Маънавий мерос, санъат ва ёшлар
Буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур сиймоси халқимиз ғурури ва
ифтихорига айланган. Улуғ аждодимиз таваллудининг 683 йиллиги олдидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир “Маънавий мерос, санъат ва ёшлар” мавзуида бўлди.
Унда таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, олимлар ва талабалар иштирок этдилар.
– Буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур сиймоси асрлар оша авлодларда катта қизиқиш уйғотиб келган. Бу улуғ сиймо ҳақида нафақат ўзимизда, балки жаҳондаги турли мамлакатларда ҳам катта эътибор билан қаралиб, турли даврларда унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган юзлаб асарлар яратилган,– деди ЎзМУ Ёшлар масалалари бўйича проректори Нажмиддин Қодиров.– Истиқлол йилларида Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда унинг маҳобатли ҳайкаллари қад ростлади. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида Соҳибқирон сиймоси акс этган салмоқли китоблар орасида Пиримқул Қодировнинг «Амир Темур сиймоси», Бўрибой Аҳмедовнинг «Амир Темур», Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон», Муҳаммад Алининг «Улуғ салтанат» асарлари алоҳида ўрин тутади.
Тадбирда Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Ёшлар қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғусини шакллантиришда Амир Темур меросининг ўрни ҳақида” илмий далиллар асосидаги чиқиши, хусусан, ўзининг тўртта китобдан иборат “Улуғ салтанат” роман-эпопеяси ҳақидаги сўзлари талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
Айтиш жоизки, Темурбек ёшлигида қанчалик зеҳни ўткир, заковати тенгсиз бола бўлгани, у камолга етганда ҳам буюк ақл-идрок соҳиби, донишманд сиймо, адолатли амир сифатида ном қозонгани ҳақида кейинчалик унинг саройида котиб бўлиб ишлаган Ҳафизи Абрўнинг «Зубдат-ут таворих», Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома», темурийлар хизматида бўлган Муйиниддин Натанзийнинг «Мунтахаб-ут таворих», француз олими Люсьен Кэрэннинг «Амир Темур салтанати», Бошқирд халқ ёзувчиси Ахияр Ҳакимовнинг «Карвон», рус тарихчиси Михаил Арнольднинг «Бир муҳораба сири» асарларида, француз ёзувчиси Марсель Брюннинг «Мен жаҳонни очган Темурман» романига Эрон олими Р.Мансурий ёзган сўзбошисида, Озарбайжон олими Абулфайз Раҳимовнинг «Амир Темур Озарбайжонда» асарида эътиборга молик фикрлар баён этилган. Кўплаб тарихий асарлар билан бир қаторда Алишер Навоийнинг «Мажолисун нафоис», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарларида ҳам Амир Темур шахси улуғланган. Бугунги кунда беқиёс маънавий хазинамизга айланган «Темур тузуклари»ни Амир Темур умрининг охирларида ёзиб тугатгани ва унда ўз хулосаларини авлодларига васият тарзида ёзиб қолдиргани, бу китоб асрлар давомида махфий сақлангани ва бизга етиб келгунича ажойиб ҳодисаларга дуч келгани ўзи бир тарих. Соҳибқирондан сўнг темурий шаҳзодаларнинг тенгсиз маънавий мулкига айланган бу китобга Мирзо Бобур чексиз эҳтиром ила қараган.
Тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азиз Ватан ҳақида шеър ўқир экан, ватанпарварлик туйғусининг ҳар бир ватандошимиз қалбидан чуқур илдиз отиши, ёшлар маънавиятида санъат ва шеъриятинг ўрни катта эканлиги, бугунги ёшларни енгил-елпи, саёз, санъат асарлари билан эмас балки буюк алломаларимиз Навоий, Фузулий каби мумтоз шоирларимизнинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқларни тинглаб маънавий озуқа олишга чақирди.
Ўзбекстонда хизмат кўрсатган артист Гавҳар Зокированинг ота-онага меҳр-муҳаббат, инсонпарварлик, меҳр-оқибат туйғуларини ҳар бир инсон қалбига сингдирувчи “Танҳо юлдузим” спектаклидан келтирган лавҳаси талабалар ва тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
– Бундай ижодий учрашувлар талабалар учун катта маънавий сабоқдир,– дейди тадбир ташкилотчиси бўлган Ижтимоий фанлар факультети декани Ҳаким Тўхтаев.– “Миллий ғоя” кафедраси профессор-ўқитувчилари бундай тадбирларни талабалар турар-жойларида ҳам ўтказмоқдалар.
Қизиқарли ва сермазмун ўтган тадбирда адиб Муҳаммад Али тўрт томлик “Улуғ салтанат” роман-эпопеясининг янги нашрларидан ЎзМУ кутубхонасига туҳфа этди.
Улуғбек Усмонов,
ЎзМУ газетаси мухбири
Сўнгги фикрлар