Ичиқора одамнинг ҳамма иши қора…

Улар ҳар қадамда дилингизни сиёҳ қилади…

Шунақа кимсаларни «бетиқора» дейишади. Бетиқоралар ўз манфаатлари учун эл дастурхонига ва умумий дастурхонимиз ҳисобланмиш — давлат хазинасига ҳам катта зарар келтириб яшайди. Нафсиўпқон бундай кимсалар қора ниятлари йўлида ҳеч нарсадан тоймайдилар. Қилмишларига яраша улар «фаолият» кўрсатадиган жойни — «Қора бозор» дейдилар. Ачинарли томони шундаки, ҳамма биладиган ўша «Қора бозор»ни ўша атрофда юришган ҳуқуқни муҳофаза қилиш учун чиройли форма кийган баъзи посбонлар негадир «кўрмайди…» Ҳар ишга қодир қудратли кучларимиз нечун айнан «Қора бозор»ни таг-туги билан қўпориб ташламайди, дейди Дониш домла энсаси қотиб. Сизга ўқиш учун тақдим этилаётган мақолани бир кўздан кечиринг-чи, қандай хулосага келар экансиз…

тв1

Мунозара давом этади: Қора бозорни йўқ қилиш ҳақида

Марказий банк департаменти директори Бобур Абубакиров «банклар хорижий валютани жисмоний шахсларга чекловларсиз сотаётгани боис» қора бозор пайдо бўлишига олиб келадиган монетар сабаблар «йўқлиги»ни маълум қилди. Валюта қора бозорининг мавжудлиги «қора» ва «кулранг» импорт борлиги билан изоҳланмоқда.

Аввало шуни айтмоқчиманки, Марказий банкнинг кейинги бир ярим йилдаги саъй-ҳаракати ва сиёсатига ҳурмат билан қарайман. Кўплаб реал ислоҳотлар ва олдинга силжишлар: валюта бозорининг либераллашуви, банк фаолиятини маъмурий бошқариш усулларидан мунтазам равишда воз кечилиши, инфляцияни жиловлаш сиёсати учун айнан Марказий банкдан миннатдор бўлишимиз керак. Аммо айтишади-ку, «Афлотун менинг дўстим, аммо ҳақиқат устунроқ» деб.

Менимча, жаноб Абубакировнинг сўзларида мантиқий қарама-қаршиликлар бор. У жисмоний шахслар валютани чекловларсиз сотиб олишлари мумкинлигини таъкидламоқда. Фақат буни унинг назарида чеклов ҳисобланмайдиган конверсион карта орқали амалга ошириш лозим. Бошқа томондан эса, у савдогарлар ва контрабандачилар нақд валютани қора бозордан сотиб олишни маъқул кўришларини айтмоқда.

Агарда конверсион карта орқали валюта сотиб олишга чеклов бўлмаса, унда нега улар валютани банкдан сотиб олишмаяпти? Демак, бу барибир чеклов бор эканлигини билдирадими? Ва айнан мана шу нарса оддий одамларни (нафақат контрабандачиларни) қора бозорга боришга мажбур қилмоқда.

Бошқа савол: агар Марказий банк аҳолининг валюта сотиб олишини чекламоқчи бўлмаса, унда нима учун шу пайтгача (амалдаги операциялар бўйича конвертация жорий этилганига бир йилдан ошди!) валюта нақд кўринишда сотилмаяпти? Нима учун Марказий банк одамларга валютани конверсион картасиз нақд сотиб олишга рухсат бермаяпти? Мана шу саволга асло жавоб ололмаяпмиз.

Ва ниҳоят, учинчи савол. Айирбошлаш пунктлари етишмагани сабабли одамлар кўпинча банкка эмас, қора бозорга боришади. Нима учун марказий банк хусусий айирбошлаш пунктлари фаолият олиб бориши учун лицензия бермаяпти? Бунда қандай муаммо бор?

Ва яна бир муҳим жиҳат. Валюта қора бозорининг мавжудлиги муаммо ҳисобланмайди! Аммо унга эътибор қаратиш керак. Нега?

Биринчидан, ҳар қандай қора бозорнинг мавжуд бўлиши мазкур бозор қатнашчиларининголди-сотди ишларини расман амалга оширишда маълум бир қийинчиликларга дуч келишаётганидан гувоҳлик беради. Бу ўз-ўзидан, иқтисодиётнинг меъёрида фаолият кўрсатиши учун ёмон ҳолатдир. Биз кўриб чиқаётган ҳолатда бу қийинчиликлар масалан, нақд валюта сотиб олиш механизми ноқулайлиги (карточка орқали валюта сотиб олишда вақт ва пул йўқотилиши) ёки айирбошлаш пунктларининг етарли эмаслиги ва ноқулай жойдалиги ёхуд одамларнинг банк тизимига ишонмасликлари ва бошқа сабаблар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Қора бозорнинг мавжуд бўлиши – бу касаллик эмас, симптом. Ва буни англашга ҳамда бу сабабларни бартараф қилишга уриниш керак.

Иккинчидан, валюта қора бозори кўпинча турли жиноий схемалар занжиридаги ҳалқалардан бири бўлади. Масалан, контрабандада. Аммо менимча, бу ҳолатда ҳам валюта қора бозори билан эмас, балки тадбиркорларни импорт маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга мажбур қилаётган сабаблар билан курашиш керак. Ва бу сабаблар яхши маълум: юқори божхона тўловлари ва солиқлар. Жаноб Абубакиров бу ҳақда мутлақо тўғри гапирмоқда. Шунга мувофиқ, валюта сотувчилар ва сотиб олувчиларга қарши эмас, қонуний фаолият олиб боришни бефойда машғулотга айлантирадиган, тадбиркорларни «соя»га ўтишга мажбур қилаётган «ўйин қоидалари»га қарши курашиш керак.

Бу ерда яна бир катта англашилмовчилик ҳақида ҳам эслаб ўтиш жоиз. Кўпчилик биз солиқ ва божхона тўловларини қанчалик пасайтирмайлик, бизнес олиб бориш учун тўсиқларни қанчалик олиб ташламайлик, яширин иқтисодиётни барибир енгиб бўлмайди деб ҳисоблайди. Чунки энг паст миқдордаги солиқни тўлагандан умуман солиқ тўламаслик яхшироқ. Жазоларни кучайтириш ва маъмурчиликка таяниш шунинг ортидан келиб чиқяпти. Одамларни фақатгина куч ва қатъийлик билан қонунларга итоат этишга мажбур қилиш мумкин деб ҳисобланмоқда.

Бу эса хато. Аслида ноқонуний фаолият бир қарашда кўринганидек, у қадар иқтисодий фойдали эмас.

— Ноқонуний фаолият олиб борувчилар даромади, мулки, озодлигидан маҳрум бўлишдан қўрқиб, доимо «пичоқ тиғида юришади». Гапимга қўшилаверинг, кўпчиликка доим қўрқувда яшагандан кўра паст миқдордаги солиқларни тўлаш фойдалироқ ва қулайроқ. Агар улар бундай қилишмаётган бўлса, демак, мавжуд солиқ ва божхона тўловлари бизнес юритишга имкон бермаяпти.

— Ноқонуний фаолият юритувчилар, уларнинг мулки ва фаолияти қонун ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳимоя қилинмайди. Бунинг ўрнига уларга жиноий тузилмалар ва коррупциячи амалдорлар ёпишади. Яъни, солиқ ўрнига «бож» тўлашларига тўғри келади.

— Ноқонуний фаолият юритувчилар ўз бизнесини сота олмайди, арзон кредит ололмайди, фаолияти ёки мулкини суғурта қилолмайди. Қонуний тадбиркорларда харажатларни камайтириш ва бизнеси самарадорлигини ошириш учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Ва улар ноқонуний йўлдан фойдаланишмайди.

Шунинг учун давлат тадбиркорларга қулай муҳит яратиш ва яширин иқтисодиётни қисқартиришни асосий вазифаси деб билса, у ҳолда расмий солиқ ва солиқдан ташқари тўловларни ноқонуний бизнес юритишдаги харажатлардан пастроқ даражага тушириши керак.

Мана шу яширин иқтисодиёт муаммосини ҳал қилишнинг туб ечими бўлади. Бу муаммо симптомлари билан курашиш эмас, сабабларни бартараф қилиш йўли бўлади.

Шу боис бизнес юритиш харажатларини қисқартириш (ҳамда яширин иқтисодиёт миқёсини қисқартириш) учун мамлакатнинг барча иқтисодий идоралари – Марказий банк, Молия, Иқтисодиёт вазирликлари ва бошқалар томонидан комплекс ва ўзаро мувофиқ чоралар кўрилиши лозим бўлади.

https://kun.uz/news/2018/11/29/munozara-davom-etadi-kora-bozorni-juk-kilis-akida

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *