ЛАЗИЗ ТАНГРИЕВ: Усмон Носир номидаги мукофотимиз бор!
“Меваси бор дарахтга доимо тош отилур,
Фозило, дўст кўп бўлса-бўлсин, душманинг кўп бўлмасин!”
Фозил қори Ёсин ўғли
1993-йилнинг ноябрида “ЎзАС” да “Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ёш адибларга давлат мукофоти таъсис этгани учун тавсияномалар қабул қилади” – эълони чиқиб қолди. Мен бир йил бурун Бекобод Металлургия комбинатига таржимон бўлиб ишга кирган бўлсам-да, яқин ўн йиллардан бери фаол аралашиб келаётган пойтаҳт адабий муҳитидан узилмаган, ойда икки марта бирор баҳона билан хизмат сафари ташкиллаштирганча Тошкентни айланиб келардим. Боиси, комбинат эллик йиллигига тайёргарлик кўрилаётгани учун, музей яратишда иштирок этардим ва юбилей китобининг ўзбек тилида битилаётган вариантига муаллиф эдим: қаҳрамонларим асосан Тошкентда яшашгани учун интервъюлар олгани борардим.
Бекобод шаҳар Ёшлар иттифоқидан тавсияномани ва бошқа хужжатларни тўплаб, Тошкентга етиб бордим. Ёшлар Иттифоқи офисида бу хужжатларни матбуот котиби Лазиз Тангриев қабул қилар экан. Лазизнинг матбуотдаги мақолаларини ўқигандим, аммо ўзи билан илк бор юзма-юз келишим эди.
— Ака, бу мукофотнинг эгаси аллақачон аниқ — Собир Ўнар! Аммо, бизда бошқа вариант бор – Усмон Носир номидаги мукофот! Бунда лауреталар сони чекланмаган – ўтган йили, ўзингиз хабардорсиз, шоир Эшқобил Шукур ва болалар шоири Абдураҳмон Акбар тақдирланишди. Собиқ Ўзбекистон комсомоли мукофотининг номи ўзгартирилгани. Обруси юксак! Мана шу тавсияномадаги “давлат мукофоти” деган жойни “Усмон Носир номидаги мукофот”га алмаштириб олиб келинг, яна бир ҳафта вақт бор! Сиз учун ҳаракат қиламан!
Уч кунда етказиб келдим.
Янги йил арафасида телевизорда, “Ахборот”да эълон қилиб қолишди: “Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг 1993- йил учун Усмон Носир номидаги мукофотига шоир Абдували Қутбиддин, ёзувчи Қўчқор Норқобил, ёзувчи Тўлқин Эшбек, болалар адиби Оллоёр Бегалиев сазовор бўлишди”.
Пойтаҳтнинг “Турон” ресторанида тантанали тақдирлаш маросими янги йил арафааси – 30 декабрда уюштирилган ва телевидение учун тасвирга олинган. Камина эса айрим “душманлар ўқи” сабабли иштирок эта олмаганман – бу мукофот менга шодликлар билан бирга жуда кўп дилхираликлар ҳам келтирган… (“Буюклар бахтига ҳавас қил, аммо…” Абдулла Орипов).
Бу дилхираликлардан бири мени жуда ҳафа қилганди: Тошкентдаги собиқ ишхонамга кириб, менга ушбу мукофот берилгани айтганимда, хонадаги олти кишидан бирортаси тил учида бўлса ҳам ақалли “Табриклайман!” демади… Ҳамма тушлик вақти бўлганини “эслаб қолди” ва қаёққа борамиз дея баҳслашиб кетишди. Тушлик менинг чўнтагимда эди, собиқ ҳамкасбларимни ошхонага олиб кириб, мукофотни ювиб бермоқчи эдим… “Ювиш” эвазигагина табриклайдиган собиқ ҳамкасблардан қўлимни ювиб, қўлтиққа урганча, Лазизни излаб бордим.
Лазиз эса шундай деди: “Ҳозир имконим йўқ, “Турон” ресторанидаги тақдимотга келганингизда жуда яхши бўларди! Ўрнинггиз билинди! Ҳа-я, бир гап эсимга тушиб қолди! Сиз хужжатларингизни топширганингиздан кейин ёш ёзувчи Тўлқин Эшбек ўз тавсияномаларини олиб келди ва яна кимлар номзодлиги билан қизиқди. Сизнинг номингизни айтганимда иккиланиб қолди: “Лазиз ака, Оллоёр Бегалиев устозим қатори! Агар менинг номзодим ўтиб, у кишига мукофот тегмаса – виждон азобида ўтаман!” Шунинг учун сиз Тўлқинникига ўтинг, икки лауреат – устоз-шогирд ювинглар. Бугун адашмасам, уйида “ювди-ювди” қивотти!”
Бу гапдан кейин, баимкон бозорлиқ қилганча Қибрайга, Тўлқинникига ўтдим. Тўлқин менсиз ҳам яхши тайёргарлик кўриб қўйган экан, барибир арғамчига қил қувват деганларидек, уч гуруҳ меҳмонларни кечки пайт икки соатлар оралатиб қузатдик. Аввал маҳаллий ҳокимият вакиллари. Улар орасида эсимда қолгани – Қибрай газетаси бош муҳаррири Ҳамид ака Фозилов, Қибрай ҳокимлиги масъул ходими – Раҳматилла Шералиев. Кейин Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи раиси ва муовини. Тўлқин эса ғалаба ва алкоҳол таъсирида шунақа тост айтиб юборди: “Худо хоҳласа, Сизнинг қўлингиздан “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонини олиш бизларга насиб этсин!”
(…Бунақа алёр, ўша пайтлар учун жуда ҳам ҳатарли эди, мен сизга айтсам. Орадан кўп ўтмасидан, кимдир Давлат котиби Мавлон Умрзоқовнинг 50 ёшлик юбилиейида ё дўст, ё душман сифатида : “За будушего президента!” – дея қадаҳ кўтаради… Бу видео Отага олиб кирилади ва фатво берилади: “Йўқ қилинсин!”). Ёшлар Иттифоқи раисининг юзидан қон қочса-да, ноилож у ёқ-бу ёққа алангалаб олаганча, қадаҳ чўқиштирди…
…Охирида қўни-қўшнилар, ўзаро ўтирдик. Қанчалар беғараз давралар!.. Яхши лаҳзалар эсда қолади.
Ўзбкекистон ЛКСМ мукофоти тарихидан: 1957-йили Масковда Бутунжаҳон талабалар ва ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Натижада ёшларга эътибор кучайди. Ўзбекистонда “Ёш гавардия” нашриёти ташкил этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси республикадаги ёш ижодкорларнинг Биринчи семинар-кенгашини 1960-йили Дўрмонда ўтказди. Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Гулчеҳра Жўраева, Эркин Самандар, Ўлмас Ўмарбеков, Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шомансур, Саида Зуннунова каби ёш истеъдодлар катта устозлар Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Миртемир, Зулфия назарига тушди.
Шу йилдан бошлаб ЎзЛКСМ мукофти ташкил этилди. Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Гулчеҳра Жўраева, Эркин Самандар, Барот Бойқобулов, Ўлмас Ўмарбеков илк лауреатлар бўлишди.
Ушбу мукофотнинг 1980-йилги лауреати Гулчеҳра Нуриллаева иқрори: “Менга бу мукофот устозим Абдулла Ориповдан бир йил олдин берилган. Ҳозиргача юзларига қарай олмайман!”
Изоҳга ҳожат бўлмаса керак…
Аламли сатрлар: Катта бир халқ шоири реномемдаги “Усмон Носир мукофоти лауреати” деган жумлани ўқиб, бепарволарча деди: “Бу мукофот йўқ бўлиб кетганига анча бўлди-ю! Эслатиш шартмикин?!.” Усмон Носирнинг ҳамюрти шунақа деб турганидан кейин, билмадим нима дейиш керак… Ўша халқ шоири ўлибам кетди, биров номи тугул, асарларини эсламайди ҳам… Усмон Носир номи ҳали бунақа “халқ шоирлари” жонозасида ҳассакашлик қилиб турмаса…
Шу сабабли ҳам, бировга чойнакни қапқоғини ҳам мукофот дея илинишганда сасимасдан туринг. Вақт бор…
Усмон Носир армони ҳақида шеър ёзган Абдулла Орипов буни жуда ҳам нозик илғаган. 1965-йилда, шоир ҳали йигирма тўрт ёшлигида ёзган шеърида қанчалар маъно борлигини тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Шўролар даврида бу ёшдагилар қандай қилиб қорин тўқлаш, устини бутлаш ташвишида бўлишган.
Жажжи бола тинмасдан сира
Акасига ёлворар ёниб:
— Жон акажон, кўрсат биргина,
Жон акажон, бир қўрай қониб.
Акасининг қўймас қўлидан,
Ўртанади ёшгина жони.
Ниманидир қўйнидан олиб,\
Кўрсатади сўнг акажони.
Гўдак яна ўтмайин фурсат,
Акасига тикади кўзин:
— Жон акажон, яна бир кўрсат,
Кўзим билан қўрайин ўзим.
Тинчитмайди уни бир нафас,
Осилади “жон” деб бўйнига.
Акажони кўрсатиб бир пас
Яширади яна қўйнига.
Нимайди у? Маъсум туйғунинг
Оромига сололган ғавғо?
Не бўлса ҳам болакай унинг
Дийдорига тўймади асло.
Нимайди у? Балки бир безак —
Армон қилиб юрган нечалар.
Не бўлса ҳам ўшани гўдак
Тушларида кўрди кечалар.
Нимайди у? Балки бир тугун,
Ё оддий тош, ёки оддий гул.
Не бўлса ҳам ёш инсон учун
Ўша дамда ноёб эди ул.
…Усмон Носирни норасмий тарзда Масковда “ўзбекларнинг Лермонтови” — дея улуғлаган экан бир ўрис шоири. Бундан илҳомланган Усмон Носир рус шоири Лермонтовнинг “Демон” (“Иблис”) достонини ўзбекчага таржима қилди: “Лаънати рух, қувғинди иблис/ Гуноҳкор ер узра учарди…”
Усмон Носир озгина ижодий фаолияти – беш-олти йилда айримлар қирқ йиллаб ҳам қилолмайдиган ишлар кўламини амалга оширди. Аммо, унга на кўкрак нишони беришди, на бир мукофот. Қўйниларидан чиқариб, яна қўйниларига беркитишарди. Усмон ёш бола эди. На сиёсатни тушунарди, на “жиз-биз”ни… Мукофот илинжидагилар арбобларга “пахта” қўйиш билан истаган нарсаларига эришардилар ҳам.
Усмон Носирга эса мукофот сифатида то ўлгунича Сибирь ўромонларида дарахт арралашни тақдим қилдилар. То ҳозиргача ўзбекнинг чинакам шоирлари қўлида ўша арра – тайгада дарахт кесишади…
То уюшмалар раҳбарлари атрофида мукофот илинжидаги аҳли мардум парвона экан – асл шоирлар чеккада қолади ва Усмон Носирдан мерос қолган арраси қўлида!..
Ўзбекнинг Лазиз Тангриевдек холис ўғлонлари жудаям узоқ ўтмишда қолиб кетгандек туюлаверади. Бўлмаса, унчалар ҳам кўп вақт ўтгани йўқ…
Оллоёр Хўжандий
Сўнгги фикрлар