Маънавий агрессия

Ўзбек матбуоти ва ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлаётган

қуйидаги мақола бўлғуси журналистларимиз учун ўзига ҳос маҳорат мактабидир, дейди Дониш домла уни қунт билан мутолаа қилишга талабалари ва сайтимиз мухлисларини чорлаб. Ҳурматли Устоз Қозоқбой ЙЎЛДОШ билан ЎзМУ Журналистика факультетида ўтказилган ижодий учрашув катта сабоқ бўлган эди.

На изображении может находиться: 1 человек

ш2

Ўзбекда жуда топиб айтилган: «Даъвогар суст бўлса, қози – муттаҳам» деган отасўз бор. Ўзбек бағрикенг бўлгани сари унга қардош тугул қўшни ҳам бўлмайдиган бир юртнинг турли даражадаги амалдорлари унинг турмушига андишасизларча аралашмоқда. Бултур Россия ташқи ишлар вазири С.Лавров келиши арафасида ўз юртида ўз тилини билмаганидан «қийналиб» кетган ўн саккиз нафар «мазлум» ўзбек рус тилига расмий мақом берилсин, деган «ташаб­бус» билан чиққан эди. Сал ўтиб РФ Сенати раиси Матвиенко хонимнинг юртимиздан қайтарда Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлади, дегандай интервью бериши кўплаб юртдошларимизнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлганди. Мария Захарованинг яқиндаги гапи ҳаммасидан ошиб тушди. Эларо муносабатлар одобини чуқур билиши аниқ, амал қилиши эса шарт бўлган дипломат хонимнинг қарашларини асло шахсий фикр, деб бўлмайди. Негаки, у – ўта расмий идоранинг расмий вакили. Бунинг устига, бу фикр расмий брифингда билдирилди.

Марияхон ўзига тегишли бўлмаган масала юзасидан нега бунча ишонч билан гапиряпти? Ҳолбуки, у – Россия давлатининг геосиёсий йўналишини ифодалайдиган хизматчи. Бизнинг ички ишларимизга аралашишга мутлақо ҳақсиз. Лекин РФнинг сиёсати эса айни у ўйлаган ва истагандай йўналишда кетяпти. Аслида-ку, Захарова масаланинг асл моҳиятидан мутлақо хабарсиз, акс ҳолда, гап бирор тилга расмий мақом бериш ҳақида бормаётганини билган бўларди. Хоним рус тилининг Ўзбекис­тонда ҳам расмий мақомда бўлишини истайди ва шундай бўлишига ишонади. Яна шунга ишонадики, ўз ножўя ­фикри учун ҳеч ким олдида жавоб бермайди. Балки, ўзбек расмийлари жуда суст, уларнинг миллий ғурури, сиёсий ори анов-мановдан жунбушга келавермайди, деб ўйлар. балки ҳамон Масковни иқтидорда, деб ҳисоблар.
Билиш керакки, Захарова ойим шунчаки гапириб қўймади, балки ўз давлатининг сиёсий доктринасини илгари сурди. Бу хоним жуда яхши билади суверен давлатнинг ишига аралашиш мумкин эмаслигини, аммо Ўзбекистонга эгаман мамлакат, деб қарагиси келмайди. Бу хилдаги даъвони Болтиқбўйи республикалари, Гуржистон ёки ­Арманистонга эса асло қилолмайди.
Рус тилининг ўзга юртларда фаол иқтидорини таъминлаш РФ геосиёсатида алоҳида ўринга эга. Рус тилини ёйиш мақсад эмас, балки ўзга юртларга Россия таъсирини ўтказиш мақсадига эришиш воситаси. Билимдон журналист Карим Баҳриевнинг ишончли манбаларга таяниб берган маълумотига кўра, Россия­­да 2000 йилда рус тилининг чет элларга ёйилишини тезлатиш мақсадида Борис Елцин номидаги фонд ташкил этилиб, унинг олдига ташқи ишлар вазирлиги ҳомийлиги ҳамда чет эллардаги рус маданий марказлари воситасида рус тилини тарғиб қилиш вазифаси қўйилган. 2007 йилда «Рус дунёси» фонди юзага келтирилиб, унинг олдига чет элларда рус тилини янада кўпроқ ёйиш асосий мақсад қилиб белгиланган. Собиқ совет респуб­ликаларида рус тилининг таъсирини кучайтириш учун 2011 йилда 2 526,66 млн. рубл сарфланиши кўзда тутилган «Рус тили» деб аталмиш федерал дастур ишлаб чиқилган. 2014 йилда Россия Президенти қошида рус тили бўйича алоҳида Кенгаш тузилиб, рус тилининг жаҳондаги ўрнини юксалтириш унинг устувор вазифаси қилиб белгиланган. Бу муддаоларга эришмоқ учун 6147,5232 млн. рубл маблағ сарфланган.
Маълумки, Россия жуда кўп йиллардан буён ўзининг геосиёсий ниятларига асосан тил муаммоларини баҳона қилиб эришиб келмоқда. Чечендан тортиб, Молдова, Луганск, Донбасс, Қрим сингари ўлкаларда рус тилида сўзловчи «мазлумлар» ҳуқуқини ҳимоя қилиш ниқоби остида Россия ўз босқинчилик мўлжалларини амалга оширди. Бировнинг юртига бориб, нега менинг тилимга алоҳида эътибор қилмаяпсан, юксак мақом бермаяпсан, дея масала қўйиш фақат касби босқинчилик бўлган шовинистларгина қила оладиган юмушдир. Соғлом мантиқ келгиндининг борган ­жойига мослашишини тақозо қилади. Фақат босқинчининг мантиғигина борган жойини ўзига бўйсундиришни кўзда тутади. Кўринадики, рус сиёсатчиларининг мустақил давлатларда рус тилини ­ёйишга интилишлари сабаби ўз тилларига бўлган муҳаббатлари туфайли эмас, балки тил – уларнинг узоққа мўлжалланган стратегик ниятларига хизмат қиладиган қулай бир тактик қурол. Олдин рус тили исталган бир ўлкада иккинчи расмий тилга айланади, бир кун келиб, расмий тил вакилларининг истакларига мувофиқ, бу юрт ишларига тумшуқ тиқиш имконияти яратилади. Бу йўналишдаги ишлар Россияда жуда изчиллик билан тизимли равишда олиб борилмоқда.
«Ўн саккизлар» ташаббуси, 42-моддага ўзгартиш киритиш муносабати билан ғимирлаб қолган миллий суррогатлар, Захарованинг чиқишидан кейин Дониёр Ёқубов, Тўхтамурод Набиев, Илҳом Асадов, Шерзод Убайдуллоев сингари кишиларнинг очиқ ҳамлалари бу борадаги барча ишлар режали тарзда, қаердандир ташкиллаштирилиб, бошқарилиб турилганидан далолатдир. Собиқ совет республикаларида рус тилини ёйишга ажратилган пуллардан манфаат кўраётган ўз орамиздагиларнинг уринишлари олинган нақдиналар учун берилаётган тўловдир.
Шуни ҳам айтиш керакки, ҳар қандай таъсир акс таъсирни келтириб чиқаради. Рус тилини дуч келган жойга бу тарзда тиқиштириш, биринчи навбатда, шу тилнинг ўзига зарар келтиради. Тиқиштириш тескари реакцияга сабаб бўлади. Бунинг устига, тилга қилинаётган бу хил «меҳрибончилик» замиридаги асл ният ҳам вақт ўтган сари афкор оммага тобора яққол кўриниб бормоқда.
Тил – миллатнинг сўнгги қўрғони. Шу қўрғон ҳам бой берилса, миллат алоҳида бир этнос сифатида тугайди. Миллат руҳи фақат тилда сақланиб қолади. Таниқли олим Зуҳриддин Исомиддин тўғри таъкидлаганидек:
«…ўзбек тили бизнинг миллий бойлигимиз ёки фахри-ғуруримиз эмас. У… байроқ, герб ё гимн сингари рамзлардан бири ҳам эмас. Чунки уларнинг ҳаммасини, шароит тақозо қилса – ўзгартирса бўлади. Аммо… тилингизни қандай ўзгартирасиз? Тил – миллатнинг жони. Шу тил бўлмаса – ўзбек йўқ, Ўзбекистон йўқ».
Шунинг учун ҳам ота тилимизга нописандлик билан қараганларга бепарво бўлолмаймиз.
Захарованинг-ку кимлиги ва нияти аён. Лекин ўзимиздан чиққан унвондорлар, ўзларича рус тилига ҳимоячи бўлаётганлар, тангридан тилаб олган болаларини ё­­­бончи тилда ўқитишга уринаётганларни нима қилмоқ керак? Қандай қилиб бундай ҳолга тушилди? Кишини шу саволлар ўртайди.
Қайта-қайта айтилганидек, тил – миллат руҳи ифодаси. Миллатнинг ўз тилига эътибори, эҳтироми йўқлиги руҳи синдирилгани оқибатидир. Одам қадрининг йўқлиги, фикрнинг эркин эмаслиги, нафақат ўйнинг ўзи, балки уни ифодалаш йўсинига ҳам ўттиз йиллаб хўжайинлик қилингани миллат аҳлининг шахслигини синдирди. Одамга ўзининг шахс сифатидаги бутунлигини сақлаб қолиш азобга айланди. Одам ва унинг фикри ҳеч нарсага арзитилмай, рухсат берилганидай ўйлаш, буюрилганидай сўйлашга мажбур этилгани сабаб одамнинг ўзи, бинобарин, унинг тили ҳам қимматсиз бўлиб қолди.
Советнинг даврида ҳар ким ўз фикрини марксизм классиклари ёки Сиёсий бюро аъзоларининг қарашлари билан асослашга уриниб келган бўлса, эгаманлик йилларида ҳеч қандай фикр айтилмай, фақат маддоҳлик қилишга одатланилди. Одамлар жуда кўп гапиргани ҳолда фикр билдирмаслик йўлини ўрганишди. Ёлғон кучайди. Ёлғондан зериккан одам ўриснинг матбуоти ва телеканалларига ишқибоз бўлди. Ҳолбуки, у ерда биздагидан ҳам каттароқ ёлғон ҳукмрон эди. Лекин Россиядаги цензорлар бизларникичалик калтаўй бўлмаганидан ёлғонларига чинлик ниқобини кийдириб, жозибалироқ йўсинда тақдим этишга имкон бериш кераклигини сезишар ва шундай қилишарди. Бунинг устига, юртимиздаги қашшоқлик, ишсизлик, нон топиш илинжида ёбончи юртларда юриш, ўзга тилда сўзлаш зарурияти ўзбекни ўз руҳидан, бинобарин, тилидан ҳам узоқлаштирди. Тилимизга қачон нописанд қарай ­бошланди? Афсуски, совет даврида эмас, айнан эгаманлик даврида қашшоқлик ва шахссизланиш натижасида.
Ўзбекларнинг болаларини рус тилидаги мактаб­ларда ўқитишга уриниши сабаби бу тилга бўлган муҳаббат туфайли эмас, балки юртимизда кутилган ўзгариш­лар бўлишига ишончсизлик сабаблидир. Кўпчилик туб ўзгариш­лар бўлиб, қашшоқлик бартараф этилишига, иш ўринлари кўпайишига ишонмайди. Чунки бир йигит умрига тенг вақт мобайнида бундай ишончга асос берадиган ҳеч нарса қилинмади. Одамлар нафақат ўзларининг, балки болаларининг-да мардикорлик, гастарбайтерлик қисматини бўйнига олдилар. Ўз юртларида ҳам юрт эгаси эмасликларига кўникиб қолдилар. Ҳолбуки, салгина ўйлайдиган одам бугунги рус тилининг илм ва адабиёт тили эмас, балки сўкиш ва ҳақоратга тўла, андиша ва нафосатдан йироқ, босқинчи ва шовинистлар тилига айланиб қолганини кўради. Бепоён Россиянинг турли пучмоқларида энг оғир қора ишларни арзимас пул эвазига бажариб юрган меҳнаткаш ўзбек буни ҳар куни ўз бошидан ўтказмоқда. Улар яхши биладилар, ҳатто кўча супурувчи бўлиб ишлаш учун ҳам нафақат рус тили, балки рус тарихидан ҳам имтиҳон топшириш кераклигини. Бағрикенг ўзбек юртида ўтириб олиб, ўз тилига расмий мақом берилишини талаб қилиш андишасизлик эканини кўриб турибди. Нега рус тилига расмий мақом бериш керак, инглиз, немис ёки қозоқ тилига эмас? Ўрис­лар юртимизни босиб олгани, юз эллик йил давомида қул қилгани учунми?
Ўзбекистондаги ўзбек мактабларида рус тили ва адабиётини алоҳида, олий ўқув юртларида эса рус тили ўрганилиши учун қанчалаб миқдорда вақт ва маблағ сарфланаётгани маълум. Нега энди, эгаман Ўзбекистонда рус бўлмаган ўрта ва олий мактабларда рус тилини ўргатишга бу қадар эътибор? Кўриб турибмизки, рус тили дунёга чиқишнинг ҳам, дунё фани ва маданиятини ўрганишнинг ҳам калити бўлолмайди. У бир ярим асрлик босқинчининг, бўлгандаям собиқ мустамлакаларига ҳамон тенгдай қарашга кўниколмаётган агрессорнинг уятсизлик ва ҳақорат билан тўйинган тили, холос.
Биздан рус тилига расмий мақом берилишини талаб қилаётган Захарова хоним Россияда татар, бошқирд, чечен, чуваш, қолмиқ, авар, лазгин, саха ва бошқа ўнлаб элатлар ўз тилларида ўқиш имкониятига эга эмаслик­ларини билмасмикин, бутун мамлакат бўйлаб очиқчасига руслаштириш сиёсати кетаётганини кўрмасмикин?! Ўзига енг бўлмаган кимса, бировга эн (кўйлак) бўламан дермиш, дейди халқ. Иштони йўқ тиззаси йиртиққа ақл ўргатибди, дейди ўзбек. Олдин ўзингизга қаранг. Сал ерга тушинг, сиз ўзбек билан, Ўзбекис­тон билан сўзлашаяпсиз. Овора бўлманг, ўзбек ўз тилини сақлаб қолади. Биладики, унинг борлиги, ўзбеклиги ота тилида намоён бўлади!
Қозоқбой ЙЎЛДОШ

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *