Коррупциясиз ҳаёт завқи
Тасаввур қилинг, жамиятда ҳеч ким коррупция, таниш-билишчилик,
порахўрлик ҳақида бирор тасаввурга эга бўлмаса ва бунақа иллатлар умуман таг-туги билан бўлмаса!..
У ҳолда ҳаётимиз қандоқ бўларди?
Хўш, биз ана шундай жамият қуришга қодирмизми?
Шундай тоза, покиза ва ҳалол яшашга эришмоқ учун нима қилмоғимиз керак? Бу саволга жавоб аниқ: биринчи галда давлат сиёсатида шаффофлик ва зарур ҳуқуқий ҳужжатлар бўлмоғи зарур. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 май куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5729-сон Фармони ана шу эзгу мақсадларга қаратилгандир. Бу Фармон юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим қадам бўлди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришда бу ҳужжат ғоят муҳим ўрин тутади.
Фармонда қайд этилганидек, ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.
Фармонда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этиш тавсия қилинган бўлиб, уларнинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилган:
жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш;
жойларда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритган ҳолда мунтазам равишда ахборот бериб бориш.
Мазкур Фармонга кўра коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат:
суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;
давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;
давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;
давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;
фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш.
Белгилаб қўйилганидек, идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланади.
Ушбу Фармон ижроси билан кучли эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Зеро, давлат органлари зиммага юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини вақти-вақти билан мажбурий баҳолаб бориш талаб этилади. Унинг якунлари бўйича:
коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари, шунингдек, уларнинг функциялари (ваколатлари)нинг рўйхатини шакллантиради;
идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурлари ижросининг ҳар чораклик мониторингини амалга оширади ва коррупциявий хавф-хатарларни минимум даражага тушириш чораларини кўради;
Идоралараро комиссия билан келишган ҳолда ҳар йилги идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурларини тасдиқлайди;
ҳар йили Идоралараро комиссияга тегишли органлар ва ташкилотлар фаолиятида, шу жумладан, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш орқали коррупция хавф-хатарларига барҳам бериш бўйича таклифларни киритади;
давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиққан. Бинобарин, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзулар янада кучайтирилишига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилмоқда. Натижада коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида муайян натижаларга эришилмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланади.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида муттасил амалга ошириб бориладиган ишлар кўлами жуда кенг. Бу борада оммавий ахборот воситалари (ОАВ) муҳим ўрин тутади. Чунончи, коррупциянинг хавф-хатарларини таҳлил қилиш асосида, аҳолининг кенг қатламларини хабардор қилиш ва онг-билимларини оширишда мақсадли тадбирларни амалга ошириш зарур. Бунда мавзули аудио-, видеороликлар, баннерлар, плакатлар ва инновацион ахборот-тарғибот материалларидан фойдаланган ҳолда фуқароларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат, коррупцияга қарши курашишнинг аниқ хулқни шакллантиришга қаратилган, коррупцияга қарши курашиш борасида кампанияларни ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
ОАВ орқали кенг жамоатчилик ўртасида сўровлар ўтказиб бориш даркор. Шу аснода ижтимоий ва бошқа тадқиқотлар асосида коррупцияга қарши курашиш тарғиботи ва таълими бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ўзига яраша самарали бўлади.
Алоҳида мақсадли гуруҳларнинг (давлат хизматчилари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва бошқалар) коррупцияга қарши курашиш механизми ва тизими ҳақида ҳуқуқий билими ва хабардорлигини ошириш юзасидан аҳамиятга эга бўлган амалий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Шу аснода коррупция омилларини аниқлаш, коррупция хавф-хатарларини олдини олиш имкони пайдо бўлаверади.
Шу аснода Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари коррупцияга қарши курашиш ва касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш масалалари бўйича махсус ўқув-методик ва бошқа адабиётларни яратмоқдалар.
Ёшларда коррупцияга қарши курашиш фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакллантириш борасида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш мавзусида ижтимоий тадбирларга талаба-ёшлар кенг жалб этилмоқда. Пандемия шароитида бундай тадбирлар он-лайн йўли билан ўтказилаётир.
“Ўзбекистон” телеканали “Муносабат” кўрсатуви телестудиясида ЎзМУ Журналистика факультети талабалари учун маҳорат мактаби ташкил этилган. Ҳафтанинг ҳар душанба, чоршанба, жума кунлари тўғридан-тўғри эфирда намойиш этиладиган мазкур кўрсатувда коррупцияга қарши кураш мавзуси етакчи ўрин тутади. ЎзМУ Журналистика факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида 2019-2021 йиллар мобайнида 30 мартадан ортиқ шундай долзарб мавзуларда чиқишлар амалга оширилди. Унда жамиятда коррупциянинг мавжуд бўлган хавф-хатарлари ҳақида очиқ-ошкора фикрлар айтилиб, айрим чигал масалаларнинг ечимлари юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Келгусида журналистларни тайёрлаш ўқув дастурларига «Коррупцияга қарши журналист тергови» фанини киритиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу курс доирасида коррупцияга қарши курашиш борасида тадқиқотлар олиб борилиши кўзда тутилмоқда. Чунончи, содир этилаётган коррупцияга оид жиноятларнинг ўзига хос схемасини ўрганиш асосида коррупциянинг типологиясини тузиш, коррупцияга мойил бўлган соҳаларни аниқлаш асосида тармоқлар кесимида коррупцияга оид хариталарни тузиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг шарт-шароитлари ва сабабларини ўрганиш, шунингдек уларни бартараф этиш таклифларини ишлаб чиқиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини баҳолаш ва улар ҳақида ОАВда ҳозиржавоблик билан ёритиб боришга алоҳида эътибор қаратилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан қатор вазифалар амалга оширилаётгани эътиборга моликдир. Маълумотларга кўра, 2020 йил ва 2021 йил биринчи чорагида 4 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. project.gov.uz порталидан келиб тушган 64 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ўрганилиб, таклифлар киритилган. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун, “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулкини декларация қилиш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун, “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги қонун, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонун лойиҳалари тайёрланиб, (regulation.gov.uz портали орқали) жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6013-сон Фармонига асосан ҳар йили эълон қилиниши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида Миллий маъруза лойиҳаси вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида умумлаштирилган ҳолда такомилига етказилмоқда.
Хорижий тажриба, миллий қонунчилик ҳамда таҳлиллар асосида 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегиянинг дастлабки лойиҳаси тайёрланди. Лойиҳани янада такомиллаштириш мақсадида давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, академик доира вакиллари, хорижий ҳамда халқаро экспертлар иштирокида Миллий маслаҳатлашувлар ташкил этилди.
«Коррупциясиз соҳа» лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар амалга оширилган. Жумладан, Давлат харидлари ва Соғлиқни сақлаш соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича тасдиқланган “Йўл харита”лари асосида давлат харидлари соҳасидаги қонун ижодкорлиги йўналишида 10 дан ортиқ янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича ўрганиш ва тадқиқотлар олиб борилган. Молия вазирлиги ва бошқа идоралар билан биргаликда янги таҳрирдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Молия вазирлигининг Ўқув марказида давлат бошқарув органлари ва уларнинг тизимидаги ходимлар ҳамда хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар ҳамда бошқа ташкилотлар ходимлари учун малака ошириш курслари ташкил қилинган.
Агентлик ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ҳар бир тиббиёт муассасаси кириш жойларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган эслатма ва тарғибот материаллари тайёрланиб, тизимдаги барча тиббиёт муассасаларидаги аҳолининг танишиб чиқиши қулай бўлган кириш жойларига жойлаштирилган.
Соғлиқни сақлаш соҳасида коррупция ҳолатлари бўйича фуқаролар томонидан мурожаат қилиш имконини берувчи “1203” қисқа рақами ишга туширилган.
Агентлик томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Андижон, Бухоро, Самарқанд вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ўрганишлар ўтказилган.
Тижорат банкларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини жорий этиш борасида тегишли вазифалар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда, 5 та вазирлик ва идораларда коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат»)ни жорий этиш борасидаги ишлар якунланиб, “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 февраль куни ИИВ ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида Агентликка ҳуқуқ-тартибот идоралари ва уларнинг қуйи тизимларида коррупцион ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ўрганиш вазифаси юклатилган.
Агентлик томонидан 2021 йилнинг февраль-март ойлари давомида ҳудудий ҳуқуқ тартибот идоралари (шу жумладан, Ички ишлар вазирлигининг қуйи тизимларида) коррупцион ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан ўрганишлар ўтказилган.
Жисмоний ва юридик шахслардан 2380 та мурожаат келиб тушган. Улардан 909 таси бевосита Агентлик ходимлари томонидан кўриб чиқилган, 1471 таси тааллуқлилиги бўйича юборилган, 52 таси аноним деб топилган, 156 таси бўйича мурожаатда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топиб, ижобий ҳал этилган.
Агентлик томонидан жамоатчилик билан алоқалар йўналишида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, ўтган давр мобайнида Агентлик раҳбарияти ва масъул ходимлар иштирокида 6 маротаба матбуот анжуманлари ташкил этилган.
Агентлик ҳузурида “Журналист ва блоггерлар” клуби фаолият кўрсатмоқда. 2020 йилнинг 22 декабрь куни клубнинг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Унда клуб аъзолари билан ўзаро ҳамкорлик йўналишлари, истиқболдаги режалар юзасидан келишиб олинди.
Шу давр мобайнида телеканалларда 321 маротаба агентлик фаолиятига оид лавҳалар марказий ва хусусий телеканалларда ёритилган. Агентлик ходимлари томонидан 100 га яқин интервью ва чиқишлар қилинган. Веб-сайтларда 500 маротаба чиқишлар ташкил этилган.
Сўнгги пайтларда оммалашиб бораётган телеграм каналларда ва блогерлик саҳифаларида – 356 маротаба чиқишлар амалга оширилган. 122 маротаба агентлик фаолиятига оид хабарлар репост қилинган, 367 маротаба эсловлар амалга оширилган.
Марказий радиоларда 122 маротаба эшиттиришлар эфирга узатилди.
Босма нашрларда 65 та материаллар эълон қилинди.
Ўтган давр мобайнида агентлик томонидан 6 маротаба матбуот анжуманлари ташкил этилган. Унда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим масалалаларга тўхталиб ўтилган. Бундан ташқари, Агентликнинг ҳар ойлик фаолияти сарҳисоби расмий веб-сайтда эълон қилиб борилмоқда.
Шунингдек, доимий равишда Агентликнинг ҳафталик фаолиятига бағишланган ҳафталик дайжестлар тайёрлаш амалиёти ҳам йўлга қўйилиб, расмий веб-сайтда бунинг учун алоҳида рукн ташкил этилган. Ўтган вақт давомида халқаро ва маҳаллий ҳамкорлар кўмагида коррупцияга қарши курашишни тарғиб қилувчи тарқатма материаллари, анимацион видеороликлар, ижтимоий реклама баннерлари тайёрланиб, эълон қилинган.
Ушбу йўналишдаги яна бир муҳим қадам Агентлик ҳузурида Жамоатчилик кенгашининг ташкил этилиши ҳисобланади. Бугунги кунда Кенгаш ўз фаолиятини тўлиқ амалга оширмоқда, унга жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари ва бошқа турли соҳа вакилларидан иборат 40 нафарга яқин аъзолар очиқ танлов асосида қабул қилинган.
2020 йил 24 ноябрь-9 декабрь кунлари давомида Ўзбекистонда илк бор кенг кўламдаги Антикоррупция ҳафталиги ўтказилган. Ҳафталик доирасида 20 дан ортиқ турли форматлардаги йирик тадбирлар, халқаро ва илмий доиралар билан учрашув ва анжуманлар ташкил этилган. Антикоррупция ҳафталиги вазирлик ва идоралар томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, ОАВ ва кенг жамоатчиликни ўз фаолиятлари ҳақида хабардор қилиш мақсадида очиқ эшиклар кунлари ташкил этилган.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда “Коррупцияни биргаликда енгамиз!” танлови ўтказилган.
Жамиятимизда коррупцияга қарши кураш қизғин давом этмоқда. Бу иллатга тамомила барҳам бериш мақсадида тегишли ташкилот ва идоралар томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилаётгани эътиборга моликдир:
ҳар бир соҳада коррупцияга қарши курашишда қонун ҳужжатлари замон талаблари даражасида такомиллаштирилмоқда;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамият аъзолари бўлган фуқароларимиз онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатлар мунтазам равишда шакллантириб борилмоқда;
давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш ва оқибатларини кенг жамоатчиликка тушунтириш, коррупцияга имкон берган сабаблар ва шарт-шароитлар бартараф этилмоқда;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий чоралар илмий ва амалий жиҳатдан асосланган ҳолда ташкил этилмоқда, илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда, бу соҳада халқаро ҳамкорлик изчил йўлга қўйилмоқда.
Коррупция ҳар қандай мамлакат ривожланиши, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатига салбий таъсир кўрсатади.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда
республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат”
тарғиботчилар жамияти аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори
Сўнгги фикрлар