Мазмунли малака сабоқлари

Такрорлаш – билимнинг онаси, деган ҳикмат замирида улкан маъно мужассам.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 2 февралдаги мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувида белгиланган устувор вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида бир гуруҳ сиёсий партияларнинг масъул ходимлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида малака оширмоқдалар.

Навбатдаги машғулотда тарих фанлари доктори Файзулла Эрназаровнинг “Ўзбекистонда сайлов тизими ва унинг демократик жамиятни барпо этишдаги ўрни” мавзуидаги маърузаси катта қизиқиш билан тингланди.

13

– Дастлаб, сайловлар қадимги Рим ва қадимги Юнонистонда вужудга келган бўлиб, унда эркин фуқароларнинг овоз беришда қатнашиши мажбурий ҳисобланган, ҳатто бунинг учун ҳақ ҳам тўлашган,– деди маърузачи.– Бироқ, кейинчалик мутлақ монархия тузуми ҳукмрон бўлгач, сайловлар бир неча юз йилларга йўқолиб кетган, чунки бу даврда давлат органларини шакллантиришда ҳеч ким иштирок этмаган ва сайлаб ҳам қўйишмаган. Сайловлар, шунга боғлиқ ҳолда, сайлов ҳуқуқи, фақат буржуа инқилоблари даврида, дастлабки Конституциялар билан бир пайтда яна қайтадан вужудга кела бошлаган. Ўзбекистонда ҳақиқий демократик сайловлар фақат мустақиллик шарофати билан қарор топди ва ҳозирги кунда ривожланиш жараёнини бошидан кечирмоқда.

Демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асосий шартларидан бирини халқ ҳокимиятчилигини таъминлаш масаласи ташкил этади. Жумладан, Президентимизнинг фикрига кўра: “Демократия ҳамма жойда бир хил. Унинг умумий тамойиллари ҳамма учун тушунарли: бу – демократиянинг ажралмас қисми бўлган халқ ҳокимияти, халқнинг хоҳиш-иродаси ва очиқ, эркин сайловлардир. Бу — охир-оқибатда, ҳар қандай демократиянинг энг юқори поғонаси бўлган фуқаролик жамиятидир”1.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва  Ўзбекистон Республикаси  Конституциясини ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади”1 деган муҳим қоида белгиланган.

Мазкур Конституциявий қоида халқ ҳокимиятчилигини таъминлаш учун вакиллик ҳокимият органларини шакллантириш талаб этилишини кўзда тутади.

Бундан ташқари, вакиллик ҳокимият органларини шакллантириш тартиби сиёсий-ҳуқуқий механизм шаклида намоён бўлиб, бундай механизмни бир вақтда сайлов ҳуқуқи ва сайлов жараёни ташкил этади. Бунда сайлов ҳуқуқи сайланган вакилларни ҳокимият ваколатларига эга бўлишларига тегишли бўлиб, жамият ва давлат фаолиятининг айрим ҳолатларини батафсил ифода этса, унда сайлов жараёни субъектив сиёсий ҳуқуқни амалга оширишнинг шакли сифатида сайловчиларнинг ҳокимиятни амалга оширишдаги иштирокининг технологиясини акс эттиради.

Сайлов ҳуқуқи энг муҳим сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлиб, у фуқароларга нафақат вакиллик органларини ташкил этиш, балки бундай органларга ўз вакилларини юбориш имкониятини ҳам беради. Фуқаролар томонидан уларнинг сайлов ҳуқуқларининг ҳеч қандай тўсиқсиз амалга оширилиши уларнинг давлат бошқарувида иштирокининг энг муҳим шаклларидан бири ҳисобланади.

Эркин сайловнинг амалга оширилиши, эркин ҳамда чинакамига ифода этиладиган халқ иродаси ҳокимият ва ҳар қандай ҳукумат қонунийлигининг асоси эканлиги ва ҳар бир шахснинг ўз давлатини бошқаришда бевосита ёки ўз вакиллари орқали қатнашиш ҳуқуқи кўпгина халқаро ҳужжатларда, жумладан ЕХҲТ нинг Копенгагенда қабул қилинган ҳужжатида ҳам таъкидланган. Ушбу ҳужжат талабларига кўра «Иштирок этувчи давлат­лар тегишинча ўз фуқароларининг бевосита ёки ҳақиқий сайлов жараёнида ўзлари эр­кин сайлайдиган вакиллар орқали мамлакатни бошқаришда қатнашиш ҳуқуқларини ҳурмат қиладилар»2. Бу ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун яратилган имкониятга қараб у ёки бу давлатнинг қай даражадаги демократия асосида яшаётганлигига баҳо бериш мумкин.

Фуқароларнинг  сайлов ҳуқуқларини, ўз навбатида, актив ва пассив сайлов ҳуқуқларига бўлиш мумкин.

Актив  сайлов ҳуқуқи, яъни сайлаш ҳуқуқи бевосита демократиянинг бир кўриниши бўлиб, у ҳар бир фуқаронинг давлатни бошқаришда ўз вакилларини сайлаш билан иштирок этишини кўзда тутади. Бу ҳуқуққа қонунда белгиланган маълум ёшга етган, муомалага лаёқатли мамлакат фуқаролари эга бўладилар.

Ёш чегараси  турли мамлакатларда турлича белгиланиши мумкин. Бразилия ва эронда фуқаролар 16 ёшдан, Индонезияда 17 ёшдан сайлаш ҳуқуқига эга бўлса, айрим мамлакатларда сайлаш ҳуқуқини олишга бўлган чегара анча юқори қўйилган. Масалан, Ма­лайзия, Марокаш, Боливияда фуқаролар  21 ёшга тўлганидан кейингина сайлаш ҳуқуқига эга бўлишади. Россияда 2002 йил 20 декабрда қабул қилинган қонунга кўра сайлов кунигача 18 ёшга тўлган Россия фуқароси сайлаш ҳуқуқига эга. Францияда ҳам сайлов ҳуқуқига эга бўлиш учун белгиланган ёш 1974 йил 5 июлдаги қонун билан 18 ёш қилиб белгиланган. Ўзбекистонда сайлаш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси 2-бандига биноан 18 ёшга етган барча Ўзбекистон фуқаролари эгадирлар.

Фуқаролик цензи барча давлатларда одатий шартга айланган бўлса-да, баъзи ҳолларда бундай цензнинг йўқолиб кетишини ҳам кузатиш мумкин. Масалан, ўзига хос тузилма бўлган Европа Иттифоқининг Парламентига сайловлар пайтида Францияда бўлган Германия фуқароси Франциянинг Европа Иттифоқи Парламентига вакили учун овоз бериш ҳуқуқига эга. Бу қоида Европа Иттифоқига асос солган 1992 йилги Маастрихт Шартномасида кўзда тутилган.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганлар, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётганлар сайлаш ҳуқуқидан фойдалана олмайдилар, яъни озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётганларнинг сайлаш ҳуқуқи вақтинча тўхтатилади.

Пассив  сайлов ҳуқуқи, яъни сайланиш ҳуқуқига ҳам маълум ёшга етган, муомалага лаёқатли фуқаролар эга бўладилар. Турли давлатларда  маълум давлат органларига сайланиш учун белгиланган ёш чегараси турлича бўлиши мумкин.

Актив сайлов, яъни сайлаш ҳуқуқидаги ёш цензи маълум давлатларда аҳолининг барча қатлами учун бир хил белгиланса, пассив сайлов ҳуқуқида ёш цензи номзоднинг қайси органга сайланаётганлигига қараб турлича белгиланиши мумкин. Масалан, Францияда Миллий Мажлис депутатлигига, Республика Президентлигига ва Европа Парламентига номзоди қўйилган шахс 23 ёшга тўлган бўлиши, Сенатга сайланиш учун эса 35 ёшга тўлган бўлиши шарт[1]. Ундан ташқари барча номзодларнинг ҳарбий хизматни тўлиқ ўтаган бўлиши ҳам талаб қилинади.

Ўзбекистонда фуқаролар Маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга бўлиш учун 21 ёшга, Олий Мажлис депутатлигига сайланиш учун 25 ёшга, Рес­публика Президентлигига сайланиш учун эса 35 ёшга етган бўлиши керак.

Россияда 2002 йил 20 декабрда қабул қилинган қонуннинг 4-моддасига кўра Давлат Думасига депутат бўлиб сайланиш учун сайлов кунигача 21 ёшга тўлган бўлиши керак.

Сайланиш ҳуқуқи хам баъзи мамлакатларда анча юқори бўлиши мумкин. Масалан, Италияда сенатор бўлиш учун номзоднинг 40 ёшга тўлган бўлиши талаб қилинади.

Сайланиш ҳуқуқига эга бўлиш учун яна бошқа шартлар ҳам қўйилиши мумкин. Масалан, Европа Парламентига номзоди қўйилган француз фуқаросидан 1500 евро гаров суммаси талаб қилинади. Ўзбекситон Республикасида Президент бўлиб сайланиш учун номзод Ўзбекистонда камида охирги 10 йил ичида доимий яшаган бўлиши ва давлат тилини яхши билиши керак. Олий Мажлиснинг қуйи ва юқори палаталарига депутатликка сайланиш учун номзод камида сўнгги беш йилда Ўзбекистонда доимий яшаган, қасддан содир этган жиноятлари учун аввал судланмаган бўлиши керак.

Сайлов тизими демократик жамият сиёсий тизимининг муҳим қисми ҳисобланиб, фуқароларнинг сайлаш ва сайланишдан иборат ҳуқуқини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар йиғиндисини англатади. Халқаро тажрибада сайлов тизимининг мажоритар, пропорционал ва аралаш турлари мавжуд:

а) Мажоритар сайлов тизими — тегишли сайлов округидан сайловчиларнинг энг кўп овозини олган номзодлар ўртасида мандатлар тақсимланишини кўзда тутувчи сайлов тизимидир. Бунда мамлакат ўзаро тенг сайлов округларига бўлинади ва сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар ўртасида округларда сайловлар бир вақтнинг ўзида ўтказилади ва энг кўп яъни 50 фоиздан ошиқ овоз олган номзод сайланади. Бу сайлов турига АҚШ, Англия ва Лотин америкасидаги кўпгина мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда амал қилинади.

Мажоритар сайлов тизими кўпчилик овози принципига асосланади ва бунда агарда номзод сайлов округидаги сайловчиларнинг ярмидан кўпроқ овозини олган бўлса, унда у сайланган деб ҳисобланади.

Ўзбекистонда мутлақ кўпчилик овозга асосланган мажоритар сайлов тизими қўлланади. Унинг ижобий жиҳати шундаки, сайловчилар бевосита номзоднинг шахсига эътибор берадилар, улар у билан танишадилар, унинг ўзи билан мулоқотда бўладилар ва фаолияти юзасидан аниқ назорат ўтказа оладилар.

Мажоритар сайлов тизимининг яна бир кўриниши ҳам мавжуд. Унда ҳам мамлакат юқоридагидек тенг сайлов округларига бўлинади ва кўппартиявийлик асосида сайлов ўтказилади. Унинг биринчисидан фарқи шундаки, бунда сайловчилар кўрсатилган номзодларнинг ҳар бирига ўзларининг  ҳайриҳоҳ ёки ҳайриҳоҳ эмаслиги тўғрисидаги  муносабатларини билдирадилар ва қайси номзод 50 фоиздан ошиқ ҳайриҳоҳ овозни тўплай олса ўша сайланган ҳисобланади. Бу амалиёт Австралия парламентининг қуйи палатасини сайлашда қўлланилади.

Пропорционал сайлов тизими — асосан парламентга бўлиб ўтадиган сайловларда қўлланади. Бунда сайловчилар аниқ бир шахсга эмас, балки партияга овоз берадилар.

Пропорционал сайлов тизимининг ижобий томонлари шундан иборатки, бунда камчиликни ташкил этувчи сайловчиларнинг овозлари ҳам инобатга олинади ва унда овоз олган сиёсий партиялар ҳам, парламентдан жой эгаллайдилар. Бу сайлов тизимининг салбий томонлари эса, сайловчилар бевосита номзодга овоз бермайдилар, балки сиёсий партияга танлаш имкониятини берадилар.

б) Пропорционал сайлов тизимида давлат ягона сайлов округига айлантирилади ҳамда сайлов блютенларида номзодлар ўрнига сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар рўйҳати кўрсатилади ва сайловчилар ўзларига маъқул келган партияларга овоз беради. Қайси партия сайловда умумий сайловчиларнинг қанча фоиз овозини қўлга киритган бўлса, мамлакат парламенти қуйи палатасида шунча ўринни эгаллайди. Бу сайлов тизимига аксарият ғарбий Европа давлатлари амал қиладилар.

Баъзи хорижий давлатларда ҳам пропорционал, ҳам мажоритар сайлов тизимига асосланиб сайловлар ўтказилади. Унда мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларининг ижобий ва салбий томонлари инобатга олинади.

в) Аралаш сайлов тизими асосида: Бундай сайлов тизимларига Германия, Янги Зелландия, Россия каби давлатларда амал қилинади ва унда мамлакат сайловчиларининг 50 фоизи партиявий рўйхатларга, 50 фоизи эса бир мандатли округларда сиёсий партия кўрсатган номзодларга овоз берадилар.

Ушбу сайлов тизимларини бирлаштириб турадиган омиллардан бири бу уларнинг барчасида қуйи палата аъзоларининг кўппартиявийлик асосида умумхалқ томонидан  тўғридан-тўғри сайланишидир.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг таркибини ташкил қилувчи янги демократик институтлар вужудга келди. Улар жумласига давлат ва жамиятни бошқаришда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминловчи кўппартиявий тизим, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари кабиларни киритиш мумкин. Ушбу институтлардан бири ҳисобланган оммавий ахборот воситаларининг мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўтказиб келинаётган сайловлар жараёнидаги ўрни тобора ортиб бормоқда. Буни қуйидаги мисоллардан ҳам кўришимиз мумкин. Чунончи, 1994 йилги парламент сайловларида жами 475 та оммавий ахборот воситалари сайловлар жараёнини ёритган бўлса, 2004 йилги қонунчилик ва вакиллик ҳокимияти органларига ўтказилган сайловларда уларнинг сони 928 тани, 2009 йил декабрдаги сайлов жараёнларини ёритишда мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси орқали сайлов жараёнлари ҳақидаги хабарлар нафақат мамлакатимиз ҳудудига, балки сунъий йўлдош орқали 100 дан ортиқ хорижий давлатларга ҳам узатилди. Кейинги йилларда сайловлар жараёнида оммавий ахборот воситаларининг сиёсий партиялар билан алоқаси янада мустаҳкамланиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари – ахборот етказиб берувчи ва сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари, мақсад ва вазифалари тўғрисида сайловчиларни ахборот билан таьминлайдиган демократиянинг мустақил институти сифатида фаолият кўрсатди.

Мамлакатимиз Конституциясининг 13-моддасига биноан Ўзбекистонда  қонунчилик демократик, умуминсоний   принципларга  асосланиб, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати  ва бошқа  дахлсиз ҳуқуқлари, олий қадрият ҳисобланади, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар,  Конституция ва қонун билан  ҳимоя қилинади. Ушбу модда ўзининг ёрқин ва  комил ифодаси билан, инсон мақомини ва унинг асосий  ҳуқуқларини  энг юксак  ва олий даражага  кўтаради.

Ўзбекистон Конституциясининг яна бир муҳим томонларидан бири шундан иборатки, бу соҳада  фақатгина  умумий  принципларни  зикр  этиб ўтиш  билан четланиб ҳолмай, инсон ва фуқароларнинг  асосий  ҳуқуқ ва эркинликларини  бир қатор  бобларда кенг  кўламда акс эттириб, уларнинг ҳимояси  учун  кафолат  берилади.

Бу борада Президентимиз таъкидлаган ушбу сўзлари-… “модомики биз демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш каби эзгу мақсад сари интилаётган эканмиз, демократиянинг бош талаби бўлмиш эркин сайловларни муносиб ташкил қилиш биз учун ҳам ҳарз, ҳам фарздир”[2]1- катта аҳамиятга эгадир.

Маълумки, сайлов ҳуқуқи бутун дунёда умумэътироф этилган энг муҳим ва Конституциявий сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлиб, у фуқароларга нафақат вакиллик органларини ташкил этиш, балки бундай органларга ўз вакилларини юбориш имкониятини ҳам беради. Фуқаролар томонидан уларнинг сайлов ҳуқуқларининг ҳеч тўсиқсиз амалга оширилиши уларнинг давлат бошқарувида иштирокининг энг муҳим шаклларидан бири ҳисобланади.

Эркин сайлов ҳуқуқининг амалга оширилиши, эркин ҳамда чинакамига ифода этиладиган халқ иродаси ҳокимият ва ҳар қандай ҳукумат қонунийлигининг асоси эканлиги ва ҳар бир шахснинг ўз давлатини бошқаришда бевосита ёки ўз вакиллари орқали қатнашиш ҳуқуқи кўпгина халқаро ҳужжатларда алоҳида таъкидланган. Фуқароларнинг бевосита сайлов жараёнида, ўзлари эркин сайлайдиган вакиллари орқали мамлакатни бошқаришда қатнашиш ҳуқуқининг амалга оширилиши учун яратилган имкониятга қараб, у ёки бу давлат қай даражада демократик тамойиллар асосида яшаётганлигига баҳо бериш мумкин.

Демократиянинг ушбу энг муҳим тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш, ўз қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун ҳақиқий шарт-шароит, ҳуқуқий асос яратиб берилиши лозим. Ўзбекистонда буларнинг барчаси яратилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида сайловларга доир умумэътироф этилган демократик халқаро тамойил ва қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган.

Умумхалқ сайловлари орқали давлат ҳокимият вакиллик органларини шакллантириш демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгисидир. Демократик давлатларда сайловлар муҳим аҳамиятга эга эканлиги шундаки, улар мамлакат парламенти қандай сиёсий кучлардан ташкил топишини аниқлаб беради. Сайловлар мамлакат аҳолисининг кайфияти ва кимни афзал билишини намоён этувчи кўрсаткич сифатида ҳам катта аҳамият касб этади.

Демократик давлатнинг ҳокимият идораларини шакллантиришда сайлов муҳим аҳамиятга эга. “Сайлов” ўз мазмунига кўра бирон-бир органни (давлат, жамоатчилик, ҳалҳаро ва ҳоказолар) овоз бериш йўли билан шакллантириш демакдир. Сайлов ўзининг моҳиятига кўра шундай демократик жараёнки, унда халқ ҳамда унинг вакиллари қонунда белгиланган тартибда ҳокимиятни бошқаришга кимни қўйиш ёки четлатиш масаласини ўзи мустақил ҳал этади. Албатта нодемократик давлатларда ҳам сайловлар ўтказилади, лекин одатда формал характерга эга бўлади. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 2-моддасига кўра “давлатнинг асосий ҳокимияти бу халқнинг иродасидир.”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва Сенатининг ўшма мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, «илк бор икки палатали парламентга бўлиб ўтган сайловлар Ўзбекистоннинг янги тарихида алоҳида, ғоят муҳим ўрин эгаллади»1. Зеро демократиянинг энг таъсирчан механизми ҳам сайловлардир. Демократия ва сайлов тушунчалари доимо ёнма-ён юради, улар ўзаро бирлашиб кетган. Аслида ҳам, сайлов – демократия дегани, демократия – бу сайлов демакдир. Олий Мажлис қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишида давлатимиз раҳбари уқтирганидек, депутат деган юксак ишончга сазовор ҳар қайси инсон аввало ўзи учун овоз берган одамлар ҳақида ўйлаши ҳам демократиянинг яна бир белги-аломати ҳисобланади2.

2004 йилги сайловларда 489 нафар Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, шу жумладан, сиёсий партиялардан – 435 киши ва сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳларидан мустақил номзодлар – 54 киши иштирок этди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сайловчиларнинг энг кўп овозини олди, бу партиядан депутатларнинг 34,2 фоизи сайланди. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан депутатларнинг 23,3 фоизи сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон Фидокорлар миллий демократик партиясининг 18 аъзоси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг 11 аъзоси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг 10 аъзоси сайланди.

Ҳозирги даврда демократик сиёсий тартиб жорий қилинган мамлакатлар сиёсий-ҳуқуқий тизимининг асосий қоидасига айланган сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи ўзининг узоқ ўтмишига эга. Давлатнинг алохида ваколатга эга бўлган айрим органларини ва мансабдор шахсларини сайлаш қадимги даврларда Хитой, Хиндистон, Афина, Рим каби мамлакатларда расм бўлган. Ўрта асрларда Франция, Германия, Болгария, Сербия каби мамлакатларда давлат бошлиқлари сайлаш йўли билан ҳокимият тепасига келганлар. 1295 йилдан бошлаб Англия парламенти, ХВИ асрда Полъша сейми, Россия земский собори қуйи палаталарининг аъзоларини сайлаб қўйиш тартиби жорий қилинган. қадимги даврларда ва ўрта асрлардаги сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи ҳақида сўз борганда шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бундай ҳуқуқ чекланган бўлиб, ундан фақат эркин кишилар, мулкдорлар ва аслзодалар фойдаланганлар.

Президентимиз эътироф этганидек, «фуқароларимиз сайловларга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим, жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига, демакки, ҳар бир сайловчи тақдирига таъсир кўрсатадиган сиёсий воқеа сифатида ёндашдилар»1.

Бевосита мамлакатимиз ҳудудида сайлов ҳуқуқининг шаклланиши ва ривожланиши ҳақида сўз кетганда, шуни қайд этиш лозимки, алоҳида мансабдор шахсларни сайлаш қадим даврларда ҳам, ўрта асрларда ҳам расм бўлган. Жумладан, мамлакатимиз ҳудудини ўз ичига олган Хунлар, Турк хоқонлиги, қорахонийлар ва кўчманчи ўзбеклар давлатларида давлат бошлиқлари жамиятнинг хукмрон доиралари вакилларидан ташкил топган қурултойлар ёки кенгашлар томонидан сайланган, бу вакиллик тизимлар давлат бошлиғининг ваколатларини маълум даражада чеклаган, мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан назоратни амалга оширган.

Сайловлар, референдум каби, халқ иродасини тўғридан-тўғри намоён этилишининг қонунлаштирилган шаклидир. Сайловлар орқали фуқаролар давлат ҳокимияти органларининг шаклланишида иштирок этадилар ва бу билан давлат бошқарувидаги ўзининг Конституциявий ҳуқуқини амалга оширадилар.

Фуқаролик жамияти билан сайловларнинг алоқадорлиги, асосан, шу билан белгиланадики, фуқаролик жамияти, фуқароларнинг фикрлари ва манфаатларининг хилма-хиллигига асосланган ҳолда ташкил этилади, давлат органлари фуқароларнинг иштироки билан адолатли сайловлар асосида ташкил этилмайдиган бўлса, фуқароларнинг ихтиёрий равишда қонунга итоат этишини таъминлашга, ўткир ижтимоий қарама-ҳаршиликлардан қочиб-қутилишга имконият бўлмайди, Демократик сайловлар – ҳокимият масаласининг куч билан ҳал этилишини тамоман инкор этади. Бу борада Президентимиз И.А.Каримов: “Демократия шароитларида эса давлат ижтимоий қарама-ҳаршиликларни зўрлик ва бостириш йўли билан эмас, балки ижтимоий келишув, халқ таъбири билан айтганда, муросаи-мадора билан бартараф этиш воситасига айланади,”-1 деб таъкидлайдилар.

Эркин демократик сайловлар тоталитар давлатлар учун мутлоқ бегонадир. Бундай тузумдаги давлатларда сайловлар ҳар-хил номзодлар орасидан сайлашга имкон бермасдан, балки улар ҳукумат назорати остида ўтказилар эди, бу сайловларнинг якунлари, кўпинча, сохталаштирилади. Шўролар даврида партия томонидан ўзига энг фидоий шахслар саралаб олиниб, депутатликка номзодлари кўрсатилиб,  мазкур номзодларнинг 98-99 фоиз овоз олишлари таъминланар эди. Бу ҳолатни давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида ижтимоий қатламларнинг барча гуруҳлари ўз аксини топган деб уқтириб келганлар.

Мазкур муаммога тўхталиб, Президентимиз И.А.Каримов қуйидаги фикрни билдиради: “Олий Мажлисга ва, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар вакиллик органларига кейинги сайловларни ташкил қилишнинг дастлабки дамлариданоқ синфий ёндашув нодемократик тамойил сифатида рад этилган эди. Маълумки, олдинги пайтларда Олий Кенгашни шакллантириш жараёнида ишчилар синфи, колхозчи деҳқонлар, халқ зиёлиларининг ўрни ва сони олдиндан белгилаб қўйилар эди. Масалага бундай ёндашувнинг натижалари ҳақида гапириб ўтирмайман. У ҳаммамизга аён. Олий Мажлис депутатлари турли партия ва ҳаракатларнинг вакилларидан иборат номзодлар орасидан муқобиллик асосида сайланди. Республикамиз фуқаролари сайловларда қатнашар экан, энг аввало, қўйилган номзодларнинг ижтимоий келиб чиқишига эмас, аксинча, уларнинг ишчанлик ва ахлоқий сифатларига, энг муҳими, дастурларининг мазмун-моҳиятига катта эътибор бердилар”.

Ўз навбатида, сайловлар бевосита жамиятнинг сиёсий тизимини акс эттиради ва ўз томонидан унга таъсир кўрсатади. Уларнинг ташкил этилиши ва овоз беришнинг якунларини аниқлаш тартибига тегишли барча жараёнлар сиёсий партиялар билан яқиндан боғлиқдир. Республикамиз Президенти таъкидлаганидек; “айнан сайлов пайтида партиялар ўзининг асосий ва устувор фикр-қарашларини, ҳаётни қандай яхшилаш, ислоҳотларни қандай амалга ошириш, Ўзбекистон деб аталмиш мустақил давлатнинг эртанги ҳаётини қандай барпо этиш борасидаги ғояларини илгари суради”[3]. Сайловлар фуқароларга ҳокимият учун курашаётган сиёсий партияларнинг дастурларини ҳақиқий мазмун-моҳиятини англашга имконият беради. Фақатгина сайловлар орқали халқнинг кўпчилигининг иродаси аниқланади, унинг асосида эса демократик ҳокимият яратилади.

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши миллий сайлов тизимимизни яратилишига асос солди. Жумладан, унинг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир”, “Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади” дейилган муҳим Конституциявий қоидаларнинг белгиланиши Конституциявий тузумнинг асосий принциплари сифатида мустаҳкамланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқи Конституциянинг 32-моддасида алоҳида мустаҳкамланган. Унга кўра “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади”. Сайлов ҳуқуқига оид яна бир – 60-моддасида: “Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар”,-деб белгиланган. Шунингдек, Конституциянинг 77-моддасида Ўзбекистонда сайловлар кўппартиялик асосида ўтиши кўзда тутилган.

Энг асосийси, Конституцияда сайлов тизими принципларига бағишланган махсус бобнинг мавжудлиги Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигини шакллантиришда муҳим қадам бўлди. Унинг ХХIII боби “Сайлов тизими” деб номланиб, 117-моддада “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари  давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади” дейилган муҳим Конституциявий тамойиллар ўз аксини топди.

Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришда сайловларнинг мустаҳкам ўрнини белгилаш мақсадида Конституцияга алоҳида “Сайлов тизими” деб номланувчи ХХIII бобни киритилиши, бир томондан, сайлов тизимининг асосий принципларининг Конституциявий мустаҳкамланиши сайлов ҳуқуқи бўйича умумий тан олинган халқаро андозаларга риоя қилинишини кафолатласа, иккинчи томондан, мазкур Конституциявий қоидалар сайлов қонунчилигини яратишда пойдевор вазифасини ўтади.

Сайлов тизими ҳуқуқий асосларининг яратилиши, ривожланишини ва сайлов амалиётини бизнинг фикримизча қуйидаги асосий босқичларга ажратиш мумкин:

Биринчи босқич (1991-1995 йй.) – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, бир палатали Олий Мажлисни кўппартиявийлик асосида шакллантириш даврини ўз ичига олади.

Бу даврда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги (1991 йил 18 ноябръ), Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (1992 йил 8 декабръ), “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар тўғрисида”ги1 (1993 йил 28 декабръ), “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги (1994 йил 5 май), “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги (1994 йил 5 май) қонунларнинг қабул қилиниши умумэътироф этилган таомойиллар асосида кўппартияли, муқобил сайловларни ташкил этишнинг ҳуқуқий  асосини яратди.

Бу босқичда 1994 йил 5 майда муҳим ҳужжат – “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш ва уларнинг ўз хоҳиш-истакларини эркин ифодалаш механизмини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб берди.

Янги сайлов қонунчилиги амалиётда 1994 йилда кўппартиялилик асосида ўтказилган парламент сайловларида синаб кўрилди. Унинг натижасида биринчи чақириқ Олий Мажлис учта сиёсий партия, ҳокимият вакиллик органлари, ташаббускор гуруҳлар томонидан кўрсатилган номзодлар асосида сайланган депутатлардан шаклланди. Шу асосда, Конституциявий-ҳуқуқий механизмлар орқали ягона партиянинг “еткачилик роли”га асосланувчи “шўро” сиёсий тизимидан демократик шаклланган, кўппартиявийликка таянадиган миллий парламент вужудга келди.

Иккинчи босқич (1995-2000 йй.) – миллий сайлов қонунчилигининг биринчи босқичда ўтказилган парламент сайловларида тўпланган амалий тажрибага мувофиқ сайлов тизимининг демократик асосларини мустаҳкамлаш ва қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритиш каби тадбирларни ўз ичига олади.

Жумладан, бу босқичда сайловларни ташкил этиш ва натижаларини аниқлашда холислик ҳамда эҳтиросларга йўл қўймасликни таъминлашга қодир мустақил орган – Марказий сайлов комиссияси тузиш талабидан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги (1998 йил 30 апрелъ) қонун қабул қилинди ва мамлакатимиз тарихида илк бор демократик йўл билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилди. Бундан ташқари, депутатликка мустақил номзодларни илгари суришни кучайтириш, Ўзбекистонда кўппартиявийлик ва сиёсий фикрлар хилма-хиллигини кучайтиришга кенг шарт-шароитлар яратиш мақсадида сайлов қонунчилигидан “беш фоизлик тўсиқ” ҳақидаги қоида чиҳариб ташланди ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларини бевосита номзод кўрсатиш ҳуқуқлари мустаҳкамланди. Шунингдек, 1999 йил 19 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар ҳамда халқ депутатлари, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар тўғрисидаги қонунларга бир қатор жиддий тўлдиришлар ва ўзгартиришлар киритилди.

Сайлов жараёнинг муҳим субъектлари саналган сиёсий партиялар фаолиятини ҳуқуқий тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунни 1996 йилнинг декабрида қабул қилиниши 1999 йилда ўтказилган парламент сайловларига янги ҳуқуқий замин яратди1. Сиёсий партияларда Олий Мажлисда ўз сиёсатини уюшган ҳолда ўтказиш учун парламент фракцияларини ташкил этишнинг қонуний кафолатлари вужудга келди. энг муҳими, сиёсий партиялар сайлов тартиб-қоидаларига риоя қилинишини назорат этиш бўйича ваколатлари кенгайди ва номзод кўрсатган сиёсий партия ҳар бир сайлов участкаларига ўз кузатувчиларини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлди.

1999 йилда ўтказилган парламент сайловларида фуқаролар иккинчи маротаба бир нечта номзод орасидан ўзларига маъқулларини сайлашди, уларнинг ҳар бирига тегишли баҳо беришди. Бу сайловларда рақобат янада кучли, сайловчиларнинг номзодларга талаблари эса янада юқори бўлди.

Учинчи босқич (2000-2009 йй.) – фаол демократик янгиланишлар ва мамлакатни модернизасия қилиш даври бўлиб, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, сиёсий ҳаётимизни, қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий-гуманитар соҳаларни изчил ислоҳ қилишда муҳим ролъ ўйнаган давр бўлди.  Бу даврда бевосита икки палатали Олий Мажлис тизимига ўтиш билан боғлиқ сайлов қонунчилиги тадрижий тараққиёти учинчи босқичнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов 2000 йил 25 майда бўлиб ўтган Иккинчи чақириқ Олий Мажлисининг иккинчи сессиясидаги “Ўзгариш ва янгиланиш – ҳаёт талаби” маърузаларида: “… ҳаёт ўзгариши билан, одамларимизнинг аввалги сиёсий ва маънавий онги улғайиши билан, бизнинг парламентимизнинг ташкил этилишида ҳам, унинг фаолиятида ҳам ўзгаришлар бўлиши табиий. Шу ҳолатларни назарда тутиб, мен доимий асосда ишлайдиган икки палатали парламент тизимига ўтиш таклифини киритмоқчиман”,2-деб, илгари сурган мазкур ғоялари бу даврда қабул қилинган қонун ижодкорлик фаолияти дастурида марказий бўғин бўлди. Бунда асосий эътибор қуйи палата – қонунчилик палатасини шакллантиришнинг бош принципи асосан партиявий вакиллик принципи бўлди. Бу сиёсий партия вакилларининг ўз ижтимоий-сиёсий қарашларини ва сайловлар манфаатларини ифодалаш учун кенг имкониятлар яратди. Парламентнинг юқори палатаси – Сенат тенг ҳуқуқли ҳудудий вакиллик органи сифатидаги ваколатлари ҳамда у поғонали сайловлар асосида шаклланиши Конституциявий қонунда мустаҳкамлаб қўйилди1.

Давлат бошқарувини демократлаштириш ва янгилаш ҳамда эркинлаштириш шароитида Президент ваколати муддатини ўзгартирилиши ва унинг айрим ваколатларини Сенат ва Бош вазирга ўтказилиши, икки палатали парламент барпо этилиши ўз-ўзидан сайлов тўғрисидаги қонунларнинг ўзгаришига олиб келди. Шу боис 2003 йилнинг 29 августида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар2 ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар тўғрисидаги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди. Шундай қилиб, икки палатали парламентга сайловлар учун зарур норматив-ҳуқуқий база амалда яратилди. Унда сайлов ҳуқуқининг халқаро стандартлари ва сайлов тизимларини ривожлантириш тажрибаси, шунингдек, мамлакатда парламентаризм тараққиётининг миллий хусусиятлари эътиборга олинди. Масалан, 2004 йилги сайловларга қадар сайлов қонунчилигига жорий этилган энг муҳим янгиликлар қаторида – маҳаллий Кенгашларнинг депутатликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи бекор қилинганлиги, сиёсий партиялар депутатликка номзодлар кўрсатганида хотин-қизлар учун квота белгилангани, шунингдек, сайловолди ташвиқотини олиб боришда партиялар фаолиятини молиялаштириш масаласининг ҳал этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. 2004 йил 30 апрелда “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонун эса партияларга сайловолди курашини фаол ва сайловчилар учун қизиқарли тарзда ўтказишларига қўшимча имкон яратди3.

Бундан ташқари, 2008 йил 19 ноябрда қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сайлов жараёнининг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантирди.  Ушбу қонунга мувофиқ, Олий Мажлиснинг қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари сони 120 тадан 150 тага оширилди. Бунда 135 та ўринни сиёсий партиялардан кўппартиявийлик асосида бир мандатли округларда сайланадиган депутатлар эгаллайди. Ўзбекистон экологик ҳаракатидан эса қонунчилик палатасининг ўн беш депутати мазкур ҳаракатнинг олий органи (Конференцияси) томонидан Марказий сайлов комиссияси белгилайдиган муддатларда сайланадиган бўлди. Шунингдек, жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган реал жараёнларда сиёсий партияларнинг роли кучайиб бораётганлиги инобатга олиниб сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳларидан депутатликка номзодлар кўрсатиш институтини бекор қилинди. Шунингдек, депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари сони 5 нафардан 10 нафарга оширилди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда сайлов комиссиялари фаолиятининг ошкоралигини янада кучайтиришни таъминлашга ёьналтирилган бир қатор янги тартиб-қоидалар жорий этилмоқда.

Шундай қилиб, мустақиллик йилларида сайлов қонунчилиги изчиллик билан, босқичма-босқич ривожланиб борди. Ўзбекистон сайлов тизими ҳар бир босқичда Конституция ва халқаро андозаларга мос равишда ислоҳотлар мақсади ва фуқаролар сиёсий-ҳуқуқий онгини ўсиб боришига мутаносиб тарзда янги поғонага кўтарилди. Бошқача қилиб айтганда сайлов қонунчилигининг амалиётда изчил қўлланилиши мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг таркибий қисмига айланди.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистонда сайловлар нафақат  фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш, балки давлат ҳокимиятини шакллантиришнинг бирламчи омилига айланишга улгурди. Шу нуқтаи назардан қараганда, сайловларнинг аҳамияти  ва роли қуйидаги назарий ҳарашларда ҳам намоён бўлади. Демократик давлатда сиёсий маданият ва фуқароларнинг ташаббускорлиги юқори даражада  ривожланган пайтларда ҳам сайловларда тўла якдиллик бўлмаслиги табиий хол ҳисобланади. Сабаби, сайловларнинг асосий мақсади барча фуқароларнинг ўртасида ҳаёлий келишувга (консенсус) эришишдан иборат бўлиши керак эмас, чунки унга, фавқулоддаги вазиятлардан ташқари, ривожланган жамиятда ҳеч қачон эришиб бўлмайди, балки сайловлар орқали барча фуқаролар ўз иродасини билдириш имкониятга эга бўлишлари, давлат ҳокимияти эса  мазкур иродага мос ҳолда ташкил этилиши ва ҳаракат қилиши лозимлигини таъминлашдан иборат бўлиши керак. Бундан келиб чиқадики, сайловлардаги кураш орқали, охир оқибатда жамият ҳаётида барқарорликка ва ривожланишга эришилади.

Шу билан бирга, сайловлар номзодларнинг кураши ва мусобақаси бўлганлиги учун, уларда турли хил сиёсий ўйинлар ва қизиқиш элементлари мавжуддир. Бундай ҳолатни юзага келишининг боиси шундаки, сайловларда иштирок қилаётган фуқаролар сиёсий партиялар томонидан таклиф этилаётган дастурларга нисбатан нафақат ўзларининг манфаатларини аниқлаш вазиятига дучор бўладилар, балки аниқ номзодларга нисбатан ўзининг ҳайриҳоҳликларини ёки ҳуш кўрмасликларини ҳам намоён қилишларига шароит яратилади. Сайлов кампанияси жараёнида, одатда, фуқароларнинг руҳий фаоллигининг кўтарилиши кузатилади ва бу ҳолатларда ҳар-хил эксесслар юзага келиши эҳтимоли мавжуд бўлади. Ривожланган жамиятларда шунинг учун бундай муаммоларни юзага келиш эҳтимолини олдини олиш мақсадида, қонуннинг тегишли талабларини қўллаган ҳолда сиёсий аҳлоқнинг маълум бир стандартлари ишлаб чиқилади. Ўзбекистонда ҳозирча бундай стандартлар ишлаб чиқилмаган ва тасдиқланмаган. Ўз навбатида, бундай стандартларнинг Ўзбекистондаги сайлов жараёнларида қўлланилиши мазкур жараёнларни янада демократлашувига хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ҳаётдаги ислоҳотлар, жамият ва давлат ҳаётидаги эркинлаштиришлар сайлов тизимига ҳам ижобий таъсир қилди. Бу ўзгаришлар Конституция ва қонунларда ўз ифодасини топди[4]. Мазкур масала юзасидан Ж.Абдусатторов таъкидлайдики: “Сиёсий партиялар демократиянинг ажралмас таркибий қисми, сайловларнинг асосий иштирокчилари ҳисобланади. Демократик анъаналарга эга бўлган мамлакатда сиёсий партиялар ижтимоий фикрни, халқнинг сиёсий иродасини шакллантиришда етакчи ўринни эгаллайди”1.

Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистондаги шаклланган сайлов тизими сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ умумэътироф этилган халқаро принциплар ва нормаларга мос келади ва у демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш ғояларини амалга ошириш мақсадларига мос ҳолда босқичма-босқич такомиллаштирилиб келинмоқда.

Сайловлар, кўпинча, ўтказиладиган ҳудудга боғлиқ ҳолда таснифланиб, қуйидаги кўринишларга бўлинади:

умуммиллий сайловлар, бунда сайловлар бутун мамлакат миқёсида ўтказилади.

минтақавий сайловлар, бунда сайловлар йирик маъмурий бўлинмалар миқёсида ўтказилади.

маҳаллий сайловлар, муайян маъмурий-ҳудудий бўлинма (вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча) миқёсида ўтказиладиган сайловлар.

Сайловлар фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини ифода этишларига боғлиқ ҳолда, тўғри (бевосита) ва эгри (поғонали –билвосита) сайловларга бўлинади:

бевосита сайловлар — аниқ бир шахснинг муайян бир лавозимга фуқаролар томонидан бевосита сайлаб қўйилишидир. қатор давлатларда, Франция, Миср, Ўзбекистон ва бошқа давлатларда, Президент бевосита сайловчилар томонидан сайлаб қўйилади.

билвосита сайловлар, яъни поғонали сайловларда, сайловчиларнинг хоҳиш-иродаси бевосита ўзлари томонидан эмас, балки сайловчилар гуруҳи ёки ҳаракатдаги сайлов органи орқали амалга оширилади. Билвосита сайловлар, АҚШда мамлакат Президентини сайлашда, ҳозирга қадар, расман қўлланиб келинмоқда.

Билвосита сайловларнинг ҳам икки тури мавжуд:

— билвосита сайловлар, бунда сайловчилар ўз хоҳиш-иродалари орқали махсус сайловчиларни, ишончли вакиллар қайъатини сайлашади, улар кейинчалик ўзларини сайлаган сайловчилар номидан, бевосита конкрет шахсни муайян лавозимга сайлайдилар. Масалан, АҚШ Президенти сайлови.

— кўппоғонали сайловлар – бунда сайловчиларнинг иродасини ифодаловчи сифатида сайловчилар гуруҳи эмас, балки доимий равишда фаолият юритувчи орган, жумладан, маҳаллий Кенгашлар, Парламент ёки Парламентнинг биронта палатаси чиқади (Италия, Хитой ва б.)

Сайловлар навбатдаги ва навбатдан ташқари сайловларга бўлинади:

навбатдаги сайловлар – муайян бир сайлаб қўйилган органнинг ваколат муддати тугаши муносабати билан ўтказиладиган сайловлардир, яъни қонунда белгиланган муддат тугаши муносабати билан ўтказиладиган сайловлар (Франция, Ўзбекистон Президентининг ваколат муддати -7 йил, АҚШ ва Россия Президентларининг ваколат муддатлари – 4 йил).

навбатдан ташқари (муддатдан олдин) сайловлар, бунда мансабдор шахснинг ўрни бўшаб ҳолганда ёки вакиллик органи — парламент муддатидан олдин тарқатиб юборилганда, ўтказилиши мумкин. Масалан, 1974 йили Франция Президенти Жорж Помпиду ўлими муносабати билан унинг Президентлик ваколати муддати тугашидан олдин, навбатдан ташқари Президентлик сайлови ўтказилиб, Франциянинг янги Президенти – Жискар дь Эстен сайланди.

Сайловларнинг қўшимча ва қисман сайловлар каби турлари мавжуд:

қўшимча сайловлар, мабодо, коллегиал органда бўш жой пайдо бўлиб ҳолса, шу ҳолда ўтказилади (касаллик, ўлим ёки ўз ихтиёри билан кетиш каби ҳолатлар натижасида) (“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни (янги таҳрир)нинг 47-моддасига биноан Марказий сайлов комиссияси айрим депутатларнинг ваколатларини ҳақиқий эмас деб топган тақдирда, шунингдек, депутат чақириб олинган, бошқа сабабларга кўра депутатлик ваколатлари муддатидан олдин тугатилган ҳолларда тегишли сайлов округларида янги сайлов ўтказилиши белгиланган)1.

қисман сайловлар эса, қўшимча сайловлардан фарқ қилган ҳолда, қонунда назарда тутилган ва мажбурий характерга эга бўлган бўлиб, улар коллегиал сайлаб қўйиладиган орган таркибини қисман янгилаш (ротация) мақсадида ўтказилади (АҚШ сенати таркиби ҳар икки йилда қисман янгиланади).

Ҳар қандай демократик давлатда сайловлар энг муҳим конституциявий-ҳуқуқий жараён ҳисобланади. Сайловларнинг халқаро эътироф этилган қоидалар асосида, ошкора ўтказилиши демократик принципларнинг амалда эканидан далолат беради. Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлини танлаган Ўзбекистон энг илғор демократик принципларга асосланган сайлов тизимини йўлга қўйди. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг сайлов ҳуқуқига оид меъёрлари талабларига мос келувчи қоида Конституцияда ўрнатилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Фуқаролар сиёсий ва ижтимоий фаоллигининг тобора кучайиб боришида сайловларнинг ўрни беқиёсдир. Ўзбекистонда 1994, 1999 ва 2004, 2009  йилларда вакиллик органларига, 1991, 2000, 2007 йилларда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида эркин ва адолатли сайлов ўтказиш бўйича катта тажриба тўплашга эришилди. Сайлов ҳуқуқи фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири бўлиб, унинг воситасида давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари ташкил этилади ҳамда у орқали фуқаролар ўзларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида белгиланган жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқларини амалга оширадилар.1 Конституцияда бундай қоиданинг мустаҳкамланиши сайловлар фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокининг энг муҳим шаклларидан бири эканлигидан далолат беради.

2009 йилда ўтказилган сайлов жараёнларининг ўзига хос хусусиятлари қуйидагиларда ўз ифодасини топди:

Биринчидан, навбатдаги сайлов жараёнлари аввалгиларига нисбатан юқори даражадаги сиёсий ва ҳуқуқий онгга, демократик принципларга асосланган ҳолда амалга оширилди. Ўтган йиллар мабойнида халқимизнинг ижтимоий ҳаётга, давлат ва жамият бошқарувига муносабати тубдан ўзгарди, улар онгида демократик тафаккур илдиз отди ва шаклланди.

Иккинчидан, мамлакатимиз ҳаётидаги сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар навбатдаги сайловларнинг янада такомиллашган қонунлар асосида амалга оширилишини таъминламоқда. Чунки Ўзбекистон Республикасида сайлов қонунчилиги янада ривожланди, такомиллашди. Буни биз Олий Мажлис томонидан қабул қилинган “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни ҳамда 2008 йил 25 декабрдаги “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилингани билан ифодалаш мумкин.

Учинчидан, ўтган сайлов жараёнлари мамлакат сиёсий майдонида пайдо бўлган “янги куч” – экологик ҳаракатнинг иштироки билан ҳам аҳамиятлидир. Маълумки, сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатларининг сони 120 дан 150 тага кўпайтирилди. Шунга биноан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 135 нафари ҳудудий бир мандатли сайлов округларидан кўппартиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Қонунчилик палатасининг 15 нафар депутати Ўзбекистон экологик ҳаракати вакилларидан ташкил топди. Шундан кўриниб турибдики, экологик ҳаракат аста-секин янги бир сиёсий куч сифатида шаклланмоқда. Ўзбекистонда экологик ҳаракатга катта ишонч ва юксак ваколат берилишидан асосий мақсад – глобал муаммога айланиб улгираётган экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат ва жамият ишларини бошқаришда бевосита ва ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий тузуми ўз халқининг хохиш — иродасини ифода этади. Конституцияда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципи турли хил шаклларда амалга оширилиши мумкин. Лекин унинг замирида инсон ҳуқуқи ётади, яъни инсон қадри олий  неъмат деб тан олинади.

Франция демократик Республикаси Конституциясининг тўртинчи қисм 3-моддасида сайлов ҳуқуқи мустаҳкамланган бўлиб, ирқи, жинси ва миллатидан қатъи назар республика фуқароларининг вояга етганлари сайлов ҳуқуқига эгадирлар, деб белгиланган. 1857 йилдан бошлаб такомиллаштирилиб келинган “Сайлов кодекси”нинг 2-моддасига мувофиқ сайловчилар — 18 ёшга етган сиёсий ҳуқуқларга ва муомала лаёқатига эга бўлган француз фуқароларидир1.

Ҳозирги ривожланиш босқичида ўзини демократик давлат деб эълон қилган мамлакатларда сайлов ўтказишнинг асосий принципларидан бири ҳисобланган тенг сайлов ҳуқуқнинг кафолатланиши Конституциявий тузум негизини ифода этади.

Давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолият принциплари уларни ташкил этилиши ва фаолиятининг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, Олий Мажлис ва маҳаллий давлат ҳокимияти кенгашларига сайлов тўғрисидаги қонунларга асосланиб, давлат мустақиллигини қўлга киритиб, давлат ҳокимияти органлари фаолиятини демократик принципларга мос равишда, ўз халқининг бой маданий-маънавий меросига таянган ҳолда қайтадан ташкил қилди.

Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимият органларини ташкил этиш принциплари унинг халқининг олдида турган келажак истиқболларини ифодалайди ва унинг мақсад, вазифаларини белгилаб беради. Шу жиҳатдан мамлакатимизда амалга оширилаётган сайловларда Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунчиликнинг устуворлиги сўзсиз тан олиниши эътироф этилган.

Хорижда  сайловларнинг ўтказилиш принциплари ҳар бир давлатда ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, халқ ҳокимиятчилиги ёки миллат ҳокимиятчилиги принципларининг амалга оширилиш шаклини намоён этади.

Сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишда қонун устуворлигига эришиш принципи хориж сиёсий амалиётида ,асосан, жамоатчилик назоратига таянади ва бунга ошкоралик принципи орқали эришилади. Бу масаланинг бир томонини очиб берса-да, аммо бу принципнинг мазмунини ёритиб беришда асл моҳиятини бермайди.

Сайловлар ўтказилишида қонун устиворлигининг сўзсиз тан олиниши  принципининг асл моҳияти унинг натижасида реал ҳуқуқий демократияга эришилишида  намоён бўлади.

Сайлов жараёнида ҳар қандай давлат ва жамиятда эркин тафаккур, фикрларнинг хилма-хиллиги, одамларнинг хоҳиш-иродасини, орзу-умидлари, ижтимоий кайфиятлар, шу билан бирга сиёсий ҳаракатлар ва кучларнинг интилишлари, айниқса, яққол намоён бўлади1. Сайлов жараёнларининг бошланишини эълон қилиш ва уни ўтказилишини таъминлаш ҳамма давлатларда Конституция ва қонунлар билан белгиланади. Бу эса, ўз-ўзидан равшанки, унинг иштирокчиларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиши демакдир.

Дунёнинг барча мамлакатларида сайловларни ўтказилишида унинг иштирокчиларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиш принципини тўғри амалга оширилиши мамлакат ривожининг гарови бўлиб хизмат қилади. Бунинг учун номзод ва сайловчи ўртасидаги муносабатларнинг демократиявийлиги муҳим аҳамият касб этади. ҳар икки томон учун ҳам Конституцияда тенг имкониятлар ва ўзларини намоён этиши белгиланган бўлиши лозим.

Мазкур принципни амалиёти учун мамлакатимизда етарли шарт шароитлар мавжуддир, яъни сайлов жараёни билан боғлиқ бўлган барча ҳолатлар қонунчилигимиз билан белгиланган. Унда ҳар бир сайловчи, номзод ва кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари аниқ белгиланган бўлиб, уларга эркин фаолият юритишлари учун имкониятлар яратилади.

Сайловлар фуқароларга уларнинг ўз хоҳиш иродасини эркин ифодалаш имкониятини яратади. Мавжуд сиёсий амалиёт миллий ва тарихий хусусиятларимиз  ҳамда имконияларимиздан келиб чиқади.

Демократиянинг энг муҳим принципи – давлат ҳаётида иштирок қилишга, ўз давлатини бошқаришга, давлат хизматини ўташга тобора кўпроқ фуқароларни мунтазам жалб қилишдир.1 Мазкур принципнинг амалга оширилиши дастлаб сайловларни қай даражада ўтказилиши билан боғлиқдир.

Бу тажрибанинг биз учун энг муҳим жиҳати шундаки, демократик давлатларда аҳолининг, аввало, сайловчиларнинг ўтказилаётган сайловларга муносабати, сайловларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни, уларга таёргарлик ва ўтказиш тартиблари кўп – ўн, балким юз йиллар давомида шаклланганлиги ва кўп сайловлардан ўтганини ҳисобга олишимиз даркор.2 Дарҳақиқат, АҚШ, Франция, Италия, Германия, Англия ва бошқа давлатлар демократияни ривожлантириш борасида энг узоқ тарихий жараёнларни бошдан кечирган. Шундай давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда эндигина ўз мустақиллигини қўлга киритиб ривожланаётган халқлар ўз давлат тузумини белгилашга ҳаракат қилади. Буни амалга ошириш негизида энг биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари ётади. қайси жамиятда инсон ҳуқуқи улуғланар экан, у тез орада тараққиёт сари илдам қадам ташлай бошлайди. Бунинг негизида давлат ҳокимиятини ташкил этиш принциплари муҳим ўрин тутади. Давлат ҳокимиятини ташкил этилишининг демократиявийлиги сайловнинг халқчиллигига эришиш орқали амалга оширилади.

Принцип деганда, жамият ва давлат ривожининг мақсад ва вазифаларини, бурч ва мажбуриятларини билдирувчи ижтимоий муносабатларида энг улуғ ҳисобланган умуминсоний қадриятларни ўзида ифодалаб берган ва инсон ҳаётининг тараққиёт мазмунини акс эттирувчи бош ғоялар йиғиндиси тушунилади.

Сайлов ҳуқуқи тамойиллари – бу сайлов қонунчилигининг шаклланиш жараёни, ривожланиши ва ҳаракатланишининг раҳбарий ғояси, ибтидо қоидаси, етакчи мезонидир. Ҳорижий мамлакатларда ва республикамизда сайлов ҳуқуқининг асосий тамойиллари бўлиб бевосита Конституцияда белгиланган умумий, тенг, тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш ҳисобланади. Мазкур тамойиллар қонунчилигимизда ўз аксини топган бўлиб, уларнинг амалга оширилишининг ҳуқуқий механизмлари мамлакатимизда фуқароларнинг давлат бошқарувида бевосита ва ўз вакиллари орқали иштирок этиш имкониятини яратишга ҳаратилгандир.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунининг 1-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонунчилик палатасига сайлов ўтказишнинг асосий принциплари белгиланган бўлиб, унга кўра қонунчилик палатасининг бир юз ўттиз беш депутати ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади1.

Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида” қонуни мамлакатимиз давлат бошлиғи – Президенти умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали фуқаролар томонидан сайланишини белгилайди. Булар жаҳон сайлов тажрибасида энг кўп қўлланиладиган сайлов тамойиллари бўлиб, халқаро стандартларга ва демо­кратия талабларига тўла жавоб беради ва улар Конституциямизнинг 90-мод­дасида Конституциявий даражада мустаҳкамланган.

Умумий сайлов ҳуқуқи мамлакатдаги мутлақ кўпчилик фуқаролар­нинг овоз беришда бевосита иштирокини кўзда тутади. Умумий сайлов ҳуқуқи мавжуд мамлакатларда маълум ёшга етган ва ақли расо барча фуқаро­ларнинг овоз беришда иштирок этишини назарда тутади. Барча демократик мамлакатлардаги каби Ўзбекистонда ҳам сайлов ҳуқуқини белгилашда сунъий ва ортиқча чеклашларга йўл қўйилмаган.

Тенг сайлов ҳуқуқи орқали фуқаролар сайловларда овоз бериш ва сайланишда тенг иштирок этади, ҳар бир сайловчи бир овозга эга бўлади ва овоз беришда шахсан иштирок этади. Сайловчиларнинг тенг овоз бериши ҳар бир сайловчининг бир сайлов участкасида рўйхатга олиниб, овоз беришда иштирок этиши билан кафолатланади. Тенг сайлов ҳуқуқи фақат овоз бериш­да тенгликни таъминламай, сайловни барча жараёнларида; масалан, номзод кўрсатиш, матбуотда иштирок этиш кабиларда ҳам тенгликни таъминлайди.

Ғарб мамлакатларида дастлаб сайлов ҳуқуқи эркаклар­гагина хос ҳуқуқ бўлиб, аёлларга нисбатан жорий этилмаган эди. Баъзи мамлакатларда жинс цензи узоқ йиллар мобойнида сайлов ҳуқуқини қаттиқ чеклаб келган. 1883 йилда мазкур ценз Янги Зелландияда бекор қилинди, шундан кейинги йилларда, хусусан, иккинчи жаҳон урушидан кейин дунё мамлакатларининг кўпчилигида бу цензга чек қўйилди. 1920 йилда АҚШда, 1928 йилда Англия­да, 1944 йилда Францияда, 1945 йилда Италияда, 1956 йилда Грецияда ва 1971 йилда  Швейцарияда  хотин-қизларга  сайлов ҳуқуқи берилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасига биноан хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқ­лидирлар, шунингдек, бу ҳуқуқ сайлов жараёнига ҳам тегиш­лидир.

Сайлов тизимининг демократик моҳияти сайловнинг умумий бўлишида, яъни барча фуқароларнинг сайловда иш­тирок этишидагина эмас, шунингдек, сайловнинг тенг бўли­шида ҳамдир. Умумий ва тенг сайлов принциплари ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, бир-бирини тўлдиради. Умумий сайлов бўлмаса, тенг сайлов ҳам бўлиши мумкин эмас.

Тенг сайлов ҳуқуқи – 18 ёшга тўлган барча фуқаро­ларнинг сайловда тенг шароитларда қатнашишларини англа­тади. Сайлов ҳуқуқининг тенглиги тамойили ҳар бир сай­ловчи фақатгина битта сайловчилар рўйхатига киритилиши, фақат битта овозга эга бўлиб, сайловда тенг асосларда қатнашиши мумкинлигида ўз ифодасини топган. Бу борадаги тенглик сайлов округларини сайловчилар сонининг баробар бўлиши қоидаси асосида тузиш билан ҳам таъминланади.

Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи – бу бевосита овоз бериш бўлиб, у асосида Президент сайловида қатнашаётган фуқаролар одатда номзодлар учун ўзлари яшаб турган жойларда овоз берадилар. Уларнинг овози ҳал қилувчи ролъ ўйнайди. Айрим мамлакатларда Президент фуқаролар томонидан тўғридан-тўғри сайланмасдан, балки сайловчилар томонидан сайланган тан­ловчилар (сайловчиларнинг вакиллари) орқали (масалан, АҚШда) ёки махсус тузилган органларда (Германия) ёки парламентда (Чехия, Словакия) сайланади.

Яширин овоз бериш — овоз беришнинг демократик усули. Сабаби, овоз бераётган шахсга ҳеч қандай ташқи таъсир бўлмайди, у яширин хонада якка ўзи хоҳишига кўра овоз беради. Унинг кимга қандай овоз берганини ҳеч ким била олмайди, бу эса овоз берувчига эркин ҳаракат қилиш имконини беради.

Ўзбекистон Республикасининг Конституция ва қонунида сайланадиган Президент олдига муайян талаблар қуйилган. Аввало, Президент бўлиб сайланадиган шахс Ўзбекистон фуқароси бўлиши керак. Фуқаролиги бўлмаган ёки чет эл фуқаролари Президент лавозимига сайланмайди. Айрим мамлакат­ларда фақат туғилиш орқали фуқароликка эга бўлган шахсларгина Президент бўлиб сайланиши мумкин (масалан, АҚШ, Колумбия, Монголия, Филиппин, Намибияда). Бу мамлакатларда кейинчалик фуқароликка эга бўлганлар Президент бўлиб сайланиш ҳуқуқига эга эмасдир. Ўзбекистонда фуқароликка қай тарзда эга бўлганликнинг Президентликка сайланишда аҳамияти йўқ. Президентликка 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, сайловгача камида 10 йил Ўзбекистонда муҳим яшаган фуқаролар сайланади. Хорижий мамлакатлар қонунларида Президентликка сайланувчиларнинг ёши турлича: 30 ёшдан (Колумбияда) 50 ёшгача (Италияда) белгиланган. Айрим мамлакатларда (масалан, Францияда) ёш чегараси белгиланмаган. Сайланиш ҳуқуқига эга фуқаролар Президент бўлиб сайланиши мумкин. Ўзбекистонда Президентлик учун ўрнатилган 35 ёш энг маъқул ёш бўлиб, бу ёшда инсон ҳар томонлама шаклланади. Президент бўлувчи шахс давлат тилини яхши билиши, шу тилда ўз фикрини равон тушунтириши, давлат тилида ёзилган ҳужжатлар билан мустақил ишлай олиши лозим.

Президент бўладиган шахсга нисбатан мамлакатда сайловгача ўн йил муҳим яшаши кераклиги талаби ҳамжаҳон тажрибасида учрайдиган ва демократик тамойилларга зид бўлмаган талабдир. Болгария ва Монголияда Прези­дентликка даъвогар шахс сайловдан олдин охирги 5 йилда, Македонияда кейинги 15 йилнинг (сайловдан олдинги) камида 10 йилида мамлакатда дои­мий яшаган бўлиши керак. Агар шу белгиланган даврларда узилиш бўлса, ундай шахс Президент бўлиб сайлана олмайди. Ўзбекистон Республикасида Президент 7 йил муддатга сайланади. Мамлакатимизда 2002 йил 27 январда ўтказилган референдум натижаларига ва Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 4 апрелдаги “Референдум якун­лари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий қонунига кўра Президентнинг ваколат муддати беш йилдан етти йилга ўзгартирилди.

Юқоридагилардан ташқари, Ўзбекистон сайлов қонун­чилигида халқаро нормаларга мос равишда сайлов ҳуқуқи­нинг асосий, Конституциявий принциплари билан бир қатор­да қуйидаги умумий принциплари ҳам ўз ифодасини топган:

Ихтиёрийлик тамойили, фуқароларга ўз сайлов ҳуқуқини ҳеч бир ҳаршиликсиз амалга ошириш имкониятини таъ­минлашга, шунингдек, уларнинг ўзини намоён этиш, йиғин­лар ва жамоат бирлашмаларида қатнашиш эркинлиги каби ҳуқуқлари бутун сайлов жараёни давомида риоя этилишига ишончни таъминлашга ҳаратилган. Бу принцип Ўзбекистон­нинг сайлов тўғрисидаги барча қонунларида ўз аксини топ­ган. Бундан ташқари фуқаролар сайловларда қатнашишлари ёки қатнашмасликлари ҳам мумкиндир. Сайловларда қатнаш­маслик учун эса жавобгарлик  белгиланмайди. Бу эса бошқа баъзи давлатлардан фарқ қилувчи хусусиятларимиздан бири­дир. эркин сайлов ҳуқуқининг амалга оширилиши фуқаролар ижтимоий фаолллигининг ошиб боришига хизмат қилади. Бундай жамиятда фуқаролар турли соҳаларда давлат томони­дан амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларга бефарқ бўл­майдилар.

Ошкоралик тамойили, сайловлар ошкоралик тамо­йилларига асосланган қонунларга мувофиқ ўтказилишини кўзда тутади. Ошкоралик сайлов жараёнида қонунга хилоф ҳаракатларга чек қўяди. Шундай қилиб, овозларни санаш сайлов участкаси даражасидан тортиб, то Марказий сайлов комиссияси даражасигача ҳам ошкора кўрилиб тасдиқланган бўлиши шарт. Овозларни санаб чиқишда номзодларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашма­лари вакиллари, миллий ва хорижий кузатувчилар, шунинг­дек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин. Бу жараёнлар сайловларнинг яширин ўтказиш принципига зид келмайди, балки ҳаққоний асосда ўтишини таъ­минлайди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ошкоралик принципи Ўзбекистоннинг сайлов тўғрисидаги ҳамма қонунларида ўз аксини топган.

Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сай­лов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссия­ларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақтидан воқиф этадилар, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иш­тирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таниш­тирадилар, қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қиладилар.

Ўз навбатида оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.

Адолатлилик тамойили. Сайлов жараёни барча ишти­рокчилари учун тенг шароитлар, ҳамда сайловчиларнинг барча номзодлар ва уларнинг дастурлари хусусидаги ахбо­ротга эга бўлишлари таъминлаши лозим. Ушбу принцип Ўзбекистоннинг сайлов тўғрисидаги қонунларининг мазму­нига сингдириб юборилган. Маълумки, ҳозирги сайлов қонунчилигимизга биноан Президентликка номзодлар кўрса­тиш ҳуқуқига сиёсий партиялар ва бевосита фуқаролар эга­дирлар. Бунда сайлов ҳуқуқига эга бўлган барча фуқаролар бир хилдаги ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланадилар. қонунларда Президентликка номзодларга қўйиладиган талаблар ҳам ҳамма сайланувчилар учун тенг асосларда белгиланган1.

Демократик давлатларда умумэътироф этилган тамо­йиллар асосида шаклланган ва амалда бўлган сайлов ўтка­зишнинг демократик принциплари мазмун-моҳиятини қуйидаги тартибда санаш мумкин:

  • Конституциявий давлат тузилишига мос бўлган сай­лов тизими ва сайлов ҳуқуқининг замонавийлиги тамойили;
  • сайловни ташкил этиш ва уни ўтказишда қонун ус­туворлигига эришиш тамойили;
  • сайловнинг халқчиллиги тамойили;
  • сайловнинг тежамкорлигига эришиш тамойили;
  • сайловда барқарорлик, ҳаққонийлик, юксак маъна­вият ва инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилиниш тамойили;
  • сайловнинг уюшқоқлигига эришиш тамойили ва бошқалар.

Ушбу принциплар жаҳон мамлакатлари ҳаётида, тарихий ривожланиш тажрибалари асосида табиий равишда вужудга келган бўлиб, бу принципларга тўлиқ амал қилган жамиятгина демократик ҳуқуқий давлат қуриш мақсадига эришиши мумкин.

Сайловнинг халқчиллиги ташкил этилаётган органнинг миллийлигига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқдир. Демак, сайловда халқчиллик принципига эришиш биринчи навбатда эркинлик, умумийлик, тенглик принципларини таъминланиши билан боғлиқ бўлса, иккинчи жиҳатдан давлат ҳокимияти органларини ташкил этишда ҳар бир миллат ўз тарихий давлат бошқаруви тажрибасига таяниб унинг тузилишини белгилаб олади ва ўз олдига қўйилган мақсадларига эришиш учун шарт-шароит яратади. Шунингдек, сайловни халқчил: оммавий бўлишини уюштиришда кўпгина давлатларда уни ўтказиш кунига катта эътибор берилади. Бу ҳам ўз навбатида сайловларни оммавийлаштиришга хизмат қилади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар ва тадбирлар аҳолига нормал ҳаёт тарзини таъминлаш ҳамда сиёсий плюрализмни ривожлантиришга ҳаратилгандир. Сайловларда ҳаққонийликка эришиш барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари таъминланишининг кафолати ҳисобланади.

Давлат бошлиғи ва қонунчилик органи — парламент, тинчлик, барқарорлик ва ҳаққонийлик рамзидир ҳамда ҳар қандай демократик жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафилидир.

“Сайловлар одамларнинг маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, қабилачилик белгилари асосида ажралиб кетишига ҳам сабаб бўлмаслиги керак. Асоссиз равишда бир-бирининг обрўсини тўкиш, ҳақоратлаш, ҳар хил беъмани “ўйинлар“ уюштириш сингари нохуш ҳолларга йўл қўймаслиги зарур”1.

Сайловларда инсон ҳуқуқлари ва аҳлоқ қоидаларига риоя қилиниши мазкур амалиётнинг юқори савияда ҳамда чет кузатувчиларининг ҳурматига сазовор бўлишга олиб келади. Сайлов олди кампаниясида номзодларнинг бир бирини обрўсини тўкиши фуқароларнинг ишончсизлигига сабаб бўлади.  Бундай ҳолатлар айниқса, Россия Федерациясида оҳирги Давлат Думасига ўтказилган сайловларда матбуот орқали бериб борилди. Уларда бир-бирини сайловда обрўсини тўкиш табиий ҳол деб қаралиб, демократиянинг аҳлоқ чегараларидан чиқиб кетилди.

Сайлов жараёнларида барқарорликка, ҳаққонийликка, юксак маънавиятли ўтказилишига эришиш ва бунинг натижасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланиши муҳим бўлиб ҳисобланади.

Дунё демократик давлатлари қонунчилигида сайловларнинг ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлаш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Сайлов учун ажратилган маблағлар уни ташкил этувчи алоҳида орган томонидан тежамли сарф-ҳаражат қилиниш режалари асосида белгиланади. Тизимдан кам вақт ва маблағ сарфлаб  самарали натижага эришишга барча шарт шароитлар яратилган бўлмоғи лозим.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган сайловларда қилинадиган сарф- ҳаражатлар давлат бюджетидан қопланади. Ўзбекистон Республикасининг сиёсий партиялари, жамоат бирлашмалари, корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари ўз маблағларини ихтиёрий равишда сайлов ўтказиш учун беришлари мумкин. Бу маблағларни марказий сайлов комиссияси сайлов вақтида фойдаланиш учун қабул қилиб олади, деб белгиланган. Бу эса сайловни тенглик принципида ўтказилишини таъминлайди. ҳамма сайловда ортиқча дабдабабозликларнинг бўлишига чек қўяди ва бошқа манбаалардан келиб тушадиган маблағларни ҳаражат қилиниши тежамли бўлади.

Франция Республикасининг сайловини тежамли ўтказилишини таъминлашда номзодларга маъсулият юклайди. Масалан, Президентликка сайлов тўғрисидаги қонуннинг 14-моддасига биноан, номзод ўз шахсини халққа таништириш ва дастурини эълон қилиш тадбирлари шахсий ҳисобидан бўлиши белгиланган. Яна шуниси эътиборга лойиқки, қонуннинг 5-моддасига биноан номзод сайлов куни эълон қилинганидан кейин 17 кун ичида яшаш жойида жойлашган омонат кассага 10000 франк қўйиши керак.

Сиёсий партиялардан сайлов учун ўтказилган маблағлар ҳам Миллий Комиссия назорати остида тенглик принципига риоя этилган ҳолда ҳаражат қилинади.

“Республика Президенти сайловига оммавий овоз бериш тўғрисида”ги 1964 йил 14 мартдаги Франция давлатининг қонунида, сайловни ташкил этиш ва уни ўтказиш учун кетадиган ҳаражатлар, сайлов Конституциявий Кенгаш томонидан эълон қилинганидан кейин сайлов кампанияси қонунда белгиланган тартибда ўтказилишини назорат қилиш учун тузилган Миллий Комиссия ихтиёри билан амалга оширилади. Шунингдек, Президентликка номзодлар ўртасидаги тенгликни таъминланишига доир ва бошқа сайлов муаммолари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун тегишли ваколатли органларга мурожаат қилиш мумкин.1

Франция ва Ўзбекистон Республикалари сайловларида давлат бюджетидан ўтказилган маблағ асосан, сайлов бюллетенларини нашр қилиш ва уни овоз беришга тайёрлаш, сайлов учун кетадиган қоғозларнинг ҳаражатини, афишалар тайёрлаш ва уни тегишли жойларга ёпиштириш ва комиссиялар фаолияти учун кетадиган сарф-ҳаражатлардан иборатдир.

Германия Федератив Республикасининг 1975 йил 1 сентябрда қабул қилинган “Бундестаг сайлови ҳақида” қонунида давлат бюджетидан сайлов учун ажратилган маблағлар федерал сайловини ўтказиш раҳбари томонидан тақсимланади. Федерал сайловини ўтказиш раҳбари қонунда ички ишлар вазири томонидан тайинланади. Раҳбар ўлкалар бўйича тузилган сайлов округлари ва сайлов комиссиялари фаолиятини молиявий таъминотини белгилайди ва уни назорат қилади. Уларнинг раҳбарлари ва ўринбосарлари ўлка ҳукумати томонидан тайинланади. Бу эса сайловнинг ўтказилишида бир-бирининг устидан назоратни кучайтириш принципини таъминлайди ҳамда ажратилган маблағнинг аниқ мақсадга ишлатилишини кафолатлайди. Яна шуниси диққатга сазоворки, давлат бюджетидан сайловда сиёсий партиялар фаолиятининг таъминланиши учун маблағ ажратилиши Асосий қонунида белгиланган. Шунингдек, «Сиёсий партиялар ҳақида»ги қонунида, сайловда сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларга сайловчиларнинг берган овоз сонига қараб давлат томонидан бериладиган сумма миқдори кўрсатилган. Бу эса сиёсий партиялар фаолиятида сайловчиларнинг овози учун кескин курашни келтириб чиҳаради. Албатта, Германия қонунчилигида бундай ҳолатнинг белгиланиши миллий тафаккур махсулидир. Шундай бўлса ҳам, ҳар қайси давлатда сайловларнинг тежамли ўтказилиш принципи доимо долзарблигича қолмоқда. Чунки, унинг ўтказилиши учун жуда катта маблағ ҳаражат қилинади.

Республикамиз қонунчилиги барча сиёсий кучларга ўз имкониятлари доирасида эркин фаолият юрита олиш шарт шароитларини  яратиб беради. ҳар бир партия ёки сиёсий кучлар қонунлар доирасида сайловчилар овози учун тарғиботлар орқали курашишларига имкониятлар яратилган.

Жамият ва алоҳида олинган шахс ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий мезонини ўрнатилиши натижасида унинг иштирокчиларига ўзини намоён этиши учун ҳар бирининг ҳаракат доираси ўзига хос ва мос равишда белгиланган. Бу эса улар ўртасидаги муносабатларнинг келиб чиқиши ва ривожланишида ўзаро келишмовчиликларга барҳам беради.

Ўзбекистон Республикаси сайлов тўғрисидаги қонунларида ҳам ошкоралик принципи алоҳида моддаларида ўз ифодасини топган. Масалан, қонунчилигимизда белгиланишича, сайловларни ташкил этиш ва уни ўтказишда қатнашаётган сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, давлат ва жамоат идоралари ўз фаолиятларини очиқ ва ошкора олиб борадилар.

Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақтидан воқиф этадилар, сайловчиларнинг рўйҳатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйҳати билан таништирадилар, илгари сурилаётган номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва харакатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли хужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловга камида ўн беш кун ҳолганида маълум қиладилар.

Хорижий мамлакатларда ҳам сайлов органлари фаолиятининг натижали бўлишини таъминлаш учун, асосан, ошкоралик принципи қўлланилади. Масалан, Германия Федератив Республикасининг Бундестаг сайлови ҳақидаги қонунининг бешинчи бўлими, “Сайлов ўтказиш тартиби” деб номланган бўлиб, унинг 31-32 параграфларида сайлов ўтказилишида ошкоралик принципининг қўлланиши белгиланган.1

Шунингдек, Франция Республикасининг 1964 йил 14 мартда қабул қилинган “Умумий овоз бериш йўли билан республика Президенти сайлов ҳақида”ги қонунини “Сайлов кампанияси” деб номланган иккинчи бўлимида, Франция Республикаси Президенти сайловида ошкораликнинг таъминланиши мазкур қонунда белгиланган нормаларга қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилади. Ушбу бўлимнинг 12-моддасида: “Сайлов компаниясида номзодларнинг тенглиги миллий ахборот воситалари ва бошқа оммавий ахборот воситалари ва матбуот орқали ўзларини намоён этишда ўз ёзма маълумотларини эълон қилишда таъминланади”,- дейилган.

Шундан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, ҳар бир давлат ҳаётида сайловнинг ошкоралиги уни фақат зиддиятларсиз ўтказилишига хизмат қилиб ҳолмасдан, унинг қонунийлигини ҳам кафолатлайди.

Маъруза адоғида тарихчи олим мустақил ишлаш учун қуйидаги савол ва топшириқларни ўқиб эшиттирди:

  1. Маҳаллий кенгаш депутатлигига бўлиб ўтадиган сайлов йўналишлари ҳақида қандай фикрга эгасиз?
  2. Ўзини – ўзи бошқариш органлари расиларини сайлаш тартиби қандай олиб борилади?
  3. «Сайлов» тушунчасига берилган таърифларни таққосланг ва ўз муносабатингизни билдиринг.
  4. Сайловнинг қандай турларини биласиз? Улар орасидаги ўхшашликлар ва фарқларни санаб кўрсатинг.
  5. Сайлов жараёни ва унинг босқичларини семинар дарсларида муҳокама қилинг. Агар сиз бирор бир партиянинг тарғибот ташвиқот ишлари бўйича масъул бўлсангиз сайловолди режасини қандай тузган бўлар эдингиз?
  6. Пропорционал ва мажоритар сайлов тизимлари орасидаги фарқни, унинг ижобий ва салбий жиҳатларини изоҳлаб беринг.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Сенатига сайловлар тўғрисидаги қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонунларни ўрганиб чиқинг ва асосий жиҳатларини ёзма равишда изоҳлаб беринг.

2

Таниқли тарихчи олим Файзулла Эрназаровнинг интерфаол тарзида ўтказган машғулоти тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

тингловчи, халқ депутатлари Тошкент шаҳри Олмазор туман Кенгаши депутати

 4

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

1 Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. 12-том. – Т.: Ўзбекистон 2004. Б. 163.

1 Ўзбекистон Республикасининг  Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон. 2012. –Б 5.

2 Қаранг:  ЕХҲКнинг инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген кенгаши ҳужжатининг 1 қисм 6-моддаси. «ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари бўйича ҳужжатлари», А.Саидов муҳаррирлиги остида, Тошкент,2002 йил, -Б. 52.

[1] Қаранг:  Droit constitutionnel et libertes, Edition SIREY, 1998,pp 50-52

1Каримов И.А. Ватан озодлиги – олий саодат. Биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг XV сессиясидаги маърузаси. 1998 йил 19 август. // Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. Т.8. – Т.: Ўзбекистон, 2000, -Б. 528.

 

1 Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз – Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. – Т.: «Ўзбекистон», 2005. – Б.30.

2 Саидов А. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайлов тизими. — Т.: ТДЮИ нашриёти, 2005. – Б. 44.

1 Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз – Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. – Т.: «Ўзбекистон», 2005. – Б.33.

1 Каримов И.А. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. Т.3. – Тошкент: Ўзбекистон, 1996. – Б. 20.

[3] Каримов И.А. Парламент – жамият ҳаётининг кўзгуси // Ўзбекистон демократик тараққиётнинг янги босқичида. Тўплам. – Тошкент: Ўзбекистон, 2005. – Б. 13.

1 Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида”ги конституциявий қонуни // Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ахборотномаси. – 1994. – № 10. – 250-модда.

1 Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонуни // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси. – 1997. – № 2. – 36-модда.

2 Каримов И.А. Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. Т. 8. – Тошкент: Ўзбекистон, 2000. – Б. 483.

1 Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги конституциявий қонуни // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси. – 2002. – № 12. – 213-модда.

2 Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонуни янги таҳрири // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси, 2003. – № 9–10. – 132-модда.

3 Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонуни // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси. – 2004. – № 5. – 86-модда.

[4] Ҳусанов О.Т. Конституциявий ҳуқуқ. Тошкент: Илм Зиё, 2006. – Б. 210.

1 Абдусатторов Ж. Янги парламент сайловларида сиёсий партияларнинг роли // Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари. – Тошкент, 2004. – № 4. – Б. 43.

1 “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни (янги таҳрир) // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси. 2003. №9-10.132-модда.

1 Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси Т, «Ўзбекистон” 2010 йил

1 Конституционное (государственное) право зарубежных стран. (учебник). – Особенная часть. Страны Европы. (Авторский коллектив). – Москва, «Бек», 1997. – С. 121.

1 Каримов И.А. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. Т.8. – Т., Ўзбекистон, 2000. – Б. 61.

1 Тўлаганов А.Т. Давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини ташкил этиш. (дарслик). – Т., ТошДЮИ, 2002. –Б. 39.

2 Каримов И.А. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. Т.8. – Т., Ўзбекистон, 2000. –Б. 62.

1 Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонуни янги таҳрири // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборотномаси, 2008. – № 12. – 637-модда.

1 Аҳмедов Д.Қ., Ҳошимхонов А.М. Ўзбекистон Республикасида сайлов ҳуқуқи ва жараёни. –Т.: ТДЮИ нашриёти, 2007. – Б. 45.

1 Каримов И.А. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. Т.8. – Т., Ўзбекистон, 2000. – Б. 63.

1 Чиркин В.Е. Конституционное право зарубежных стран. Ч-64. Практикум. – М., Юрист, 1999. – С. 163.

1 Чиркин В.Е. Конституционное право зарубежных стран. Ч-64. Практикум. – М., Юрист, 1999. – С. 165.

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *