Иқтидорли ёшлар – келажак пойдевори

Бугунги кунда мамлакатимиз ёшлари орасида иқтидорли ва ноёб истеъдод соҳиблари кўпчиликни ташкил этади.

Улар илм-фан сирларини янада мукаммалроқ эгаллашлари учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида алоҳида имкониятлар яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги шафелигида мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар орасидан чинакам иқтидорли ёшларни топиб, суҳбат асносида ўқишлари ЎзМУга кўчирилди. Ҳозирга қадар бундай иқтидорли ёшлар сони 192 нафарга етди.

рекИктидор

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ана шу иқтидор соҳиблари билан юзма-юз мулоқот ўтказди. Унда талабаларга пухта илм олиш, инглиз ва бошқа хорижий тилларни ҳам мукаммал ўзлаштириш баробарида илмий изланишлар, тадқиқотлар, инновация билан ҳозирданоқ шуғулланиш, бунинг учун академиклар, профессорлардан илм-фан сирларини пухтароқ ўрганиш мақсадга мувофиқ эканлиги алоҳида таъкидланди.

и1 и2 и3 и4

Мулоқотдан сўнг айрим талабаларнинг дил сўзларини оққа кўчирдик.

Салимабону Масирова, ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети 2-курс талабаси:

– Бугун ҳурматли ректоримиз Авазжон Мараҳимов билан очиқ мулоқотимиз бизга маънавий қанот бахш этди. Мен Фарғона давлат университети Ижтимоий-иқтисодий факультетида ўқиб юрган кезларим Тошкентда таҳсил олишни орзу қилардим. Ҳеч бўлмаса магистратура босқичини пойтахт шаҳримизда давом эттиришни ният қилган эдим. Бу орзуимга анча барвақт эришдим. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети раҳбарияти ташаббуси билан ўтказилган танловда иқтидорли талабалар сафида сараландим. Мана, бир ойдирки, ЎзМУ талабалари сафида ўзимни нақадар бахтиёр ҳис этган ҳолда таҳсил оляпман. Албатта, бу даргоҳда берилаётган билимлар савияси, илмий жиҳатдан мукаммаллиги билан ажралиб туради. Умид қиламанки, шу даргоҳдан фалсафа доктори, фан доктори даражасига эришиб, келгусида ФарДУда устозлик фаолиятимни бошлайман.

Ўткир Икромов, ЎзМУ Биология факультети 3-курс талабаси:

– Мен Бухоро давлат университети Табиий фанлар факультетида таҳсил олаётган эдим. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига иқтидорли талабалар танлови эълон қилинганида бундай бахтга эришаман, деб ўйламагандим. Мана, бугун шу қутлуғ даргоҳда таҳсил олмоқдаман. Бу даргоҳда ҳар бир фан сирларини етук мутахассис домлалар ўргатаётгани билим ва тасаввурларимни янада кенгайтирмоқда. Келгусида устозлар қаторидан ўрин олганимда ёш авлодга мана шундай юксак савияда дарс беришни ният қилдим.

Шаҳзод Рашидов, ЎзМУ Биология факультети 3-курс талабаси:

– Болалигимдан биолог бўлишни орзу қилардим. Тақдир тақозоси билан Қарши давлат университети Табиий фанлар факультетига ўқишга кирдим. Астойдил ният қилсанг – етасан муродга, деганларидек тақдиримда ЎзМУнинг Биология факультетида таҳсил олиш ҳам борлигидан жуда бахтлиман. Ундан ҳам улканроқ бахтим – устозларим ишончини оқлаб, келгусида етук мутахассис бўлиш ва элимга хизмат қилишдир.

Арслон Ўразимбетов, ЎзМУ Кимё факультети 2-курс талабаси:

– Қорақалпоғистон давлат университети Кимё-технология факультетида ўқиб юрган кезларим телевизорда Ўзбекистон Миллий университети талабаларини кўриб ҳавас қилардим. Айни пайтда ана шу тенгдошларим сафида илм-фан сирларини мукаммал эгаллашга интилаяпман. Ҳурматли ректоримиз билан суҳбатдан ўзимга тегишли хулоса чиқардим. Бизга берилган имкониятлардан унумли ва самарали фойдаланишимиз даркор. Агар биз ишончни оқласак, келгусида бошқа олий таълим муассасаларида ўқиётган энг иқтидорли талабаларга ҳам шундай имкониятлар эшиги очилар экан.

 ЎзМУ Ахборот хизмати

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. Bugungi kunda ÕzMU talabalari eng ilğor va iqtidorli talabalar safidan joy olmoqda. Biz talabalarga ta’lim berayotgan domlalarimizning hissalari esa katta. 2017 yil yakunida 192 nafar talabalarizmizga diplom va sertifikatlar topshirildi. Bu bilan albatta faxrlanamiz.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *