Кечаги ўтмишимизга холис баҳо

Кечаги ўтмиш — юртимиз мустақилликка эришган дамлар ҳақида ўша даврда

масъул лавозимларда ишлаган кишилар, собиқ арбобларнинг фикрлари ва хулосалари ғоят муҳим ҳамда қадрлидир. Бировдан эшитиб ё кимнингдир шахсий фикрига асосланган мақолаларни ўқиб хулоса чиқариш ўта бирёқлама, балки нохолис бўлиши мумкин. Каттароқ ёшга мансуб авлод миллий парламентимизнинг биринчи Раиси Шавкат Йўлдошевни яхши биладилар. Бироқ, у кишининг кейинги қисмати, ўша давр ҳақидаги холисона фикрларидан бехабар эдик. ЎзАда ёритилган қуйидаги суҳбатни эътибор билан ўқиган инсон кўп муҳим маълумотга эга бўлади. Айниқса, Биринчи Президентимизга баҳо беришда Хитойнинг собиқ раҳбари билан қиёсий таҳлил этилгани кўп чигал масалага теран ойдинлик киритгандек илиқ таассурот қолдиради, дейди Дониш домла.

Ўзбекистон мустақиллиги ҳақидаги ҳужжат остига қўл қўйган одам нега Мустақиллик байрамларига таклиф этилмаган?..(+видео)

Ўзбекистон мустақиллиги ҳақидаги ҳужжат остига қўл қўйган одам нега Мустақиллик байрамларига таклиф этилмаган?..(+видео)

“Гурунг” туркумидаги суҳбатимизнинг бугунги қаҳрамони – чорак аср давомида на эфирда, на матбуотда кўриниш берган. Сабабни эса унинг ўзидан ахтариш тўғри бўлмайди. Чунки бу – унинг қўлида эмасди. Тақдир унга шу йўлни, йиллар давомида сукут сақлашни раво кўрди. Агар айб саналса, унинг ягона “айб”и – бир вақтлар раҳбар лавозимида ишлагани, раҳбар бўлиб ҳам, унча-мунча эмас, балки Олий қонун чиқарувчи орган, яъни парламентимиз раиси бўлгани-ю, кейин эса ишдан кетгани эди…

Хуллас, бугунги суҳбатдошимиз – таниқли давлат ва жамоат арбоби Шавкат Йўлдошев.

— Шавкат Муҳиддинович! Сиз – Ўзбекистон парламентининг собиқ Иттифоқ давридаги сўнгги, мустақиллик давридаги эса илк раҳбари эдингиз. Хитойликларнинг бир гапи борки, “Илоҳим, ўтиш даврида яшагин”, деган. Барча мураккабликлар айнан шу даврда яшаганлар чекига тушади. Бугун ўша даврларни эслаб, хотираларга чўмсангиз керак. Шунда хаёлингиздан нималар ўтади?

— Ўйлаганим – чорак аср олдинги воқеаларни ҳозирги кун тарозисида баҳоласак, салгина хатоликка йўл қўйишимиз мумкин. Бевосита жангда қатнашган билан – четда туриб, жангни томоша қилишнинг фарқи катта. У даврлар, ростдан ҳам жуда қийин, оғир йиллар эди. Улкан Иттифоқ бир зумда қулаб кетди. Ўшанда одамларнинг ҳаёти билан бевосита боғлиқ бўлган, иқтисодий масалалар – ҳаммаси осилиб қолди. “Эртага нима бўлади, ҳаёт қандоқ кечади” деган саволга ҳеч ким жавоб бера олмасди. Ўзбекистон халқининг ҳаётини енгиллаштириш, маълум бир режага солиш учун янги қонунлар керак эди. Қолаверса, мустақил бўлиш учун ўзимизнинг рамзларимиз, энг асосийси, Конституциямиз керак эди. Ўша йиллари юртимизда 25 миллионга яқин аҳоли яшаган. Қўшни Республикалар – Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон аҳолисининг ҳаммаси бир бўлиб, тахминан бизнинг аҳоли сонича келарди. Тасаввур қилинг, шунча одамни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаш зарур. Алоқалар тамомила узилган. Мустақиллик арафасида аҳвол шундай эди. Иттифоқнинг қулаб кетиши маълум бўлиб қолувди…

— Мустақиллик деяпсиз. Бир нарсага аниқлик киритиб кетишни хоҳлардим. Сиз раҳбарлик қилган парламент томонидан 1990 йил 20 июнда Мустақиллик декларацияси қабул қилинган. Орадан бир йил ўтиб, яъни 1991 йил августда эса Мустақиллик эълон қилиниб, у тўғрисидаги Қонун қабул қилинди. Биз амалда ўшандаёқ, яъни бир йил олдин Мустақилликни эълон қилиб бўлмагандикми?

— Декларация дегани – қонуний ҳужжат эмас, бор-йўғи яхши ният. Иттифоқ мавжуд бўла туриб, ундан чиқиб кетаман, деган гапни гапиришга ўшанда эрта эди. Сиз айтган ҳужжат – бор-йўғи депутатларнинг яхши нияти бўлган. Унақа яхши ниятлар жуда кўп эди. Масалан, юртдошларимизнинг “истеъмол савати”ни икки-уч баравар кўтариш, деган. Аммо мундоқ ҳисоб-китоб қилсангиз, у нарсани шунчага кўпайтириш учун дейлик, чорва ва бошқа маҳсулотларни, ҳатто валютани ҳам икки бараварга кўпайтириш лозим эди… Аҳвол эса боя айтганимдек, маълум. Бир йилда мингдан ортиқ қонун қабул қилишнинг ҳам ўзи бўлмаган ўшанда…

— Мустақиллик арафасидаги вазият ростдан ҳам барқарор бўлмагани маълум. Масалан, тарихга “Фарғона, Бўка воқеалари” дея кирган машъум ҳодисаларни биламиз. Адашмасам, Сиз Олий Кенгаш раҳбари бўлишдан олдин Фарғонада ҳам бир муддат раҳбарлик қилгансиз. Ўша ҳодисалар аслида нимадан келиб чиққан?

— Асосий сабаби – ижтимоий-иқтисодий муаммолар эди. Пахта яккаҳокимлиги оқибатида ерлар жуда кучсизланиб, ҳосилдорлик тушиб кетди. Болаларни пахтага ҳайдардик, хасталиклар ниҳоят кўпайиб кетган, денг. Фарғонадаги нефть заводи оқавалари ер остига сингиб, ҳатто одамларнинг ичадиган сувигача муаммо бўлган. Вазият шундай равишда кетдики, Горбачевнинг “қайта қуриш”и ва сўз эркинлиги сабаб, одамлар ўз дардини эмин-эркин гапирадиган бўлиб қолди. Бу ҳолдан ўз йўриғида фойдаланган айримлар муаммоларни важ қилиб, оддий одамларни йўлдан уришга, “бир тўполон қилайлик” дея қайрашга шайланди. Бу тоифа ҳам икки турли эди. Биринчиси – ўз ичимиздан чиққанлари. Ҳатто биттаси (майли, исмини айтмайман, кейинчалик АҚШга кетган) тап тортмай “Қанчалик кўп қон тўкилса, бизнинг ишимизга шунча яхши” деган. Унга “Эсингни йиғ, кимнинг қони тўкилиши керак, ўз юртдошларимизнинг қоними? Шундан кейин сен амалга минмоқчимисан?” деганман. У одам аслида ҳам амалпараст бўлиб, “ҳақиқатпарварлик”ниқобини кийиб олган, мансаб тегмай, аламзадалик билан шунақа ишларнинг бошини тутиб юрарди.

Қайраганларнинг иккинчи тоифаси – четдан келган эмиссарлар эди. Менимча, эҳтимол уларнинг бир учи ўша пайтдаги Москвада ўтирган “каттакон”ларга ҳам бориб тақалган. Чунки нима қилиб бўлмасин, бизнинг мустақилликка бўлган интилишларимизни бостиришлари зарур бўлган. Буни аниқ ишонч билан айтишимнинг боиси бор. Фарғонада раҳбарлик чоғимда ўша пайтдаги КГБнинг вилоятдаги раҳбарларидан бири олдимга кириб, “Шавкат Муҳиддинович, қўзғолоннинг иккита ташкилотчисини ушладик. Улар Ўзбекистонлик эмас, миллатиям бошқа. Қўлларида – тўполон кўтариладиган кўчаларнинг номи, санаси, ўзларининг ўша ерда бўлиш вақтларигача ёзилган қоғоз бор. Ашёвий далиллар билан қўлга тушди, терговни эртага бошламоқчимиз”, деб қолди. Мен эрталабки соат 8 да ўзим улар билан учрашишимни айтдим. Шунда нима бўлди, денг. Азонда, соат 4 ларда Москвадан алоҳида рейс билан самолёт келиб, марказда тергов қиламиз, деган важ билан ўша қўлга олинганларни олиб кетишибди. Чунки сир очилиб қолиши мумкин эди.

— Демак, у ишлар атайлаб уюштирилган экан-да?..

— Агар атайлаб уюштирмаганда, кўчада – уйларга ўт қўйиб келаётган оломондан олдин – камера, телевидение, мухбирлар бориб, уларни суратга олишга тап-тайёр бўлиб туриши мумкин эмасди…

— Шавкат Муҳиддинович, энди Мустақиллик йилларидаги фаолиятингиз бўйича саволларга ўтсам. Битта тарихий ҳолат кўпчиликнинг эсидан чиқмайди. Айтишларича, Биринчи Президентимиз Ўзбекистон Олий Кенгашидаги сессияда мамлакатимизни мустақил, дея эълон қилаётганда депутатлар бир зум лол бўлиб, ҳатто қарсак чалишмаган экан. Шу ростми? Нима, ўшанда депутатлар ҳали бунга тайёр эмасмиди?..

— Бу гапдаям қисман жон бор. Аммо бу билан депутатлар истиқлолга тайёр эмас эди, деб бўлмайди. Кутилмаганда бўлди. Президент мустақилликни эълон қилишидан олдин иккаламиз анча гаплашганмиз. Кейин парламент раёсатида ҳам бу масала қўйилган. Бу ерда раёсат аъзолари, яъни қўмита раислари эътиборсизлик қилишган чоғи. Янгиликни ҳамма депутатларга етказиш керак эди. Бошқа томондан эса, тўғри тушунинг, етмиш йил қонга сингиб кетган туйғуни бир зумда чиқариш қийин эди…

— Ўзбекистоннинг янги тарихида, мустақиллик қўлга киритилгандан бир ой ўтиб-ўтмай, парламентдаги гуруҳлар ўртасида кураш кечган, давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрилган, деган гап бор. Шундай воқеа бўлганми?

— Бўлган. Парламентда тўполон кўтарганларнинг талаби – Президентни алмаштириш эди. У пайтда Президент ҳали умумхалқ асосда сайланмаган, парламентда сайланган Президентни алмаштириш учун Олий Кенгашнинг ваколати бор эди. Аммо ўша мухолиф гуруҳ жуда хунук, ғайриқонуний йўлни танлади. Гап шундаки, бирор масала умумий сессия муҳокамасига қўйилишидан олдин тегишли қўмита, ундан кейин эса раёсатда кўриб чиқилиши, унинг ҳуқуқий жиҳатдан Конституцияга нечоғли тўғри келиш-келмаслиги муҳокама этилиши лозим. Ундан кейингина ўша масала бўлажак сессия кун тартибига киритилиб, муҳокама этилиши зарур эди. Ҳануз эслайман, дабдурустдан бир гуруҳ минбарни эгаллаб, бақир-чақир қила бошлади ва Президентни алмаштиришни талаб қилди. Бу – на қонунга, на регламентга тўғри келган. Уларнинг талаби, истаги амалга ошмай қолди.

Минг афсуски, ўшаларнинг ичида истиқболи порлоқ, мард, жонкуяр йигитлар ҳам бор эди. Ўша гуруҳ айнан шу кабиларни қалқон қилиб, олдинги сафга чиқариб қўйган. Улар кейинчалик жабр кўрди, таъқиб қилинди, қамалди. Масалан, Шуҳратжон Нусратов. Уларнинг тақдирига ҳали ҳануз ачинаман, афсус қиламан…

— Сир бўлмааса, у гуруҳ кимни Президент қилиб сайламоқчи эди?

— Шуни, очиғи, мен билмайман. Тайёргарликдан бехабар қолганман. Улар менинг позициямни билишарди, шу боис ўзаро ҳал қилиб, мендан сир тутишган.

— 90-йиллар бошида ёш давлат ҳисобланган Ўзбекистонга ҳар тарафдан тош отилгани маълум. Улардан бири Сизнинг она шаҳрингиз –Наманган шаҳрида кечган машъум ҳодисалар. Сиз у кезларда Президент билан бирга эдингиз…

— Бу гаплар, диний эркинлик деганлари совет даврида жуда чекланган, озодликка чиқиб, берилган имкониятни дабдурустдан ҳазм қила олмасликдан келиб чиққанди. Чалғитганлар кўп бўлди. Фарғонага, Наманганга четдан юборилган минглаб доллар пулларнинг ушлаб қолинган ҳолатлари ҳам кузатилди. Бунақа бемазагарчиликларнинг ҳаммаси аслида чаласаводликдан келиб чиқади. Ҳозир эсласам, жудаям қалтис, тарихни – бир ўзандан бошқасига буриб юбора оладиган даражадаги вазият эди.

Ўшанда Ислом Абдуғаниевич барибир тўғри иш қилди. Сал нотўғри ҳаракат бўлганда, воқеа тамоман тескари айланиб кетарди. Буни ҳатто, кейинчалик Андижонда кечган воқеалар ҳам кўрсатди: у Намангандаги воқеалардан неча йил ўтиб, жуда ёмон, хунук ҳолатда такрорланди…

— Сиз Ўзбекистон сиёсий саҳнидан жуда барвақт кетгансиз. Умрингиз узоқ бўлсин-у, адашмасам, ҳали саксонга кирганингиз йўқ. Лекин сиёсатдан кетганингизга чорак асрдан ошди. Бермоқчи бўлган саволим – нега ишдан кетгансиз?

— Ўзим кетганман. Кўп одам, ҳатто яқинларим ҳам, қандай қилиб шу даражадаги лавозимдан ўз ҳоҳишига кўра кетиши мумкин, дея, ишонмайди. Лекин бу рост. Саломатлигим важидан, ўзим ариза бериб кетганман. 33 ёшимда инфарк бўлиб, икки ой реанимацияда ётганимдан сўнг, Худо жонимни қайтариб берган. Асорати билинарди. Ахир тасаввур қилинг – ўша сиз айтган “ўтиш даври”да кун бўйи, кечки соат 10-11 гача ишлайсиз. Кечаси уйга бориб, дам олиш ўрнига бир қулоч қонун лойиҳалари ва турли ҳужжатларни тонггача кўриб чиқасиз, эртасига яна сессия давом этиши керак. Хуллас, шу тахлит, ўзим ишдан кетганман…

Таскин шуки, Ўзбекистондек давлатнинг мустақил бўлиши ҳақидаги ҳужжатга имзо чекиш менинг пешонамда бор экан, Оллоҳ менга шуни насиб қилган экан. Бу – менга ҳаётнинг берган мукофоти, шараф. Тарихни юз йилдаям, минг йилдаям ҳеч ким ўзгартира олмайди: Конституция, қонунлар ўзгариши мумкин. Аммо “Ўзбекистон мустақил бўлди” деган ҳужжатни ҳеч ким ўзгартира олмайди.

— Бугун нималардан афсус ва армон қиласиз? Ва аксинча, нималардан кўнглингиз тўлади?

— Саломатлигим сабабли сиёсатдан сал вақтлироқ кетганимга афсус қиламан. Яна бир гапни айтай. Мустақилликнинг 1 йиллик байрамида қатнашганман, Президент билан ёнма-ён ўтирганмиз. Аммо ишдан кетганимдан сўнг, пастдагилар “бирор гап бўлди шекилли” деб ўйлашганми, бирор марта бўлсин, мени байрамларга чақиришмаган. Энди буни қаранг-ки, “Ўзбекистон мустақиллиги ҳақидаги ҳужжатга имзо қўйган одамни нега Мустақиллик байрамларига таклиф қилишмайди”, дея ҳайрон бўласан. Бу ҳаётнинг паст-у баланди кўп экан-да…

Мен Ден Сяопинни кўп эслайман. Аслида Хитойни Хитой қилган айнан унинг ислоҳотлари. Маданий инқилоб даврида у одам Мао Цзедун томонидан – олисга, деҳқончилик қилиш учун сургун қилинган. Шунга қарамасдан, замон ўзгариб, Ден Сяопинь ҳокимият тепасига келгач, оламдан ўтган, ўзидан олдинги салафи Мао Цзедун ҳақида “Унинг 70 фоиз иши – адолатли, 30 фоизи эса хато эди” дея, адолатли хулоса берган. То ҳануз Хитойдаги Мао Дзедун ҳақидаги қарашлар ўзгармади. Яъни унинг яхшиликлари – қилган хатолари посангисини босиб кетади, деган қараш устувор.

Аксинча, совет Иттифоқини қулатган, абгор қилган жиҳатнинг илдизи ҳам – янги келган раҳбар ўзидан олдингисига лой чаплаши, бировининг қилган ишларини иккинчиси оёғини осмондан келтириб ташлашига бориб тақалади.

Хурсанд бўлганим – бизда Ислом Каримовнинг номи булғанмади. Аксинча, хотирасига ҳурмат бажо келтирилмоқда, номи абадийлаштирилди. Президент Шавкат Мирзиёевга қойил қолдим, мардлик қилди. Аслида бу – бизнинг келажагимиз учун жуда яхши замин. Агар ўзим Ислом ака билан бирга ишлаган даврни мисол қилиб оладиган бўлсам (ҳарқалай, беш йил ёнма-ён ишлаганман), И.Каримовнинг Ўзбекистон учун қилган ишлари Мао Цзедундан ҳам кўра тош босади, яъни 80 га – 20…

Умуман олганда, бугун зўр ўзгаришлар бўлмоқда, Ўзбекистоннинг ажойиб келажагига замин яратилмоқда. Ҳаммамиз Президент Ш.Мирзиёевга елкадош бўлиб, кўмак беришимиз лозим!..

Суҳбатдош – Комилжон Шамсиддинов

“Гурунг” туркумидаги бу галги лойиҳамиз “SEVIMLI” телеканали билан ҳамкорликда тақдим этилди. Шу туркумдаги суҳбатларимиз давом этади. Сайтимизни кузатиб боринг.

http://www.uza.uz/oz/society/zbekiston-musta-illigi-a-idagi-uzhzhat-ostiga-l-ygan-odam-ne-26-04-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *