Китоб тақдимоти: Барқарор тараққиёт йўлида

Ҳаётимиз, жамиятимиз барқарор ривожланиши – ҳар бир инсон орзу-умиди ҳисобланади.

Хўш, бундай тараққиётга қандай эришилади?

Бу саволга ҳар бир киши ўз касб-кори, соҳаси, ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда жавоб бериши мумкин. Мутафаккир олимлар эса илмий асосланган китоблари, тадқиқотлари натижалари билан жавоб берадилар. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган “Барқарор тараққиёт ва табиатшунослик асослари” – “Основы устойчивого развития и природопользования” деб номланган ўзбек ва рус тилларидаги китоблар тақдимотида бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, мазкур дарслик муаллифларидан бири, биология фанлари доктори, профессор Абдуқодир Эргашев ва бошқалар бугунги ёшларга “Барқарор тараққиёт” концепцияси, мамлакатимизда табиат, сув ва ер русурсларининг ҳолати, улардан оқилона фойдаланиш муаммолари, чиқиндилар билан боғлиқ масалаларни ижобий ҳал этиш, экологик хавфсизликни таъминлаш масалаларини ўрганишда икки тилда чоп этилган бу китоблар қанчалик муҳим ўрин тутишини изоҳлаб бердилар.

Олий ўқув юртларининг барча йўналишлари учун мўлжалланган мазкур дарслик “Baktria press” нашриётида 1000 нусхада чоп этилган бўлиб, унинг электрон варианти ҳам тақдим этилгани айни муддао бўлди.

Тадбир иштирокчилари мазкур дарслик юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавоблар олдилар.

 

Улуғбек Усмонов,

ЎзМУ газетаси мухбири

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *