Коррупцияга барҳам бериш йўлида
Зиёли инсон қайсики соҳада сўз юритмасин, аввало унинг ҳуқуқий
асосларини пухта билиши лозим. Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги (2017 йил 3 январь) Қонунида, шунингдек, Президент фармон ва қарорларида, Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарорларида белгилаб қўйилган.
Юқорида номи қайд этилган қонунни эътибор билан ўқиб чиқсангиз, коррупция ҳақида ва унга қарши самарали курашнинг ҳуқуқий асослари борасида муайян тушунчага эга бўласиз.
Чунончи, мазкур қонуннинг 3-моддасида қуйидалар баён этилган:
коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;
манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.
Қонуннинг 4-моддасида коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қуйдагича белгиланган:
қонунийлик;
фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
очиқлик ва шаффофлик;
тизимлилик;
давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги;
коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги;
жавобгарликнинг муқаррарлиги.
Қонуннинг 5-моддасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагича белгиланган:
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш.
Қонуннинг 14-моддасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқароларнинг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши қуйидагича белгиланган:
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар:
коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда иштирок этиши;
коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши;
коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиши;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ушбу моддада назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш мақсадида Идоралараро комиссия ва ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятида, шунингдек давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоат-маслаҳат органлари фаолиятида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этади.
Оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши эса қонунинг 15-моддасида қуйидагича белгиланган:
Оммавий ахборот воситалари:
коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга, шу жумладан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тадбирларни ёритади;
коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, коррупция давлат идораларида ишловчи шахсларнинг ўз амалидан фойдаланиб, шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари, пора эвазига сотилишлари ёки сотиб олинишлари, ноқонуний моддий ёки номоддий бойлик орттиришларидир.
“Коррупция” атамаси лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатади. Юридик энциклопедия муаллифларининг таъкидлашича, “коррупция – мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият”дир. Кўп ҳолларда бу атама сиёсий элитадаги бюрократик аппаратга қарата ишлатилади. Кўплаб давлатларда коррупцияга қарши муросасиз кураш давом этмоқда.
Коррупция – илдизлари давлат хизматини ташкил этишдаги нуқсонлар ва давлат хизматчиларининг ўзига хос психологиясига бориб тақаладиган ижтимоий ҳодиса. Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
Мутахассислар фикрича, коррупциянинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бир замонлар бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилингандир эҳтимол. Бироқ, ҳозирги ривожланган дунёда баъзи давлатларда коррупция авж олиши жамият ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди.
Тарихий манбаларда коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги давлатларни, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги бизгача сақланиб қолган. Дунёнинг етакчи динларида ҳам биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ қораланади.
Жамият тараққиёти кушандаси саналмиш коррупция тарихи инсоният тарихи билан чамбарчас бўлса ажабмас. Бировнинг ҳаққини ноҳақ ейиш ҳамда пора берувчи ва пора олувчи ҳам оғир гуноҳкор бўлишлиги муқаддас манбаларимизда битилган. Зеро, коррупцияга қарши курашишда инсоннинг диний-маърифий билимларга эга бўлиши ҳам жуда муҳимдир. Муқаддас китобимиз Қуръони каримда порахўрлик иллати ҳақида шундай битиклар ўқиймиз: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг” (Бақара сураси, 188). Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир, деб қайд этган. Сиёсий фанлар доктори Бахтиёр Омоновнинг “Коррупция ва миллий тараққиёт: муаммо ва ечим” сарлавҳали мақоласида қайд этилганидек, бозор иқтисодиёти тизими кушандаси, давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади. Ҳар йили ўнлаб қўшма корхоналарнинг очилиши ва ёпилиши замирида ана шу “кўринмас қўллар” ётади. Коррупция даражаси юқорилашган давлатга чет эл инвестициясини киритиш камайиб бораётганининг асл сабабларини ҳам шу хавфли иллатдан излаш лозимга ўхшайди. Муаллиф фикрича, қадим замонлардаёқ ушбу иллатга қарши қаттиқ жазолар белгиланганига қарамасдан, бу ҳамиша ҳам кўнгилдагидек натижа бермаган. Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, тоифалари, гуруҳлари кундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетганлигидан кўз юмиб бўлмайди. “Нозик”, “чигалроқ” ушбу масалада давлатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари бирмунча ҳушёр, зийрак бўлиши, шунингдек, нодавлат ташкилотлари, турли комиссиялар, журналистлар, мустақил судлар тизими фаолроқ ишлаши ҳақида тадқиқотчилар анчадан бери ёзиб келади. Сиёсатчилар, социологлар, психологлар, тарихчилар, давлат ҳамда жамоат органлари, сиёсий партиялар, энг муҳими, амалиётчилар масалани таҳлил этиш ва ечимини топиш устида бош қотириши лозим.
Баъзи манбаларда қайд этилишича, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида жиноят ва жазо масалаларга жиддий эътибор қаратилган экан. “Темур тузуклари”да мулкни, хусусан, давлат мулкини ўзлаштирганлик учун жавобгарлик белгиланган. Ўша даврда амалдорлар ишини тартибга солиш мақсадида вақти-вақти билан сўроқ, текшириш, тафтиш, тергов ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, доимий равишда ичкилик ичиш, маиший бузуқлик каби қилмишлар оғир гуноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган.
Сўнгги йилларда МДҲ мамлакатлари матбуотида коррупцияга қарши курашиш йўллари ҳақида мақолалар кўпайди. Сиёсатшунос олим Бахтиёр Омон таъкидлаганидек, МДҲга аъзо мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар таҳлили шундан далолат берадики, биз шўролар тузумидан қутулганимизга ўттиз йил бўлганига қарамай, суд-ҳуқуқ органлари ҳамон давлат ҳокимиятининг итоаткор органига айланганича турибди. Бу жамият кушандаси, ярамас иллат ҳақида давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир чиқишида таъкидлаб ўтади. Биз вилоятлар сессияларида ташкилий масала кўрилганда, биринчи навбатда, мазкур масалага рўбарў келмоқдамиз.
Порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, “қўлга тушган” амалдорлар телевидение ва матбуотда намойиш этилганига қарамасдан, суд, прокуратура, идора раҳбарлари ҳамда оддий фуқароларнинг қон-қонига сингиб кетган феодализм сарқитлари, тамагирлик, бюрократия жамиятимиз ҳаётидан йўқолиб кетмаяпти.
Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди; иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради; учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, ўарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит беради…
Бу мураккаб масала ечими ҳақида таҳлилий фикрини баён этар экан, Бахтиёр Омон шундай фикрни илгари суради: “ҳозирги кунда бирон-бир раҳбарнинг яширин бойлик орттиришини исботлаган мақола матбуотда чоп қилинса-да, унга қатъий чоралар кўрилмайди, аҳвол ҳам ўзгармайди. Масалан, бир вақтлар раҳбар ҳақида фельетон чиқса, партиядан ўчирилар, қамалар, шунинг учун амалдорлар “тўртинчи ҳокимият”дан ҳайиқарди.
Демак, “Муштум”га ўхшаган икки-учта кучли вақтли матбуот нашри фаолияти қўллаб-қувватланса ва телевидениеда махсус кўрсатувлар деярли ҳар куни (хоҳ катта, хоҳ кичик тамагирлик ҳолати бўлсин) бериб борилса, кўпчилик ҳушёр тортиши аниқ. Танқидсиз тараққиёт бўлмаслиги фуқаролар онгига сингдириб борилиши керак, деб ҳисоблаймиз”.
Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ишчи гуруҳи аъзоси Абдукамол Раҳмонов “Коррупцияга қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз” сарлавҳали мақоласида таъкидлаганидек, “Давлатни ич-ичидан емирадиган ана шундай иллат – коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум.
Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли”. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қонун ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 февралдаги қарори билан “2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури” қабул қилинди. Дастур доирасида бир қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бу саъй-ҳаракатлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилгандир.
Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729 Фармонининг туб моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, коррупцияга қарши нафақат ҳуқуқни муҳоза қилувчи идоралар ва давлат ташкилотлари, балки жамоатчилик назорати институти имкониятидан ҳам кенг фойдаланиш белгилаб қўйилганини кўришимиз мумкин.
Фармонда жамоатчилик назоратини олиб боришда муҳим ўрин тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш алоҳида белгиланган. Фармонда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш вазифаси белгилаб берилди. Бу норма, албатта, ҳар бир мансабдор шахсдан хулоса чиқаришни талаб этади.
Муаллиф таъкидлаганидек, бугун ҳар бир давлат хизматчиси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ходимларининг феъл-атворига Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсуниш ва уларни ҳурмат қилиш одобини сингдириб бориш ўта муҳим вазифадир. Фармонда назарда тутилганидек, жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётган ҳозирги даврда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва маданияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш, қонунларга ҳурматсизлик қилган мансабдор шахслар тўғрисида асослантирилган кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил қилиш, мақолалар чоп этиб бориш, уларнинг қилмиши нотўғри эканлигини таъсирчан воситалар орқали кўрсатиб бериш, албатта, ўз самарасини беради. Мазкур фармон жамиятда адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳужжат ҳисобланади.
Коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий ҳодиса ҳисобланади. Бугунги глобаллашув даврида коррупция чегара билмас муаммога айлангани яхши маълум. Жамиятимизда коррупция келтириб чиқараётган оқибатлар жамиятларни ич-ичидан емираётгани сир эмас. У инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилишига олиб келади. Мамлакат иқтисодиётини издан чиқаради. Жамият ва давлат учун жуда хавфли бўлган уюшган жиноятчилик ва терроризмнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради. Коррупциянинг бошқа иллатлари ҳам талайгина. У жамият ҳар жиҳатдан емиради, тараққиётга путур етказади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга Қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5729-сон Фармонидан кўзланган асосий мақсад юртимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилгандир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида ислоҳотлар самарадорлиги қуйидаги тўртта омилга боғлиқ экани айтилди, яъни, қонун устуворлиги, коррупцияга қарши қатъий кураш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантириш.
Давлатимиз раҳбари коррупция жамиятимиз ривожига ғов бўлаётган энг катта иллат эканлиги ҳақида сўз юритар экан, “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак” эканлигини алоҳида таъкидлади.
Шу аснода ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифаси – коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлашга қаратилгандир.
Бу борада жаҳон тажрибасига эътибор қаратсак, Сингапур, Швеция, Финландия каби ривожланган демократик давлатларда ислоҳотлар айнан коррупция илдизига болта уришдан бошлаганган.
Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Бундай маънавий бузилишга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар. Давлат ва жамият, нодавлат нотижорат ташкилотлари бундай иллатни олдини олиш ва унга қарши курашда биргаликда ҳаракат қилсагина самарали натижаларга эришиши мумкин.
Коррупцияга қарши курашиш биринчи навбатда оиладаги муҳит ва таълим-тарбиядан бошланади. Жамиятда нима ҳалолу нима ҳаром эканлиги фарзандларимизга ота-оналар ва устозлар ўгити билан сингдирилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев фарзандларимизга болалигидан покни нопокдан, ҳалолни ҳаромдан фарқлашга ўргатишни назарда тутиб, ёш авлод тарбияси ҳақида гапирганда, Абдурауф Фитратнинг қуйидаги фикрларига ҳар биримиз, айниқса, энди ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларимиз амал қилишлари лозимлигини таъкидладилар: “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”. Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг, ички ахлоқий-руҳий маслаги ва эътиқодига айланиши керакки, бу коррупцияга қарши маърифатнинг ўзагини ташкил қилади. Қонун талабларининг тўлақонли амалга оширилиши мамлакатимиз аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга, ривожланиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналстика факультети доценти,
филология фанлари номзоди
Сўнгги фикрлар