Майдонда «Шунқорлар»
Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ва 14 январь –
Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мубосақаси ташкил этилди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида ЎзМУ Ҳарбий, Жисмоний тарбия кафедралари профессор-ўқитувчилари, Маънавият-маърифат маркази, Ҳаёт-фаолият хавфсизлиги, Тиббий тайёргарлик бўлимлари масъул ходимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти фаоллари, талабалар иштирок этдилар.
– Эгниларига ҳарбий либослари ярашиб турган азамат талабаларимизнинг чинакам аскарлар – Ватан ҳимоячилари каби саф тортиб туришларини кўрган киши қалбида ғурур ва ифтихор туйғуси жўш уриб кетади,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов тадбир иштирокчиларини самимий қутлаб.– Негаки, Сиз асл Алпомиш авлодларисиз, дунёга довруқ солган Соҳибқирон, буюк саркарда бобомиз Амир Темурнинг ҳақиқий ворисларисиз! Барчангизни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни олдидан чин дилдан муборакбод этаман!
Маълумки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз шакллантирилганини ҳамиша эҳтиром билан эслаймиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 20 декабрдаги фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини янада кўтаринки руҳ билан нишонлаймиз. Шу муносабат билан Миллий университетимиз ҳарбий кафедраси ва спорт мажмуасида талабалар жамоалари ўртасида “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақаси ташкил этилиши ана шу байрамларга ўзимизга хос туҳфамиз бўлади, деган умиддаман. Бундай маърифий тадбирлар Сиз азиз ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини, она Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш йўлида мардлик, қатъиятлилик фазилатларини янада мустаҳкамлашга, юртимиз тарихини, аждодларимизнинг бой мероси ва анъаналарини чуқурроқ ўрганишингизга хизмат қилади, албатта.
Айтиш жоизки, бундай тадбирлар талаба-ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, улар ўртасида ўзаро маданий-спорт алоқаларини йўлга қўйишда ғоят муҳим ўрин тутади.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг Миллий университетимиз жамоалари ўртасида ўтказиладиган ҳарбий-спорт мусобақаларига старт берилди.
Уч кун давом этадиган мазкур мусобақа ғолиблари 1-, 2-, 3-даражали “Диплом” ва эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.
Эркин Усмонов,
ЎзМУ газетаси мухбири
Сўнгги фикрлар