Бу иллатга қарши энг самарали усул — жамоатчилик назоратидир,
дейди Дониш домла.
— Коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфли жаҳолатдир. Бу жаҳолатга қарши биз фақат маърифат билан курашамиз. Олий Мажлис депутатлари, сенаторлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан ҳамкорликда мураббийлар ва талабалар ўртасида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларимизда бу мавзу алоҳида ўрин эгаллайди! Токи, бу иллатни қайсидир нафс бандасининг қўлидан эмас, қалбидан суғуриб ташлашимиз шарт! Маънавият ва маърифат ҳар қандай жаҳолатга барҳам беришга қодир кучдир.
Шу муносабат билан барчага қуйидаги мақолани ўқишни тавсия этилади.
***
«Ҳатто коррупцияга қарши курашадиган тизимларда ҳам коррупция учрайди»
Инсон дунёга келишида унинг қулоғига азон айтилишидан олдин бу ёруғ оламда ўзига хос ижтимоий муносабатлар мавжудлигини “суюнчи” сўзи орқали етказиб қўйилгандек.
“Коррупция” сўзи бугун афсуски, энг кўп ишлатиладиган сўзларимиз қаторидан жой эгаллаб улгурган. Чунки ижтимоий ҳаётда унинг домига дуч келганлар кўпчиликни ташкил этмоқда.
Мутахассисларнинг билдиришича, қадимда қабилаларда маълум бир мавқега эга бўлиш учун унинг сардорига турли совға-саломлар бериш одатидан коррупциянинг илдизлари бошланган. У вақтларда бу ҳол одатий қабул қилинган. Бироқ давлатлар ташкил топиши, унинг аппарати мураккаблашуви ва марказлашуви коррупциянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди.
Тез-тез эшитиб қолаётганимиз: болалар боғчасидан то олий даргоҳгача, қоровулдан то ҳокимларгача, айбдордан то қозигача бу иллат қурбони бўлиб кетсалар-у, чеки узилмаса-я…
Одамлар олтиндан қимматли вақтини беҳудага кетказмаслик, бу ҳам камлик қилгандай “уддабурон” бўлмагани учун иши битмай қолишини билишади. Ўзлари ҳақ бўлсалар ҳам, пора беришга ўрганган (ёки мажбур). Йиллар давомида шаклланган бу жараёнга кишиларни асаби дош бермайди, вақти йўқ. Кўпчиликнинг баҳонаси ҳам шу. Кўпчилик “бераверади”, камчилик “олаверади”. Қарабсизки, уларнинг сафи ва нафси ошишига кўпчилик айбдор! Демак, давлат идораларига мурожаат қилишдаги, турли расмиятчиликларни битириш йўлидаги баъзи бир тўсиқлар одамларни пора бериш ва олишга мажбур этади.
Бир фуқаронинг интернетда “Ҳатто коррупцияга қарши курашадиган жойларда ҳам коррупция бор”, дея қолдирган пости кишини ўйлантириб қўяди ва беихтиёр Имом ал-Бухорий ҳазратларининг Ал-жомиъ ас-саҳиҳ аcарида “Одамларга шундай замон келадики, инсон ўз топган молу дунёсини ҳалол йўл бирлан топдими ёки ҳаром йўл бирлан топдими, иши бўлмай қўяди”, дейилгани ёки 17-аср уламоларидан бири Томас Гоббснинг “Коррупция – даврлар оша ўсиб келаётган илдиз бўлиб, у ҳар хил орзу-ҳаваслар ортидан бирортаям қонунни менсимасликдир”, деган фикрини исботламоқда.
Давлат ва дин қораласа, қонунларимизда коррупцияга қарши нормаларнинг мавжудлиги, қолаверса, ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштириб боришнинг зарурати бу иллат ҳамон давлат ва жамият обрўсига путур етказиб келаётганлигидан далолат беради.
