КИТОБ – ТАФАККУР ЧИРОҒИ

Китобга ошно бўлган инсон маънавий етук бўлади.

photo_2024-01-18_22-15-27

Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек, “Китоб ўқиган, ўзини устида ишлаган одамда қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади. Шунинг учун ҳеч кимни писанд қилмайди. “Катталар”га хушомад қилмайди. Унинг билими бор, илми бор. Мана нима учун китоб ўқинглар деймиз. Китоб ўқисангиз савол беришни биласиз”. Давлатимиз раҳбари томонидан Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биттаси айнан китобхонликка қаратилган бўлиб, у ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилгани яхши маълум. Зотан, китоб мутоласи муҳимлиги, ёшлар орасида буни тарғиб қилиш лозимлигини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Инсон тафаккури ва билимининг асосий манбаи китобдир. У инсонни комиллик сари етаклайди, дунёқарашини бойитади, нутқини такомиллаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишида белгилаб берилган вазифалар ўзининг долзарблиги билан муҳим аҳамият касб этади. Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш, таълим муассасалари, кутубхоналар ва маҳаллаларда янги китоблар тақдимотини ўтказиш, мутолаа маданиятини ошириш, шу жумладан, оммавий-ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган таъсирчан фаолият олиб бориш орқали аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Ёшларни аввало китоб ўқишга, ундан маънавий лаззат олишга ўргатишимиз зарур. Очиғи, сўнгги йилларда аксарият ёшлар китоб ўқимай қўйгани ҳақида айтилаётган танқидий фикрларни ҳеч ким инкор эта олмайди.

Қатор бадиий асарларни қанчалик чуқур ўргансангиз, шу қадар маънавий юксакликка эришаверасиз. Айтайлик, ёзувчи Ёвдод Илёсовнинг “Сўғдиёна” романида қадимда юртимизга қандай босқинчилар бостириб келганлари ҳақида қизиқарли маълумотлар баён этилган. Алалхусус, бир замонлар Александ Македонский ўз армияси билан қай тариқа бостириб келгани, заминимизни вайрон қилгани, “Авесто”дек нодир асаримизнинг катта қисмини ўтга ташлатиб ёндиргани, ниҳоят ўзи ҳам аянчли қисматга дучор бўлгани ҳақида атрофлича сўз юритилди. Энг қизиғи, ўша босқинчилар ҳам буюк аждодларимизнинг юксак маънавияти таъсирида аста-секин туб ерли маҳаллий халқ бағрига сингиб кетгани тарихий ҳақиқатдир.

Кейинчалик юртимизга тиғ кўтариб келишган эронийлар, араблар, мўғуллар ва бошқа босқинчиларнинг ҳам қисматлари шундай якун топгани кўплаб адабиётларда ва илмий-оммабоп мақолаларда теран ёритиб берилгандир.

Она тилимиз жилоларини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиасидан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Юртимиз истиқлоли йилларида бетакрор маънавиятимиз ҳақидаги энг ёрқин ва теран фикр-мулоҳазалар атоқли адибнинг мазкур асарида ўз ифодасини топган. Бу асарни том маънода замонамиз маънавиятининг гултожи десак арзийди. Маънавий бойликларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод қалбига жо этиш учун аввало уларнинг мазмун-моҳиятини теран англамоқ зарур, деди маърузачи. Бу асарни қанчалик чуқур ўргансангиз, шу қадар маънавий юксакликка эришавераверасиз.

Бебаҳо маънавий хазинамиз – халқ мақоллари ҳақида сўз юритишдан илгари “Ўзбек халқ мақоллари” китобини ўқиб кўриш, бу борадаги билимларни бойитиш талаб этилади. Асрлар давомида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимизни асраш ҳамда ривожлантиришда адабиёт, айниқса, халқ оғзаки ижодининг ўрни жуда катта бўлган. Эртаклар, достонлар замирида асосан миллий ўзликни ифода этувчи, қадриятларимизни қадрловчи ғоялар мужассам эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбек халқ мақоллари ҳам битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади. Ана шу мақоллар ҳақида сўз юритганда аввало тегишли манбалар билан танишиб, сўнг асосли гапириш мақсадга мувофиқдир.

Атоқли шоир ва адиб Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китоби том маънодаги тилшунослик илмининг ёрқин наъмунасидир. Бу китобнинг мазмун-моҳияти, мантиқий қувваи ҳофизаси бир-иккита докторлик диссертациясидан баландроқ туради. Фақат, зерикарли “илмий иш” шаклида эмас, балки ундан аълороқ даражада – илмий-оммабоп шаклида битилган. “Шоиру шеъру шуур: адабий ўйлар” китобини ҳеч бир муболағасиз адабиётшунослик илмининг ёрқин намуналаридан бири, дейиш мумкин.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида баён этилганидек, эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмиш, босиб ўтган машаққатли йўлимиз барчамизга сабоқ бўлиши, бугунги воқеликни теран таҳлил қилиб, мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиб яшашга даъват этиши лозим. Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бора ўз исботини топган.

Маълумки, биз бошимиздан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл қўйилмаган. Аксинча, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган коммунистик мафкурани ҳар қандай йўллар ва зўравонлик билан жорий этишга ҳаракат қилинган.

Тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган ибораларни олайлик. Қанчалик ғалати туюлмасин, бу ибораларни бошқа тилларга айнан таржима қилишнинг ўзи мушкул бир муаммо.

Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар қайси миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Она юртимиз бахту иқболи – маънавий-маърифий суҳбатларимиз бош мавзусига айланган. Она Ватанимизнинг буюк келажаги йўлида хизмат қилиш ҳар биримиз учун – энг олий саодатдир!

Ўтмишини унутган халқнинг келажаги қандай бўлишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу борадаги билим ва маънавий оламимизни янада бойитиш учун ҳаётга теран нигоҳ билан боқиш билан бир қаторда ушбу мавзудаги ишончли манбаларни, китобларни чуқур ўрганиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.

Миллий тафаккуримиз хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшиладиган, бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг энг муҳим устувор йўналишларини ўзида мужассам этаётган китоблар биз учун аввало янги ва яқин тарихимизнинг ҳали биз тўла англаб етмаган кўплаб қирраларини яна бир бор кашф этишга асос бўлади. Шу билан бир қаторда кўпгина асарлар жамиятимиз тараққиёт фалсафасини, мамлакатимиз ва халқимиз келажаги, унинг равнақини белгилаб берадиган муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, эртанги кунга умид ва ишонч туйғуси билан қарайдиган барча замондошларимиз, айниқса, дунёқараши муносиб шаклланаётган ёшлар давримиз солномасига айланаётган китобларни теран нигоҳ ила ўқиб ўрганишлари мақсадга мувофиқдир.

 икбол3 икбол

 

Тўлқин Эшбек,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *