Кредит-модуль тизими
таълим жараёнида муҳим босқич
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг 8 октябрида “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Ушбу ҳужжатда “республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш ва олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш” белгилаб берилди.
2020/2021 ўқув йилининг ўзида 35 та олий таълим даргоҳи ва уларнинг филиаллари кредит-модуль тизимига ўтказиш бўйича ишлар қизғин олиб борилмоқда.
Кредит-модулни ўзи қандоқ тушунмоқ керак? Бундан кўзланган мақсад нима? Ушбу механизм қай даражада фойда келтиради? Бу борада айрим мутахассисларнинг ижтимоий тармоқларда ёритилган фикрларини таҳлил қилган ҳолда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўкув ишлари бўйича проректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Тошматов билан суҳбатлашдик.
Мутахассисларнинг ижтимоий тармоқларда ёритилган фикрлари асосида тайёрланган қуйидаги “анкета”дан ўзингизни қизиқтирган саволларга мухтасар жавоблар топасиз, деган умиддамиз.
– Шуҳрат Омонович, кредит-модуль тизими ҳозирча биз учун ўзига хос янгилик. Оддийроқ қилиб айтганда уни қандай тасаввур этиш мумкин?
– Кредит-модуль тизими таълимни янги усулда ташкил этиш жараёни бўлиб, ўқитишнинг модуль технологиялари жамламаси ва кредит ўлчови асосида баҳолаш модели ҳисобланади. Ҳозирда мамлакатимиз ОТМларининг кредит-модуль тизимига ўтишда ECTS (European Credit Transfer System) асос қилиб олинган. Бу тизим шу кунга келиб Европанинг 48 давлатида амал қилмоқда.
– Ушбу тизимни республикада жорий этишдан мақсад нима?
Бу саволингизга қисқа қилиб қуйидагича жавоб бериш мумкин:
ривожланган давлатлар олий таълим муассасаларининг илғор тажрибалари асосида халқаро таълим стандартларини республикада жорий этиш орқали таълим сифатини ошириш;
хорижий олий таълим муассасалари билан талабалар алмашинув дастурларини кенгайтириш ҳамда дипломларни ўзаро тан олишга босқичма-босқич ўтиш;
замонавий таълим технологиялари асосида ўқув жараёнларини ташкил этиш орқали олий таълим тизимида рақобат муҳитини шакллантириш;
талабага таълим дастурини мустақил шакллантиришда мустақиллигини ошириш ва улар билимларини баҳолашнинг шаффоф тизимини яратишдан иборат.
– Кредит-модулнинг асосий вазифалари нималардан иборат?
– Бу борада қатор ижтимоий тармоқларда мутахассислар аниқ фикр ва хулосаларини баён этдилар. Яъни, кредит-модуль тизимининг асосий вазифалари қуйидагича:
а). ўқув жараёнларини модуль асосида ташкил қилиш;
б). битта фан, курс (кредит)нинг қийматини аниқлаш;
в). талабалар билимини рейтинг бали асосида баҳолаш;
г). талабаларга ўзларининг ўқув режаларини индивидуал тарзда тузишларига имкон яратиш;
д). таълим жараёнида мустақил таълим олишнинг улушини ошириш;
е). таълим дастурларининг қулайлиги ва меҳнат бозорида мутахассисга қўйилган талабдан келиб чиқиб ўзгартириш мумкинлиги.
Профессор-ўқитувчиларимиз дарс машғулотларини инновацион таълим технологиялари асосида олиб бориш билан бир қаторда ҳар бир талабанинг мустақил ўқиб-ўрганиш, таълимга янгича муносабатда бўлиш, меҳнат бозори талабидан келиб чиқиб, зарурий ва чуқур назарий билимларни эгаллаш, амалий кўникмаларини шакллантиришга ўргатадилар.
– Демак, бу тизим талабанинг пухта билим эгаллаши, касб ва соҳа сирларини мукаммал ўзлаштиришига қаратилган.
– Худди шундай.
– Кредит-модуль тизими юзасидан хориж тажрибаларига ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз…
– Хориж тажрибасига кўра ECTS кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этишда касаба уюшмаларининг алоҳида ўрни бўлиши керак. Хориж тажрибасидан маълумки, ОТМга кириш истаги бўлган абитуриент 1-курсдан тузиладиган шартномаси 4 томонлама бўлиб, талаба, ОТМ, корхона, касаба уюшмаси томонидан расмийлаштирилади. Бу масалалар мазкур томонлар орасида ҳал этилади, хукумат аралашмайди. Корхона талабанинг ўқишига ҳомийлик қилади, барча амалиётлар ва тажриба машғулотлари объекти талаба келажакда ишлайдиган иш ўрни, дастгоҳи саналади. Битирувчи малакавий амалиёт даврида ҳамда ўқишни тугатганидан сўнг ўз меҳнат фаолиятини тўғридан-тўғри юқори малака ва кўникмага эга мутахассис сифатида ташкил қила олади. ОТМ профессор-ўқитувчилари талабаларни ўқитади, билим олишга ундайди, амалий кўникмасини ҳамда ҳар қандай шароитда ҳам мустақил қарор қабул қилиш қобилиятини шакллантиради. Баҳолаш ва имтиҳон жараёнлари эса ишга қабул қиладиган корхона мутахассислари ёки бошқа ишлаб чиқариш ходимлари томонидан ўқитувчи иштирокисиз амалга оширилади. Талаба 4 йил мобайнида шу масъулиятни ҳис қилган ҳолда бутун имконияти билан сифатли таълим олишга ҳаракат қилади. Бунинг учун йирик компаниялар, корхоналар, иш берувчилар ва ота-оналар масъулиятини ошириш, доимий ҳамкорликни йўлга қўшиш зарур.
– Ўқитувчиларга янада тушунарлироқ бўлиши учун модуль ва кредит тушунчаларининг моҳиятини аниқроқ тушунтириб берсангиз.
– Бу борада мутахассисларнинг фикрлари ОАВда кенг ёритилган. Бинобарин, модуль – бир нечта фан ҳамда курслар ўрганиладиган ўқув режасининг бир қисми. У талабаларда маълум бир билим ва кўникма ҳосил қилиш, таҳлилий-мантиқий мушоҳада юритишига хизмат қилади. Яъни, у бир нечта фанлар (курслар) мажмуидир. Мазкур фанлар мазмунини ёки силлабус (ўқув дастур)ларни ишлаб чиқишда нафақат мавзулар мазмуни ва кетма-кетлиги, шунингдек фанларнинг узвийлиги, ўзаро боғлиқлиги ҳамда уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилади. Талаба бир модуль бирлигини ўзлаштириб, иккинчисига ўтганда унда малака талабларидаги компетенцияларнинг элементлари босқичма-босқич шаклланиб бориши назарда тутилади. Шунингдек, мазкур тизимнинг жорий этилиши бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари дастурларининг аниқ мақсадли ва мобиллигини таъминлашга хизмат қилади. Кредит (credit) — талабанинг алоҳида таълим йўналиши ёки дастури (курс) бўйича фанларни ўқиб ўрганиши ва ўзлаштириши учун сарфланган ўқув юкламаси (вақт)нинг ўлчов бирлиги ҳисобланади. Кредит — талабанинг меъёрий ҳужжат билан белгиланган, одатда бир ҳафта давомида аудиторияда ва мустақил равишда таълим олиши учун ажратилган минимал вақт ўлчовидир. Талабага кредит маълум бир фандан белгиланган топшириқларни бажариб, якуний имтиҳондан муваффақиятли ўтгандан сўнг берилади. Шунингдек, ОТМларда 1 кредит 30 соатга тенг деб олинди. Демак, кредитлар сонига қараб, талабанинг ўқув-тарбия жараёнида ўзлаштириш соатларини тушунсак тўғри бўлади. Халқаро тажрибага кўра, ўқув йили мобайнида талаба ҳар семестрда 30 кредитдан, бакалавр босқичида жами 8 семестрда 240 кредит, магистратуранинг 4 семестрида эса 120 кредитни тўплаши керак бўлади.
– Бу жараёнда ўқитувчининг ўрни қандай бўлади?
– Ўқитувчи ўқув жараёнини ташкил қилади, жонли, видео ҳамда аудио маърузалар ўқийди, талабанинг қай даражада билим олаётгани диққат марказида бўлади. Шунингдек, улар мунтазам равишда янги ECTS кредит-модуль тизимини амалга татбиқ этишга оид мастер класс, семинар-тренинг ва ижтимоий Telegram каналида онлайн маслаҳат каби самарали тадбирлар ташкил этилган. Профессор-ўқитувчиларга ўзларининг фанларидан ўқув материалларини тайёрлаш, талабага етказиш, шунингдек, талабага аудиторияда ҳамда мустақил таълимда ушбу материалларни ва тегишли мавзуга оид қўшимча маълумотларни излаши, қайта ишлаши ва ўзлаштириши каби масъулиятли вазифалар юкланади. Ўз навбатида, ECTS кредит-модуль тизимида тажрибали профессор-ўқитувчилар фан мавзулари бўйича янги мазмундаги маълумотларни замонавий инновацион технологиялари асосида қизиқарли қилиб етказиб бериш имкониятига эга бўладилар. Айниқса, кредит-модуль тизими ОТМ ўқув дастурларини шакллантиришда талабанинг мутахассислик бўйича амалий кўникмаларга эришишига, шунингдек, фанлар мазмунини чуқурроқ ўзлаштириб сифат кўрсаткичларига эришиш учун алоҳида эътибор қаратилади.
– Талаба-чи?
– Талаба бу жараёнда мавзуни мустақил ўрганиб, берилган ҳар бир топшириқни ўз вақтида бажариб боради. Маълум фандан зарур кредитни ололмаган академик қарздор талабага назорат ишини қайтадан топшириши учун пуллик тўлов амалга оширилиши белгиланади. Хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасалари тажрибалари асосида тегишли меъёрий ҳужжатлар, ўқув (академик) қоидалар тасдиқланади. Шундан келиб чиқиб, бу йил ўқишга кирадиган 1-курс талабаларнинг ота-оналарига ҳам таълимдаги янгича ёндашув ва ўқитиш тизими ҳақида батафсил маълумот етказилиши (вебинар, семинар, очиқ эшиклар куни ва ҳ.к.) керак.
– Баҳолаш жараёни ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз.
– Модуль асосида ўқитиш тизимида талабалар билими, малакаси ҳамда кўникмасини баҳолашда рейтинг баҳолаш тизимидан фойдаланилади. Унда талабанинг барча ўқув фаолияти, яъни аудитория ва аудиториядан ташқарида олган, ўзлаштирган билимлари балл бериш орқали баҳоланади. Бу жараёнда талабани баҳолашда холислик мезони ўз-ўзидан вужудга келаверади. Ҳар бир талаба келажакда танлаган йўналиши ва мутахассислиги бўйича дипломга эга бўлиши учун кредитларни йиғиб бориши лозим. Тўпланган кредит талабага бутун умр давомида ўзининг малакасини ошириб бориш ёки қўшимча олий маълумот олишига хизмат қилиб бораверади. Кредит тўплаш ўлчовининг киритилиши талабага катта эркинлик ва мустақиллик бериш билан бир қаторда, масъулиятини оширади, ўқув режасида танлов фанларининг кенг ўрин олганлиги талабанинг келажакда танлаган соҳасининг рақобатбардош мутахассиси бўлиб етишиши учун академик жараёнда зарур ва замонавий модулларни мустақил танлаш имконини ҳам тақдим этади. Айни чоғда, баҳолаш тизими ва таълим технологияларининг такомиллашишига ҳам олиб келди.
Шу билан бирга университетимизда биринчи курслар учун улар билимларини баҳолашнинг мутлақ шаффоф тизимини жорий этиш мақсадида профессор-ўқитувчилар томонидан қўйилган баҳоларни модерациядан ўтказиш тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Бунда баҳоланган ишлар ташқи модерацияга (экспетизага) юборилади ва натижалар солиштирилган ҳолда адолатли баҳо шаклланади.
– Ўқув дастурлари ҳам ўзига хос бўлса керак, шундайми?
– Албатта. Модулга асосланган ўқув дастурлари махсус схема асосида ишлаб чиқилади ва қуйидагиларни ўз ичига қамраб олади:
а). ўқув мақсади ҳамда вазифаларнинг тўлиқ очиб берилиши;
б). талабанинг фанни (курсни) бошлаши ва тугатишидан кейинги орттириши лозим бўладиган малакасига қўйиладиган талаблар;
в). модуль таркибига кирган ҳар бир фаннинг қисқача мазмуни (силлабус), яъни маърузалар мавзулари, семинар ва амалий машғулотларнинг режаси, мустақил таълимни баҳолаш учун мўлжалланган топшириқлар;
г). ўқитишнинг қисқача баёни: таълим бериш усул ҳамда воситалари; билимларни баҳолашнинг усул ва шаклларидан иборат.
– Бундай шароитда ўқитиш жараёни, ажратиладиган соатлар ва уларнинг тақсимотлари ҳақида ҳам фикрлашсак.
– Бу борада университетимиз мисолида аниқ мисолларни келтирмоқчиман. Университетда бакалаврият босқичида бир семестрда ўқиш 15 ҳафта ва аттестация учун 8 (бир семестрда 4 ҳафта имтиҳонлар учун ажратилган) ҳафта ажратилмоқда. Шунда 4 йилда ўқиш ҳафталари сони 105 тани, аттестациялар 28 ҳафтани ҳамда умумий таътиллар билан ҳисоблаганда жами 204 ҳафтани ташкил этмоқда. Барча таълим йўналиши ва мутахассисликлар ўқув режаларида ҳар бир босқичда фанлар икки қисмга, яъни асосий ва танлов фанларига ажратилган ҳолда акс эттирилмоқда. ECTS талабидан келиб чиқиб, талабага ҳар йили 60 кредитдан 4 йил ичида жами 240 кредитни тўплаш мажбуриятини юклаш режалаштирилмоқда. Шунда талаба 4 йил давомида маъруза, амалий ҳамда лаборатория машғулотлари ва имтиҳон жараёнларида иштирок этишига 2730 соат, мустақил таълимга 4470 соат, жами 7200 соат вақт сарфлаши лозим бўлади.
Айрим мутахассислар фикрича, 1 кредит = 12 академик соат + 18 соат мустақил таълимни ташкил этади. Шу боис 1 кредит 30 соатга тенг деб қаралиб, талабанинг ҳафталик аудитория юкламаси 26 соатга тенг. Малакавий амалиёт учун ажратилган кредит миқдори тегишли фан ёки фанлар ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган.
– Бу тизимда танлов фанларининг ўрни қандай бўлади?
– Айтиш жоизки, кредит тизимида мажбурий фанлардан ташқари танлов фанлари ҳам талабанинг индивидуал дарс жадвалига киритилади. Талабалар ўқишдан ҳайдалмайди ёки курсдан-курсга қолдирилмайди. Қайси фан (курс)дан белгиланган кредитларни тўплай олмаса, фақат ўша фаннинг ўзидан қайта имтиҳон топширади, холос. Олий маълумот тўғрисидаги диплом эса белгиланган кредитлар тўплагандан сўнг берилади. Кредит технологияси таълим олувчиларга ишчи ўқув режага киритилган танлов фанларини танлаш, бу орқали индивидуал ўқув режасини шакллантиришда бевосита иштирок этиш ҳуқуқини беради. Уларга, нафақат фанларни, балки профессор-ўқитувчиларни ҳам танлаш эркинлиги берилади. Талабаларга фанларни танлаш имконияти берилиши ижобий ҳол саналади. Бу ўқув жараёнларини баҳолашнинг ўзига хос қиймат кўрсаткичи бўлиб ҳам ҳисобланади.
– Шу ўринда мустақил таълим масаласига ҳам ойдинлик киритиб кетсангиз…
– Кредит-модуль тизими айнан мустақил таълимга урғу қаратгани ҳолда, асосан, иккита функцияни бажаришга хизмат қилади:
1). талабалар ва ўқитувчиларнинг мобиллигини, яъни бир олий таълим муассасасидан бошқа ОТМга тўсиқларсиз, эркин равишда ўтишини (ўқишни ёки ишни кўчириш)ни таъминлайди;
2) талабанинг танлаган таълим йўналиши ёки мутахассислиги бўйича барча ўқув ва илмий фаолияти учун академик юклама — кредит аниқ ҳисоблаб борилади. Кредит йиғиндиси талабанинг танлаган дастури бўйича нимани қанча ўзлаштирганлигини намоён этади.
– Демак, кредит-модуль тизимининг афзалликлари анчагина.
– Албатта. Бу тизимнинг жорий этилиши ўқитувчи ва талабанинг ҳамкорликда ишлашида муҳим омил ҳисобланади. Модулли таълимда педагог тингловчининг ўзлаштириш жараёнини ташкил этади, бошқаради, маслаҳат беради, текширади. Талаба эса йўналтирилган объект томон мустақил ҳаракат қилади. Энг муҳими, талабаларнинг мустақил таълим олишига кенг имкониятлар яратилади.
Кредит-модуль ўқитиш тизимига ўтиш олий ўқув юрти профессор-ўқитувчиларига бўлган мажбурият ҳамда талабни ҳам оширади. Модулли ўқитиш тизими билан ўқитувчи нафақат ахборот берувчи ва назорат қилувчи функцияларини, балки маслаҳатчи ҳамда мувофиқлаштирувчилик вазифаларини ҳам бажаради. Педагогик жараёнда ўқитувчининг етакчилик роли сақлаб қолинади. Бунинг учун профессор-ўқитувчилар таълим-тарбия жараёнида масъулиятларини ошириши, қаттиқ интизом билан ўз устида мунтазам ишлаши, ўзлари томонидан яратилган инновацион ғояларга иқтидорли талабаларни кенг жалб этган ҳолда “устоз-шогирд” тизимини жорий этиши шарт. Устоз ҳар бир бўлажак мутахассис келажаги билан қизиққан ҳолда уларнинг универсал компетенцияларини ривожлантиришга ундаши зарур. Бунда талабалар танлаган касбларига нисбатан меҳр ва ишонч билан ёндашишлари, замонавий билим ва касбий компетенцияларга эга бўлишлари мамлакатимизда етук кадрлар етиштириш бўйича қўйилган мақсадларга эришишда асос бўлиб хизмат қилади.
Таълим соҳасидаги янгилик – янги марралар сари йўл очаверади.
Тўлқин ЭШБЕК суҳбатлашди.
Сўнгги фикрлар