон» эса…
Барибир «нодон»лигича қолди.

* * *

Шодланаман қисинибгина,
Қайғу чексам ичимда ёшим.
Осмон четин қилганча пана,
Ўтиб ботар мискин қуёшим.

Билмам, қайдан келди бу савол,
Қайдан бунча кўнглим зорлиги…
Айтинг, сизга келмасми малол,
Бу дунёда менинг борлигим?

***

МУМТОЗ ОҲАНГЛАРДА

Ҳазрат Навоий назмига
эҳтиром ила

1

Каштасин қўлга олса келиб боғ ичра нигорим,
Суратига маҳлиё эмиш малоҳат эли ҳам.
Ноз ила ул ҳар қачон ип ўтказурда, во ажаб,
Игнасин тешигидан ўткайдек нозик бели ҳам.

2

Ёр васлин истаб, дўстлар, андоқ бўлибман беқарор,
Қуёш хаёл қилингиз кўнглимдан кўчса бир шарор.
Ҳар қачонки, ҳажрида оқса кўзимдан жолалар,
Денгизга денгизки, бу уммон юз қатла сенча бор.

3

Ўртанурман, ҳар жойда кезиб, сайрон бўлмасин деб,
Мунча чиройни кўриб эл ҳам ҳайрон бўлмасин деб.
Дуодаман, илло ҳусн учун солиқ солмасинлар,
Бу мулкда якто ёрим хонавайрон бўлмасин деб.

4

Мен не дейки, сен не десанг шул бўлғай,
хулоса тамом улдир,
Балки қаҳринга учрамоқ ҳам васлинга етмакта омилдир.
Сен-да муттасил қоним ичмакдану жоним
олмоқдин асти
Истиҳола қилмаки, бу хўбларга таому таомилдир.

5
Гар етказса малол сенга етмасин ёдим менинг,
Кезмагил саҳро тағин то тутмасин додим менинг.
Ўртама нозик дилингни сайд этарда адашиб,
Ул югурган оҳу эмас, оҳу фарёдим менинг.

Икром ИСКАНДАР

Таҳририятдан: Икром Искандар 1972 йил 10 сентябрда Жиззах вилояти Дўстлик туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида таҳсил олган.

Ўтган йиллар давомида «Бир даста гул» (1994), «Баҳорни излайман» (1995), «Бугунги нақллар» (2005), «Ёмғирли фасл» (2006), «Ҳангома ва нақллар» (2008), «Яшил хиргойи» (2010), «Фасллар оҳанги» (2013) ҳамда «Висол қушлари» (2016) номли шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *