Катталарнинг «Пуфак»лари…

Бўлғуси журналистларни доим катта ёзувчи-шоир ва публицистлардан ибрат

олишга даъват этаман. ЎзАда ёритилган қуйидаги мақолани ўқиганлар «фиғонидан чиқар дуд» (Абдулла Орипов ибораси) бўлибди-ку, деган хулосага келиши аниқ. Талабаларимиз уни ҳам эътибор билан ўқишсин ва ҳар қандай вазиятда ҳам чегарадан чиқмасликни ўргансинлар. Мақолада номлари тилга олинган адиблардан тортиб унинг муаллифигача ёшларга ибрат кўрсатиши лозим бўлган катта авлодга мансуб сиймолар. Биз катталарга ақл ўргатиш фикридан йироқмиз. Ижод — эзгуликка, яхшиликка хизмат қилмоғи лозим. У ҳеч қачон ғаразли мақсадга қаратилмаслиги керак. Бу борада чапанилик қилиб, «Пуфак» ундан баттар, унга муносбат бундан баттар бўлибди, дейишдан тилимизни тиямиз, вассалом. Талабаларимизга бу галги сабоғимиз шуки, «Пуфак» ва «Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Пуфак” башорати»га ўхшаган ғалвали мақолалар ёзишга ошиқманг! Бунақа мавзуларни етти эмас, етмиш, етти юз, етти минг марта ўлчаб, мутахассислару мутасаддиларнинг ҳам фикрларини ўрганиб,  кейин ақл-фаросат ила ёзсангиз ютқазмайсиз! Энг муҳими, бундан фақат жамият ютади, дейди Дониш домла.

5

Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Пуфак” башорати

Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Пуфак” башорати

Шу кунлари ижтимоий тармоқларда Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Пуфак” мақоласи боис баҳслар қизғин тус олди.
Энди…
Негадир, “пуфак”юзага чиққан кунлари ҳазрат Алишер Навоий ва Биноий ҳақидаги латифа ижтимоий тармоқларда бот-бот айланяпти.
Бу бежизга эмас.
Биноий Навоийга қараб: “итингиз бунча “наво” қилодур? Қайдан топгансиз буни?”, дея сўз ўйини қилса, Навоий: “билмасам, кўчада чанг босиб ётган экан, уйга келтириб, ювиб-тарасам, “биноий”дан ит бўлди, дея жавоб қайтарган экан.
Хуллас,ўз вақтида Ислом Каримов Мурод Муҳаммад Дўстни ювиб-тараб, биноийдай ишга жойлаб, амал бериб, арзандага айлантирди, олдига тилло товоқ қўйди. Ўзидан ортган энг сара илик суякларни гўшти билан қўшиб, Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг ялоқхўр шерикларига берди.
Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг шериклари бугун ўша тилло товоқни, ўша гўштли илик суякларни қўмсаяпти. Улар, минг афсуски, бугун ана шу тилло товоқдан ажраб қолганлари сабабли, минг сакраса-да, шифтга илиғлик ана шу нарсаларга етолмаган тулки каби “пуф¸пуфак сассиқ” дея мақолаларэълон қилмоқдалар.
Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг шериклари -Каримов даври арзандалари — ўзларини гений дея аташларини жуда истайдилар. Ўзларининг ҳар бир ибораси тиллардан тилларга кўчишини, шу аснода машҳурлик тахтасига битилишини истайдилар. Аммо, ана шунга лойиқ бир иш қилдиларми, улар?!…
Тан олиш керак. Булар орасида Мурод Муҳаммад Дўстнинг биргина “Дашту далаларда” номли ҳикояси бор. Бу ҳикоя минг йил олдин ўқилганда ҳам, минг йил кейин ўқилса ҳам, бугунгидай ўқилади.
“Дашту далаларда” ҳақиқий гениал ҳикоя.Ҳикояга шахсан мен тан бераман. Лекин…Бўлган гап шу…
Бўладиган гап шу…
2.
Лекин…
Мурод Муҳаммад Дўст нега “Пуфак”ни эълон қилди?.
«Энди яна тилло товоқ келар, ичида гўштли илик суяк бўлар” , деб узоқ кутди. Аммо…
… у узоқ кутган нарса келмади.
Аксинча, Мурод Муҳаммад Дўстга:: “Кутма. Умид қилма…”, деган садо келди.
Ана шунда “Биноий”…
Алам қилади-да!
Тўғрими?
Узоқ кутсангу, кутганинг келмаса?! Бу ёғи… қорнинг оч бўлса… Оч қорин эса… пуфакдек пақиллаб кетиши ҳеч гап эмас…
3.
1991 йил 17-18 октябр.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг съезди Алишер Навоий номли опера ва балет театрида давом этяпти. Одил Ёқубов Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раислигига қолдирилсин, деган таклиф киритилгандан сўнг бир гуруҳ қўзғолиб кетди. “Бунақаси мумкин эмас. Алтернатив Сайлов уюштирамиз”, дейишди ва Хуршид Даврон номзодини кўрсатишди. Яна кимнингдир номзодини кўрсатишди. Улар сўзга чиқиб, ўз программаларини эълон қилишди ва кейин Одил Ёқубовдан ҳам программа талаб қилишди. Шунда мен сўзга чиқаётган Одил Ёқубовнинг йўлига чиқиб:
— Одил ака, гапирманг,Сиздан программа талаб қилиш сиз учун, ўзбек адабиёти учун ҳақорат! Сўзламанг, — дея илтимос қилдим.
— Бир укамиз туппа тузук ижодкорларни итга ўхшатди, — дея мендан ўпкалади.
Аммо… шу тобда Одил Ёқубовни тўхтатиб бўлмас эди. Гапирди. Жўшиб, ёниб гапирди. Раис сифатида Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирийларнинг асарларига йўл очиб берганини, раис сифатида “Бирлик”, “Эрк”ка йўл очиб берганини ва… ҳоказолар ҳақида жўшиб гапирди. Аммо “улар менинг қадримга етишмаяпти”, дея нолигандек ҳам бўлди.
Қарашдики, йиғинда Одил Ёқубов ютиб кетяпти. Ҳаммаси ойдинлашди. Мағлубиятини тан олишни истамаган ушбу гуруҳ шантажга ўтди. Гуруҳнинг етакчиси таниқли бир адиб: “сиз шунақа миннат қилаверадиган бўлсангиз, сиз бош бўлган уюшма аъзоси бўлиб қолишни истамайман”, дея ўрнидан туриб келиб, уюшма аъзолиги билетини Одил Ёқубов олдидаги стол устига ташлаб, мажлисхонани тарк этди. Унинг изидан Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзамов, жами 14 нафар уюшма аъзоси чиқиб кетишди.
Шундан сўнг мен сўз олиб: “Одил ака, нима бўлса бўлди. Энди… сиз уюшма раиси бўлиб ишлаб турар экансиз, ҳаммасига чидайсиз. Ахир Абдулла Орипов айтганку:
Дейдилар, ит ҳурар, ўтади карвон,
Ранжу маломатдан ёнмасин жонинг.
Лекин алам қилар бир умр гирён
Итлар орасидан ўтса карвонинг,
Деганидек, чидайсиз, Одил ака, дея далда берган бўлдим.
Мендан кейин Аҳмад Аъзам:
Лекин,… нима бўлганда ҳам мен бор ҳақиқатни айтган эдим.Ўшанда улар Одил Ёқубовни итдек талаб ташлашга интилдилар. Негаки, улар уюшма раислигини олмоқчи эдилар. Негаки, ўша кунлари уюшма раислиги мавқеи жуда, жудаям баланд эди. Уларнинг ана шу кайфиятини теран англаб етган Ислом Каримов уларнинг етакчиларидан бири Мурод Муҳаммад Дўстни ўз ёнига чорлаб, “тўйганингча е!”,деб, олдига олтин товоқ қўйиб қўйди. Кейин Мурод Муҳаммад Дўст ушбу олтин товоққа… Кейин эса… ҳамиша уларнинг бошлари олтин товоқдаги гўштли илик суякда бўлгани туфайли овозлари ўчди. Ҳатто “Ўзбекфильм” ҳам шу олтин товоқ обод бўлиб туриши учун қурбон қилинди. Эҳ-ҳеее, не-не қурбонлар берилмади олтин товоқнинг ободчилиги учун! Шунақа устомон эди раҳматли Ислом Каримов.
Мурод Муҳаммад Дўст янги Президентдан узоқ кутди ўз ёнига чорлашни, аммо… барча умидлари пақ этиб ёриладиган пуфакка айлангандан сўнг… ёзғириб мақола ёзди. Ҳаммаси сароб деди. Мендек хокисор даҳонинг қадрига етмаяптими, билиб қўйсинларки, ҳаммаси тез кунда пуфакдек ёрилиб кетади, дея “башорат” қилди.
Мен адашмаяпман, ҳар бир иборани, сўзни билиб қўллаяпман. Булар ҳаммаси ўзларини гений деб ҳисоблашади. Ҳар бир гапим, сўзим тарихда муҳрланажак, деган ишонч билан чертиб чертиб, доналаб сўзлашни хуш кўришади. (Йилномачилар ёзиб олиб, кейин эълон қилади, дея ўйлашади-да.)
Бир пайтлар, 1980 йиллар нари-берисида, Мирза Кенжабоев айтишича, ёш ижодкорлар бир даврада: “ким энг зўр усулда мақтана олади?”, деган мусобақа ўйнашибди. Униси “у” дебди, буниси “бу” дебди. Ниҳоят навбат етганда Рауф Парфи: “Мен жуда камтарман”, дебди-да, жим бўлибди. Барча унинг гапининг давомини кутибди. Аммо Рауф Парфи жиммиш. Кейин гап нимадалигини англашипти-ю, даврада гурра кулги кўтарилиб, Рауф Парфига биринчи ўринни тақдим этишибди.
Хуллас, Мурод Муҳаммад Дўст ҳам худди шу тахлит мақтанишнинг усулларини излаяпти. Яъни ўзига бугунги раҳбарларнинг эътиборини тортмоқчи. Ўзини тан олишларини истаяпти. Аммо… агар янги ҳукумат ҳам Ислом Каримов йўлини тутиб, олтин товоқни қайтариб олдига қўйса, ўша куниёқ Мурод Муҳаммад Дўстнинг уни ўчади. Ўша куниёқ бошқача қилиқ қила бошлайди.
Мана кўрасизлар…
Негаки, ўрганган кўнгил ўртанса ёмон…
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ
 http://uza.uz/oz/society/murod-mu-ammad-d-stning-pufak-bashorati-11-08-2019
***

Мурод Муҳаммад Дўстнинг Фейсбукдаги фикрларини ўқиб…

Мурод Муҳаммад Дўстнинг Фейсбукдаги фикрларини ўқиб...

НИЯТНИ ЯХШИ ҚИЛИШ КЕРАК
Бир замонлар момоларнинг мўъжазгина сандиқчалари бўлган. Тилла тақинчоғу зеби гардонлари, энг нозик сирлари битилган мактубларини шу ерда сақлаб, калитини ҳеч кимга бермай, соч пўпагига осиб юрган. Бугун телефон деган зорманда сандиқчадан ҳам азиз. Дунёнинг ҳамма гапи шунда. Ҳамма янгилигу муаммолар шунда. Бўлган-бўлмаган гап-сўзу олди-қочди, миш-мишу сиру асрор бари шунда.
Ижтимоий тармоқ дегани ­эртаю кеч қайнаб ётибди. Кимни кимга арзи, дарди, тилаги бор – ­ёзиб ётган жойи. Тўғриси, айтадиган, ёзадиган гапимиз ҳам йиғилиб қолган экан-да. Балки, шунинг учун ҳам, эндиликда ижтимоий тармоққа кириб кўнглини очиш, фикрини айтиш ҳамманинг қўлидаги ишга айланиб қолди. Лекин бу ҳаётда бирдек ҳамманинг қўлидан келавермайдиган, ҳамма қила олмайдиган ­иш­лар ҳам бор.
Бу – бевосита ҳаётда содир бўлаётган яхшилик, мардлик, фидойилик билан боғлиқ амалий ­ишлардир. Журналистлар ижодий уюшмаси яқинда 44 нафар ёш журналистнинг турли мавзудаги мақолаларидан иборат “Ёш юрак­лар садоси” деган тўплам чиқарди. Унда Мавжуда Собирбоеванинг қорақалпоғистонлик ёш журналист Фурқат Собиров ҳақидаги “Фурқат орамизда йўқ, Фурқатлар тирик” деган мақоласи ҳам бор. Мақола қаҳрамони Фурқат канал ёқалаб кетаётганида баногоҳ икки ўсмир қиз дод-вой солиб, сувга чўкаётгани устидан чиқиб қолади. Камдан-кам бўладиган бундай ҳолатда кимдир ҳай-ҳайлаб одамларни чақириши, кимдир телефонга тармашиши мумкин. Фурқат ­эса ҳеч иккиланиб ўтирмай, ўзини сувга отади. Икки қизни ҳам қирғоққа чиқариб, ўзи гирдоб ичра чўкиб кетади… Бу ҳодиса ижтимоий тармоқларда ҳам кенг ёритилди.
Айни жасорат, ҳақиқатан, ҳамманинг қўлидан келадиган иш ­эмас. Бугун, чинакам маънода, инсонийлик, фидойилик, одамларнинг яратувчилик фазилатлари ҳар қачонгидан кўра қадрланаётган замонда яшаяпмиз.
Теварак-атрофга бир назар ташланг. Кеча кирган кўчангизни бугун танимай қолсангиз, ажаб­­ланарли жойи йўқ. Янги-янги турар жойлар, корхоналар, маданият ва санъат даргоҳлари, боғлар барпо этилмоқда. Буларнинг ҳаммаси ­одамларга қулай турмуш ва маиший шароит яратиб бериш, шаҳар ва қишлоқларимизни ободонлаш­тириш учун амалга оширилмоқда.
Пойтахтимизда барпо этилаётган “Tashkent Сity” кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаётгани бежиз эмас. Ўзимизникиларни-ку қўятурайлик, бу янги қурилиш ҳақида хорижлик мутахассислар билдираётган фикрлар, айниқса, аҳамиятлидир.
Мисол учун, немис архитектори Петер Кнох шундай деб ёзади:
– Ўзбекистонда янги қурилаётган биноларнинг сон-саноғи йўқ. Улардан энг йириги, бу шубҳасиз, “Tashkent Сity”дир. Бу ерда замонавий бизнес учун барча шароитлар мавжуд бўлади. Халқаро бизнес маркази бунга мисол. Унда тижорат ва савдо учун ҳамма шароитлар яратилади (“Gazeta.uz. 2019 йил 23 май).
Роман Осокин (Россия) – “Tаshkent Сity” лойиҳасида бевосита иштирок этган, лойиҳаларни бошқариш бўйича эксперт:
– “Tаshkent City” лойиҳаси бу нафақат Ўзбекистондаги, балки Марказий Осиёдаги энг улкан ло­йиҳалардан биридир (Sputniknews-uz.com. 2018 йил 2 ноябрь).
Элена Паскалева – халқаро эксперт (Буюк ­Британия):
– “Tashkent Сity” лойиҳаси хорижий инвестициялар, грантлар, техник ёрдам, кредитлар ва бошқа молиялаштириш манбаларига таянади. Бу саноат ва бизнес маркази саккизта бизнес маркази, савдо маркази, конгресс зали, меҳмонхоналар, ресторанлар ва маданий марказ, шунингдек, юқори қаватли турар жойлар қурилишини ўз ичига олади. Тошкентдаги янги иншоотларнинг кўпчилиги монументал мажмуалардир. Ушбу биноларнинг дизайни сайёҳлар учун жозибали (Advantour.com сайти. 2018 йил 28 июль).
Ҳазел Плаш, ёзувчи, сайёҳ (Ҳиндистон):
– Тошкентда жуда катта қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳарда бир-биридан чиройли ва ҳашаматли бинолар қад кўтармоқда. Тошкент ҳар доим Ўрта Осиёдаги энг чиройли шаҳарлардан бири бўлиб қолади (Advantour.com сайти. 2018 йил 28 июль).
Ўзгур Ўзгувен (Туркия) – “Özgüven” ширкати бошқарув раиси:
 
– “Tashkent Сity” халқаро ишбилармонлик марказидаги йирик лойиҳа – 215 метрдан ортиқроқ баландликка эга бўлиб, 50 қават бўлиши кутилмоқда. Тошкент шаҳрида қурилаётган осмонўпар бу бино меъморчилик нуқтаи назаридан янгича қарашлар ва ноанъанавий ечимларни ўзида акс эттирган. Биз Марказий Осиё ва Буюк ипак йўли юрагида жойлашган ушбу лойиҳада иштирок этаётганимиздан, туркиялик ишбилармонлар ўз аждодларининг тарихий ватани – ота юртида амалга оширилаётган бунёдкорлик лойиҳасида қатнашаётганидан мамнунмиз (daryo.uz. 2019 йил 8 июль).
Сирасини айтганда, битта иморат тиклаш учун, аввало, яхши ният керак, маблағ керак. Ундан ке­йин яна бир дунё нарса керак: қум керак, ғишт керак, цемент керак, тахта-ёғоч, мих керак, транспорт хизмати, логистика, овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари… Хуллас, қурилиш учун бутун бир инфратузилма ишлаши лозим. Бу янги-янги заводлар, корхоналар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари дегани, қанча-қанча иш ўрни дегани, давлат хазинасига қанча-қанча тушум дегани, қариялар учун пенсия, талабалар учун стипендия, ишчилар учун ойлик дегани. Бир сўз билан айтганда, ­ободлик, аҳоли турмуш фаровонлиги дегани.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларининг кўлами ва суръати ана шу жиҳатдан, айниқса, муҳимдир.
Тарихдан маълумки, ўтган асрнинг 30-йилларида АҚШ президенти Франклин Рузвельт миллий иқтисодиётни юксалтиришни айнан қурилишлардан бошлаган. У ижтимоий муассасалар, давлат ва жамоатчилик иншоотлари, коммунал хизмат кўрсатиш шохобчалари, йўллар, шоҳкўчалар ва кўприкларни барпо этишга катта эътибор қаратган.
Шу билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқариш, экология ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, ­одамларни ҳаётдан рози қилиш борасида кўп ишлар амалга оширилган. АҚШ улкан қурилишлар майдонига айланган.
Бугунги Ўзбекистонимизга – шаҳар ва туманлардаги бунёдкорлик ишларига боқиб, ниятимиз поклиги, амалий ишларимиз улуғворлигидан завқ олмаслик, ҳайратга тушмаслик, шу катта ишларга елка тутиб бермаслик асло мумкин эмас.
Кўнгилда илиқ туйғулар уйғотувчи бундай таассуротлардан сўнг ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг Фейсбукида 27 июль куни эълон қилинган фикрларини ўқиш осон эмас, албатта. У “Tashkent City” ва бош­қа ободончилик билан боғлиқ қурилишларни нимагадир эътироф этгиси келмайди: “Эшитдимки, Роҳатдан нарироқда яна учта сити – Экосити, Этносити ва Киносити қуриларкан. Киночилар орзу қилган Киноакадемия ҳам ўша ерда бўларкан. “Ўзбекфильм” атрофида анҳорга туташ нечадир гектар бўш ер бор, студиянинг ўзида 2-3 та ҳайҳотдай павильон ҳам бор. Ўшаларни таъмирласа, тартибга келтирса бўлади-ку, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Унда Киносити бўлмай қолади. Хуллас, мутлақо янги Киносити қурамиз.”
Дунё эшиклари кенг очилган бугунги ҳаёт ҳар жабҳада замон билан ҳамқадам бўлишни ва ривож­ланган давлатлар қатори мулкни хусусийлаштириш, мулкдорлар саъйи ҳаракатини турмуш фаровонлигини оширишга қаратиш, инвестицияларни жалб ­этиш орқали барча иқтисодий дастаклардан самарали фойдаланишни тақозо этмоқда. Мамлакат қанча ­обод бўлса, унинг хорижий инвестицияларни жалб ­этиш жозибадорлиги ҳам шунча ошиб бориши та­йин.
Мурод аканинг қурилишларда рўй бераётган қинғирликлар борасидаги мулоҳазалари баҳслашиб-тортишиб ўтирадиган масала эмас. Бундай номаъқул ишларни инкор этиб бўлмайди. Қолаверса, ҳар ким қилмиш-қидирмиши учун бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам ўзи жавоб беради. Аммо адолатли гап шуки, бугун эски, омонат бинолар ўрнида янгилари қад ростламоқда. Одамлар учун қулай шарт-шароит яратилмоқда. Ахир, ўзимиз кўрдик, Ўзбекистондай буюк мамлакатнинг пойтахти бўлган Тошкент ўртасидан оқиб ўтадиган анҳорнинг икки ёни бош­дан ­охиригача бижғиб кетган экан-ку.
Назардан пана, нураб-чўкиб ётган уйлар, бостирмалар қанча ­эди. Мана, бугун ўша жойлар қандай обод бўлди! Бу салқин ва ораста хиёбонларда шаҳар аҳли, каттаю кичик оиласи, фарзандлари билан сайр қилиб, дам олиб, кўнгил ёзаётганини кўрганда бундай бунёдкорлик ишлари қанчалик аҳамиятли эканини яна бир бор чуқур ҳис этасан, киши.
Зиёлилар ҳамиша жамиятни бирлаштирувчи куч бўлиб келган. Уларнинг рост, ҳақ сўзидан одамлар рағбат ва мадад олган. Эзгуликка етакловчи асарлар одамлар фикрига соғломлик бахш этган, кўнглини пок­лаган. Бугун биз зиёлилар учун бунёдкорлик иш­ларидан завқ ва илҳом олишнинг ўзи камлик қилади. Биз ҳам янгиланишга, покланишга муҳтожмиз. Кўнг­лимизда, одамлар қалбида янгича дунёқарашга асос­ланган “city”ларни қанча кўп бунёд этсак, ҳаётимиз шунча фаровон ва мазмунли бўлади, деб ўйлайман.
Ушбу мулоҳазаларимни “Тол ёғоч” деб номланган тўртлигим билан якунлашни маъқул топдим:
Ҳар тонг яхши ният ила кўзинг оч,
Ҳар ишинг пок бўлсин,
Ҳар сўзинг – расо.
Не истасак, шундоқ бўлди тол ёғоч – 
Болтага дастаю кексага асо!
Саъдулла ҲАКИМ,
Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси
 http://uza.uz/oz/society/murod-mu-ammad-d-stning-feysbukdagi-fikrlarini-ib—09-08-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *