Кореялик Амир Темур
Қай бир мамлакатда буюк аждодмиз исмини ҳурмат ва ҳавас билан фарзандига қўйса, демак ўзларининг маънавияти шунга яраша юксак экан, деган хулосага келади Дониш домла.
Бизнинг меҳмон Кореялик ёш Амир Темур: Менга ўзбекча исм қўйишган.
Университетимиздаги талабалар турар-жойининг боғ қисмида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини ўқиб ўтирардим. Бир йигит ёнимга келиб: “Қодирий — яхши китоб. Мен ҳам маза қилиб ўқиганман”, деди. Ўша пайтда мен бу йигитнинг исм-шарифини билмасам ҳам, бир-икки марта дуч келгандим. Биз билан бир бинода яшайди. Кўринишидан кореялик эканлиги билинади. Хуллас, биз учун чет эллик меҳмон. Суҳбат давомида у ўзини Амир Темур деб таништирди. Очиғи бошида буни ҳазил деб ўйладим. Айниқса, ҳозирги кунда қайсидир мамлакат ёки миллатнинг машҳур санъаткорларига тақлидан айтилаётган исмлар сабаб, бу исмни эшитиб ҳайратландим. Кейин бироз суҳбатлашдик:
— Биласизми, Ўзбекистон жуда ҳам бетакрор мамлакат, — дейди у тўлқинланиб. — Юртингизга келганимда ҳеч қаерда учрамайдиган ўзгачаликни кўрдим. Ва яна кўнглимга жудаям яқинлигини ҳис қилдим. Тарихдан маълумки, юртингиз билан бизнинг мамлакатимиз алоқалари қадимдан ривожланган. Бизнинг юртимизда, айниқса, оиламизда тарихга, хусусан, Ўзбекистон тарихига ҳурмат жуда ҳам кучли. Ота-онамнинг тарихга бўлган қизиқиши ва ҳурмати мени ана шу юртга келишимга сабаб бўлди…
Мен Ўзбекистонга ўзимни излаб келганман… 1990 йилда Кореянинг Бусан шаҳрида туғилганман. Йиллар ўтиб, эсимни таниганимдан кейин, нима учун менга ўзбекча исм қўйишганига ҳайрон бўлганман. Тўғриси, ўша пайтларда исмимнинг маъносини, менга айнан шу исм қўйилганининг сабабини билмаганим учун баъзида корейсча исм эмаслигига жаҳлим ҳам чиқарди. Бироқ йиллар ўтиб Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти, фаолияти, шонли тарихини ўргандим. Ҳозир исмим Амир Темур эканлигидан фахрланаман. Менга буюк саркарданинг номи берилганлиги фахр билан бирга масъулият ҳам беради.
Ўзбекистонга келиб жуда кўп дўстлар орттирдим. Дўстларимнинг самимийлиги, ўзбекона қарашлари ўзига тортади мени…
Ўзбекистондан қайтиб кетганимдан кейин энг катта мақсадим бу юртга яна қайтиб келиш бўлади. Барибир ўзбек халқининг табиати, маданияти, одамлари кўрсатган меҳрибончиликнинг хумори тутади кишини. Юртимга борганимда шу мамлкатда ўрганганларимни тарғиб қиламан. Ўзбекистонга келаётганимда қанча киши менга ҳавас билан қараганини бир тасаввур қилсангиз эди… Ўйласам, ўзимнинг ҳам ўзимга ҳавасим келади!..
ЎзДЖТУ талабаси
Шоҳсанам НИШОНОВА суҳбатлашди.
Kitob Dunyosi
Сўнгги фикрлар