Тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этиладиган «Муносабат» кўрсатувида
икки-уч ой илгари 35 ёшлардаги бир укамиз «Шу пайтгача ҳаммамиз пора бериб, олиб юрганимизни тан олайлик» деган мазмунда «гуллаб» юборса бўладими?! Шарт ўрнимдан туриб унга муносиб жавоб қайтардим. Кўрсатувнинг айнан ўша жойи кўпчиликда қизиқиш уйғотибди, шекилли, телеграм каналларида анча пайт «айланиб» юрди. Кўпчилик ўша укамизга ўхшаганлар билан ёрқин келажакка эришиб бўлмаслиги, унақаларни қайта тарбиялаш зарурлиги ҳақида куюниб ёзарди.
Ўша кўрсатувда иштирок этган раҳматли устозимиз Омонулла Мадаев уйга қайтишда йўл-йўлакай шундай деган эди: «У болани ҳам тўғри тушуниш керак. Боғчага ота-онаси пора бериб жойлаштиргани мурғак қалбини заҳарлаган, мактабда ҳам пора бериб суяги қотган, ўқишга пора билан кириб, диплом олгунча харом-хариш ишларини давом эттирган. Эҳтимолки, ҳозир ҳам ўзи пора олиш ва беришдан тўхтамаган. Шундай бўлгач, у ўз ҳақиқатини гапирганини тушунмоғимиз керак. Сиз уни тўғри танқид қилдингиз, биргина шу кўрсатувда қатнашаётганларнинг мен таниган кўпчилиги бунақа нопок йўлдан юрмаган, коррупцияга қарши тоза виждон билан курашаётган инсонлар эканликларини яхши биламан. Сиз шундоқ дунёқараши нотўғри шаклланганларни тарбиялашга хизмат қиладиган таъсирчан мақолалар ёзинг».
Устозимиз ҳақ гапни айтди. Бу мавзуда ҳали битта таҳлилий мақола ёзиш ниятидаман.
«Муносабат» кўрсатувида «порахўрлик қон-қонига сингиб кетганини тан олган» укамизнинг ўша ҳолати кўз ўнгимдан ўтаверди. Бундай боғчаларда «тарбияланаётган» болакайлар ҳам бир кун ўша акаларига ўхшаб қолишидан хавотирга тушаман.
Демак, она сутидек ҳалол тарбияни аввало оиладан ва боғчадан бошлашимиз лозим экан. Бу ҳақиқатни англаб етганлар ва умри бўйи покликка интилганлар Ҳақ йўлида бахту иқболга эршиб яшайди.
Тўлқин ЭШБЕК,
журналист.
МТМда давлат бюджети маблағи талон-тарож қилингани фош бўлди
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда соҳа мутахассислари мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга берилаётган эътибор, олиб борилаётган ишлар ва тизимда учраётган муаммолар хусусида атрофлича маълумот берди.
Президентимизнинг 2017 йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Мактабгача таълим вазирлигида ҳам ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати ташкил этилди.
Мазкур хизмат республика ва ҳудудий бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-торож қилиниши ҳолатлари профилактикасини олиб боради. Бугунги кунда айрим ҳудудларда жойлашган МТМлар фаолиятига оид салбий ҳолатлар ҳамон учрамоқда.
Мактабгача таълим тизими узоқ йиллар давомида етарли даражада назоратда бўлмагани туфайли қонунбузарликлар кўп содир этилган. Ходимларга иш ҳақларини бермасдан ноқонуний ўзлаштириш, сохта иш ҳақи ва мукофот пулларини ёзиб, нақд пулларни асоссиз ҳисобдан чиқариш ҳам кузатилган.
– Айрим жойларда ходимларга ўз иш ҳақини тўлиқ бермасдан қисман бериш ҳолатлари ҳам аниқланди, – дейди Мактабгача таълим вазирлиги аудит хизмати бошлиғи Д.Норматов. – Хусусан, Хоразм вилояти Шовот туманидаги 14-сонли МТМда ишлаган ходимларга 5-6 йиллаб ўзларига тегишли бўлган ойлик иш ҳақи вақтида тўлиқ берилмаган. Ишга қабул қилинганлар 4 ойлаб текинга ишлаган, бундан ташқари, муассаса ходимлари фермер хўжаликларида мажбурий меҳнатга жалб қилиб келинган. Бу муассасани мудиранинг қайнонаси бошқариб келган бўлиб, у эса ҳақиқатда 2010 йилдан шу МТМга тарбиячи лавозимига расмийлаштирилган. Қайнонанинг аслида мудира эмас, балки тарбиячи бўлиб ишлаётганини айрим ходимлар билмаган ҳам. Ушбу муассасада ўтказилган дастлабки ўрганиш ва якуний тафтиш ишлари натижасида жами 197,5 миллион сўм миқдорда давлат бюджети маблағи ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилингани фош этилди.
Тадбирда мутахассислар ушбу муаммоларни ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/mtmda-davlat-byudzheti-mabla-i-talon-tarozh-ilingani-fosh-b—21-06-2019
Сўнгги фикрлар