Ўтган йили Дониш домла (Тўлқин Эшбек) Сирдарё вилоятига ташриф
буюрганларида воҳамиздаги ўзгаришлар ҳақида материллар тўплаб, бир неча мақолалар ёздилар. У кишининг вилоятимиз шифокорлари ҳақида битган “Жонга жон шифокорлар” публицистик мақоласи “Адиб ва жамият” сериясида “Тафаккур” нашриётида чоп этилган “Сирдарёдаги улуғвор ўзгаришлар” тўпламида дунё юзини кўрди.
Адиб Сирдарёдаги сафар чоғида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан маҳаллий ижодкорларнинг уруш фахрийлари ҳақидаги битикларини ҳам тўплаб кетдилар. Камина ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, боёвутлик пулемётчи Ўскан бобо Ҳожиманов ҳақида “Ёв йўлини тўсган Ўскан” сарлавҳалиғ лавҳамни тақдим этдим. Дониш домла фейсбукдаги саҳифасида “Нуроний” кутубхонаси туркумида “Ўқитувчи” НМИУда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳомийлигида “Мардлик мактаби” деб номланган китоб босилиб чиққанлигини хабарлади. У кишининг гапи бўйича, Тошкентда китобнинг тақдимоти ўтказилиши керак эди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу маърака ўтмай қолди.
5 август куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ўтбосар ота Абдиев сим қоқиб, бошқармага “Мардлик мактаби” китобидан 2 нусха келганини, унда менинг ҳам мақолам борлигини суюнчилаб қолди. Китобни иштиёқ билан қўлимга олиб, мақолаларни бир-бир кўздан кечириб чиқдим. 22 босма тобоқдан иборат қалин китобдан академик Матёқуб Қўшжонов, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, халқ шоирлари Тўлан Низом, Маҳмуд Тоир, Сиржиддин Саййид, Энахон Сиддиқова, таниқли адиблар Ўткир Раҳмат, Саъдулла Ҳаким, Тўлқин Ҳайит, Шарифа Салимова, Қутлибека Раҳимбоева, Ҳаким Сатторий, Ўктам Мирзаёр, Ғайрат Мажид ва бошқа ижодкорларнинг шеър, ҳикоя ва публицистик мақолалари ўрин олибди. Сирдарё вилоятидан эса менинг лавҳам киритилгани каминани бағоят хурсанд қилди.
Сўнгги фикрлар