Йўлдамиз… Сизга билан биргамиз
Тунгги репортаж
Биринчи мақоламизда ЎзМУ жамоасининг сардобаликларга меҳр-оқибатлари, инсонпарварлик ёрдамлари ҳақида хабар берган эдик.
Бугун ҳам саҳоватпеша жамоа сардобаликлар учун очилган ҳисоб рақамига маблағларни йўналтиришмоқда. Кундалик эҳтиёж учун зарур нарсалар олиб келишнинг кети узилмаяпти.Бу ижтимоий акцияга жамоадан ташқаридаги ҳамшаҳарларимиз ҳам қўшилишди.
Сув тошқинидан зарар кўрган сардобалик маҳалла фуқароларига ижтимоий-руҳий кўмак бериш учун 20 нафар психолог, педагог, социолог ва волонтёрларимиздан иборат жамоа2 май куни Сардобага етиб борган эдилар. Улар университетимиз ректори Авазжон Мараҳимов бошчилигида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидан эвакуация қилинган аҳолининг 1000 нафардан ошиғи билан юзма-юз кўришишди. Аҳолига амалий психологик хизмат кўрсатишни илмий асосда ташкил этишди. Фуқаролар ўртасида сўровномалар ўтказиб, уларга мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, илмий асосланган психологик ёрдам, далда ва умид бериб, эртанги кунга ишонч беришди.Илк соатларда фавқулоддаги ҳолатдан юзага келган хавотирлик ўрнини хотиржамлик, шукроналик, яхши ва ёруғ кунлар сари биргаликда харакат қилишга ундашди.Университет социология ва ижтимоий иш йўналиши олимлари анкеталар тарқатиб, ҳар бир фуқаро билан уларнинг масалалари устида ишланиб, эҳтиёжлари ўрганишди.Олимлар шу жойнинг ўзидажараённи илмий асосда таҳлил қилишди.
Психология, социология соҳасидаги профессор-ўқитувчиларимиз воқеа жойида ёш мутахассислар билан илмий тадқиқотларини бевосита жараённи ўқув полигони сифатида кўриб чиқишмоқда. Бу ҳам ижтимоий, руҳий кўмакка эхтиёжи бор фуқароларимизга далда, ҳам соҳа ривожи учун тадқиқот хизматини ўтаяпти.
Бугун тунда Ўзбекистон Миллий университетининг сардобага кўмак ва саҳоват карвонининг навбатдаги қисми манзалга етиб борди. Биз университетнинг Ёшлар билан ишлаш проректори Камолиддин Мирзаахмедов билан телефон орқали боғландик.
-“ Биз бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ижтимоий акциясида карвонбоши ОТМлардан бири сифатида Гулистонга тўхтадик.Бу ердаги омбор базасига бу ҳудудга эвакуация қилинганлар учун кўмагимизнинг бир қисмини қолдирдик. Хокимлик, ИИВ, Ёшлар Иттифоқи,прокуратура, ФВВги вакиллари, кўнгилли волонтёрлар кечаю-кундуз хизматга шай туришибди.
Тонгда олимларимиз жамоаси ректоримиз таклифи билан ҳайрия карвонида Жиззахнинг Пахтаобод туманига йўл олади.У ерга эвакуация қилинганлар билан бирма-бир суҳбатлар уюштиришади. Уларнинг эҳтиёжлари, таклифларини ўрганишади. Зарурият бўлганида психологик кўмак беришади”.
Бу синовли кунларда ҳам ҳаёт давом этади. Энг муҳими, денгиз мисол қалқиб:-“Ёнингиздамиз”- дейдиган шундай халқи бор юртнинг ёруғликка чиқиш кунлари яқин.
ЎзМУ Ахборот хизмати.
Тошкент-Сирдарё-Тошкент.
Сўнгги фикрлар