“Коррупциясиз соҳа” бўлади…ми?
Жамиятимиз кушандаси ҳисобланмиш коррупция балосини илдизи билан
суғуриб ташлашга бел боғлаган элимиз келгусида ҳалол-пок ҳаёти шунга яраша фаровон, турмушимиз чароғон бўлишини жуда яхши билади. Эътибор қилинг, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш учун қанчалик қудратли кучлар ишга тушмоқда! Давлатимиз, қонунларимиз, халқимиз ишонган раҳбарлар, сенаторлар, депутатлар шундай курашга бел боғлаган экан, бу лойиҳа амалга ошмасдан қолиб кетиши мантиқан мутлақо мумкин эмас! Шундай экан, “Коррупциясиз соҳа”лар бутун жамиятимизни қамраб олиб, ҳаётимизда ҳалоллик, поклик, эзгулик чинакам воқеликка айланиб бораверади.
Фақат, олма пиш — оғзимга туш, деган билан иш битмайди. Ҳолва, деган билан оғиз чучимайди, деган ҳикматларни ҳам ёддан чиқармаслигимиз зарур. Яъни, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш учун ҳаммамиз бир тан-у бир жон бўлиб курашмоғимиз лозим. Бу — келажак ҳаётимиз учун муқаддас кураш ҳисобланади. Эзгулик учун курашда эса ғолиблик нашидасини суриш ҳаммамизга насиб этсин.
Тўлқин ЭШБЕК,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Олмазор туман Кенгаши депутати
Коррупцияга қарши кураш кучайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг 3-йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишда сенаторлар, Миллий кенгаш аъзолари — мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати раиси, Миллий кенгаш раиси Танзила Норбоева бошқарган йиғилишда кенгаш аъзолари ҳамда масъул идоралар вакиллари коррупцияга қарши курашиш бўйича бажариладиган ишлар бўйича фикр алмашди.
2021-2025 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлаш, Коррупцияга қарши курашиш бўйича икки йиллик давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш, давлат органларида очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича иш олиб борилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларини ташкил этиш, 2017-2020 йилларда давлат дастурлари ижроси юзасидан мактабгача таълим ташкилотларида объектларни қуриш ва таъмирлаш ишларида бюджет маблағларининг самарали сарфланганини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
Соғлиқни сақлаш, давлат харидлари соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар таҳлилдан ўтказилди.
Ушбу соҳаларга оид зарур қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Коррупциядан ҳоли бўлиш учун қилинаётган амалий ишлар ҳали етарли эмас.
Тендер ва давлат харидлари юзасидан ўтказилган ўрганишларда Жиззах, Андижон, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларидаги 59 қурилиш объекти бўйича давлат харидларини амалга оширишда бир қатор молиявий хато ва камчиликларга, шунингдек, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик, идора ва ташкилотларга 13 тақдимнома киритган. 25 сўровнома ва 3 огоҳлантириш хати ҳам йўлланган. Натижада прокуратура органлари 14 жиноят иши қўзғатган.
Андижон, Бухоро, Самарқанд вилоятларида кадрларни ишга қабул қилишда очиқ танловлар асосида қабул қилиш тизими жорий қилинмаган. Мониторинг натижасида 2020 йилдан бугунги кунгача жами 50 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.
Миллий кенгаш томонидан 2020 йил декабр ойида тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилишни давом эттириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати кўриб чиқилди.
Шу асосда БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенцияси 7-моддаси, яъни сиёсий партияларни молиялаштиришда шаффофликни кучайтириш борасидаги қоидаларининг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунига тегишли ўзгартириш киритилди, Ўзбекистон бизнесининг Коррупцияга қарши курашиш хартияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш ўз аксини топди.
БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг Коррупциянинг олдини олиш ва Активларни қайтариш бўйича чораларни назарда тутувчи қоидаларининг амалга оширилиш ҳолати ўрганилиши қайд этиб ўтилди.
Шу муносабат билан мазкур мониторингни ўтказиш доирасида тегишли ташкилий ва ахборот-таҳлил фаолиятини амалга оширувчи Ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланди.
Мониторинг жараёнида халқаро экспертлар томонидан билдириладиган баҳо Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги ўрнини яхшилашда муҳим ўрин тутади.
Шу боис барча вазирлик ва идораларга ушбу жараёнларга жиддий эътибор қаратиш ва маълумотларни сифатли ва тўлиқ ҳолда тақдим этиш вазифаси юклатилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/korrupciyaga-qarshi-kurash-kuchaytiriladi_252736
Сўнгги фикрлар