Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?

ЎзА саҳифаларида: Адабиёт гулшани

Бир ғазал шарҳи

***

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?
Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!
Гар замонни нафй қилсам, айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетойин, бу замондин яхшилиғ!
Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.
Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не, яъни ҳар ямондин яхшилиғ?
Бори элга яхшлиғ қилғилки, мундин яхши йўқ –
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!
Яхшилиғ аҳли жаҳондин истама Бобур киби,
Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?!1

* * *

Бобурнинг “яхшилиғ” радифли олти байтли мазкур ғазали шоирнинг ҳасби ҳол характеридаги ғазалларидан бўлиб, байтлар ўзаро мантиқий изчиллик билан боғланган; анъанавий услубда ёзилган; ғазал тили содда – даҳр ( олам, замон), нафй ( рад этмоқ, қайтармоқ), рафиқ (дўст, биродар), маҳзун (ғамли, қайғули, хафа) каби уч-тўрт сўздан бошқаси ҳозирги ўқувчи учун деярли тушунарли; бадиий санъатлар ва поэтик образлар доираси кенг, чунки ғазалда шоир тазод, иштиқоқ, мурожаат, такрир, радд ул-матла, ҳусни таълил, талмеҳ, амр каби ўнлаб бадиий санъатлар ва кўнгил, аҳли жаҳон, рафиқ, замон, дилраболар, ороми жон, жон, яхшилар, ёмонлар, бори эл, фалон, сингари анъанавий поэтик образларни маҳорат билан қўллаган. Бобур ғазал мақтасида ўз тахаллусини учинчи шахсда қўллаган.

Ғазал замирида шоирнинг яхшилик ҳақидаги муҳим маърифий, фалсафий, диний, бадиий ғоялари ётади. Бобурнинг юксак маҳорати аввало ушбу ғояларни ғазалда чуқур ва гўзал ифодалаш, кўнгилларга яхшилик уруғини экиш, кўтаринки руҳ бағишлаш, китобхон диққатини тортиш учун “яхшилиғ” сўзини радиф қилиб олганлигидир. Зотан, “яхшилиғ” сўзига урғу беришнинг ўзида катта маъно бор:

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?
Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!

Агар ғазалнинг матласи, тўртинчи байти ва мақтасига диққат қилсак, шоир эмоционал-муболағали тасвир усулларидан бири – мурожаатдан фойдаланиб, ғазалини кўнгилга юзланиш ва кўнгилга мурожаат билан бошлайди, давом эттиради ва якунлайди. Муаллифнинг ўз ғазалини “Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ” мисраси билан ҳам бошлаб, ҳам тугаллаши фикримизнинг ёрқин далили. Айни пайтда шоир радд ул-матла шеърий санъатининг гўзал намунасини яратган. Шу билан бирга, Бобур ўзини ўйлантирган яхшилик ва ёмонлик тўғрисидаги изчил фикрларини ғазал матнидаги эй кўнгул ёйиқ ундалмани мисра бошида, ўртасида уч марта ва маҳзун кўнглума битишувли бирикмасини бир марта қўллаган ҳолда ўта таъсирли баён қилган. Демак, у яхшилик ҳақидаги ғоя ва фикрларини кўнгил поэтик образи билан боғлиқ ҳолда нақадар кенг ҳамда чуқур ёритиб берганини биз аҳли жаҳон ва яхшилик, замон ва яхшилик, ороми жон ва яхшилик, рафиқ ва яхшилиқ, ямон ва яхшилик, бори эл ва яхшилик, фалон шахс ва яхшилик, шоир ва яхшилик тарзида англаб, мушоҳада қилсак, Бобур дардини, ҳасратини, маълум даражада замон ва замон аҳлидан шикоятини, тўғрироғи, ўқувчига нима демоқчи бўлганини англагандек бўламиз.

Назаримизда, Бобур ўз ғазалида Оллоҳ ҳар бир инсон кўнглини, аслида, яхшилик кўрган, яхшилик қилган инсонни севиш, қадрлаш, дуо қилиш ва ёмонлик қилган, ёмонлик тилаган кимсани ёмон кўриш, нафратланиш туйғусига манзил қилиб яратганига алоҳида урғу бергандек, огоҳ этгандек бўлади. Бу ҳақда Қуръони карим “Ал-исро” сурасининг 7-оятида шундай дейилади: “Агар чиройли амаллар қилсангизлар – ўзларингизга яхшилик қилган бўлурсизлар. Агар ёмон, гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир”, – деб марҳамат қилинади. Буни билиш, яхшиликка интилиш ҳар бир инсон учун ҳаётий зарурат эканлигига эса шоир ғазалнинг учинчи, тўртинчи байтларида яратган қаршилантириш санъати бўлмиш тазод ёрдамида кўрсатишга ҳаракат қилган:

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.
Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не, яъни ҳар ямондин яхшилиғ?

У тазод санъатини бу ўринда от сўз туркуми билан “ямонлиғ-яхшилиғ” шаклида, отлашган сифат билан эса “ямон-яхши” шаклида қўллашга муваффақ бўлган. Аммо ғазалнинг асосий мавзуси ва тасвирига эътибор қилсак, рамзий маънода Бобур ўзининг яхшилик тўғрисидаги фикру муддаосини тасвирлашда – яхшилик қилиш инсон ақли, одоби белгиси эканлигини, ёмонлик қилиш эса ақлсизлик, одобсизлик белгиси эканлигини тушунтиришда тазод санъатини деярли ғазалнинг бошидан-охиригача қўллаган деб тушунишимиз ҳам мумкин. Зеро, “тазод санъати бадиий тасвирда ёзувчи учун катта имкониятлар яратувчи етакчи маънавий санъатлардан бири бўлиб, ундан унумли ва ўринли фойдаланиш ҳар бир ижодкорнинг маънавий дунёси, индивидуал услуби ва иқтидори билан чамбарчас боғлиқдир”. Улуғ шоир “Табиатида яхшилиги бўлмаган инсондан яхшилик кутма, яхшилик кўрмайсан” мазмунидаги мулоҳазасини “Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ” мисрасида ифодалайди ва бу мисрада бир мисра доирасида “ондин” (ундан) сўзини маҳорат билан такрор қўллаб, такрир бадиий санъати воситасида ўз фикрини таъсирчан баён қилади. “Барчага қўлингдан келгунча, кучу имкониятинг етгунча бирдек яхшилик қилаверки, оламда ва ҳаётингда, аслида, бундан ортиқ яхшилик, хайрли иш, савоб борми?” – деган салмоқли хулосасини эса “Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ” мисрасида ёрқин акс эттиради. Кўриниб турибдики, мазкур тазодлари ёрдамида Бобур ғазалда фикрий изчиллик ҳамда тугалликка эришар экан, гўё у чексиз ҳурмат ва бағрикенглик билан инсонларга қарата “Яхшиликни билганга, муносиб бўлганга ҳам қилаверинг, билмаган, муносиб бўлмаганга ҳам қилаверинг, чунки ўзингиз яхшилар аҳлидан, яхшилар қаторидан бўласиз, бу бағрикенглигингиз, хайрингиз билан Оллоҳ розилигини топасиз”, деяётгандек бўлади. Бу бежиз эмас. Зеро, “Қуръонда яхшилик қилиш инсоннинг табиий бурчи экани, Оллоҳ инсонга ўзининг табиий неъматлари билан эҳсон қилганидек, инсон ҳам бошқаларга яхшилик қилиши таъкидланади”.

Бобур ғазалнинг бешинчи байтида амр санъати воситасида китобхонга ўзининг ҳаётда кўрган–кечирганлари асосида чиқарган хулосасининг ифодаси сифатидаги қатъий панд-насиҳати, буйруқ-истагини баён қилган. Мазкур ғазалнинг кўплаб қалам аҳлига илҳом бериб, халқ ҳофизлари репертуаридан мустаҳкам ўрин эгаллагани ва халқимизнинг кўнглидан жой олиб, миллий қўшиқчилигимизнинг олтин фондидан жой олганининг сабаби шунда бўлса керак.

Бори элга яхшлиғ қилғилки,мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!

Ғазалда берилган “Қолди фалондин яхшилик” иборасидаги “фалон” гумон олмиши асосида яратган “фалондин” поэтик образининг асосий моҳияти шундаки, у орқали Бобур отаси Умаршайх Мирзо, онаси Қутлуғнигорхоним, улуғ энаси Эсондавлатбегим, опаси Хонзодабегим каби яқинларидан, дўсту бекларидан кўрган яхшиликларига ишора қилса, шоир яратган бу бадиий образ воситасида ҳар ким кўнгил кўзгусида, тасаввуру хотирасида умри давомида яхшилик кўрган, яхшилик топган инсонлар сиймосини гавдалантиргандек бўлади ва “фалондин” мисолида қолди ота-онамдан яхшилик, қолди устозимдан яхшилик, қолди авлоду аждодимиздан яхшилик, қолди яхшилардан яхшилик…, дея қатор яхши инсонларни ҳурмат билан бирма-бир ёдга олиши, табиий. Демак, шоир ғазалда халқона фалондин поэтик образидан маҳорат билан фойдаланиб, уни янги маъно қирраси билан бойитган ва юксак поғонага кўтарган. Айни жиҳатдан, бу ўринда “Фалондин” поэтик образини яхшилар, олижаноб инсонлар типик образи, деб баҳоласак тўғри бўлади. Яна кузатишларимиз шуни кўрсатадики, Бобур бошқа шеърларида ҳам “фалон” образини фақат ижобий маънода қўллаган. Масалан: “Деманг, ўқини танимға балои жон келди”, деб бошланувчи, 7 байтли “келди” радифли ғазалида “фалон”ни севимли ёр, инсон маъносида қўллаган. Яъни севган инсоннинг келиши ҳақидаги хушхабарни шоир суюнчи борлиги ҳақидаги ҳаётий лавҳада тасвирлайди:

Хуш улки, бир киши кўзум йўлида эрканда,
“Севинчи!” деб югуруб етсаким – фалон келди!

Бизга маълумки, Бобур умри давомида яхшилик кўрган, бирга яхшилик излаган инсонларни ниҳоятда қадрлаган, эъзозлаган, тақдирлаган ва бу қадрлаш, эъзозлашлари борасидаги қимматли маълумотларини “Бобурнома”да ўзгача меҳр билан битиб ҳам қолдирган, аҳли жаҳонни яхшиликка чорлаган, эзгулик ғояларини тарғиб ва ташвиқ қилган. Чунончи, Бобурнинг яхшиликлари ҳақида ундан кўп яхшиликлар кўрган Муҳаммад Ҳайдар Мирзо “Тарихий Рашидийда”да: “…унинг маънавий улуғлиги ва саъй-ҳаракатларидан ёруғ оламга кўп наф етмоқда”, деб ёзади.“Чунки у жаҳонда яхшилик пойдорлигига, одам боласидан фақат яхшилик қолишига ишонган. Шунинг учун ҳам барча элга яхшилик қилки, шундан яхши нарса йўқ, токи дунёда фалон кишидан яхшилик қолди. деб эл эслаб юрсин, деган ақида билан яшаган”. Шоҳ шоирнинг бу борадаги фикрларини “Бобурнома”да ҳам учратамиз. Чунончи: “Ғаразким, бу дунёда кишидин ушмундоғ нарсалар қолур, ҳар ким ақлдин баҳравар бўлса. нега андоғ ҳаракатга иқдом қилғайким, андин сўнг ёмон дегайлар ва ҳар кишига ҳушдин асар бўлса, нега андоғ амр-эҳтимом қилмағайким, қилғондин сўнг мустаҳкам дегайлар”.

Бобурнинг “яхшилиғ” радифли ғазалида сўз ва ибора қўллашдаги яна бир маҳорати шундаки, у ғазалда қўлланган “ёмон”, “яхши” каби сифатларга от ясовчи -лиғ қўшимчасини қўшиш йўли билан “яхшилиғ”, “ёмонлиғ” каби янги маъноли сўзларни, яъни отларни ҳосил қилиб, иштиқоқ санъатини яратган. У ғазалда усталик билан қўллаган иборалардан бири бу – “кўз тутма” ибораси бўлиб, унинг баъзи луғатларда қарамоқ, кутмоқ, кўрмоқ каби маънолари кўрсатилган. Шоир ҳам ғазалнинг биринчи ва тўртинчи байтларида ушбу иборани, асосан, феълнинг бўлишсизлик шаклида ишлатган ҳамда у орқали ёмонларга қарама, ёмонлардан яхшилик кутма, ёмонлардан яхшилик кўрмайсан сингари ҳаётий хулосаларини кучлироқ ифодалашга интилган. Бобур яна ғазалнинг биринчи ва бешинчи байтларида топиб ишлатган “яхши йўқ” бирикмасини ўз ва кўчма маъноларда қўллаган бўлиб, биринчи байтда у яхшилар аҳлидан эмас, ундан яхшилик кўрмайсан, улар билан муносабатда бўлишдан парҳез қилиш лозим, яъни “ондин яхши йўқ” деб огоҳлантирса, бешинчи байтда эса яхшилик қилишдан ортиқ яхшилик, хайрли иш борми, яъни “мундин яхши йўқ”, деб яхшилик қилишга тарғиб қилаяпти.

Донишманду ҳакимлар яхшилик қилишни имондан кейинги бош вазифа ёки инсоннинг иккинчи умри деб таълим берганларидек, Бобур ўзининг ҳаёт тарзини, айрим норозиликларини ҳам қўшиб поэтик талқин ва таҳлил этган ушбу дурдона ғазалини қайсидир маънода улуғ шоирнинг иккинчи умри десак, сира муболаға қилмаган бўламиз.

Буробия Ражабова,
ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, 
филология фанлари номзоди.
ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *