Коррупция – тараққиёт кушандаси
Орзулар оғушида, умидлар уммонида ҳар бир инсон бахтли яшашни истайди.
Бироқ, жамиятимизда коррупция – тараққиёт кушандасидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида баён этилган фикрлар ҳаммамиз учун катта сабоқ бўлмоғи лозим. «Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида ҳам аниқ чоралар кўрилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мана шундай оғир жиноятни содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани бунинг яққол далилидир,– деди давлатимиз раҳбари.– Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт».
Хўш, коррупцияга қарши курашни кучайтиришда бирор фуқаро бефарқ бўлиши мумкинми? Айтайлик, шундай оғир жиноятни содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилганидан тўғри хулоса чиқармаганлар шундай аянчли ҳолга тушмаслик учун қадамини тўғри босиши зарурлигини эслатиб туриш зарурмикин, деган ўйга борасиз гоҳо.
Жамимятимизда харом-харишдан йироқ, кўнгли хотиржам яшаётган бахтли инсонлар жуда кўп. Улар пора беришни ҳам, олишни ҳам ўйлаб юрмайдилар! Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик, деган нақлни ҳаётларининг мазмуни деб биладилар. Минг афсуски, беш қўл баробар эмас, деганларидек, ҳаётни коррупциясиз, порахўрликсиз тасаввур этолмайдиганлар ҳам кам эмас.
Баъзи ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаси мутахассислари коррупцияга қарши курашишда шафқатли бўлиш керак эмас, деган фикрни илгари суради. “Ҳокимиятни пулга сотиб олганлар ундан фойда олишни истайди”, деган эди файласуф Арасту. Қадимги Грек файласуфи яшаб ўтган даврдан бери қанча сувлар оқиб ўтди. Аммо коррупция билан боғлиқ муаммо ўз долзарблигини йўқотмаган. Бунинг устига унга қарши курашишда самарали қурол ҳам яратилмаган. Наздимда, коррупцияга қарши курашишда оқкўнгил ва доно халқимиз ғоят самарали кураш усулини яратиб қўйган. Яъни, ҳуқуқий мавзудаги маънавий-маърифий тадбирларни маҳаллаларда, таълим муассасаларида тизимли равишда ўтказиб туриш зарур. Коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назорати-ю маънавий-маърифий таъсирини шу тариқа йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Улуғбек Маҳкамов,
тезкор вакил
Сўнгги фикрлар