Мактабларда ижодий-маданий муҳит такомиллашади
Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар
ва бунёдкорлик ишлари натижасида халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши замонга мос равишда ўзгариб бормоқда. Жамиятимизда «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган ҳаётбахш ғоя муҳим ижтимоий воқеликка айланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5040-сон Қарори бу борада муҳим қадам бўлди.
Мазкур қарорда, маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизим мавжуд эмаслиги, халқимиз, айниқса ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида етарли даражада ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмаётгани қайд этилган. Шу билан бир қаторда мавжуд муаммоларни ҳал этиш, маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, мамлакат аҳолиси, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини яратиш мақсадида қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлашни йўл қўйиш зарур.
Қарорда белгиланганидек, таълим ташкилотларида маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича алоҳида тартиб жорий этилган бўлиб, унга кўра ҳар бир умумтаълим муассасасида жорий этилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини молиялаштириш учун 2021 йил 1 апрелдан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 0,5 штат бирлиги ажратилиб, унинг иш ҳақи миқдори умумтаълим муассасаси олий маълумотли ўқитувчиси учун ўрнатилган базавий тариф ставкаси миқдорида белгиланган.
Мазкур вазифани тўлақонли амалга ошириш мақсадида биз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ҳар бир умумтаълим мактабимизга бир нафардан таниқли ёзувчи, шоир ва публицистларни ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимига жалб этдик.
Мактабларда ижодий-маданий масалаларни такомиллаштириш мавзусига бағишланган давра суҳбатида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати Тўлқин Эшбек, Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими Маъмура Зоҳидова ўқувчи-ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчининг асосий вазифалари ҳақида атрофлича сўз юритдилар.
Давра суҳбатида қайд этилганидек, мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг вазифалари асосан қуйидагилардан иборат:
- Ижодий қобилиятга эга бўлган ўқувчиларни аниқлаш ва саралаш билан шуғулланади.
- Ўқувчиларнинг ижодий ишлари билан мунтазам танишиб боради, уларга ижодий жиҳатдан йўл-йўриқ кўрсатади.
- Ижодий тўгараклар ташкил этади ва режа асосида маҳорат сабоқларини олиб боради.
- Ёрқин истеъдодга эга бўлган ўқувчи-ёшларни Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган турли ижодий танловларга жалб қилади, уларнинг ижодий ишларини адабиий нашрларга, альманахларга тавсия этади.
- Истеъдодли ижодкор ўқувчиларни атоқли адиблар номидаги ижод мактаблари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали келажакда уларнинг ижод мактабларида таълим олишларига мотивация беради.
- Ўқувчилар ўртасида турли адабий, ижодий танловлар, фестиваль вабошқа тадбирлар ташкил этади.
- Ўқувчилар ўртасида китобхонликни ривожлантириш ва китоб мутолаасини тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни олиб боради.
- Таниқли ёзувчи ва шоирларни жалб қилиш орқали умумтаълим мактабларида адабий-бадиий кечаларни ташкил этади.
- Ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара дурдоналарини тарғиб қилиш орқали ўқувчи-ёшлар онгида умуминсоний ва миллий қадариятларни шакллантириш, ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш бўйича мунтазам равишда иш олиб боради.
- Бадиий адабиёт, ижодий жараёнларга қизиқтириш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож, тарбияси оғир болаларнинг маънавий-руҳий ҳолатини яхшилашга ёрдам беради.
Мана шу муҳим вазифаларни самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли ёзувчи-шоирлар билан давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказиб турилиши мақсадга мувофиқдир.
Бугун ҳар бир ўқитувчи-мураббийлар мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ёшлар мафкурасига таъсири, уни оммалаштиришнинг анъанавий ва замонавий методикалари ва технологияларидан етарли даражада хабардор бўлишлари зарур. Педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов таъбири билан айтганда: “Биз бирлашсак – қоямиз, бирлашмасак соямиз!” Маънавиятни болага бешикдан, оила, болалар боғчасидан, мактабдан ўргатиш керак. Чунки маънавиятсиз инсон ҳеч қачон маданиятли бўлмайди. Дейлик, оилада янги фарзанд туғилди. Унинг тили чиққанда биз унга аввало катталарга салом беришни, уларнинг гапига қулоқ солишни, ота-онани, ўзидан катталарни ҳурмат қилишни ва ҳоказоларни ўргатамиз. Дунёдаги ҳамма халқларда ҳам бу одат йўқ. Бу ўзбекона одат, ўзбекона маънавият. Чунки, маънавият инсоннинг ўзлигини, ота-боболарининг кимлигини англаши, уларнинг эътиқодига амал қилиши. “Узлуксиз маънавий тарбия” Концепцияси ана шу улуғ мақсадга хизмат қилади. Айни дамларда ёшлар билан виждонан ишлаш ҳар бир мутасаддининг кундалик машғулоти бўлиши лозим.
Яхшигул ШОДИЕВА,
Тошкент шаҳар Олмазор тумани халқ таълими бўлими мудири,
Гулистон ҚОДИРҚУЛОВА,
Тошкент шаҳар Олмазор тумани халқ таълими бўлими маънавий ахлоқий
тарбия ва болаларни ижтимоий ҳимояси шўъбаси раҳбари
Сўнгги фикрлар