Кўчирмакашлик – жаҳолат! Унга қарши маърифат йўли
Бир ёмонликнинг бир яхшилиги бўлади, деган гап бежиз айтилмаган.
Фақат, ўша “ёмонлик”ка қарши зарба беришга шошмасангиз, вазминлик билан арқонни узунроқ ташлашга одатлансангиз у бора-бора яхшиликка хизмат қилар экан!
***
Суратларда акс этган ҳаёт
Илмий раҳбарим: профессор Файзулла Мўминов
Расмий оппенентим: филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад
Тўлқин Эшбек PR амалиётидан катта сабоқ берган дўсти, таниқли журналист-олим Шерзодхон Қудратхўжаевдан қанчалик миннатдор эканлиги ҳақида «Ахборот хизматлари» ўқув қўлланмасининг янги тўлдирилган нашрида ва «Иқтисодчи иқболи» ҳужжатли қиссасида мухтасар фикрларини баён этади.
PR фани бўйича 2006 йилда Ўзбекистонда биринчи бўлиб номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган Тўлқин Эшбек келгусида шу илмий асосда яратган ўқув қўлланмасини дўст-укаси Олимжон Ўсаров ўзининг номидан эълон қилиб юборишидан ҳали бехабар…
Муваффақиятли ҳимоя қилинган номзодлик диссертацияси асосида яратилган «Ахборот хизматлари» ўқув қўлланмасининг 2009, 2011 йиллардаги нашрлари.
***
Журналист бўлиш умидида 39 йил аввал олис бир қишлоқдан Тошкентга йўл олганимда олимлик кўчасига ҳам кириб қолишни хаёлимга келтирмагандим. 1999 йили Марказий сайлов комиссияси матбуот гуруҳида фаолият кўрсатиб юрган кезларим ўша даврда ЎзМУ Журналистика факультети декани бўлган профессор Файзулла Мўминов билан суҳбатлашиб қолдик. Устозга “матбуот хизмати” ҳақида билимга эга эмаслигимиз, факультетда бунақа дарс ўтилмагани ҳақида гапирдим.
Устоз ривожланган давлатларда журналистиканинг асосий йўналишларидан бири ўша “матбуот хизмати”, “ахборот хизмати” экани, унинг назарий пойдевори – инглизча “Паблик рилейшнз” (яъни, PR – пиар) фани ҳисобланишини тушунтирди ва шу мавзуда илмий иш қилишга таклиф этди. Рози бўлдим. Бироқ, устоз негадир ҳушёр тортиб, шундай деди:
– Агар илмий иш қиламан, десангиз, битта муҳим шартим бор…
– Хўш,– дедим вужудим қулоққа айланиб.– Ҳар қандай шартга тайёрман!
– Сиз ижодкор, очиғи, бироз қизиққонсиз,– гапни узоқроқдан бошлади устоз.– Олимлик йўли эса қизиққонликни кўтармайди. Илм анча мураккаб иш. Менга битта масалада қатъий сўз берсангиз ва сўзингизга умрбод амал қилсангиз, ўзим илмий раҳбарлик қиламан. Журналистика илмини бойитадиган ва жамият тараққиётига салмоқли ҳисса қўшадиган илмий иш қилишингизга ёрдам бераман.
– Нима қилишим керак?
– Ҳеч нарса қилмаслигингиз керак!
– Тушунмадим?..
– Илм йўлининг одоби шу: ким сизга тош отса, ҳатто балчиқ чапласа ҳам жим юрасиз, жавоб қайтармайсиз, ҳеч нарса қилмайсиз! Тушундингизми? Агар жим юрсангиз, вақт ўтиши билан қанчалик катта ғалабага эришганингизни кўраверасиз ва ғолиблик нашидасини суриб яшайсиз.
Устозга “ҳар қандай вазиятда ҳам жим юришга” сўз бердим-у… битта фикрини сира ҳазм қилолмасдим; ким менга тош отиши ёки балчиқ чаплаши мумкин?.. Ўзим билган журналист-олимлар – менга дарс берган домлаларим бири-биридан олижаноб, меҳрибон-ку?
Файзулла Мўминов ҳақ экан. Илмий раҳбарингнинг “душманлари” шогирдига ҳам дўстлик қилмаскан, ҳар қадамда қитмирлик қилавераркан… Устоз билан бир умр зимдан курашиб келган бир собиқ домлам менга ҳам тиш қайрай бошласа, денг. Мен орани очиқ қилишга ҳаракат қилганимда эса у: “шу илмий раҳбарингдан воз кечмасанг, ҳеч қачон диссертациянгни ёқлай олмайсан” деса бўладими?..
“Ўзбекистонда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамоатчилик билан алоқалари ва оммавий ахборот воситалари” деган мавзудаги илмий ишга киришган куним ўша менга дарс берган собиқ домлам: “Ўзбекистонга ҳеч қанақа PR – пиар керак эмас! Нима ўзи – пиар? Юз грамм қуярми, ҳи-ҳи-ҳи” деб устимдан кулди.
Устозга берган ваъдамга амал қилиб чурқ этмадим. Лой чапласа-да жимгина кетишга одатландим. 2006 йил 21 декабрь куни диссертациямни ҳимоя қилиб, Олий Аттестация Комиссиясига топширдим. Ўша куниёқ ОАКдан илмий ишимни ўғирлаб кетиб, ёқиб юборишлари хаёлимга ҳам келмаганди. “Гирдоб” романидаги воқеалар баъзи ёши улуғ домлаларимнинг кўрсатаётган “ҳунар”лари олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Барибир жим юравердим…
ОАКда диссертациям йўқолгани анча шов-шув бўлди.
Ўша қинғирликларга бош-қош бўлиб юрган собиқ домлам бир куни нима дейди, денг:
– ОАКни судга беринг! Ҳаққингизни талаб қилишни ўрганинг! Бошда шу одамнинг илмий раҳбар бўлишидан воз кечинг, десак, гапимизга кўнмадингиз…
– Йўқ,– дедим қатъий.– Яхшиликка ёмонлик билан эришмоқчи эмасман!..
Собиқ домлам негадир мийиғида кулиб, ўтиб кетди.
Қизиқ, қиларини қилиб, нега энди у мени гиж-гижлаяпти? Тушундим. Мени жанжалга ундаяпти, номимни жанжалкашга чиқармоқчи. Мен яна жим юравердим.
Собиқ домламга, энг нодон ва ожиз одамгина илмий ёки ижодий иш ортидан ўзгаларни судга беришини тушунтиришдан фойда йўқлигини билардим. Ғояга қарши – ғоя, жаҳолатга қарши – маърифат билан курашган инсон ҳамиша ғолиб бўлишини билмаганларгина биргина танқидий мақола ёки кўчирмакашлиги учун кимларнидир судга бериши мумкин. Бундоқ кимсалар ҳатто судда ғолиб чиққанида ҳам маънан мағлуб эканини ҳаммага уқтиргим келаверарди…
Устозимнинг тарбиясига амал қилиб, чиндан ҳам ғолиб чиқдим. ОАК раҳбари шахсан ўзи мени чақиртириб, узрини айтди. ЎзМУ Ихтисослашган кенгашидан диссертациямнинг иккинчи нусхасини олишганини ва ўзи шахсан ўқиб чиққанини, PR ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлгани, унинг жуда қизиқарли фан экани ҳақида гапираётганида негадир кўзларимдан ёш чиқиб кетди… “Филология фанлари номзоди” дипломи қўлимга текканида ғолиб ким-у, мағлуб кимлигини теран англаб етдим!
Диссертациямни ҳимоя қилиш арафасида ЎзДЖТУдаги баъзи “домла”ларим яна ҳунарларини кўрсатишди. Ўзлари ўқишга киргизиб қўйган талабаларининг қўли билан устимдан хат уюштиравердилар. Ахийри, халқаро журналистика факультетидан “ўз аризамга биноан” кетгач, қулоғим тинчиди. Шукрки, жонажон масканим – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида устозларим меҳр билан кутиб олишди.
Илмий ишимнинг дебочаси сифатида тайёрлаган маърузаларим матнини тўплам шаклига келтириб “ПАБЛИК РИЛЕЙШНЗ ВА МАТБУОТ ХИЗМАТЛАРИ” деб номлагандим. Халқаро журналистика факультетида 2002-2006 йил июнигача талабаларга шу фандан дарс бергандим.
Ана шу маърузалар матнимни бойитиб, диссертацияга айлантирдим. Ҳимоям муваффақиятли бўлгач, ўша асосда тайёрлаган “Ахборот хизматлари” номли ўқув қўлланмам бир неча бор нашр этилди!
Кези келганда, илмнинг машаққатли йўлларида мудом қўллаб-қувватлаган илмий раҳбарим Файзулла Мўминов, оппонентларим Хуршид Дўстмуҳаммад ва Қудрат Эрназаровдан, ўша кезларда Олий Мажлисда фаолият кўрсатишган Пиримқул Қодиров (охиратлари обод бўлсин), Нурдинжон Исмоилов, Акмал Саидов, Исмоил Саифназаров, Абдурафиқ Аҳадовлар авторефератимга тақриз ёзиб, қўллаб-қувватланганлари учун умрбод миннатдорман.
2006 йил сентябридан буён ЎзМУ Журналистика факультетида “Ахборот хизматлари” фанидан талабаларга дарс бераман. Бундан ташқари вазирлик ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари ходимларининг малака ошириш курсларида ҳамда шу мақсадда ташкил этилган қанча илмий-амалий анжуманларда соҳа сирларни ўрганишга қаратилган маърузалар ўқиб келмоқдаман.
Айни пайтда ўнлаб вазирлик ва ташкилотларнинг ахборот хизматларида етук кадрларимиз фаолият кўрсатишаётгани билан ҳақли равишда фахрланамиз.
“ОАКни судга беринг” деб мени гиж-гижлаган домлам бир куни (2015 йилнинг сентябри эди) қўнғироқ қилиб, нима дейди денг:
– Олим Ўсаровни халқаро журналистика факультетига ишга таклиф этиш керак, деганингиз эсимда. Сиз ЎзМУга кетганингиздан кейин у ўрнингизга келган ва ўша фандан дарс берганини биламиз. Олим нима иш қилганидан хабарингиз борми?
– Йўқ,– дедим ҳайрон бўлиб.– Нима қилибди?
– Сизнинг “Паблик рилейшнз ва матбуот хизматлари” деган қўлланмангизни ўзининг номидан эълон қилиб юборибди,– деди катта жиноятни фош этгандек.– Уни тезда судга беринг, “плагиаторлик қилган” деб ёзинг!
– Йўқ,– дедим яна унга жавобан.– Ижод, илм йўлидаги ишларим ортидан ҳеч қачон ҳеч кимни судга бермайман. Яхши ишларимизга ёмонлик аралашишини ҳечам истамайман!
– Ахир, у илмий ишингизни ўғирлаб, ўзининг номидан эълон қилган! Шунда ҳам жим юраверасизми?– Гўё ачингандек дағ-дағали оҳангда гапирарди собиқ домлам.– Дарахтнинг бўшини қурт ейди доим, тарихда мисоллар жуда кўп бунга, деган шеърни ўқигансиз-а. Бунчалик бўш-баёв бўлманг-да. Сизга ачинганимдан айтаяпман буни. Албатта судга беринг, сизни ёқлаб гувоҳликка ўтадиганлар кўп…
– Бу ерда бирор англашилмовчилик бўлган бўлса керак, балки, кафедрадаги техник ходимлар шу хатоликка йўл қўйгандир,– дедим вазиятни юмшатишга уриниб.– Мен билган Олимжон Ўсаров унақа одаммас! Уни ўғрига ёки плагиаторга чиқаришга шошманг. Ўзини топиб гаплашиш қийинмас-ку… Ҳаммаси яхши бўлади.
Уйга келиб, http://www.trif.uz сайтини очиб кўрдим. Халқаро журналистика факультетидаги ҳамкасбларимиз яхши мақсадда ташкил этишган ўша сайтда чиндан чиндан ҳам “Паблик рилейшнз ва матбуот хизматлари” деган маърузалар тўпламимни интер-китоб шаклида “юклаб олиш”га мўлжаллаб жойлаштиришибди. Очиб кўрсам, чиндан ҳам ҳақиқий муаллифини ўчириб, “Олим Ўсаров” деб ёзиб қўйишибди… Барибир, собиқ домлам минг гиж-гижлагани билан мен ҳеч қачон ижодий, илмий иш ортидан бирор англашилмовчилик бўлгани ҳамоно кимнидир судга берадиган пасткаш бўлиб қолмайман.
Олимжон Ўсаров билан қадрдонмиз. Марказий сайлов комиссиясида ишлаб юрган кезларим у Олий суд ахборот хизматида фаолият кўрсатар эди. Олий Мажлис биносида бўлиб турадиган анжуманларга келганида унга илмий раҳбарим айтган гапларини етказиб, илмий иш қилишга ундардим. Кейинчалик омади чопган дўстимнинг Олий Мажлис депутати бўлиб кетганидан жуда қувондим. У илмий ишни ҳам қойиллатиб, филология фанлари номзоди бўлди. Олий Мажлис ахборот хизмати фаолиятини йўлга қўйишда кўп хизмат қилганидан бохабарман. Кейин яна Олий судга қайтди. Айни пайтда у қайсидир газета бош муҳаррири.
Маълум муддат у ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетида дарс берган пайтлари менинг ўша маърузаларимдан фойдаланаётганини фахр билан айтган, ўшанда жуда қувонганман.
Хуллас, дўстим ва ҳамкасбимдан бирор ёмонлик чиқишига ишонмайман.
Ўша воқеадан сўнг кўп ўтмай ЎзМУда ўтказилган бир тадбирга Олимжон Ўсаров келиб қолди. Бўлган воқеани шахсан ўзига мароқ билан айтиб бердим ва ундан шунга яраша: “И-би, шундоқ бўлибдими?! Ўзим халқаро журналистика факультетига қўнғироқ қилиб, хатоликни тузаттириб қўяман” деган илиққина жавоб кутгандим.
Афсуски, унинг гаплари антиқа бўлди:
– Тўғри, сиздан кейин мен ўша дарсни давом эттирганман,– деди аввалига тан олиб. Кейин куракда турмайдиган гапларни қалаштира бошлади.– Аммо, шу маърузалар матнини ким ёзганини исботлаш керак! Сиз ҳам қаердандир кўчирган бўлишингиз мумкин-ку? Ё, нотўғрими?
– Мен бирор китобдан иқтибос олган бўлсам, сноска орқали манбани албатта кўрсатганман, асосий матнни ўзим тадқиқ ва ижод қилиб ёзганимни ҳамма билади! Ахир, бу 10 йил олдин ҳимоя қилган диссертациямнинг асосий матни-ку! Илмий раҳбаримдан тортиб оппонентларимгача ҳижжалаб ўқиб чиқишган. Ўша мавзулар мақола шаклида газета-журналларда бот-бот ёритилганидан кўпчилик бохабар. Яна нимани исбот қилишим керак?
Саволим жавобсиз қолди. Олимжон Ўсаров собиқ домламга ўхшаб ғалати кулиб қўйганча индамай кетди.
Шу лаҳзада икки инсоннинг тирик юргани учун шукр қилдим. Биринчиси, ўзим бевақт ўтиб кетганимда… шу қўлланмамнинг “муаллифи Олимжон Ўсаров” бўлиб қолармиди? Иккинчиси, яхшиям Олимжон Ўсаров тирик! Акс ҳолда, бу гапни кейин айтиш “ўтиб кетган кимсанинг руҳини безовта қилиш” ҳисобланармиди?
Устозимнинг тарбиясига амал қилиб яна ўзимни босдим, жим юравердим…
Бир куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ўтказилган тадбирда бирга иштирок этган ҳамкасбларим – ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети мутасаддилари Амрилло Каримов ва Наргис Қосимоваларга бўлган воқеани айтиб бердим. Хатолик тезроқ тузатилишига, маърузалар матним тепасидан Олим Ўсаровни ўчириб ташлаб, каминанинг исм-фамилиясини ёзиб қўйишларига умид қилдим.
Орадан ярим йилча ўтса ҳамки ўзгариш бўлмабди. Бир синчков талабамиз “Паблик рилейшнз ва матбуот хизматлари” деган қўлланмангизнинг муаллифини бошқа сайтда нега “Олимжон Ўсаров” деб ёзишган дея сўраб қолди.
Яна Олимжонга қўнғироқ қилдим. Афсуски, бу гал: “Билганингизни қилинг!” деган тўмтоқ жавоб эшитдим.
Шундан сўнг бир “йўли”ни топдик. Яъни, Журфак талабалари учун ижодий маҳорат мактаби яратиш мақсадида ташкил этилган www.uchildiz.uz сайтига ўша қўлланмамизнинг муқовасини жойлаб, тагига қуйидаги “дил сўзлари”мизни ёзиб қўйдик:
“Бу ўқув қўлланма муаллифи Тўлқин Эшбек! Ҳеч қанақа Олим Ўсаров эмас!!!
2002-2005 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида фаолият кўрсатиб, номзодлик диссертациям асосида тайёрлаган маърузалар матним. Кейинчалик бу маърузалар матнини қайта ишлаб, мазмунан бойитиб ёзган ўқув қўлланмаларим ҳам чоп этилган.
ЭШБЕКОВ ТЎЛҚИН УСМОНОВИЧ
ПАБЛИК РИЛЕЙШНЗ ВА МАТБУОТ ХИЗМАТЛАРИ
Маърузалар матни
Бакалавриатнинг 5320400 – филология (халқаро журналистика) таълим йўналиши учун
(Бир таажжубли ҳол шуки, http://www.trif.uz/article_view.php?id=33 деган сайтга кирсангиз, ушбу маърузалар матнимнинг «муаллифи» сифатида «ЎСАРОВ ОЛИМ АВАЛБОЕВИЧ» деб ёзиб қўйилган. Ўша кафедрада мендан кейин ўша дарсларни ўтган ҳамкасбим — Олимжон дўстим бунақа пасткашлик, ўғирлик қилмаслигига ишонаман, менимча, бу қандайдир техник хато бўлса керак. Ўша кафедрада ҳозир мудирлик қилаётган ҳамкасбимиз Амрилло Каримовни бу хатоликдан огоҳ этиб, уни тузатиб қўйиши лозимлигини тушунтирдик).
Ҳар бир асар, илмий тўплам, қўлланма, ҳатто маъруза матнларигача муаллифнинг юрак қони билан ёзилади. Юракдан битилган сатрлар унинг зурриёди каби азиздир. Бирор эркакка бировнинг юрагидан яралган зурриёд ё зурриёд каби азиз асарини «ўзиники» қилиб кўрсатиш насиб этмасин…
***
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Илмий кенгашининг 2008 йил “—”——-даги йиғлишида мухокама қилинган ва тасдиқланган.
Баённома №
Тақризчилар:
ф.ф.д. проф. Ф.Мўминов (ички тақризчи) — Бу устоз Тўлқин Эшбекнинг илмий раҳбари бўлиб, ушбу маърузалар матнини тайёрлашимда бош-қош бўлган!
ф.ф.д. Х.Дўстмуҳамедов (ташқи тақризчи) — Бу устоз диссертациям ҳимоясида расмий оппонентим бўлиб, ушбу маърузалар матнимни ўша даврдаёқ ўқиб, юқори баҳолаган”.
Давомида бир пайтлар, аниқроғи 2002-2005 йилларда ёзган маърузаларим матнини ўқишингиз мумкин. Очиғини айтишим керак, дастлабки тадқиқотларим натижаси ҳисобланмиш бу маърузаларим матни анча бўш-баёв ёзилган. Имловий хатолари, услубий ғализ жойлари анчагина. Сайтга жойлаштиришда шу хатоларни тузатмабди ҳам…
Бир ёмонликнинг бир яхшилиги бўлади, деганлари ҳақ экан. Бу воқеани www.uchildiz.uz сайтида ўқиганлар дув-дув гап қилишди. Қайси таҳририятга ё бошқа муассасага бормай ҳамманинг оғзида шу гап: “плагиаторни боплабсиз!”
– Аслида мен ҳеч кимни бопламадим,– дейман уларни ҳовуридан тушуриб.– Бунинг учун Олимжонга раҳмат айтсам арзийди! Шу усулни ўйлаб топмаганимизда уни деарли ҳеч ким ўқимасди! Ўқишга иштиёқ уйғотишнинг ўзига хос йўли бу! Биз учун энг муҳими, ўша маърузалар матнини ҳамма ўқиши, PR ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлиши! Янада кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз унинг тўлдирилган, илмий жиҳатдан бойитилган варианти – “Ахборот хизматлари” деб номланган ўқув қўлланмамни ўқиб кўринг!
Бир пайтлар ўзим фаолият кўрсатган Халқаро журналистика факультети сайтида маърузалар матним “Олимжон Ўсаров”нинг номидан ёрилгани билан ҳеч қачон уники бўлиб қолмайди! Бу факультет талабалари ва тадқиқотчилари ундан фойдаланганларида манбани кўрсатишда муаллифини адаштириб юбормаслиги учун ҳам тўғри йўл тутдик, деб ўйлайман. Эшитишимча, қадрдон факультетимда таҳсил олаётганлар-у собиқ ҳамкасбларимгача www.uchildiz.uz сайтини завқ-у шавқ билан ўқиётган эмиш!
Бу ғаройиб воқеалардан келган энг катта яхшилик – PR фани асосида тадқиқ қилинган ўқув қўлланмамизнинг мухлислари кўпаймоқда, ахборот хизматларида фаолият кўрсатаётган ҳамкасбларимиз соҳа сирларини мукаммал ўрганишмоқда!
Ҳурматли устозларимиздан бири Шуҳрат Сирожиддинов www.uchildiz.uz сайтини ўқигач, қизиқ гап айтиб қолди. Унинг ҳам бир қўлланмасини кимдир ўз номидан эълон қилиб юборган экан… Устозга шундоқ маслаҳат бердим: “Сиз ҳам ўз номингиздан нашр қилдираверинг, фақат кириш қисмида асл муаллифи ким-у сохтаси кимлиги ҳақида бизникига ўхшатиб ёзиб қўйинг, оламгулистон! Ана шунда китоб ўқимайдиганлар ҳам сизнинг асарингизни албатта топиб, ҳижжалаб ўқийди!”
Шу ўринда таниқли журналист-олим Беруний Алимовдан ҳам миннатдорман. Беш йилча илгари унга “Ахборот хизматлари” деган ўқув қўлланмамдан ҳадя қилгандим. У ҳам эътибор билан ўқибди, “Пресс-релиз тайёрлаш” деган мавзуим ёқиб қолибди ва шартта кўчириб, бошига бир жумла қўшиб “бойитиб”, ўзининг номидан “Ўзбекистон матбуоти” журналида ёритибди. Мақоланинг бирор жойида “Тўлқин Эшбековнинг ўқув қўлланмасида баён этилишича…” дея манбани кўрсатганида “плагиатор”га чиқиб қолмас эди. Беруний дўстимнинг катта хизмати шу бўлдики, бу гапдан хабар топган ўнлаб мухлисларимиз ўша мақолани менинг ўқув қўлланмам билан солиштириб, қайта-қайта ўқиб кўришди, муҳими, “пресс-релиз тайёрлаш” мавзуини пухтароқ билиб олишди!
Бу гапдан ҳам хабар топган собиқ домлам яна қўнғироқ қилди:
– Қачонгача оғзингиздаги ошингизни олдириб юрасиз? Сиздан бошқа одам бўлганида бу иши учун Беруний Алимовни судга берарди! Маслаҳатим, жим юрманг энди. У яқинда диссертациясини ҳимоя қилмоқчи. Бир кўрсатиб қўйсангиз яхши бўларди, ўзимиз сизни қўллаб-қувватлардик…
Очиғи, талабалик йилларим ўша собиқ домланинг дарсларига кирганимдан афсусланиб кетдим. Олим бўлма, одам бўл, деган мақол шу собиқ домламга ўхшаганларга қарата айтилганини ҳис этдим.
“Менинг илмий ижодимдан ўғирлабди” дея нолиб юрган барча ҳамкасбларга маслаҳатим шу: камина тутган маърифат ила курашиш йўли маъқул бўлган бўлса, сиз ҳам шундоқ қилинг.
Аммо, асло судга югурманг! Кимдир гиж-гижласа, унинг нағорасига ўйнаманг. Жаҳолатга қарши маърифат ила курашишнинг ўзига яраша хосияти кўп экан!
Судлашишни яхши кўрганларнинг умри суднинг эшиклари тагида сарғайиб кетаверади… Ҳақиқий зиёлиларига судда “юз кўришиш” асло ярашмайди!
Камина эса ўқув қўлланмамнинг бу қадар оммалашиб кетишига баракали ҳисса қўшганлари учун Олимжон ва Беруний дўстларимдан жуда миннатдорман.
Энг муҳими шу – ёзганларимни ҳамма ўқиса, дейман.
Шу тобда дилдаги туйғулар шеърий сатрларга уланиб кетмоқда:
Мен одобга амал қилиб етдим муродга,
Судга бер, деб гиж-гижлаган қолди уятга…
“Кўчирмакаш” дўстимга ҳам тилайман омад,
Энди тўғри қадам босиб етсин ниятга!
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
филология фанлари номзоди,
“Олтин қалам” мукофоти совриндори.
Сўнгги фикрлар