Масофавий таълим-таълимнинг янги босқичи
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори ,
профессор Авазжон Мараҳимов билан блиц интервью.
— Авазжон Раҳимович, коронавирус пандемияси халқимиз бошига синовли кунларни солди. Ҳар биримиздан руҳий зўриқиш ҳолатлари ўтгани ҳам сир эмас. Пандемиядан деярли барча соҳалар азият кўрди. Бу айниқса ўз аксини таълимда яққол кўрсатди. Чунки, истаймизми йўқми, у хоҳ олий таълим, хоҳ мактабгача таълим, ўрта ва махсус таълим бўлсин туб бурилиш қилишга сабаб бўлди. Тезлик билан қарор қилиш ва жараённи янги форматда изга солиш учун сафарбарлик зарурияти туғилди. Шундай эмасми?
— Тўғри…бу ташвишли жараён бизни тезлик билан янги босқичга ўтишимизга мажбур қилди. Ўқув жараёни кетаётган бир ҳолатда, талабаларга навбатдан ташқари таътил берилди. Уларни соғ-омон уйларига кузатиш жараёни, уйда масофавий таълимга ўтиш ва билим олишни масофавий йўлга қўйиш ишлари бир ҳафта-ўн кун ичида амалга оширишни таъқазо этди. Жамоанинг саъи-ҳаракати билан бугунги кунга келиб ЎзМУда масофавий таълим тизими тўлиқ ишга тушди.
— Жамоангиздаги кайфият ва таълим жараёнидаги ҳолат қандай? Тўғриси, анъанавий усулдан масофавий таълимга ўтишда профессор- ўқитувчиларда ҳам тараддуд йўқ эдику… Адашмасам, бу тизимга бирдан ўтиш масаласи кун тартибида эмас эди.
— 2020 йил 27 мартда Ўзбекистон республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг Олий таълим муассасаларида масофавий таълимни жорий этиш тўғрисида 233-сонли буйруғига асосан жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб масофавий таълимга ўтиш жараёни бошланади. Шу билан бирга, босқичма-босқич олий таълим фанларидан масофавий таълимни йўлга қўйиш борасида янги ўқув йилига катта тайёргарлик кетаётган эди. Хабарингиз бор, янги ўқув йилидан кредит-модуль тизимига ўтиш режалаштирилган эди.
Бу тизим учун жамоада катта тайёргарлик, шаклланган база бор эди. Электрон ресурслар, видеомаърузалар эса ёзиб олиняпти, электрон ҳужжат юритиш ишлари ҳам харакатда …
— Талабаларни баҳолаш тизими қандай бўлади?
— Талабалар берилган маъруза, адабиётлардан фойдаланиб, топшириқларни фан ўқитувчиларига жўнатишади. Бу вазифалар баҳолаш Низоми асосида баҳоланади.
— Масофавий таълим олишда электрон ресурсга киришда талабалар қандай қийинчиликларга дуч келмоқда?
— Талабалар асосан интернет тизими масаласида мурожаат қилишмоқда…видеомаърузалар ҳам ёзилиш жараёнида. ЎзМТРК ва MAY 5 канали билан ҳамкорликда видеомаърузалар босқичми-босқич тайёрланяпти.
— Талабаларимизнинг стипендияси масаласида нима дейсиз.. Уларнинг март-апрель стипендиялари уларга етказилдими?
— Талабаларимизнинг нақд пул шаклида оладиган стипендияларини таътилга кетишлари олдидан етказиб бердик. Март ойидан карточкадаги стипендиялар ҳам берилди. Апрель ойидан тўлиқ пластик карталарга пул тўширилади. Бу масалада ташкилий жараён охирига етган.
— Талабаларга масофавий таълимнинг қандай афзалликлари бор?
— Бу пандемиядан кейин дунё шаксиз ўзгаради. Инсоният янги босқичга қадам қўяди. Таълимда ҳам қон алмашади. Масофавий таълимда ўз-ўзидан форма, кеч қолиш, давомат масалалари “кичик”лашиб, асосий куч ўқитувчидан билим беришга йўналтириш, талабадан билим олишга қаратилади. Талаба бугунги глобаллашув жараёнида янги информация олишнинг тезкор усулларидан фойдаланади. Унинг вақт тақсимоти, кундалик режаси бузилмайди. У ўзига қулай вақтда кириб, мавзуларни ўзлаштириши, вазифа ва топшириқларни олиши, уларни бажариши ва баҳоланиш имкониятлари кенгаяди.
Энг муҳими, бу таълим ёшларни фикрлашга, мустақил ишлаш , изланишга ўргатади.
ЎзМУ Ахборот хизмати
https://nuu.uz/uzc/press/news/events/ev-edu-process/1207
Judayam toʻgʻri gaplar yozilgan. Biz ham buni yaqinlarimizga va yoshlarga tushuntirishimiz kerak.