Кушанда (ҳикоя)

Қишлоқда бирга ўсган Жасур жўрам тўйга айтиб келмаганида шунча ғалва қаёқда эди?..

Миёнқолдан атай келганига яраша Тошкентни ҳам томоша қилмоқчи бўлса керак, деб ўйлагандим. Нияти бошқа экан…

– Сенга ўхшаб катта шаҳарда униб-ўссин, деб исмини Турдибой қўйган ўғлимнинг қўлини ҳалоллаяпман,– деди у елкамга қоқиб.– Уч қиздан кейин кўрган тойчоғимнинг тўйига келадиган сийли (сийлашга лойиқ, демоқчи шевада) меҳмонларга “Тошкент ароғи”дан олиб кетишни ният қилганман! Тўй тўйдек бўлсин-да, туврими?

Тўй тўйдек бўлиши учун ароқ шартми, дейишимнинг мавриди эмасди. Қувончи ичига сиғмаётган жўрамнинг қулоғига унақа гап кирармиди? Қисиқ кўзларини қисиб қўйганча у шундай деди:

– Тўй олдидан аввал ўзимиз қиттак-қиттак қиламиз! Ароқ сотадиган дўконларинг қаерда?

– Уйда зўридан бор,– дедим илтифот кўрсатиб.

– Йў-ўқ,– деди жўрам пахмоқ сочли бошини силкиб.– Тўйга аталганидан ичамиз! Баҳонада ҳамма мақтаган “Тошкент ароғи”нинг таъмини кўрамиз!

Дўстимнинг раъйига қарамасам бўлмасди:

– Унда, ана маҳалламизнинг дўкони…

Одам яқинлашганда эшиклари ўзи очилиб-ёпиладиган дўконга кириб, лол қолдик: бир бурчакда спиртли ичимликлар терилган пештахтанинг олди қора ойнадан ясалган девор билан тўсиб қўйилибди! Алоҳида эшикчаси ҳам бор. Харидорларга ароқ қора халтачага солиб бериляпти (гўё бошқаларнинг кўзи тушмасин, дегандек…)

Анграйиб турганимизни кўрган дўкончи амаки биз томон яқинлашди. Салом-аликдан сўнг оппоқ сочларига ярашган дўпписини тўғрилаб қўяркан, дўкон ичидаги дўкончага изоҳ берди:

– Ҳалол маҳсулотларга ҳаром қилинган нарсанинг нуқси урмасин, деб атай шундай қилду (қилдик, демоқчи шевада)…

Бу гап жўрамнинг тилини қичитди, шекилли, истеҳзоли тиржайган кўйи ўзича нишонга урди:

– Ароқни харом, деб, ўзингиз нега сотяпсиз?

Дўкончи амаки қизишмади. Нурли чеҳрасига нимтабассум югурган кўйи ётиғи билан тушунтирди:

– Ёдийизда бўлса, бир пайтлар уни сотиш таъқиқланганди. Оқибати нима бўлди? Бировлар ҳар балони ичди. “Қўлбола” ароқ ясайдиганлар пайдо бўлди ўшанда. Улар ҳозиргача одамларни заҳарлашивотти. Ҳеч бир ишши (ишни, демоқчи шевада) зўравонлик билан амалга ошириб бўлмаскан. Муқаддас китобда ичкиликни одамнинг қўлидан эмас, қалбидан олиб ташлаш буюрилган!

Жўрам ўзича бўш келмади:

– Ҳозир унга амал қиладиганлар топилармикин?!

– Амал қилиш-қилмаслик ҳар кимнинг ўз хоҳиш-иродаси,– деди амаки салмоқ билан.– Бироқ, биза билганимиззи айтиб қўйишивуза фарз-у қарздир. Ичкилик – умр заволи, ҳаёт кушандаси! Ичивотган одам оғзига ароқ олгани ҳамоно бир титраб кетади-ку, ўшанда иймон унинг вужудини тарк этаркан. Ўрнини эса шайтон эгалларкан… Ичганлардан фаришта қочиб, юзида нур бўлмаскан…

– Унда шайтоннинг ошиғи олчи экан-да,– деди жўрам кесатиб.– Тўйда қанчаси думалаб қолади, ҳи-ҳи-ҳи…

– Астағфурилло…– Дўкончи амаки ёқасини тутди.– Қиёмат қойим-ку…

Гап ортиқча жиддий тус олишини истамай, у кишига юзланиб, мақсадга ўтдим:

– Битта “Тошкент ароғи” беринг.

Сотаётган молига харидор чиқса сотувчи қувониши керак эди. Дўкончи амаки эса менга ғалати қаради, сўнг қўлини дуога очганча нима дейди, денг:

– Эй, худойим, маҳаллавузада ҳамма ҳурмат қиладиган, телевизорларда яхши гаплар айтадиган шу биродаримизнинг қалбини ўзинг ҳидоят нури ила мунаввар айлаб, хато йўлдан қайтаргайсан! Шу юришига яраша қалбига ҳам зиё бахш этгил, харом қилинган нарсалардан уни ўзинг қайтаргил!..

(Тавба, бу гаплар менга қарата айтиляптими?)

Дуо таъсирида беихтиёр ўзимиз ҳам юзимизга фотиҳа тортиб юбордик…

Шунча гапдан сўнг қадаҳга қўл чўзган номард, дегим келди-ю…

Очиғи, иродам ҳамиқадарлигини тан оламан. Гоҳо “юз грамм” қаршисида ожиз қолиб… сўнг хижолат чекиб юраман. Ҳозир отахоннинг дуо бирла аслида мени танқид қилгани катта сабоқ бўлди! Гап (дуо) деган улуғ маънавий неъмат ароқ аталмиш заҳри қотилдан юз чандон кучлилигини ҳис этдим.

Отанг тенгги одам панд-насиҳат қилганида таъзим бажо айлаб қўйишдан яхшиси йўқ. Биз ҳам отахондан узр сўраб, ортга қайтдик. Кўпқаватли уйлар оралаб равон йўлакдан келар эканмиз, жўрамдан қанақа гап чиқаркин, деган ўйда секин кўз қиримни ташладим. Ўша гап яхшигина таъсир этибди, у дўкончи амакини мақтай кетди:

– Пойтахтдан таралган зиё юртни мунаввар қилади,– деди у шоирона оҳангда жимжимадор сўзларни қалаштириб.– Отахоннинг гапларини «қўлбола” ароқ ясайдиганлар эшитса, кўзлари мошдек очилармиди! Шулардан биттаси бизнинг хотин ака, ҳи-ҳи-ҳи…

– Йўғ-е?!– Кутилмаган гапдан сесканиб тушдим.– Наҳотки, Бувихол…

Жўрамнинг “хотин ака” дейишига бир ғашим келган бўлса, гулдек нозик Бувихолнинг “қўлбола” ароқ тайёрлаётгани ҳақидаги гап ундан ошиб тушди.

