Мафтунингман, Самарқанд!
Самарқанд хотиралари 2016 йил ёзида қалбимга муҳрланиб қолган.
Устоз Сайди Умиров ва истеъдодли шоир Нодир Жонузоқ шахмат ўйнамоқда. Бош ҳакам Тўлқин Эшбек
***
Бетакрор сайқали ила рўйи заминни мафтун этган Самарқанд ижод аҳли учун ҳам туганмас илҳом манбаи ҳисобланади.
Буюк аллома Мирзо Улуғбек каби ўнлаб даҳоларга бешик бўлган бу шаҳарда сўз мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳам сабоқ олиб, камолга етган!
Самарқанд шаҳри ва вилояти ҳудудида таваллуд топган ижодкор борки, унга таъзим бажо айлайди, фахрланади, ғурурланади ва илҳом билан мадҳ этади!
Яқинда Самарқандда жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган катта маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда шу заминдан етишиб чиққан ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, ноширлар, мусаввирлар, рассомлар, ҳайкалтарошлар, ҳунармандлар ва маданият ходимлари иштирок этдилар.
Пойтахт Тошкент шаҳридан бор-йўғи 2 соату 7 дақиқада Самарқандга етиб келган “Афросиёб” поездидан тушган кишини дастлаб темирйўл вокзалидаги ажиб манзаралар мафтун этади. Нақадар чиройли ва бежирим вокзал биноси ичида йўловчилар, сайёҳлар учун муҳайё этилган қулайликларни кўриб баҳри дилингиз очилса, унинг теварак-атрофидаги анвойи гуллар, хиёбонлардан олам-олам завқ оласиз.
Самарқанд заминида улғайиб, бугунги кунда пойтахт шаҳримизда фаолият кўрсатишаётган ижодкорлардан ўттиз нафари ана шу масканда кутиб олинди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб вилоятнинг Нуробод туманида жойлашган Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи сари йўл олдилар.
Айтиш жоизки, инсон қаерга қадам ранжида қилмасин, аввало йўлларига разм солади. Самарқанд шаҳридан бутун вилоят туманларига туташиб кетган кафтдек текис асфальт йўлларидан борар экансиз, чор-атрофдаги манзараларни кўриб баҳри дилингиз очилади.
Кези келганда, бир пайтлари армон бўлган баъзи воқеаларни ҳам эслаб ўтиш ўринлидир. Собиқ мустабид тузум даврида чет элларга бориб-келиш унча-мунча одамга насиб этмасди. Юртимиз истиқлолининг дастлаб кунлариданоқ дунё эшиклари очилган. Ўшанда хорижга бориб-келганларнинг биринчи таассуротлари: “нақадар текис йўлларни кўриб ҳайратга тушгани” ҳақида бўларди. Бугун бундай гапларга ҳожат ҳам қолмаган бўлса-да йўлсозлар-у бунёдкорларнинг меҳнатига ҳарқанча таҳсин айтсак арзийди. Ўзимизнинг равон ва серфайз йўлларимизга энди ўзгалар ҳавас қилса неажаб!
Самарқанд шаҳрида жами 539 километрни ташкил этадиган 857 та кўчада шундай ажиб манзарани кузатиш мумкин. Бу ойдин кўчаларнинг 38 номдагиси (130 километри) кўҳна ва навқирон шаҳарнинг “қон томирлари” ҳисобланади. Ана шу серфайз кўчалар бўйлаб қадам ранжида қилсангиз 3250 та замонавий турар-жой бинолари ҳамда 1527 та турли замонавий иншоотларни кўриб ҳайратга тушасиз. Улар қаторида яна қад ростлаётган янги бинолар шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.
Кўчаларни таъмирлаш – айтишгагина осон. Азамат йўлсозлар ва қурувчилар ҳар бир кўчада қанчадан-қанча табиий газ, ичимлик суви қувурларини ва электр симёғочларини алмаштириш ёки янгидан ўрнатиш ишларини ҳам шижоат билан амалга оширмоқдалар. Кўчалар бўйлаб амалга оширилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини кўриб кўзингиз қувнайди. Хушманзара дарахтлар, анвойи гуллар, ажиб фавворалар дилга ҳузур бахш этади.
Ойдин кўчаларда бир олам таассурот билан Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига етиб келар эканмиз, бу ердаги манзараларни кўриб ҳайратга тушдик. Бир неча йил илгари кўрган “хароба жой”лардан асар ҳам қолмабди. Маълум бўлишича, 2015 йил сентябрдан бошлаб Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан улкан ҳажмдаги қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилибди. Самарқанд-Қарши магистрал йўлидан Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига олиб борувчи 6 километр йўл текисланиб, асфальтланган. Айни пайтгача зиёратгоҳ ҳудудидаги ички йўлнинг 650 метрига асфальт ётқизилиб, четларида 600 метрлик перила ўрнатилибди. Оқсой қишлоғидан зиёратгоҳгача бўлган йўлнинг 2 километр қисмига асфальт ётқизилган.
Зиёратгоҳдан тоғ тепасидаги ғорга кўтариладиган 1300 дан ортиқ зиналар 3 метрга кенгайтирилиб, перилалар ўрнатилиб жуда қулайлик яратилган. Ҳар 100 та зинадан кейин ён томонларда ўриндиқлар ўрнатилган, ёнида чиройли дўкончалар бунёд этилган. Зиёратгоҳ ҳудудида дам олиб, ҳордиқ чиқариш учун тадбиркорлар томонидан 25 та айвон, 1 та новвойхона, 8 та дўкон, 2 та маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси, 14 та яхна ичимликлар ва ширинликлар, рўзғор буюмлари, совғалар дўкони, 125 дона ёғоч чорпоялар эл хизматида. Айни пайтда бу масканда 50 ўринли меҳмонхона бунёд этилмоқда.
Ҳудуднинг тоза-озодалигини сақлаш, орасталигини таъминлаш мақсадида 600 метрли зинали йўлак ва 600 метрли доимо мусаффо, тоза булоқ суви оқиб турадиган бетон канал қурилган. 1,5 километр юқоридаги тоғдаги булоқлардан тоза ичимлик суви тортиб келинган. 700 метрлик масофага канализация қувурлари ётқизилиб, 200 метр куб ҳажмга эга бўлган чиқинди тўпланадиган иншоот бунёд этилган.
Тоғ тепасидаги ғорга олиб чиқувчи зиналар бошланадиган жойда замонавий катта шийпон ва дўкон қад ростлаган. Улар қаршисидаги бинонинг 48 квадрат-метрли деворига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, мусаввир Нуриддин Калонов мўйқаламига мансуб бўлган “Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи” деб номланган маҳобатли ранг-тасвирли композицияси манзараси туширилган.
Бу ҳудудда 600 тупдан ортиқ арча, каштан, қайрағоч, тут, гилос, ўрик ва бошқа турдаги мевали ҳамда манзарали дарахтлар, 10000 тупдан ортиқ турфа гуллар зиёратгоҳ кўркига кўрк қўшиб турибди.
Чинакам биҳиштга айланган манзаралардан дилинг яйраса, юзлаб, минглаб зиёратчиларнинг мамнун чеҳраларига боқиб, қалбинг ғурурга тўлади. Истиқлол неъматларини, халқимиз қанчалик шукроналар айтиб яшаётганларини мана шу пурвиқор тоғ бағридаги бетакрор зиёратгоҳда ҳам кўриб қувонасан.
Маънавий-маърифий тадбирнинг давоми Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонида ташкил этилган китоб ва газеталар кўргазмасига уланиб кетди. Бу ерда самарқандлик рассом ва ҳунармандларнинг ранг-баранг расмлари, кулолчилик буюмлари барчани ҳайратга солди.
Ижодкорларнинг давра суҳбатида Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, ёзувчи Абдусаид Кўчимов, журналист олим Сайди Умиров ва бошқалар муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов нинг адабиёт ва маънавиятимизга эътибори ижод аҳлини қанчалик илҳомлантираётганини алоҳида таъкидлашиб, Самарқандда бу борада амалга оширилаётган улуғвор ишларни юксак баҳоладилар.
Самарқанд вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири, таниқли шоир ва публицист Фармон Тошев фаол ижодкорлардан Комилхон Каттаев, Жумагул Сувонова, Исомиддин Пўлатовларнинг янги китоблари ҳақида сўз юритди.
Таниқли шоира Зулфия Мўминованинг “Самарқанджоним” сарлавҳали шеъри барчани ҳаяжонга солди:
Саодат шаҳрисан, сен гул шаҳрисан,
Сен юрак шаҳрисан, сен дил шаҳрисан,
Шоирлар шаҳрисан, кўнгил шаҳрисан,
Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним,
Мукаррам, муаззам, шариф шаҳарсан,
Неки гўзаллик бор таъриф шаҳарсан,
Олимлар шаҳрисан, ориф шаҳарсан,
Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним.
Сени бир кўришга зорлар қанчадир,
Тупроғинг ўполмай хорлар қанчадир,
Васлу-фироқингнингда абгорлар қанчадир,
Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним,
Соҳибқирон ётган нурли шаҳарсан
Илоҳий шаҳарсан, пирли шаҳарсан,
Мўьжиза шаҳарсан, сирли шаҳарсан,
Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним,
Томиримга туташ қишлоқларингму?,
Нақшу-нигорларинг пештоқларингму?,
Парилар сув ичган булоқларингму?,
Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним.
Самарқанд деганда титрайди жоним,
Дунёга ризқ берган буғдойим, доним,
Ушоғи ҳаётбахш Самарқанд ноним.
Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним.
Буюк давлатдирмиз сенингдирмиз биз,
Улуғ миллатдирмиз, сенингдирмиз биз,
У дунё, бу дунё, сенингдирмиз биз,
Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним,
Оламни уйғотган бедор шаҳарсан,
Мангу бахт шаҳрисан, баҳор шаҳарсан,
То дунё бор экан, сен бор шаҳарсан.
Самарқанд, Самарқанд, Самарқанджоним!
Тадбир иштирокчилари яқинда фойдаланишга топширилган ва бугунги кунда минглаб китобсеварларнинг севимли масканига айланган “Самарқанд китоб олами” мажмуасига йўл олдилар. Бу масканда Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари жамланган “Президент асарлари билимдони” ва “Сиёсий-ҳуқуқий китоблар” бўлимлари, қироатхона, вертуал китоблар маркази, “Хорижий нашрлар зали”, “Болалар зали”, асосий зал ҳамда замонавий услубда қурилган “Book cafe” барчани ўзига мафтун этади. Ҳар бир бўлим пештахталарида ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган эртаклар, бўяш китоблари, энциклопедиялар, ўйинли нашрлар, кўзи ожизлар учун брайл ёзувидаги эртак ва бадиий китоблар албатта эътиборингизни тортади.
Китоблар оламига саёҳат қилган ижодкорларда бу масканда 2500 минг номдаги 50000 мингдан зиёд китоб мавжудлигини, 30 та нашриёт билан ҳамкорлик ўрнатилгани, 42 нафар муаллиф билан ҳамкорлик шартномаси тузилгани ҳақидаги маълумотлар катта қизиқиш уйғотди. Мажмуада ёш оилалар, ота-оналар учун ҳам қулайликлар яратилган. Турли ўйинчоғу қўғирчоқлар билан тўлдирилган махсус бурчак болажонлар ихтиёрида.
Мазкур мажмуани бунёд этишда аввало кўпсонли китобхонлар учун қулай жой танлангани эътиборга моликдир. Яъни бино ҳудудидан 2 километр радиусда Самарқанд шаҳридаги 6 та олий ўқув юртлари, 3 та академик лицей, 3 та касб-ҳунар коллежи, уларнинг қарийб 2500 ўринли 8 та ётоқхоналари, 4 та мактаб, 50 дан ортиқ корхона-ташкилотлар ҳамда 420 та хонадондан иборат 10 та кўпқаватли уйлар жойлашган.
Тадбир иштирокчилари буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрдилар. Самарқанд вилоятида улуғ алломалар, юртимиз тарихи ва халқимиз ҳаётида ўчмас из қолдирган буюк сиймолар номи билан боғлиқ ўнлаб муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар ўтган йиллар давомида қайтадан чирой очганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилган ишлар айниқса эътиборлидир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 29 апрелдаги “Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ушбу ёдгорлик мажмуи Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги туфайли янгидан бунёд этилди. Мажмуа ички ва ташқи ҳовлиларида таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилгани сезилиб турибди. Бугун бу мажмуа мусулмон оламининг муқаддас қадамжоларидан бирига айланган.
Маънавий-маърифий тадбир Жомбой туманидаги энг сўлим масканлардан бири – Бешбола мажмуасида давом эттирилди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш борасида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, шу билан бир қаторда ижодкорлар олдида турган муҳим вазифалар ҳақида атрофлича сўз юритди.
Айтиш жоизки, айни пайтда вилоятда 2 та телевидение, 1 та радиостудия фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 3 та вилоят газетаси уч тилда, 16 та шаҳар-туман ҳокимликлари нашрлари, 10 та тармоқ ва идоравий, 21 та хусусий газета, 6 та журнал чоп этилмоқда.
1991 йилда 19 та оммавий ахборот воситаси – 16 та газета, 2 та журнал, 1 та телевидение фаолият кўрсатган бўлса, бугун уларнинг сони 56 тага етган. Соҳада эса 500 нафардан ортиқ журналистлар фаолият кўрсатмоқда. “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти қошида 10 йилдан буён “Журналистик маҳорат мактаби”дан кўплаб истеъдодли қаламкашлар етишиб чиқмоқда.
Вилоятдаги барча шаҳар ва туман газеталарининг деярли барчаси А2, яъни катта форматда, рангли чоп этилмоқда. Яқин ўн йилларда битта газетани чоп этиш учун камида 50 киши техник ишларни бажарган бўлса, бугунги кунда бу ишни 6-8 киши уддалаяпти. Битта газетанинг матнини териш, саҳифалаш, қўрғошин қолипга олиш ва чоп этиш учун камида 8 соат вақт керак бўлган. Ҳозир бу юмушларни кўпи билан уч соатда бажириш имконияти мавжуд.
Шаҳар ва туман газеталари муҳаррирларининг 10 нафари маҳаллий кенгашлар депутати этиб сайланган.
1990 йилгача вилоятда бирорта китоб нашриёти бўлмаган. Бугун эса 2 та нашриёт кўплаб китоблар нашр этаётир.
1991 йилда битта босмахона фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда вилоятда матбаа корхоналари сони салкам 90 тага етди. 3 та йирик босмахона замонавий полиграфия ускуналаридан фойдаланган ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Бошқа вилоятларнинг 22 та газетаси Самарқандда чоп этилади.
Самарқандлик бир гуруҳ ижодкорлар томонидан 1989 йилда илк бор кўрсатувлар тайёрлашга уринишлар бўлган. Ўша даврда вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётига оид кўрсатувлар Чўпонота радиоэшиттириш ва телекўрсатувларни эфирга узатиш марказидан оддий видеомагнитофонлар орқали телетомошабинлар ҳукмига ҳавола этилган. 1991 йилда монтаж ва эфир учун узатиш аппаратлари келтирилди. Ўша йили 6 июндан бошлаб вилоят телевидениесида ҳафтанинг душанба, чоршанба ва жума кунлари 3 соатлик кўрсатувлар тайёрланиб, эфирга узатилган.
Вилоят Телерадиокомпанияси қарийб бир йилдан буён барча шарт-шароитга эга бўлган янги бинода фаолият кўрсатмоқда. Теле ва радиостудияларда барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Айни пайтда теле ва радио ижодкорларнинг эфир вақтини суткада 18 соатга етказишга замин яратилган. СТВ телеканалининг кўрсатувлари ҳам томошабинлар қалбидан чуқур жой олиб, аудиторияси кенгайиб бораётгани эътиборга моликдир.
Республика газета-журналлари, радио ва телевидение каналларининг 60 нафарга яқин вакиллари вилоятда эришилаётган ютуқларини кенг ёритишда жонбозлик кўрсатмоқда.
Самарқандлик журналистларнинг 7 нафари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган. Ҳар йили икки-уч нафар ижодкор давлат мукофотлари билан тақдирланмоқда. Самарқандлик ижодкорлар “Олтин қалам” Миллий мукофотининг турли номинациялари бўйича 10 марта мукофотланган.
2016 йилда анъанавий тарзда ўтказиладиган “МТРК соврини” кўрик-танловининг “Энг яхши теледастур” номинациясида вилоят телерадиокомпаниясининг “Тамаддун бешиги” кўрсатуви бош совринни қўлга киритди.
Самарқандда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 22 нафар аъзоси ижодий фаолият билан шуғулланмоқда. Уларнинг 3 нафари Давлат мукофоти билан тақдирланган.
Ҳар йили самарқандлик ижодкорларнинг 30 га яқин китоблари чоп этилмоқда. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан кейинги йилларда Ватанимиз мустақиллиги байрами арафасида самарқандлик ижодкорларнинг тўпламларини нашр этиш анъанага айланган.
Вилоятда Республика Бадиий ижодкорлар уюшмасининг 82 нафар аъзолари, 43 нафар ранг-тасвир ва график рассомлар, 15 нафар ганчкор ва 11 нафар кулолчилик усталари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 2 нафари Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси – академик ҳисобланадилар. 10 нафар ижодкорлар Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан таъсис эътилган олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлган. “Чорсу” галереясида ҳар йили 15 дан ортиқ кўргазмалар ташкил этилаяпти.
Вилоят рассомларига йил давомида 190 га яқин буюртма келиб тушган бўлса, шу кеча-кундузда буюртма асосида вилоят ташкилотлари учун 60 тадан кўпроқ ранг-тасвир ва бадиий асарлари яратилган.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ахборот хизмати ва Журналистика факультети Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда алоҳида маҳорат мактаблари ташкил этган. Ўтган йили май ойида бу масканда ўтказилган “Ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ахборот хизматлари ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги” мавзуига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси ҳамда шу каби илмий-амалий анжуманлар етук журналист-кадрлар ва матбуот котибларини тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Маънавий-маърифий тадбир доирасида бир гуруҳ ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, Бадиий академия ва Ёзувчилар уюшмаси аъзолари вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шундай кезда қалбингда бир туғён жўш уради: “Мустақиллик менга нима берди, деб эмас, мен мустақилликка нима бердим?” деб ҳар биримиз ўзимизга яна бир бора савол беришимиз даркор. Юртимиз мустақиллиги берган неъматларнинг қиёси йўқ, албатта. Қалам аҳли эса зиммаларида қанчадан-қанча вазифалар, ғоят масъулиятли ишлар турганини ҳар лаҳзада ҳис этмоғи ва шунга яраша ижод қилмоқлари ҳам фарз, ҳам қарздир.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоcи
2016 йил, 6 июль
Сўнгги фикрлар