Оталар сўзи — ақлнинг кўзи, деган ҳикмат қалбларимизга жо бўлган.
Сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда кексаларга ғамхўрликни кучайтириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, саломатлигини асраш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан фарзандларимизни ватанпарварлик руҳида камол топтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида алоҳида намуна бўлган нуронийларга “Фахрий мураббий”давлат мукофоти таъсис этилгани айни муддао бўлди. Олмазор туманидаги “Университет” маҳалласида бу муҳим масала доимий эътиборда. Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган давра суҳбатида сўнгги икки ой мобайнида ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийлар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Малика Бобоқулова бу борада режалаштирилаётган ишлар, айрим муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида сўз юритди. Маҳалладаги низоли оилаларда маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилада камол топаётган фарзандларни баркамол бўлиб вояга етишини таъминлаш мақсадида айрим оилалар маҳалладаги фаол нуронийларга васийликка бириктирилиши мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.
Маҳалла фуқаролар йиғини “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари томонидан ҳудуддаги дорихоналар, озиқ-овқат дўконларида нарх-наво бўйича ўрганишлар ўтказиб борилиши ўз самарасини кўрсатади, албатта. Келгусида “Саломатлик учун 5 минг қадам!” шиори остида маҳаллада карантин қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда нуронийлар иштирокида пиёда юриш тадбирлари ташкил этилиши йўлга қўйилади.
Катта ҳаёт тажрибасига эга отахону онахонлар маҳалланинг «олтин фонди» деган таърифлар замирида оламча маъно мужассам. Бу табаррук инсонлар “Кексалар маслаҳати” гуруҳини ташкил этиб, маҳаллага ҳар куни файз киритаётгани ўзи ёшлар учун ибрат мактабидир.
Тўлқин Эшбек,
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати
Қуйида тақдим этилаётган Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қунт билан ўқиб-ўрганиш тавсия этилади, дейди Дониш домла. Муҳими, қарорда белгиланган вазифалар ижроси тўлақонли таъминланиши лозим. Бу борада маҳаллий Кенгашлар депутатлари маҳаллаларга мададкор бўлмоғи шарт! Бугун депутатнинг ўрни маҳаллада!
***
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
КЕКСА АВЛОД ВАКИЛЛАРИНИНГ ЖАМИЯТДАГИ ЎРНИ ВА ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш, бой ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик), Ўзбекистон фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Ўзбекистон Республикасида 2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини «Кексалар ҳафталиги» этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 июндаги 391-сонли
қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 09/20/391/0777-сон)
Кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятда уларнинг ўрнини янада ошириш ҳамда «Кексалар ҳафталиги»ни юқори савияда ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури
1-иловага мувофиқ;
«Кексалар маслаҳати» гуруҳлари тўғрисида намунавий низом
2-иловага мувофиқ тасдиқланиши маъқуллансин.
3. «Кексалар маслаҳати» гуруҳларининг асосий фаолият йўналишлари қуйидагилар этиб белгилансин:
маҳаллаларда аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилот ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги
Қонунида белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон
Фармони асосида маҳаллаларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга кўмаклашиш;
кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ҳамда ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатиш;
маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда фуқаролар йиғинига кўмаклашиш;
кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат ва жамоат ташкилотларига кўмаклашиш;
маҳаллаларда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия машғулотлари гуруҳларини шакллантириш, кексаларни оммавий спорт мусобақаларига кенг жалб этишда фаоллик кўрсатиш.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларида фаолият йўналишидан келиб чиқиб раҳбар ўринбосарларидан бири жамоатчилик асосида кексалар масалалари бўйича масъул этиб белгиланади ҳамда «Фахрийлар кенгаши» фаолиятини мувофиқлаштиради;
меҳнат жамоаларида пенсияга чиқиш арафасида бўлган меҳнат фахрийларини узоқ йиллик самарали фаолияти учун тақдирлаш ва нафақага кузатиш тадбирларини доимий ўтказиб бориш амалиёти жорий этилади.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Вазирлик, Ўзбекистон фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 июндаги 391-сонли
қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 09/20/391/0777-сон)
«Кексалар маслаҳати» гуруҳларини доимий равишда ҳомийлик хайриялари ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсин;
ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли дастурлар ва «йўл хариталари»ни ишлаб чиқишда «Кексалар маслаҳати» гуруҳларининг таклифларини инобатга олсин;
«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастурига мувофиқ кекса авлод вакилларининг республика бўйлаб тарихий шаҳарлар ва зиёратгоҳларга саёҳатини уюштирсин.
6. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига ушбу қарорда белгиланган вазифалар амалга оширилишини ёритиб бориш тавсия этилсин.
7. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 816-сон
қарорига
2-ИЛОВА
Кексалар маслаҳати» гуруҳлари тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
1. Мазкур намунавий низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) «Кексалар маслаҳати» гуруҳининг (кейинги ўринларда Гуруҳ деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Гуруҳ жисмоний шахсларнинг ихтиёрийлигига асосланиб, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаши органи ҳисобланади.
3. Гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, ҳудудий (вилоят, туман (шаҳар)) бўлимлар (кейинги ўринларда — вазирлик, ҳудудий бўлимлар) ҳузурида ҳамда фуқаролар йиғинларида ташкил этилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 июндаги 391-сонли
қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 09/20/391/0777-сон)
4. Гуруҳ қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.
5. Гуруҳ тўғрисидаги низом тегишли вазирлик, ҳудудий бўлимлар бошқаруви ҳамда фуқаролар йиғинлари қарори билан тасдиқланади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 июндаги 391-сонли
қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 09/20/391/0777-сон)
6. Гуруҳ ошкоралик, коллегиаллик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик ва жамоат фикрини ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаолият юритади.
7. Гуруҳнинг асосий мақсади кексаларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва бартараф этиш, кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибасидан оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда кенг фойдаланиш, уларнинг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишини таъминлашдан иборат.
8. Гуруҳнинг асосий вазифалари:
маҳаллаларда аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилот ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»
Қонунида белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-5618-сон
Фармони асосида маҳаллаларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга кўмаклашиш;
ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти ва огоҳлигини ошириш, жаҳолатга қарши таъсирчан ҳамда кучли маърифат тарғиботини, умумтаълим мактабларида кийиниш маданияти, ўқувчиларнинг давоматини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;
кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ҳамда ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатиш;
маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда фуқаролар йиғинига кўмаклашиш;
кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқаролар холидан хабар олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат ва жамоат ташкилотларига кўмаклашиш;
маҳаллаларда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия машғулотлари гуруҳларини шакллантириш, кексаларни оммавий спорт мусобақаларига кенг жалб этишда фаоллик кўрсатиш;
ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг маҳаллаларда амалга оширилишида фаоллик кўрсатиш;
лоқайдлик, оилавий келишмовчиликлар ва ёшлар ўртасида «оммавий маданият» кўринишидаги салбий иллатлар тарқалишини олдини олиш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда жамоатчилик муносабатини шакллантириш;
кексалар орасида спорт-соғломлаштириш, муваффақиятли қариш, саломатлик учун шахсий масъулиятни юксалтириш каби тарғибот тадбирларини ташкил этиш;
ижтимоий ҳимояга олинган ёлғиз кексаларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши, қаровчисиз қолган фуқароларнинг амбулатор-стационар ҳамда уй шароитида даволаш, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга тиббий-ижтимоий хизматларнинг ташкил этилишини назорат қилиш;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган пенсия ёшидаги кишиларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви, бандлигини таъминлаш, пенсия ёшидаги кишилар учун меҳнат ярмаркалари ташкил этилишига кўмаклашиш;
«Мурувват» ва «Саховат» уйлари билан доимий ҳамкорликда иш олиб бориш, эҳтиёжманд, боқувчисиз қолган ёлғиз кексаларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш;
тўй ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам, ижтимоий табақаланишга йўл қўймаган ҳолда ўтказиш бўйича маҳаллада тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш;
илм-фан, санъат, ҳунармандчилик, касаначилик, томорқа маданияти, тадбиркорлик каби турли соҳалар бўйича катта ҳаётий ва касбий тажрибага эга кексалар иштирокида аҳоли орасида тадбирлар ўтказиш;
Ҳаж ва Умра зиёратларига тавсия этиладиган фуқаролар бўйича таклифлар бериш;
ёлғиз кексалар ҳамда пенсионерлар учун тарихий қадамжолар, зиёратгоҳларга мунтазам саёҳатлар уюштириш.
9. Гуруҳ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ижтимоий-маънавий вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
10. Гуруҳ қуйидаги ҳуқуқларга эга:
маҳаллалардаги тинчлик, ҳамжиҳатлик муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли кенгашлар ҳамда фуқаролар йиғинларига таклифлар киритиш;
ёшларни миллий менталитетимизга мос руҳда тарбиялаш, уларда кекса авлод вакилларига нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш, ножўя қилмишлар ва урф-одатларимизга зид хатти-ҳаракатлардан қайтаришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;
мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган, ташаббускор, фидойи кексаларни «Меҳнат фахрийси», «Мўътабар аёл» ва «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонларига тавсия этиш бўйича таклифлар киритиш;
фуқаролар йиғинларига мурожаат этган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, келиб тушган мурожаатларни таснифлаш асосида халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ишларига кўмаклашиш;
заруратдан келиб чиқиб, ўз мажлислари ва тадбирларига давлат органларининг масъул ходимларини таклиф этиш;
маҳаллаларда кексаларнинг муаммоларини, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиб, бартараф этиш бўйича масъулларга тавсия бериш;
тўйлар ва бошқа маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадриятларимиз ва ибратли анъаналаримизни ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш.
11. Гуруҳлар қуйидаги таркибда шакллантирилади:
республика гуруҳи — вазирликлар, ташкилотлар ва хўжалик бирлашмаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган, муайян тармоқ тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшган, катта ҳаётий ва амалий тажриба ҳамда маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича мустақил таклифларга эга ижтимоий фаол жамоат арбоблари, олимлар ва экспертлар;
вилоят ва туман (шаҳар) гуруҳлари — муайян соҳада раҳбарлик лавозимларида ишлаган, катта ҳаётий ва амалий тажрибага, маҳалланинг мавқеини юксалтириш бўйича амалий таклифларга эга бўлган, юқори обрў-эътиборга сазовор кишилар, олимлар, ижодкорлар ва экспертлар;
маҳалла гуруҳлари — маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, кишиларни ортидан эргаштира олиш малакасига эга бўлган, аҳоли орасида обрў-эътиборли, бошқаларга ибрат бўладиган кекса авлод вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг нафақадаги ходимлари.
12. Жамоатчилик тузилмаси 15 — 20 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилиб, тегишли кенгашлар бошқаруви томонидан тасдиқланади.
13. Гуруҳ раҳбари тегишли бошқарув раислари тавсиясига кўра гуруҳ аъзолари орасидан сайланиб, гуруҳ фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.
14. Гуруҳ бир ойда бир марта (зарурат бўлганда навбатдан ташқари) чақиртирилади.
15. Гуруҳ томонидан муҳокама этилган масалалар баённома тарзида расмийлаштирилади ҳамда тегишли кенгашларга тақдим этилади.
16. Гуруҳ фаолиятини тегишли кенгашлар ҳамда фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари мувофиқлаштиради.
17. Вазирлик ва ҳудудий бўлимларининг тегишли бўлимлари тузилма фаолиятини самарали ташкил этишга услубий ҳамда амалий жиҳатдан кўмаклашади.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 июндаги 391-сонли
қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 09/20/391/0777-сон)
18. Гуруҳларнинг чораклик фаолияти юзасидан ҳудудий бўлимлар, ярим йиллик ва йиллик фаолияти эса ҳудудий бўлимларнинг ҳисоботига кўра вазирлик томонидан мониторинг қилинади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 июндаги 391-сонли
қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 09/20/391/0777-сон)
19. Гуруҳ аъзолари пенсияга чиққунга қадар фаолият кўрсатган соҳаси бўйича тармоқларга бириктирилади.
20. Республика гуруҳи аъзолари ҳудудларга мувофиқлаштирувчи сифатида бириктирилади.
21. Гуруҳлар ўз фаолияти доирасида вазирлик ва ҳудудий бўлимлар бошқаруви олдида ҳисобдордир.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 июндаги 391-сонли
қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 09/20/391/0777-сон)
22. Гуруҳлар фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш юзасидан тегишли ҳудудий бўлимлар бошқаруви раисларининг шахсий масъуллиги белгиланади.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 июндаги 391-сонли
қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2020 й., 09/20/391/0777-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.09.2019 й., 09/19/816/3823-сон; 19.06.2020 й., 09/20/391/0777-сон)
https://lex.uz/docs/4532381
Сўнгги фикрлар