Бир пайтлар хипча бели оша тўлғаниб юрадиган икки ўрим сочи мафтун қилган… Қуралай кўзлари дуч келганга тик боқавермайдиган, гаплашганда қулоқчаларигача дув қизариб кетадиган ўша синфдош қиз илк бора юрагимга чўғ солган… Еттинчи синфда ўқиб юрган кезларда минг истиҳола билан унга шеър дафтаримни кўрсатдим. Содда қиз мўъжизага дуч келгандек, дафтарни кўтарганча мактабмиз буфетига югурган. Ортидан борсам, акаси Болиқул бақалоқ бошини сарак-сарак қилганча шеърларимни ўқияпти. Сўнг, “биздан ҳам шоир чиқаркан-да!” деб елкамга қоқиб, мукофот бераётгандек қўлимга бир пачка печенье тутқазган! Шу-шу ҳар куни ёзган шеъримни Бувихолга берадиган ва… печеньеларни бирга баҳам кўрадиган бўлиб қолгандик.

Мактабни тамомлаш арафасида Жасур синфхонада баралла нима дейди, денг: “Бувихол меники бўлади!..”

Синфдош қиз дув қизариб чиқиб кетганча мактабга қайтиб келмади… Жўрам шу билан тинчимасдан йўл бўйидаги теракни ўйиб: “Жасур+Бувихол” деб ёзиб қўйибди…

Теракдаги ёзув зарҳал ҳарфларга айланган сари дафтаримдаги шеърлар сарғаяверди…

Оилада катта ўғил бўлган жўрамни ўша йили уйлантириб қўя қолишди. Илк муҳаббат куртакларим ғунчага айланмасдан шу тариқа хазон бўлган… Пинҳон севгим шуъласи пинҳонлигича сўнган…

Хаёлларим сароблигини билсам-да, барибир, у билан руҳан гаплашиб юриш илҳом бахш этаверади… Тизгинсиз туйғулар ширин тушдек қандайдир муҳаббат қасри сари чорлагани-чорлаган. Тубсиз хаёллар оғушида ажиб сатрлар шу тариқа қоғозга қуйиларди! У мен учун илоҳий маъбуда, гўзал малак, илҳом париси эди…

Қутб бир томонлама бўлмагани каби унинг ҳам юрагида менга нисбатан қандайдир ҳислар жўш уришига шубҳа қилмасдим. Мен учун мавҳум қолган савол: ўғилларига Турдибой деган исмни чиндан ҳам жўрам қўйдимикин ё…

Шу кунгача у ҳақда яхши гап эшитсам енгил тортардим. Қайғулироқ гап чиқса, кўнглим ғаш юрарди… Бир гал унинг қандайдир металлфурушларга қўшилгани қулоққа чалингач, ҳушим бошимдан учган. Энди “қўлбола” ароқ тайёрлаётганини эшитиб юрагимга наштар санчилди. Гулли кўйлак ўрнига қора халат кийганча бадбўй бочкалар орасида ивирсиб юришини тасаввур этиш нақадар даҳшат… Унча-мунча эркакнинг қўлидан келмайдиган ишга наҳот шу ожиза ўзини урган бўлса?!

Қайнаётган шўрванинг таъмини татиб кўрган ошпаздек ўша савилдан ҳам бирор қултум ичганда бурунчаси қизариб, афти бужмайиб кетармикин?.. Ичган одамдан анқийдиган қўланса ҳид кимнинг кўнглини айнитмайди? Беихтиёр ёқамни ушладим. Ачинишингни ҳам, жирканишингни ҳам билмай қоласан гоҳо… Эҳ, Бувихол, Бувихол…

Юрагим алланечук бўлиб кетаётганини заррача сезмаётган жўрам эса гўё оддий ҳолни тушунтираётдек валдирарди:

– Бизнинг хотин ака тайёрлаган ароқнинг олдида буларники чепуха! Бир пиёласини сипқорсанг, кайфинг тароқ бўлади-қолади!

– Кейин томошани кўрасан, де,– дедим кинояли оҳангда.

– Маст-аластларни кўришга ҳеч кимнинг тоқати йўқ!– Жўрам иддаомни англагандек янги “кашфиёти”дан воқиф этди.– Ичганлар безор қилмаслиги учун хотин акам зўр йўлини топган! Қанақа йўл, дейсанми? Шишаларга уйқу дори ташлаворади, вассалом! Қарабсанки, бетондек қотади-қолади, ҳи-ҳи-ҳи. Бола-чақалари жасадни кўтаргандек замбилга ортиб кетаверишади…

– Ароққа уйқу дори солинганини билиб қолишса нима бўлади?

Бу гапга жавобан у мийиғида кулиб қўйди-да, гўё айбни бўйнидан соқит қилди:

– Буни ўзларининг хотинлари “заказ” қилади…

– Йўғ-е?! Наҳотки…

– Уйқу дорини кўпроқ солинг, деб ялинишларини кўрсанг, ҳи-ҳи-ҳи!..

– Даҳшат-ку,– дедим вужудим титраб.– Билиб-билмай, дуч келган жойда ичиш жуда хавфли, деб дашном беришларининг сабабини энди тушундим…

– Қўрқма, сенга унақасидан ҳеч ким ичирмайди,– деди жўрам юпатган бўлиб.– Айтганимдек, сийли меҳмонларни ишончли “Тошкент ароғи” билан сийлаймиз! Уни “оптим” сотадиган жойидан олиб кетаман!..

Эҳ Жасур, дейман ичимда, дўкончи амакининг панд-насиҳатлари қаерда қолди-ю… сенинг оғзингдан жўнгина чиқаётган гапларни қара…

Афсус, афсус. Дилингдагини ҳамма вақт тилингга чиқара олмайсан-да. Ҳозир ҳам жўрамга:

– Ниятингга ет,– дейишдан нарига ўта олмадим…

Унинг қулоғига бошқа гап ҳам кирмасди…

Қишлоқликлар оқкўнгил одам сифатида қалбимга муҳрланган. Қишлоқ аёлини тасаввур этсам, кўз ўнгимда бамисоли фаришта намоён бўларди. Улар орасида наҳот шу қадар тубан кетганлари ҳам бўлса?! Яна кимсан – жўрам ва унинг хотини!..

Жўрамнинг болаликдан бир одати қолмабди; жўяли ва ножўя гапларини аралаш-қуралаш қилаверади. Ҳартугул, бу ёғи жўялироқ мавзуга уланди:

– Ўша отахонни телевизорга таклиф қилсаларинг бўлмайдими?

– Нега?– Ўзимни овсарликка солиб, унга савол назари билан қарадим.

– Қара, одамларни мудҳиш йўлдан қайтаришга ҳаракат қиляпти!..

Мавриди келганда нишонга урдим:

– Хўш, ўшанда отахоннинг панд-насиҳатига сен ҳам амал қиласанми? Боя айтган гапинг тўғри: “Пойтахтдан таралган зиё юртни мунаввар қилади!” Шаҳримизда кўп тўйлар ичкиликсиз ўтяпти! Шунақа чиройли, файзли бўлар эканки!..

Жўрам кескин бош чайқади:

– Унақасини қишлоқ кўтармайди…

– Нега?– Саволга тутдим унга ёқмаса ҳам.– Балки сен бошлаб берарсан?

Жўрам негадир гезарди, бироз қизишганча шундай деди:

– Қишлоқда ароқсиз тўйни – тўй ҳисоблашмайди. Биттаси сен айгандек, ароқ қўймаганди, “тўй эмас – ифторлик бўлди” деб устидан кулишди. Аканг қарағай ўғил кўрсам, тўйида столларни тўлдириб ташлайман, деб кўксимга урганман! Катта кетдинг, деганларга кўрсатиб қўяман, ҳи-ҳи-ҳи…

* * *

Дўкончи амакининг гаплари таъсирида уйда бир қултум ҳам ичмадик!

– Ичкиликсиз зиёфат мазза бўларкан-а,– деди жўрам чеҳраси ёришиб.– Ичиб маст бўлганимдаям шунчалик кайф қилмасдим!!

– Ичкиликсиз тўй ҳам шунақа мазза бўлади-да!– Мавриди келганда аста дилимдагини тилимга чиқардим.– Ҳеч ким алжимайди! Ўйин-кулги, ашула ва рақс, ора-сира ширин тилаклар, шеърхонликлардан жонинг киради!

Жўрам кескин бош чайқади:

– Қишлоқда унақаси кетмаслигини айтдим-ку…

– Бир кун инсофга кеп қолар…

– Инсоф ҳақида гап ҳам бўлиш мумкинмас,– деди жўрам бош чайқаб.– Эркакларни доғда қолдириб ичаётган аёлларни кўрсанг…

– Йўғ-е?!– Капалагим учиб кетди.– Наҳотки…

– Тўйда кўрасан…

Унга бирор жўяли жавоб қайтаришга ожиз эдим.

Аслида ҳамма замонда ҳам шунақа фожеалар, офатлар одамлар ҳаётига рахна солгани сир эмас. Шу офатга қарши ақлирасолар абадул-абад курашса-да ҳеч ким мутлоқ ғолиб бўлолмаган… Ичкилик ҳар қандай шерсифат одамни ҳам фақат мағлуб этишини эса ҳаёт ўзи исботламоқда… Унинг исботини ҳар куни ҳар қадамда кўрганлар ҳам негадир ўзларини шу ажал “оғуши”га ургани урган…

Шунча нарсага етган ақлим билан ўзим ҳам гоҳида шишанинг “қули”га айланишимни эслаб… афсусландим. Бугун дўкончи амаки кўзимни мошдек очиб қўймаганида бу гирдобда ғарқ бўлиб кетармидим… Гапнинг дангали: ичишни ташлашга қарор қилдим!! Бу юрак амрини жўрамдан сир тутмадим:

– Қадаминг мен учун қанчалик қутлуғ келганини биласанми, жўражон,– дедим меҳмонимнинг елкасига қоқиб.– Сен туфайли дўкончи амакининг ота насиҳатидан баҳраманд бўлдим. Мана, ичкиликсиз зиёфатнинг қанчалик зўр бўлишини кўрдик! Хуллас, шу заҳри қотилни минбъад оғзимга олмайман!

Бу гапга жавобан жўрам, кўрамиз ҳали, дегандек мийиғида кулиб қўйди. Дастурхонга дуодан сўнг мақсадга ўтди:

– Тўйимда сенга алоҳида хизмат бор.

– Бош устига,– дедим қўлимни кўксимга қўйиб.– Хўш?

– Ҳар гал телевизорда чиққанингда қишлоқда дув-дув гап бўп кетасан! Бўладиган бола эди-да, деб мақташади!– Гапни узоқроқдан бошлади жўрам.– Одамлар менинг шундоқ оғайним борлигини би-ир кўриб қўйсин! Тўйда ёнимда қўл қовуштириб турасан! Иннайкейин, меҳмонлар ўтирган столларни бирга айланамиз. Сенга ҳамма ҳавас қилади, гаплашгиси келади! Жасурнинг тўйига Тошкентдан телевизорда чиқадиган Турдибой Турсунов кепти, деган шов-шувдан би-ир сармаст бўлайлик…

Бошқаси шундай деганида юзига шартта: “Турдибой сенга телевизорда чиққани учун керак экан-да…” деб роса боплардим. Жўрамнинг оқкўнгиллик билан айтган гапидан эса ҳузур қилиб кулдим. Қишлоқликларнинг феълини яхши билганим учун жўрамнинг умид билан боқиб турган кўзларига қараб, боришга ваъда бердим…

* * *

Она қишлоғимдан олислаб кетганимга неча йил ўтмасин, ўша беғубор хотиралар асло тарк этмайди. Болалигимизда ўқитувчиларимиздан қўрқибми, андиша қилибми, тўйга боришга юрагимиз бетламасди. Тўй бўладиган ҳовли атрофидаги теракками ё бирор томга чиқиб томоша қилардик.

Тўйни оқсоқоллардан бири яхши тилаклар билан очарди. Ўртакаш шеър айтиб, даврага файз киритарди. Куй-қўшиқларга раққоса хиром айлар, басма-басига қиз-жувонлар қойиллатишарди. Битта тўй қувончи қишлоққа татирди!

Болакайлар учун энг катта совға – деворда намойиш этиладиган кино бўларди! Телевизорлар камроқ замонда унинг гашти бошқача эди-да.

Ўзига тўқроқ кишилар тўйига дарбоз олиб келиб, томошани қиздирарди! Ундан бадавлатроқлар кўпкари уюштирарди! Ўзбек тўйлари шунақа бўлиши керак, деган тасаввурда улғайганмиз.

Ўшанда ҳам баъзи тўйлар офати – ароқ эди. Шу касофат туфайли ҳатто азага айланганини кўриб-билиб айримлар яна тўйга тайёргарликни яшик-яшик ароқ олишдан бошлаш одати қолмади-қолмади-да…

Раҳматли отамнинг битта насиҳати қулоқларимда сирға бўлиб қолган: “агар меҳмон, ароқ камроқ бўлди-да, деб кетса, ҳақиқий тўй шу бўлади!..”

Учқур автобусда қишлоққа ошиқар эканман, олис йўлларда шууримдан шундай ўйлар кечарди…

Тўйда сўз беришларини ўйлаб, жўрам ва хотини шаънига илиқ гапларни дилимга тугдим. Илҳом жўш урганда адашимга, яъни, тўйболага атаб йўл-йўлакай шеър ёздим!..

* * *

Жўрамнинг “Пойтахтдан таралган зиё юртни мунаввар қилади” деганича бор экан; қишлоқ тўйлари шаҳарликларникидан қолишмайдиган бўлибди!

Ҳеч ким ҳовлида тўй қилмай қўйибди. Ҳаммаси ҳашаматли тўйхонада! Қишлоқда қад ростлаган нақшинкор тўйхона санъат асарининг ўзгинаси. Пештоқига зарҳал ҳарфлар билан: “Ортиқбой тўйхонасига хуш келибсиз!” деб ёзилган дарвозадан киргач, иккинчи қаватга айлана мармар зиналардан чиқиларкан. Ўртадаги фаввора жимир-жимиридан баҳри дилингиз очилади.

Болаликда кўрганимиз шу: одамлар тўйларини ўз ҳовлисида ўтказарди. Ҳамқишлоқлар кўча чангитиб, олисроқдан меҳмонлар эшак-аравада, трактор-тележкада, ўзига тўқроқлар шалоғи чиққан автобусда келишарди. Битта-яримта енгил машинада келиш фақат катталарга (ўша даврда колхоз раисига ўхшаганларни шундоқ атардик) насиб этарди…

Бугун ўзини камбағал ҳисоблайдиганлар “Тико”, “Матиз” ё “Дамас”да, ўртаҳолман, деганлар “Нексия” ё “Лассет”да, ишбилармонлар “Каптива” ва шунга ўхшаш бири-биридан чиройли машиналарда келишарди.

Битта-яримта пиёда чиқиб қолса, сонмингта такси мунтазир! Қишлоқда ҳам таксилар йўловчига талашадиган замон келди!

Тўйхонадаги айлана столлар турфа таомлар билан лиммо лим; бедана тухумидан тортиб қадоқланган қўзиқорингача, яхналардан тандир кабобгача лиқ тўла.

Жўрам айтганини қилибди: ҳар бир столда ўн-ўн бештача ароқ. Меҳмон бошига бир шишадан-а… Маҳалламиздаги дўкончи амаки шу аҳволни кўрса, буларнинг кўзини мошдек очиб қўярмиди!

Шу он ортимда жўрамнинг товуши замбаракдек гумбурлади:

– Мана-а, сенга Тошкентдан тўёна-а-а!

Қарасам, Жасур мени Бувихолга кўз-кўз қиляпти. Унинг қочиримларини тушунмаган одам бўлганида, “сенга тўёна бўлиб қолдимми?!” деб энсаси қотарди. Шу “хизмат”ни бўйнимга олиб келгандан кейин нима ҳам дердим? Ясама жилмайиб қўйишдан ўзга илож йўқ…

Жўрам бўлса, қойилмақом иш қилгандек меникига боргани, “Тошкент ароғи”ни қандоқ “оптим” олиб келганини завқ билан сўзларди.

Кўз қирим билан Бувихолга қарадим. Бир пайтлар юрагимга чўғ солган малакнинг юзида нурдан асар қолмабди… Нур ўрнида тарам-тарам ажинлар… “қўлбола” ароқ ясагани учун гўё юзидан фаришталар кетаётиб беаёв чизиқ (тамға!) тортгандек… У ўзини ҳарқанча бахтиёр кўрсатишга уринмасин киртайган кўзлари мунгли эди…

Ўзича сармаст жўрам столларга ишора қилганча мақтана бошлади:

– Тўрда металлфурушлар ўтиришади!

– Кимлар?!– Ҳушим бошимдан учаёзди.– Қанақа металлфуруш?!

Бу гапни ҳазм қилиш менга қанчалик қийин бўлса, у шунчалик жўнгина тушунтирарди:

– Альюминий сотиб миллионер бўлганлар! Симёғочлардаги симларгача гум қилишган! Бир гал биттасини ток уриб, ўлигини зўрға олиб тушгандик… Текшир-текшир авжига чиққач, келининг бу ишни ташлаб, “қўлбола” ароққа ўтган!

Жўрамнинг оғзидан чиқаётганларни тасаввур қилиш учун одам жинни бўлиши керак. Наҳот, ўзи ўтирган дарахт шохини арралаган нодондан баттар – ток келадиган симларни гум қилишади?! Сўнг, қишлоқда нега ток йўқ, деб жар соладиганлар ҳам ўзлари…

Асли қишлоқни хароб қилаётганлар ўшалар эмасми?.. Кошки, симларни ўғирлаётганларида ёппасига бўйниларига ўралиб қолса-ю… ток уриб кетса…

Жўрам бўлса, валдирашда давом этарди:

– Бу стол қора бозорнинг шефларига!

– Қанақа бозор?!

– Ўзингни гўлликка солаяпсанми?!– У елкамга бир туширди.– Кўкидан бўлса, шесть секундда ўзимизнинг пулга айлантириб берадиганлар бор-ку!

– Астағфурилло…

Жўрам навбатдаги столга ишора қилди:

– Бу маклерларнинг жойи! Қишлоқдан бориб, шаҳрингда уй бозорини қўлга олганларни биласан-а? Ҳа-а, баракалла! Буниси…

Бошим ғувлаб кетди. Қаерга келиб қолдим ўзи?! Ғирт ўғри-каззоблар тўдаси-ку?! Жўрам мени шуларга кўз-кўз қилмоқчими?!

Эҳ, Жасур, Жасур! Нималар қилиб қўйдинг-а?

Наҳот, шуларга илтифот кўрсатиш – тўйингга хизматим бўлса?!

Уларнинг турқини кўришга тоқатим йўқлигини билмасмидинг?

Жўрамнинг тўйини деб келмаганимда ўзим билардим… Энди ҳарқанча пушмон қилмайин, қўл силкиб кетишнинг мавриди эмас…

Шомда гуррос-гуррос кириб келишган меҳмонлар орасида мен соғинган ҳамқишлоқлар, нуронийлар сафидан ўрин олган муаллимларимни ҳам кўриб, кўнглим бироз ёришди. Баъзи қадрдонлар билан дийдорлашганда дилимдаги ғашлик тумани тарқагандек бўлди.

Меҳмонлар ўрниларига жойлашгач, жўрам қулоғимга шивирлади:

– Даврани сен бошлаб берасан!..

– Бўпти,– дедим сўз айтишга тайёр бўлиб келганимга енгил тортиб ва дилга тугиб келган гапларимни айтишга чоғландим.

Ҳали оғиз жуфтламасимдан жўрамнинг иккинчи таклифи ғалати бўлди:

– …фақат гапни қисқароқ қилиб, навбатни музикага бер! Меҳмонларим кўп гапни ёқтиришмайди…

Нафасим ичимга тушиб кетди…

Бу ерда тилаклар-у шеърингга ҳожат йўқ экан…

Бир қур даврага назар ташладим. Чиндан ҳам тўй эгаси учун энг асосий ҳисобланган меҳмонларнинг бирор гап-сўз тинглашга тоқати йўқлиги ҳирсли кўзларидан аён кўриниб турибди… Ҳар бир стол соқийси аллақачон ишга киришган… Кимдир: “қизларга қизилидан, йигитларга оқидан!” деб бўкирди. Унга жавобан “Яшавор, хўроз!” деган антиқа “олқиш”лар тўйхонани тутиб кетди.

Хизматим шу бўлса, ана, дедим ичимда ва жўрам айтганидек сўзни ғоят қисқа қилиб, дастурхонни очиқ деб эълон қилдим. Шу он жўрамга қарасам, “мунча чўзасан?!” дегандек пешонасига шаппати урди. Ол-а, дея шартта навбатни мусиқага бердим.

Чор тарафга ўрнатилган баҳайбат карнайлар ортида бетоқат туришган йигитлар ерни титратиб, кўкни гумбирлата бошладилар. Улар замонавийнинг ҳам замонавийроғи эканини наинки елкаларига тушган сочларидан, балки, нима деб қўшиқ айтаётганини тушуниб бўлмаслигидан ҳам билса бўларди…

Тўридаги столга разм солдим. Чанқаган одам сувга ёпишгандек ароққа ўзини урганларини кўрсангиз… Бири бўкиб ичгач, ёнидаги одамнинг бошини ҳидласа, бошқаси шишаси билан сипқорарди… Улар билан ёнма-ён ўтирган эркакбашара хотинлар ҳам басма-басига пиёлани тўқиштириб ичишяпти…

Энг маданиятсиз одам хонада чекса, дастурхон бошида тутатган ундан юз чандон тарбиясиздир. Дастурхон бошида қорни қопдек кишининг оғзи-бурнидан чиқаётган паға-паға тутунни кўриб кўнглим айниди…

Хизматингга тайёрман, деб келдингми, чидайсан, дейман ўзимга ўзим. Тўйхонани тўлдирган бадбўй тутун ва бошқа ислардан ҳарқанча кўнглим айнимасин, жўрамнинг айтганларини бажо келтиришга ҳаракат қилардим.

У билагимдан олиб, столлар томон бошлади. Қўлимизни кўксимизга қўйганча маст-аласт, афти-ангори бужмайган кимсаларга “хуш келибсизлар” дейишга тушдик. Жўрам ниятига етди: баъзи меҳмонлар менга ишора қилиб, телевизорда кўрганини шивирлай бошлади. “Телевизорда чиққан одам”нинг ёнида юрганини кўз-кўз қилиш унга қанчалик мароқли бўлса, камина учун шунчалик ёқимсиз эди. Чунки, ойнаи жаҳонда топган обрўимни қандайдир металлфурушлар, қора бозорнинг шефлари, маклер ва бошқа бало-баттарлар олдида чилпарчин қилаётгандек ҳис этардим… Бу билан жўрамнинг обрўси нечоғли ортганини билмадим-у, аммо меники тутдек тўкилаётгандек эди…

Жўрамнинг ибораси билан айтганда – яна сийли меҳмонлари келишди, шекилли, уни чақириб кетишди.

Шуни кутиб тургандек рўпарадаги столдан бир барзанги гандираклаб келиб, эски танишидек мени қучоқлади. Димоғидан анқиётган қўланса ҳидга чидаб бўлмайди. Шу аснода у қулоғимни қоматга келтирганча бўкирди:

– “Тошкент ароғи”дан б-б-бизгаям б-б-бўлси-и-ин!

Ҳар қандай курашда бир томон ғолиб, иккинчиси мағлуб бўлади. Ароқ билан “кураш”да ҳамиша ичкиликбозлар ерга думалаган… Бу тўйда эса ароқ қанчалик кўп бўлишига қарамай шаввозлар ҳаммасини ямламай ютишар ва яна топиб бер, деб қисталанг қилишарди…

Каминани ҳам ароқ улашиб юрганларга ўхшатди, шекилли, мана биттаси қаршимда кўзини лўқ қилиб турибди. Ҳамқишлоғимми, десам, мутлақо нотаниш. Қутулишга ҳаракат қилганим сари баттар ёпишади. Қўйивор, деб қичқиришга орият йўл қўймайди. Ноилож, ётиғи билан тушунтирдим:

– Мен ароқ тарқатмайман…

– Т-тарқатмасанг ҳам б-биттагина обер…

– Йўқ!– Кескин бош чайқадим.– Ароқ деган нарсадан мутлоқ йироқман!

– Й-йироқсан?!– Барзангининг башараси бужмайиб, қошлари учбурчак бўлиб кетди. Ёнига қайта-қайта тупирганча ғўлдиради.– М-мунча ч-чиройли г-г-гапирасан? Ахк-тфу… Б-бунақа-а ч-ч-чиройли г-гапингни ш-шаҳарда с-сайрайсан, б-билдингми-и? Ҳу-у-у-уқ.– У ўқчиганда бадбўй ҳиддан кўнглим айниб кетди. Шу алфозда билакларимга тармашганча ғўлдирарди.– Б-б-битта а-ароқ о-оберолмайсанми? У-унда ж-жиблажибонга ўхшаб л-ликиллаганинг б-билан қ-қўлингдан копейкалик иш к-келмаскан-да-а, а? Т-т-т-теливизорда ч-чиққанинг к-копейка э-э-эканда-а, а?… Ахк-тфу…

Вой ярамас! Тўйга шу бўлмағур гапларни эшитаман, деб келганмидим?! Қанийди, тумшуғига битта тушуришнинг иложи бўлса…

Кейин кўринг, Турдибой бировнинг тўйини бузиб кетибди, деган миш-мишлар бўронини…

Нима қиларимни билмай турганимда гавдали киши келиб жонимга оро кирди. Уни илкис ўзига қаратди-да қўлига бир шиша ароқ тутқазди:

– Ма, ол! Энди тинчгина ўтир!

Ичаман деганларнинг столига тўртталаб келтириб қўйилаётган бўлса-да, ичкиликка муккасидан кетганлар кўрдим демаскан. Бояги барзанги шишани чўлпиллатиб ўпди, сўнг гандираклаб кета туриб ғўлдиради. Фақат, “копейка, копейка” деган сўзларини зўрға илғадим…

Қизиқ, одам бир-икки пиёла чой ё сувга қаноат қилади. Нега энди ароққа унча-мунчага нафси қонмайди? Қанча шишани бўшатганига қарамай тағин бўкиришларини қаранг…

Ичганидан кейин сийли меҳмонларнинг афти ангорига қараб бўлмаскан. Бири гезариб, бошқаси кўкариб кетган… Жундор билагига илоннинг расмини чиздирган эркак ҳадеб ёнига туфлайди. Димоғидан қақиришни кўрсангиз…

Қорни қопдек киши бир коса шўрвани кўтариб ичмоқчи бўлди, шекилли, кайфи ошиб, ёнидаги кишининг елкасига тўкиб юборди… Столнинг у бошида кимдир қув-қув қусарди. Қаққайиб турган бир бақалоқ бўралатиб сўкяпти…

Гумбир-гумбир “мусиқа” ҳаммасини босиб кетарди.

Баъзи бойваччаларнинг қанчалик кайфи тароқлигини “раққоса” устидан беаёв сочаётган пулларидан билса бўлади…

Биттасининг қилиғидан ҳанг-манг бўлиб қолдим. Ўқитувчиларимизнинг столи томон гандираклаб борди-да ясама таъзим қилди. Оқ оралаган сочидан донишмандлиги кўриниб турган муаллим унга “камроқ ич” деган қабилда панд-насиҳат қилди шекилли. (Шовқиндан унинг гапини эшита олмадим). Оёқда зўрға турган банзанги баттар ясама таъзим қилди-да, ўша муаллимни қучоқлаб ўпди. Бошқа пайт бўлганида эҳтимол муаллим итариб юборорди… Ҳозир томоша бўлмаслигини ўйлади, шекилли, ўптирган юзини ижирғаниб артиб қўя қолди. Собиқ ўқувчиси эса қойил қилгандек атрофга мағрур боқиб қўйди-да уларнинг столида очилмай турган иккита ароқни кўтариб кетди…

Муаллимлар бошларини сарак-сарак қилиб қўйганларига қараганда улар ароққа эмас, собиқ ўқувчиларига ачинишарди.

Қозоннинг қораси юқади, деганлари шу-да, ичиб тўймаснинг қилиғига “қойил” қолганлар бошқа столларда очилмай қолган ароқларни шилиб кета бошладилар…

Разм солсам, ичмасдан хушнуд ўтирган меҳмонлар кўпроқ экан, бироқ, бузғунчи битта бўлса ҳам ортиқча-да. Жўрамнинг “сийли” меҳмонларигина босар-тусарларини билмасдилар…

Тўй – хурсандчилик! Уни дилхираликка айлантирган номард. Боя бир ялтоқидан ранжиганимни ҳеч кимга сездирмасам-да ичимдан зил кетгани юзимда акс этган бўлса ажабмас. Ҳар қалай, ундан қутқарган халоскорим юпатган бўлди. Уларни қўявер, дегандек кўз қисди-да, ширин жилмайганча шундай деди:

– Қалайсан, Турдибой?

– Раҳмат,– дедим унга жавобан.

Анграйиб қолганимга қошларини чимирди. Бир лаҳзалик сукутдан сўнг сўзлари гинали оҳангда чиқди.

– Ия, танимаяпсанми? Шунақа-да! Тошкентда катта бўп кетгандан кейин танимай қоласилар… Ҳм-м-м, танимадим, де…

– Нега танимас эканман,– дедим ҳижолатпазликдан қутулиш илинжида.– Сизни ҳурмат қиламан…

– А-ҳа, танидим, де!– Ғалати ишшайди у киши.– Унда айт-чи, кимман?

Очиғи, ҳар куни бўғзимга келтирадиган энг бўлмағур савол: “кимман?..” Баъзилар ўзи телефон қилади-да: “танимадингиз-а?” дейди. Кўнглига қараб: “танидим” десам бас, “кимман?” деб туриб олади… Шундай пайтда мен ҳам боплайман; “овозинг эшитилмай қолди” деб, шартта симни узаман-қўяман…

Ҳозир эса бундай қутулишнинг иложи йўқ… Жимгина елка қисдим.

У киши кўзларимга тик боққанча қаҳ-қаҳ отиб кулди:

– Шунақа! Танимайсан! Мен бўлсам, ҳар гал телевизорда чиққанингда, ана ўзимнинг укам, мактабда шеърлар ёзарди, деб мақтайман сени (аслида мақтанса керак!),– дея елкамга қоқиб қўйди. Сўнг, ортиқча чўзмасдан ўзини таништирди.– Болиқул акангнинг печеньелари эсингдан чиқдими?

– Ий-й-й,– дедим дафъатан ёдимга тушиб.– Болиқул ака-а-а-а!!

Беихтиёр қучоқлашиб кўришарканмиз, бир лаҳза ҳаммаси хотирамда тикланди. Мен ёзган шеърларни Бувихол шу акасига олиб бориб кўрсатар, у эса завқ билан иккимизни печенье билан сийларди!..

Танаффус пайти Бувихол билан термулишганча печенье еган онларимиз кўз олдимдан кино тасмасидек ўтди… Ўша кезлар илк муҳаббат куртаклари ғунчага айлангани ҳаққати рост эди!..

Мактабни битирган кездаёқ тақдир чархи ҳаммасини чирпирак қилди; Жасур билан Бувихол бир ёстиққа бош қўйди…

Менинг ризқим олис шаҳарга сочилган экан…

Болиқул ака савдонинг орқасидан Каттақўрғонга кўчиб кетганди…

Сахий буфетчи акамиз билан энди юз кўришишимиз қанчалик ҳаяжонли эканини тасвирлай олмайман. Бу тўйдаги энг қувончли ҳол эди мен учун!

– Бугун бир отамлашамиз-да!– Ширин хаёлимга хотима берди Болиқул ака.– Қани, столга марҳамат!

Тўйга отланганимдаёқ: столда валақлаб ўтирмайман, бир қултум ҳам оғзимга олмайман, деб ўзимга ўзим сўз берганман! Фақат, тўй тугагач, жўрам билан гурунглашишни, шунда ҳам ичмай ўтиришни дилга тугиб қўйгандим…

Болалик қалбимга энг ажойиб инсон сифатида муҳрланган, печеньелар бериб эркалаган, Бувихолга қўшиб менга ҳам меҳр улашган Болиқул акадан бошқаси айтганида столда ҳам ўтирмасдим, тутган қадаҳига ҳам қарамасдим! Ҳозир бу табаррук инсоннинг сўзини ерда қолдиргандан кўра ҳар нарса бўлганим маъқул деган ўй ўша қароримни чиппакка чиқарди…

“Тошкент ароғи”ни пахта гулли пиёлаларга лиммо лим қилиб қуяркан, Болиқул ака шундоқ тўс айтди:

– Қишлоқдан шаҳарга бориб яшаш энг пешонаси ярқираганларга насиб этади! Шунчалик ўрнимизни топдикми, демак ризқимиз бут! Ризқи бут эркак пиёлани тўлдириб ичади! Қани, битта кўтаришда…

Бу бетакрор сўзлардан кейин ичмай бўладими! Шууримдан кечган ўй шу бўлди: Тошкентга қайтгач, ичишни бутунлай ташлай қоламан! Бироқ, бугун олмаслик – “гуноҳ”. Шу охиргиси… Болиқул аканинг сўзи ўлгунча… Хуллас, пиёлани бир кўтаришда сипқордим…

Заҳри қотил ёмон титратиб юборди… Шу он дўкончи амакининг гаплари қулоғим остида жаранглагандек бўлди: “Ичивотган одам оғзига ароқ олгани ҳамоно бир титраб кетади-ку, ўшанда иймон унинг вужудини тарк этаркан…”

Шу он кўзимга дўкончи амаки кўриниб кетди… Сесканиб тушдим. Йўқ, амакига ўхшаш киши экан. Бунақа жойда фариштасимон инсонлар ҳеч қачон бўлмаса керак…

Атрофга боқдим. Тўрдаги столдагилар басма-басига пиёлани кўтаришар, сўнг афти-ангорини бужмайтирганча газакни ямламай ютишарди. Баъзилари эркакчасига ўпишарди…

Четдан қаралганда эҳтимол бизнинг хатти-ҳаракатлар ҳам бошқаларга нақадар бачкана туюлаётгандир? Чунки, улардан кам ичмаётгандик…

Болиқул аканинг таклифи билан ичганимизни “михладик”…

Кейин бахтиёр болаликда печенье еган кунларимизни эслаб кўтардик…

Яна “михладик”…

Энди болаларимиз биздан ҳам бахтли, омадли бўлиши учун…

Бунисини ҳам “михладик”…

Тўйбола – кичкина Турдибой катта Турдибойга (яъни, менга!) ўхшаши учун…

Бу тўс учун ичмай, ортидан “михламай” бўладими!..

Яна қанча дилга малҳам сўзлар айтилгани-ю, ортидан канда қилмасдан “михлаб” юборганимизнинг саноғига етолмай қолдим…

Бир маҳал бошимни кўтарсам, ўзим ҳам михга айланиб қолаёзибман… Кўзларим борлиқни ўзгача “фон”да – жимир-жимир ҳолида зўрға илғарди…

Биз билан теппа-тенг, эҳтимол кўпроқ ичса-да, Болиқул ака билдирмай – худди ичмагандек турибди.

Шу пайт тўрдаги столда қий-чув бўлиб кетди.

Металлфурушлар тўполон қила бошлади. Бировларнинг қарзини бермай қочиб юрган номардни шу ерда тутиб олишибди. Жанжални бости-бости қилиш учун орага тушган гавдали киши ҳам бир шапалоқ егач, муштлашишга тушиб кетса денг. Қий-чув авжига чиқди. Кимлардир оловга мой пуркагандек бир-бирини гиж-гижларди…

Иккита хотин қаёққадир югуришди, ҳаял ўтмай Бувихол билан бир яшик ароқ кўтариб келишди. Биттаси тўполончиларга қарата қичқирди:

– Қани, яраш-яраш учун ичамиз!!

Жанжал таққа тўхтади! Пешонаси ғурра бўлган, бурни қонаган, кўзи косасидан чиқиб кетаёзган, ёқавайрон жанжалкашлар ҳашардан сўнг ошарга ўзини ургандек пиёлаларни тўлдириб, баъзилари эса шишаси билан сипқора бошладилар. Ва, бирин-кетин думалашга тушдилар…

Шуни кутиб тургандек уларнинг ўғиллари, укалари замбиллар кўтариб келдилар. Жасадни тобутга солгандек уларни амаллаб ортганча зўрға кўтариб кета бошладилар…

Тўй шу тариқа хотима топа бошлади…

Нафасим бўғилиб тўйхонадан чиқдим. Не кўз билан кўрайки, ҳовлида ўнлаб меҳмонлар думалаб ётишар, кимдир қусар, бири инграр, бошқаси оҳ-воҳ чекар, бўралатиб сўкарди. Улар тўйдан эмас, росмана даҳанаки жангдан чиққанга ўхшарди…

Маст мастнинг ҳолини тушунади, деганлари шу бўлса керак, уларнинг фожеаси заррача таъсир қилмади. Билъакс, ўзим ҳам улар қаторида думалаб қолишимга бир баҳя қолаётганди…

Ортимдан кимдир таъқиб қилаётгандек туюлди. Қарасам, Бувихол! Шу тобда у печенье еган давримиздагидек очилиб кетганди! Қалбимдан бир нидо чиқди: оҳ-ҳ-ҳ… Юрагимнинг чорак асрлик музлари дафъатан эриб, муҳаббат куртаклари қайта ниш ура бошлади…

Сархушликдан кўзларим тинганча беихтиёр унга қўл чўздим. Қайтадан саломлашиш илинжидами, бошқа мақсаддами, ишқилиб, қўлларидан тутгач, дилим тубидаги гавҳарим пичирлаб чиқди:

– Турдибой менга ўхшаши керак эди…

Шу он кўзимдан олов чиқиб, гапим бўғзимда қолди… Чаккамга тушган навбатдаги муштдан гандираклаётиб ортимга қарасам, жўрам важоҳат билан турарди…

Қий-чув бўлиб кетди. Тўс-тўполон ичра қолган гаплар олис-олислардан эшитилгандек туюларди:

“Ҳа-а, ярамас, хиёнат қилишингни билардим!– Жасурнинг товуши жуда дағал чиқди.– Жўрам эмас, ғирт ж.сан!”

“Ҳай, ундай деманг, жўрангиз тўғри маънода гапирди.– Ҳиқиллаб чиқди Бувихолнинг товуши.– Ахир, ўзингиз айтган гапни такрорлади-ку…”

“Мен тўғри маънода айтгандим! Бу ит қайси маънода гапирганини яхши биламан! Печенье еганларингни билмайди деб ўйловдингми?– Жасур баттар тутақди.– Энди икковинггаям бошқа нарсани егизаман…”

Яна қанча гумбир-гумбир, тасир-тусирлар бўлганини беҳол сезиб ётдим.

Бир маҳал жўрамнинг ўкраб айтган гаплари қулоғимга кирди:

“Опке, ҳам муҳаббат, ҳам нафрат учун ичама-а-ан!”

Кўп ўтмай у ҳам ёнимга гуп этиб қулади…

Ҳарқанча сархуш бўлсам-да, бошимнинг туб-тубида онгим аниқ-тиниқ ишларди. Жўрамни тинчитиш учун Бувихол унга ўша ароғидан ичкизганини англадим. Шунда бу “кашфиёти” қанчалик фойдали эканига тан бердим…

* * *

Эрталаб кўз очганда мўъжазгина хонада ётганимни англадим. Бошим тарс ёрилгудек лўқилларди. Оёқларимни кимдир маҳкам қучоқлаб ётарди. Қарасам, жўрам…

У ҳам тиржайганча кўз очди. Менга ғалати ишшайиб, бўйнимдан қучди-да жимгина юзимдан чўлпиллатиб ўпди.

Демак, кечаги гаплар мастлик – “ростлик”ка эмас, наҳсликка йўйилибди!

– Тўй тўйдек бўлдими, жўра,– деди у гўё ҳаммаси рисоладек ўтгандек.– Ўзиям, ҳаммани ўчириб ташлабмиз, ўзимиз ҳам ўчиб қолибмиз, ҳи-ҳи-ҳи…

– Бошим оғрияпти,– дедим ноилож.– Бирорта дори топиладими?

– Ҳозир бошқа дори кор қилмайди. Бошоғриқнинг даъвоси – юз грамм!– Ётган жойида хириллади у.– Бувихо-о-ол! Топган-тутганингни олиб ке-е-ел! Музхонага қара, тўртта “Тошкент ароғи” яхтайгина бўлиб турибди!..

Мадорим қуриб, бошимни ёстиққа ташладим.

Жўрам пультни олди-да телевизорни қўйди. Қайсидир каналда ажойиб кўрсатув намойиш этилаётган экан. Бир шифокор ичкиликнинг зарари ҳақида ғоят асосли фикрлар билдирди. Сўнг, маҳалла фаолларидан бири – Абдуллоҳ ҳожига сўз берилди.

Не кўз билан кўрайликки, ойнаи жаҳонда дўкончи амакининг нурли чеҳраси боқиб турибди! Телевизор ичида туриб бизнинг ҳолимизни томоша қилаётганга ўхшарди. Кўзи кўзимга тушгандек бўлди… Сесканиб кетдим. Ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Шунда у киши гўё бизга қарата ўша ҳаётбахш сўзларини такрорларди:

“Ичкилик – умр заволи, ҳаёт кушандаси! Ичивотган одам оғзига ароқ олгани ҳамоно бир титраб кетади-ку, ўшанда иймон унинг вужудини тарк этаркан. Ўрнини эса шайтон эгалларкан… Ичганлардан фаришта қочиб, юзида нур бўлмаскан…”

IMG_2400

 Тўлқин ЭШБЕК

2001 йил

Вам может также понравиться...

Ответов: 10

  1. Be’jizga ichkilikka «shaytonni malayi» deya ta’rif berishmagan. Uning iskanjasida qolgan yaxshi ham yomon ham bir xil kuyga tushadi, uning raqsiga tushadi. Ammo bir narsani ko’p guvohi bo’lamiz, inson ichgan paytida uning dilining tub-tubida yotgan gaplari tilga chiqar ekan. Hikoyadagi qahramonlarda ham bu holat ko’zga tashlagan , ayniqsa Buviholni ko’rgandagi holat.

  2. Muxammad (s.a.v)ning aytishlaricha uch narsa insonni obroyini to’kishga olib kelar ekan.Shularning bittasi ichkilikdir.Bu xikoyadan xayotiyligi uchun ham katta xulosa chiqarish mumkun.Bunday xikoyalarni kengroq auditoriya oqisa maqsadga muvofiq bolar edi.Uning etiborli jixati xayotiyligida deb oylayman.

  3. Hayotda ham ko’rishimiz mumkin O’sha ohu sabab qanchadan qancha oilalarning buzilib ketishi,yosh o’smirinlarning tarbiyasiga ko’rsatgan tasiri,hikoyada muallif shunaqa uddaburonlik bilan xalq tilidan o’zimizning qishloqdagi bitta to’y ko’rinishida bu narsalar ochib berilgan ,buyam bir yozuvching mahorat,Hikoya menga juda yoqdi.

  4. Spirtli ichimlik shu paytgacha hech kimga foyda bermagan bo’lsa ham, insoniyat spirtli ichimlik ichishdan to’xtagani yo’q. Ichimlik ichgan kishi kuchli emas, zaif bo’lib ichkilikning quliga aylanib qoladi. Menga hikoya juda yoqdi.

  5. Muqaddas kitobda ichimlikni odamning qo’lidan emas, qalbidan olib tashlash buyirilgan. Ushbu hikoyada yozilgan bu jumlada hayotimizga zomin bo’layotgan ichimlikning yomon oqibatlari haqida mushohada qilingan. Menga hikoya yoqdi.

  6. Spirtli ichimliklarni bugungi kunning eng og’riqli va achinarli nuqtasi desak adashmaymiz. Hikoyada ham ana shu tomonlarini ko’rishimiz mumkin. Spirtli ichimlik hech qachon inson zotiga yaxshilik olib kelmagan va olib kelmaydi ham. Qachonki, inson chirkanish tuyg’usini his etsagina bunday yomon odatlardan holi bo’lishi mumkin. Shundagina, u o’z oldidagi ma’sululiyatni chuqurroq anglab yetadi. Menga hikoya juda yoqdi, chunki bu bugungi kunning dolzazb muammolaridan biri hisoblanadi.

  7. Bo’lajak ota-onalar spirtli ichimliklar va tamaki mahsulotlarini bugungi kunda juda ko’p iste’mol qilishi nogiron bolalarning dunyoga kelishiga sabab bo’lmoqda. Bu haqida OAV da ham ko’proq ma’lumotlar berish hamda insonlarni bu yo’ldan qaytishga undash kerak.

  8. Siprtli ichinlikni irodasi zaif sabrsiz kuchsiz insonlar istemol qiladi lekin afsuski buning foydasi yoq faqatgina zarar.

  9. Siprtli ichimlikni irodasi zaif sabrsiz kuchsiz insonlar istemol qiladi lekin afsuski buning foydasi yoq faqatgina zarar.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *