Маънавий халоскор адиб

Таниқли журналист-олим, севимли адибимиз Хуршид Дўстмуҳаммад билан

бир бора ҳамсуҳбат бўлган киши ўша онда битта яхши асар мутолаа қилгандек ҳузур қилади. Устознинг ҳар бир суҳбати ўзи бир асар, дегимиз келади.

Миллионлаб китобхонлар меҳрини қозониб, минглаб ёш ижодкорларга Устозлик қилган бу азиз сиймо 1951 йили Тошкент шаҳрида туғилган. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида (1968-1973) таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон “Фан” нашриётида бошлаб, “Фан ва турмуш” журналида, “Қишлоқ ҳаёти” газетасида ишлаган. 1986 йилдан “Ёш куч” журналида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, “Ҳуррият” газетасида бош муҳаррир, “Ўзбекистон матбуоти” журналида бош муҳаррир, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини демократлаш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармасида ҳамраис сифатида фаолият кўрсатган. Филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад қатор йиллардан буён талабаларга ҳам дарс бериб келади.

Севимли адибимизнинг дастлабки ҳикояси 1981 йили “Гулистон” журналида, “Нигоҳ” номли биринчи қиссаси эса 1987 йили “Ёшлик” журналида эълон қилинди. “Ҳовли этагидаги уй” деб номланган биринчи китоби 1989 йили нашр этилган. Сўнг “Паноҳ”, “Оромкурси”, “Сўроқ”, “Соф ўзбекча қотиллик” қиссалари, “Бозор” романи ва ўнлаб ҳикоялари чоп этилган. Унинг “Жажман” китобидан бир неча қиссалари қатори “Маҳзуна”, “Жажман”, “Ибн Муғанний”, “Кўз қорачиғидаги уй” сингари ҳикоялар ҳам жой олган. Адиб “Бозор” романи, “Ҳижроним мингдир менинг” ва “Озод изтироб қувончлари” китоблари учун 2000 йилнинг “Энг яхши ёзувчиси” йўналиши бўйича “Офарин” мукофотига сазовор бўлди. “Чаёнгул” бадиий фильми (2000) томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. “Жимжитхонага йўл”, “Нусхакашнинг меросхўри”, “Беозор қушнинг қарғиши”, “Жим ўтирган одам” ва “Қичқириқ” ҳикоялари адибнинг кейингги йиллар ижодида янги саҳифа очди. Адибнинг “Қазо бўлган намоз” (1996), “Озод изтироб қувончлари” (2000), “Бозор” (2000), “Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари” (2002), “Беозор қушнинг қарғиши” (2005), “Қиссалар” (2011), китобларига унинг қаламига мансуб турли жанрдаги асарлар жамланган. Таржимон сифатида япон адиби Акутагава Рюноскэнинг “Расёмон дарвозаси” ҳикоясини, Темур Пўлатовнинг “Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам” романини ўзбекчага ўгирди. Шунингдек, Игнасио Альдекоа, Алес Жук, Борис Саченко, Андриус Риук асарларини таржима қилди. У адабиётшунос сифатида ҳам кўплаб таҳлилий мақолалар яратди.

Ўзбекистон «Миллий Тикланиш» партияси асосчиларидан бири ва қатор йиллар етакчиси бўлган Устозимиз  Хуршид Дўстмуҳаммад айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ўзи сайланган Олмазор туманида доимо халқ билан бирга!

Устознинг қуйидаги мақоласи бўлғуси журналистлар ва турли йўналишларда таҳсил олаётган талабаларимиз учун маҳорат сабоқлари бўлса, кенг жамоатчилик учун ажойиб маънавий туҳфадир. Фақат уни албатта ўқиш ва мағзини чақиб, дилдан уқиш керак!

 Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири

3

Халқимизнинг донолиги – халоскор

Халқимизнинг донолиги – халоскор

“Ўзингга раво кўрмаганни ўзгага ҳам раво кўрма” деган машҳур ҳадиси шариф кун тартибига чиққан онларни бошдан кечирмоқда инсоният. Одатда одамлар теварак-атрофидагилар, ўзаро мулоқотга киришадиган ёр-биродарлар, ҳамкасблар ҳақида қайғурадилар. Бу – табиий, чунки бевосита атрофимиздаги кайфият сизга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди.

Қўшнинг тинч – сен тинч, деган нақл ҳам шу маънода анчагина чуқур маънога эга. Бироқ ўтган йилнинг охирларидан Хитойнинг Ухан шаҳридан тарқай бошлаган овозалар аввалига кўпчиликнинг эътиборини тортмаган бўлиши мумкин, лекин, мана, жорий йилнинг баҳорига келиб уни эшитмаган, у ҳақда маълумотга эга бўлмаган инсон қолмади ҳисоб ер юзида.Глобаллашув ҳақида озмунча мақолалар ёзилдими, катта-кичик анжуманлар ташкил этилдими, муаммолар ўртага ташландими, бироқ қандайдир касаллик аҳли башариятга ёппасига тажовуз қилиши эҳтимоли ҳеч бир доно инсоннинг хаёлига келмаганди. Кўзга кўринмас зарра офати дунёни қамраб олди – глобаллашди!

Ёвуз ва шафқатсиз хасталик асоратларини камайтириш борасида кўрилаётган чоралар ҳар қанча таҳсинга сазовор албатта. Аммо янада муҳими, мутахассис олимларнинг мутлақо янги кашфиётига қараб қолди одамзод, десак муболаға бўлмас. Бу борадаги қарашлар, тахмину фаразлар турлича. Кимдир замонавий илм-фан ҳозирча бу касаллик олдида ожиз деса, кимдир даво чораси топилади, фақат бунинг учун вақт керак демоқда. Турли юқумли касалликни бошдан кечирган давлатларда бу борада муайян тажриба тўпланган, бинобарин ҳозирги офатга қарши курашиш тажрибасида гап кўплиги таъкидланмоқда ҳам.

Инсон ҳаётига зомин бўладиган офатга чек қўйишга доир ҳар қандай изланишларни қўллаб-қувватлаган ҳолда айни пайтда реал чора сифатида икки омил тавсия этилмоқда. Булар: оила даврасида бўлиш ва шахсий гигиена!

Очиғини айтганда, ҳар бир оила вакиллари астойдил мулоҳаза қилиб кўрсинлар: яқин-орада оила аъзоларингиз ҳозиргидек жамулжам бўлиб йиғилиб ўтиришганмиди?.. Билмадим, бу саволга қанча оила ижобий натижа айта олади, лекин бир нарса ҳақиқатки, шиддатли замон уринишлари бизнинг халқимизни ҳам дунё бўйлаб “сочилиб” яшашга кўниктириб улгурди. Ўзбекнинг, ўзбекистонликнинг қадами етмаган маскан-манзил қолмади ҳисоб курраи заминда. Ҳар ким ҳар жойдан туз насибасини териб юрибди. Ва “Ҳа, менинг вақтим бемалол” деган одам йўқ. Ҳаёт экан, яхши-ёмон кунларда уммон ортидан ҳам нари борса бир ҳафтани мўлжаллаб келишади. Болалик кезларимиз қўшнилар чиқиб қолиб, уйларига ошиқсалар, оналаримиз: “Намунча, оловга чиққанмисиз?” деб қўйишарди. Ҳозир Мағрибу Машриқдан оловга келгандай келишади-ю, дийдорлар тўйиб улгурмай қайтиш чиптасини рўкач қилишади!..

Тождор офат эса ҳеч нарса билан ҳисоблашмади – “Ҳаётинг ширинми, уйингда ўтир!” демоқда. Вассалом!Халқимиз азал-азалдан жамулжам бўлиб яшашга мойил халқ. Айрилиқ, соғинч азобларига у қадар бардошли ҳам эмас. Хусусан, оилаларимиз бошпанамизга айланиб турган айни кунларда яқин туғишганлар даврасида бўлиш ғанимат дамлар эканлигини, ундан ғоятда унумли фойдаланмоғимиз даркорлигини ўйлаб кўрмоғимиз керак бўлмоқда.

Хонанишинликни ҳамма бирдек бошдан кечирмаслиги ҳам табиий. Мен бу ўринда ким нима юмуш билан банд бўлиши зарурлигини айтишдан тийиламан албатта. Лекин ҳар оилада ўзига яраша рўзғор юмушлари қатор-қатор саф тортиб турган бўлиши сир эмас. Оилавий гурунглар сурури бошқа ҳеч жойдан топилмайди. Дастурхон теграсида суҳбатлар жозибаси тансиқлигини айтмайсизми! Чунончи, фарзандлар, неваралар даврасида шахсий озодалик, яъни гигиена мавзусида тажриба алмашиш фақат бугун учун эмас, бир умрга татигулик аҳамиятга эга. Соғлом яшаш маданиятининг ибтидоси шахсий гигиенадан бошланади ахир. Ҳар бир кишининг озодалиги оиланинг озодалиги ва соғломлиги, қолаверса, халқнинг, миллатнинг, мамлакатнинг озодалиги демакдир.

Бир сўз билан айтганда, халқимиз фавқулодда синов онларини бошдан ўтказмоқда. Парвардигорнинг раҳм-шафқати адоқсиз, бани башарни турфа балои офатлардан Ўзи асрасин. Ватандошларимиз эса ўз тийнатидаги ақл-идрок ҳамда раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, садоқат туйғулари билан илоҳий иноятга ўз ҳозирлигини, шайлигини – донолигини изҳор этсин.

Хуршид Дўстмуҳаммад, 
ёзувчи
http://uza.uz/oz/society/khal-imizning-donoligi-khaloskor-05-04-2020

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *