Китобдан бахт топган Академик

Илк бора қўлига китоб тутган болакай шу қадар бахтга эришишини тасаввур қилганмикин?

Бугун Академиклик даражасига етганида унинг ўша китобга муносабати қай даражада экан?

Фото Тулкина Эшбека.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Хорижий филология факультетида Академик Бахтиёр Назаров билан ўтказилган учрашувда талабалар бу мавзуда жуда қизиқарли ва сермазмун фикрлардан баҳраманд бўлдилар.
– Ҳаётимни китобсиз тасаввур қила олмайман,– дейди Академик устоз.– Илк бора расмли эртак китобларни варақлаб ҳайратга тушган бўлсак, бугун ҳақиқатга айланган афсоналарни кўриб ҳаяжонланамиз. Болалигимиз кечган давр билан қиёслаганда ҳозир яшаб турган кунларимиз чиндан ҳам афсонага ўхшайди. Демак, бугун китобга ошно бўлган ёшлар келгусида орзу-умидларига, эзгу ниятларига шу қадар эришадики, гўё эртаклар ҳаёт воқелигига айлангандек бўлади. Китоб сеҳри шундайки, ундан ҳаёт йўлингни топасан. Кўп китоб ўқиган зиёли инсон албатта ўзи ҳам китоблар ёзадиган олим ё адибга айланиб қолиши ҳеч гапмас. Талабалар учун қизиқарли туюладиган бир ажиб воқеа: турмуш ўртоғим билан кутубхонада танишганмиз. Ҳозир ҳам асосий суҳбатимиз оилавий кутубхонада давом этмоқда…
Улуғ устознинг ёшлик, талабалик йилларида, сўнг илмий фаолияти давомида китобга қанчалик ошно бўлгани ҳақидаги хотиралари барчада катта қизиқиш уйғотди.

Фото Тулкина Эшбека.

Филология фанлари докторлари, профессорлар Ҳамидулла Болтабоев ва Абди Маматов, ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Хорижий филология факультети декани Ирода Жўраева таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Назаров ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида сўз юритдилар.
Маърузачилар таъкидлашганидек, устознинг ҳаёт йўли, жўшқин фаолияти ўзи ибрат мактабидир. Зеро, 1966 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган ёш истеъдод соҳиби меҳнат фаолиятини Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги 36 ўрта мактабда дарс беришдан бошлаган. Сўнг қатор йиллар Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти қошидаги Ўзбек энциклопедияси бўлимида лаборант, илмий муҳаррир бўлиб ишлаган. 1969-1972 йилларда ЎзФА Тил ва адабиёт институти аспирантида таҳсил олган ёш тадқиқотчи “Ўзбекистонда адабий танқиднинг қарор топишида Ойбекнинг роли” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлагач, мазкур даргоҳда кичик илмий ходим, илмий котиб, бош илмий котиб ўринбосари каби масъул лавозимларда фаолиятини давом эттирган.
Ўтган асрнинг сўнгги йиллари қанчалик мураккаб, таҳликали бўлганини яхши биламиз. Ана шу долғали даврда фаолият кўрсатган зиёлилар ҳақида ҳали кўп тадқиқотлар олиб борилса ажабмас. Бахтиёр Назаровнинг жўшқин фаолияти ҳам кўпроқ ана шу даврга тўғри келган. У 1984 йилда “Ўзбек адабий танқидчилиги методологик принципларнинг шаклланиши ва қарор топиши” мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилгач, қатор йиллар шу даргоҳда турли лавозимларда ишлаган. 1986-1994 йилларда “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали бош муҳаррири, мамлакатимиз учун ғоят мураккаб бўлган давр – 1990-1992 йилларда Ўзбекистон Президенти давлат маслаҳатчиси, 1992-1994 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, 1999-2000 йилларда ЎзФА вице-президенти вазифасини бажарувчи каби масъул лавозимларда фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Сувон Мели ёзганидек, “Бахтиёр Назаровнинг тоталитар тузум шароитида она тилимизнинг қонуний мақомини тиклашдаги саъй-ҳаракати, меҳнату ғайратини жасорат сифатида баҳолагим келади. Бу ўша пайтда хавфли амал эди, ҳеч бўлмаса амал курсиси учун хавфли амал эди. Шахсан мен, кейинчалик ҳам Бахтиёр Назаров фаолиятида бундай қатъийликни кузатмадим. Бу нарса яна бир бор она тилимизнинг, яратувчилик ва жасорат ато этгич қувватини таъкидлаб тургандек бўлади. Буни мен она тил ато этган жасорат дегим келади”.
Устознинг илмий раҳбарлиги ҳақида атоқли олим Наим Каримов “Олим бўлиш бахти ва машаққати” саравҳали мақоласида шундай ёзади: “Унинг илмий раҳбарлигида 1988-1999 йилларнинг ўзидаёқ 15 та ёш адабиётшунос фан номзоди ва 4 та адабиётшунос фан доктори дипломини олишга муяссар бўлди”. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси сифатида кўплаб ижодий кенгашлар фаолиятини такомиллаштиришга ҳам самарали ҳисса қўшган. Атоқли адабиётшунос олимнинг кўплаб дарсликлари, ўқув қўлланмалари филология факультетларида ўрганилмоқда. У миллий истиқлол ғояси билан суғорилган, янги типдаги дарсликлар (ўрта мактабнинг 9, 11-синфлари учун «Ўзбек адабиёти», олий мактаб учун «XX аср ўзбек адабиёти тарихи»)нинг муаллифларидан бири.
Бахтиёр Назаровнинг илмий ишлари 20-аср ўзбек адабиёти тараққиёти, хусусан, танқидчилик ва адабиётшунослик методологияси муаммолари, адабиёт назарияси ва адабий алоқа масалаларига бағишланган. Тадқиқотларида Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов каби атоқли шоир ва адибларнинг ижодий маҳоратлари кенг тадқиқ этилган. Ойбекнинг 20 жилдли мукаммал асарлар тўпламини нашрга тайёрлашда адабиётшунос олим Бахтиёр Назаровнинг хизматлари алоҳида.

Фото Тулкина Эшбека.
Фото Тулкина Эшбека.

Мана шундай шарафли йўлни босиб ўтиш аслида ҳар бир талабанинг асл орзусидир. Бундай орзуга эришиш учун эса Академик устоздан ибрат олса кифоя!

Улуғбек Усмонов,
ЎзМУ газетаси мухбири

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *