Китоб – маънавий нур тимсоли
Китоб ва китобхонлик бугунги кунда жамиятимизда муҳим ижтимоий ҳамда
маънавий воқеликка айланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир” (“Ўзбекистон” нашриёти, 2018 йил) деб номланган китоби турли муассасаларда катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Яқинда Олмазор туманидаги 21-оилавий поликлиникада бўлиб ўтган “Китоб – маънавий нур тимсоли” мавзуидаги давра суҳбати асосан ана шу китоб мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланди.
– Муҳтарам Президентимизнинг “Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз”, “Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир” каби китобларини қунт билан ўқиган ҳар бир инсоннинг дунёқараши, маънавий олами шунга яраша бўлади,– дейди поликлиника бош шифокори Зуҳра Абдусатторова.– Китобга ошно бўлган киши ҳеч қачон адашмайди, замондан ортда қолмайди. Китоб инсон камолотида беназир маънавий қанотдир.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Тўлқин Эшбек Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган “Инсон манфаатлари ва ҳуқуқларини таъминлаш – демократик жамият асосидир” мавзуидаги нутқига алоҳида эътибор қаратди.
– Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилиниши тарихий воқеадир. Бу ҳужжат жаҳонда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлишига хизмат қилади,– деди маърузачи.– Резолюциянинг асосий мақсади “барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат”дир. Ҳужжат “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш“га қаратилган. Унда динлар, маданиятлар ва конфессиялараро муносабатлардаги уйғунликни рағбатлантириш ҳамда айрим шахсларга нисбатан дин ва эътиқодлар замиридаги камситишларга йўл қўйилишига қарши курашишга қаратилган барча халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар қўллаб-қувватланади. Айни пайтда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган ҳужжатда аъзо давлатларга миллий ва халқаро ОАВлари, жумладан, Интернет тармоғида кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйиш, бағрикенглик, зўравонликка барҳам бериш ҳамда дин ва эътиқод эркинлигига доир маърифий ахборот тарқатиш каби тегишли коммуникацион стратегияни жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Президентимиз ёшларни сўнгги йилларда кучайиб бораётган диний экстремизм ва терроризм таҳдидларидан ҳимоя қилиш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиш кераклигини таъкидлаб, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилгани кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Давлатимиз раҳбарининг нутқида кўтарилган устувор масалалар мазмун-моҳиятини халқимизга, айниқса, ёшларга етказиш, тушунтириб беришга масъулмиз. Муқаддас китобларимиз ва қадриятларимиз, буюк мутафаккир аждодларимиз меросида доимо ҳалол меҳнат билан яшаш, ватанпарварлик, мардлик, саховат ва камтарлик улуғланади. Президентимиз ўз нутқида ислом динининг инсонпарварлик аҳамиятига яна бир бор эътиборни қаратди: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз.
Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.
Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
XXI асрга келиб, жаҳон динларидан бири – исломга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Афсуски, бу қизиқиш ортида исломни ниқоб қилиб, ўзининг жирканч мақсадларини амалга оширишга уринаётган кучлар ҳам борки, улар нафақат тинчлик ва барқарорликка, балки ислом дини софлигига ҳам катта таҳдид солмоқда. Диний экстремистларнинг ёвуз мақсадлари, бузғунчи ғоялари бизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга чақиради.
Интерфаол тарзида ўтказилган давра суҳбатида тажрибали шифокорлар Дилором Муҳамедова, Насиба Раҳимова, Гулчеҳра Шомақсудова, Акбар Тоғаев, Муқаддам Маҳамадбекова ва бошқалар мазкур китобларни қунт билан ўқиган киши мамлакатимиз ҳаётида юз бераётган оламшумул ўзгаришлар моҳиятини теран англаб етиши, эртанги кунга ишонч ва умид билан қараши учун ундан маънавий қувват олиши мумкинлигини алоҳида таъкидладилар.
Муаззам Алибоева,
Олмазор туман ҳокимлиги Маънавият ва маърифат маркази раҳбари
Сўнгги фикрлар