Қуръони Каримда “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”, дейилган. Ёки Забурда бошқаларга бўҳтон қилган, айбсизга қарши гувоҳлик бериш учун пора олганни иблисга тенглаштирилган.
Дунё тажрибасининг кўрсатишича, коррупцияга қарши кураш қадимдан бошланган. Жумладан, Шумер давлати порахўрликка қарши курашган биринчи мамлакат сифатида эътироф этилади ёки Бобил ҳукмдори Хаммурапи томонидан коррупцияга қарши алоҳида қонун ишлаб чиқилган.
Геродотнинг хабар беришича, қадимги форс давлати – Аҳамонийлар салтанатида шоҳ Кир IIнинг ўғли Камбис II даврида пора олган судьянинг тириклайин териси шилиниб, унинг курсисига тортиб қўйилган ва ўғли шу вазифага тайинланган, токи судда иш кўраётган чоғида қайси курсида ўтирганини унутмасин.
Русларда 1556 йилда Иван Грозний томонидан порахўрлик учун ўлим жазоси жорий этилган.
Европада порахўрларга нисбатан кескин чоралар қўллаш даври ўрта асрларга тўғри келади. Унда жиноятчига мисли кўрилмаган қаттиқ қийноқ усулларидан (чопиб тўртга бўлиш, чархпалакка тортиш, осиш, оловда ёқиш, қўлларини кесиш, қизиган ёғга тириклайин ташлаб юбориш ва б.) фойдаланилган.
Японияда бу масала бола онгига элементар усулларни сингдиришдан бошланган. Яъни, дарс машғулоти вақтида китобдан кўчираётган ўқувчи ёнида ўтирган дўсти ўша пайтнинг ўзида ўқитувчига хабар берган. Ўқитувчи айбдорга жазо бали ва айтиб берган ўқувчига эса рағбатлантириш бали қўйган.
Сингапур ҳозирги пайтда коррупциянинг йўқлиги, иқтисодий эркинлик ва тараққиёт даражаси бўйича дунё рейтингларида етакчи ўринларни эгаллаган, қатъий авторитар давлат номини олишига “Виждонли бўлиш ва сотилмаслик” тамойили сабаб бўлган. Сингапур мисоли сиёсий ирода, коррупцияга қарши самарали қонунчилик ва сотилмайдиган мустақил агентлик (Коррупция ҳолатлари юзасидан суриштирув олиб бориш бюроси) бир неча йил ичида коррупцияни жуда паст даражага туширишга қодир эканлигини кўрсатди. Бу давлатдаги асосий ислоҳотлар судьяларнинг ойлигини кескин оширишга (1990 йилда 1 млн. доллар), судьялик лавозимига энг яхши адвокатлар жалб этишга қаратилди. Мафия гуруҳлари шафқатсизлик билан йўқ қилинди. Масъулиятли лавозимларни эгаллаб турган давлат хизматчиларининг маоши хусусий корпорациялар топ-менежерлариники даражасигача оширилди.
Ҳозирда порахўрлик учун қўлланиладиган Хитойдаги жазо тури бошқа ҳеч бир давлатда бўлмаслиги табиий. У ерда бундай жиноят жиддий саналиб, жиноятчига нисбатан қатл жазоси белгиланади. Порахўрнинг қариндошларига эса у отиб ўлдирилган ўқ учун тўлов-ҳисоб варақаси юборилади.
Жанубий Корея Конституцион маҳкамаси коррупция туфайли бундан олдинги ўз давлат раҳбарини кечирмади ва лавозимидан четлатди. Бу давлатда барча раҳбар амалдорларнинг фаолиятини ишдан кетгандан кейин ҳам чуқур тафтиш этиш кенг жорий этилган.
Шундай бўлса-да, бу иллат давлатлар ўртасида мусобақалашиб бормоқда. ОАВ орқали вақти-вақти билан коррупцион давлатлар рейтинги аниқланиб, уларнинг ўнталиги эълон қилиб борилаётганлиги жаҳонда бораётган қуролланиш пойгасини ҳам ортда қолдирмоқда.
Коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсда қораланиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни деб эълон қилинган.
Энг ачинарлиси, дунёнинг деярли барча давлатлари қонунларида коррупцияга қарши нормалар мавжуд бўлса-да, порахўрлик дунёнинг исталган бурчагида, қаердадир кескин авж олган бўлса, қаердадир бир қадар камроқ шаклланган.
Тадқиқотлар кўрсатадики, ҳар қандай иллатга барҳам беришда самарали восита – бу иллатни ўзи билан эмас, балки сабаби билан курашишдир.
Ўзбекистон ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Сўнгги йилларда, бу иллатга қарши кураш бўйича аниқ мақсадли стратегия белгиланди. Жумладан, 2017 йилда “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам жамиятимизда бу иллатга қарши курашнинг янги босқичини белгилаб берди. Мазкур қонун билан коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, инсон ҳуқуқларини бузиш, тамаъгирлик қилиш каби ҳолатларда, бундай қабиҳликларни амалга оширганлар учун давлатнинг қатъий жазоси муқаррарлиги аниқ равшан белгиланди.
Қабул қилинган қонун ҳужжатлари ўзининг самарасини бера бошлади. Хусусан, мамлакатда бюджет очиқлигининг таъминланиши, Ўзбекистон турли халқаро рейтингларида (“Халқаро бахт индекси”да 47-ўрин, “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси”га кўра 2-ўрин ва ҳ.к.) кўтарилиб бораётганлиги аҳамиятли.
Шу ўринда қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этишда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Булар:
— ОАВнинг шу йўналишдаги фаолиятини янада ривожлантириш, коррупция ҳолатларини аниқлаш, оқибатларини ёритиш борасидаги фаолиятини рағбатлантириб бориш механизмини жорий этиш, Олий Мажлис палаталарида Қўмиталар, Фракциялар йиғилишлари, Ялпи Мажлислари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг барча даражадаги тузилмаларида бўлаётган йиғилишларида ОАВларининг чекловларсиз иштирок этишини кафолатлаш;
— аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлашни энг долзарб масаласи ҳисобланган “Истеъмол саватчаси”ни жорий этишни тезлаштириш;
— диний уламоларимиз масжид ва мадрасаларда мунтазам равишда коррупция ва унинг салбий оқибатлари хусусида тарғиботлар олиб бориш;
— “Коррупциядан холи ҳудуд” номинацияси бўйича кенг жамоатчилик ўртасида ижтимоий сўровлар ташкил этиш орқали, танловлар ўтказиш;
— олимлар, тадқиқотчилар ва изланувчиларнинг коррупцияга қарши кураш бўйича тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш механизмини ривожлантириш, инновацион ёндашувларни қўллаб-қувватлаш;
— аҳоли томонидан энг кўп мурожаат этиладиган жабҳалар, хусусан, коррупция аломатлари бўлиши мумкин бўлган тармоқларда кафолатланган шаффоф электрон тизимни жорий этиш. Масалан, навбатларнинг электрон шаклини яратиш ва мунтазамлигини таъминлаш.
Кўриниб турибдики, бир кишининг фикри бу муаммони тўлақонли ҳал этишга етарли эмас. Бироқ ҳар бир жабҳада мана шу масалага билдирилган муносабат, уни ривожлантириш, кўрсатилган ташаббус миллат шаъни ва давлат обрўси, энг муҳими эртанги кунимиз учун хизмат қилади. Зеро, жаҳонда коррупцияга қарши кураш аллақачон бошланганини ҳаммамиз ҳар дам ҳис этиб турайлик.
Исломжон Зокиров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
http://uza.uz/oz/society/-atto-korruptsiyaga-arshi-kurashadigan-tizimlarda-am-korrupts-09-11-2018
Сўнгги фикрлар