Келажакнинг ёрқин йўли
Жаҳон сиёсат майдонидаги дунёнинг энг юксак минбари – Бирлашган Миллатлар
Ташкилотида узоқ йиллар фақат халқаро тил сифатида эътироф этилган 4-5 та тиллардагина гапириш мумкин, деган тасаввурда юрар эдик. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида тўлиқ она тилимизда нутқ сўзлагани юртдошларимиз қалбида чексиз ғурур, фахр ва ифтихор туйғусини жўш урдирди.
Юртбошимизнинг мазкур нутқида баён этилган ғоялар ва илгари сурилган жаҳоншумул таклифлар мазмун-моҳиятини ўрганиш ҳамда жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида (ZOOM дастури орқали) онлайн семинар-тренинг ўтказилди.
Унда ЎзМУ ректори, профессор, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Авазжон Мараҳимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров, Ўзбекистон Ёшлар агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқида ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратганини таъкидладилар.
– Муҳтарам Юртбошимизнинг мазкур маърузасида илгари сурилган ғоя ва таклифлар навбатдаги тараққиёт босқичи учун муҳим дастурилмамалдир,– деди ЎзМУ ректори.– Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро Ўзбекистон – Ёшлар мамлакати десак муболаға бўлмайди. Ҳар қандай давлатнинг жадал ривожланиши, улкан ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон яшаши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ эканлиги яхши маълум. Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини айнан ёшлар ташкил этади Бугун мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилингани эътиборга моликдир. Бу муҳим ҳужжатларда қайд этилган вазифалар ижросини таъминлашимиз – келажагимиз пойдеворини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Онлайн семинар-тренингда тингловчиларни қизиқтирган саволларига мухтасар жавоблар берилди.
Улуғбек УСМОНОВ,
ЎзМУ газетаси мухбири
Сўнгги фикрлар