Катталар коррупциянер бўлса, ёшлар кимга эргашсин?

Талабаларимдан бири ғалати савол берди:

«Катталар коррупциянер бўлса, ёшлар кимга эргашсин?»

У ҳақ эди. Дарсларда мудом буюк аждодлардан ибрат олинг, бугунги кунда ҳам улуғ олимлар, ёзув-ширлар, давлат ва жамоат арбобларига эргашинглар. Қайдаги бузғунчиларга, ватанфурушларга асло эргашманглар, дея тарбия берамиз. Бироқ, биз намуна қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладиган арбоблар орасида шунақа коррупция ботқоғига ботиб ётганлари чиқиб қолса, ўқитувчи сифатида биз ҳам жуда ноқулай аҳволда қоламиз.

Ҳаёт ҳақиқати шуки, эл-улус умид ва ишонч билан қарайдиган вазирлик ва идораларда ишлайдиган мансабдорларнинг ҳаммасиям арбоб бўлолмас, ёшларга асло намуна кўрсата олмас экан… Жиноятга жазо муқаррар эканлигини қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган хабардан ҳам англаб олишингиз мумкин!

Талабамнинг очиқ ва аччиқ саволига жавобимиз шуки, эртага ўша нуфузли  вазирлик ва идораларда ишлаш насиб этса, сиз асло коррупция ботқоғига ботиб қолманг. Худо кўрсатмасин, мабодо, ботиб қолсангиз, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ўша ботқоқдан суғуриб олиб, бошқа ўзгача «тарбия маскани»га тиқиб қўяди…

Бу ҳам сизга сабоқ бўлсин, дейди Дониш домла.

9

Содиқ Сафоев: Жорий йил вазирлик ва идораларнинг 865 нафар мансабдорлари коррупция бўйича жиноий жавобгарликка тортилди

Содиқ Сафоев: Жорий йил вазирлик ва идораларнинг 865 нафар мансабдорлари коррупция бўйича жиноий жавобгарликка тортилди

Олий Мажлис Сенати йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Давлат дастури ижроси бўйича Ҳукуматнинг парламентга ҳисоботи юзасидан Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев маъруза қилди.
Маърузада бошқарув тизими самарадорлигини ошириш –ҳар бир давлат олдида турган доимий жиддий масала эканига эътибор қаратилди.
Бошқарув соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳал қилувчи йўналиши бу – давлатнинг иқтисодиётга тўғридан-тўғри аралашувини қисқартиришдир. Замон иқтисодиётда ҳукумат улуши катта бўлган тизимнинг рақобатбардош эмаслигини кўрсатди. Шу боис маъмурий бошқарув ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кўрсаткичи ва унинг асосий йўналиши – хусусийлаштириш ва монополияга барҳам беришдир.
Молия ва капиталлар бозорларида давлат иштироки баландлиги сақланиб қолмоқда. Ушбу ҳолат ўз навбатида манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармоқда ва бозор механизмларини ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Банк секторининг 83 фоизи давлат иштирокида фаолият кўрсатади. Тармоқ регуляторлари рақобатни ривожлантиришда сустлигича қолмоқда.
Бизнес субъектлари учун бозорга чиқишда сунъий тўсиқлар ҳали-ҳануз мавжуд.
Хусусийлаштириш ва монополияга барҳам бериш масалалари бевосита энг жиддий иллат – коррупцияга алоқадордир. Чунки унинг бирламчи илдизи иқтисодий тизимда. Ўта марказлашган, иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар мавжуд жамиятларда порахўрликка замин яратилади.
Бу давлат хавфсизлигига жиддий рахна солувчи жиноятга қарши мамлакатимизда тизимли ва изчиллик билан кураш олиб борилмоқда. Бироқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарасини ҳамон паст.
fdd92405-9372-4128-9f56-cdee737a229b.jpg
Бош прокуратура томонидан тақдим этилган маълумотига кўра, шу йил мобайнида турли вазирлик ва идораларнинг 865 нафар мансабдор шахслари коррупция аломатлари бўйича жиноий жавобгарликка тортилди. Порахўрликни йўқ қилиш учун фақатгина жазо, репрессив чоралар кифоя эмас. Унинг иқтисодий, ҳуқуқий, институционал ва ижтимоий илдизларини бартараф этиш лозим.
Н.АБДУРАИМОВА, Ф.АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА 
http://uza.uz/oz/society/sodi-safoev-zhoriy-yil-vazirlik-va-idoralarning-865-nafar-ma-30-11-2019
***

Сенатда халқ билан, журналистлар билан мулоқот қилишда муомала маданиятига, этика қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлиги айтилди

Сенатда халқ билан, журналистлар билан мулоқот қилишда муомала маданиятига, этика қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлиги айтилди

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, эскича бошқарув усулларидан қатъий воз кечиш, демократик ривожланаётган бугунги даврга мос бўлиш керак.Олий Мажлис Сенати йигирма тўртинчи ялпи мажлисида айнан шу жиҳатларга эътибор қаратилди.

– Бизнинг аввалги ёпиқлигимиз, одамлар билан, айниқса оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқотга чиқмаслигимиз бугунги кун талабига жавоб бермайди, — деди Сенат раиси Танзила Норбоева.- Коррупция ҳолатлари ҳаётимиздан умуман чиқиб кетиши керак.Ўзингиз ўйланг, ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига биргина қўпол ҳаракатимиз, ножўя гапларимиз билан қанчалик доғ туширишимиз мумкин.

Бугун журналистларимиз аҳолини безовта қилаётган муаммоларга барча раҳбарларнинг эътиборини қаратмоқда, улар нафақат муаммоларни қайд этмоқда, уларнинг ечими юзасидан янги, ностандарт ғояларни ҳам таклиф қилмоқда.

“Шунинг учун халқимиз билан, журналистларимиз билан мулоқот қилишни одат қилишимиз, муомала маданиятига, этика қоидаларига қатъий амал қилишимиз зарур”,деб алоҳида қайд этиб ўтди Сенат раиси.

Оммавий ахборот воситаларида билдирилаётган танқидларни тўғри қабул қилиб, очиқлик ва эркин фикр билдирилишини демократик давлатнинг асосий тамойилларидан бири сифатида қабул қилиш керак. Қонунчилик ва парламент назорати доирасидаги фаолият натижаларини аҳоли ва кенг жамоатчилик эътиборига етказиб борилади.

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *