Маърифат сабоқлари

ЎзМУ педагог ходимлари айни кунларда турли жамоаларда маърифий суҳбатлар ўтказмоқдалар.

Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек бир гуруҳ мактабгача таълим муассасалари ходималари билан ижодий учрашувда Ватанимиз давлат мустақиллигининг 25 йиллиги тарихий аҳамияти, Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида бошимиздан ўтган мудҳиш воқеалар ва бугунги дориломон, саодатли кунларимиз ҳақида сўз юритар экан, дунё сайёҳларини мафтун этаётган зиёратгоҳларимиз, жаҳон илм аҳлини ҳайратга солган пири комил аждодларимизнинг бебаҳо мерослари мавзусига ҳам алоҳида тўхталди.

мар2

мар3

Бухорои Шарифнинг етти пири

            Ислом оламидаги шариф саналган шаҳарлардан бири Бухородир. Шарқда қадимдан “Самарқанд сайқали рўйи замин аст, Бухоро қуввати исломий дин аст”, деб бежиз айтилмаган. Ривоятларга кўчган ҳаёти билан Одам фарзандларининг зулмат ва хатоликлардан иборат йўлларини ёритиб, не-не кўргуликларга гувоҳ заминни ўзларининг буюк ҳақиқати билан асраб келаётгандек. Ҳанузга қадар улар ҳикмати кўмагида ўнқир-чўнқирли йўллардан ўз манзилимизни излаб боряпмиз…

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний

            Хожагон, кейинроқ XIV асрлардан сўнг нақшбандия деб аталган тасаввуфий тариқат Бухоронинг биринчи пири, Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи мумтоз шогирди Хожаи Жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг номи билан боғлиқдир. Бу таълимотнинг асосий шиори “Даст ба кору дил ба ёр” — “Толиби Ҳақнинг қўли корда ва кўнгли ёрда бўлиши керак” ҳикматини ҳам илк дафъа Шоҳ Нақшбанднинг руҳоний пири, увайсий устози ва пешвоси Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний айтган.

Ул зотнинг таваллуди ҳам, вафоти ҳам(1103-1179) Ғиждувон шаҳрида юз берган. Абдулхолиқнинг отаси Абдулжамил имомзодалардан бўлиб, ўз замонасида Ғиждувонда машҳур ботиний ва зоҳирий илмлар соҳиби, асли Рум (Туркия) диёридан Бухоро вилоятига келиб қолган экан. Онаси ҳам асли румликдир.

Хизр(а.с) бир куни унга шундай деб иршод қилади: “Ҳовузга тушиб, мусаффо сувдан қилт қилгин-у дилингда қуйидаги калимаи тоййиба(муқаддас жумла)ларни такрорла: “Ла илоҳа иллаллоҳ, Муҳаммадан Расулуллоҳ”. Бу шариф амал зикри хуфия(яъни, зикри дил)нинг ибтидоси эди.

Ўша даврда Бухорода машҳур мутасаввиф донишманд ҳисобланмиш Хожа Юсуф ал-Ҳамадоний ҳам зикри хуфия, яъни зикри дил тарафдори эди. Улар бирга Бағдод, Исфаҳон, Балх, Марв, Самарқанд шаҳарларига сафар қиладилар. Хожа Юсуф ал-Ҳамадоний тарбиясига ўтганда у 22 яшар навқирон йигит эди. Гарчи, Юсуф Ҳамадоний аваллари зикри алания(Оллоҳ номини овоз чиқариб такрорлаш)га мўътақид бўлса ҳам, Хизр(а.с.) кўрсатмаси ила у ҳам зикри дилни ижро қила бошлайди.

Абдухолиқ Ғиждувоний ўз соликлари, муридлари учун бир неча қонун-қоидалар, ҳозирги замон тили билан айтганда, ахлоқий мезонлар ишлаб чиқади. Ўша ахлоқ мезонларини “Рашаҳот” асарининг муаллифи Фахриддин ас-Сафий “Рашҳа” яъни “томчи” ёки “қатра” деб атаб, панд-насиҳат тариқасида шундай ёзади: “Эй писарак(ўғилча), сенга насиҳат қилиб айтаманки, …подшоҳ ва ҳукмдорлардан, зўравонлардан, қози ва амалдорлардан ўзингни узоқ сақла, хонақоҳлар қурма ва хонақоҳларда яшама, кам гапир, ўз хилватингда бўлиб, аҳоли ила кам суҳбат қил, аёллар, тавонгарлар(қудратли кишилар) ҳамда омийлар(жоҳиллар маъносида) ила суҳбатдош бўлма, ҳамиша ҳалол ва пок яша, наша(тарёкдан) парҳез қил, иложи бўлса уйланма (хотин олма), чунки аёл туфайли толиби мол дунё бўлиб қоласан, молпараст ва дунёпараст бўлгач, дину имондан ажраб қоласан, ҳадеб хандон ташлаб кулаверма, қаҳқаҳа отиб кулиш дилни вайрон этади;… зоҳиринг(ташқи кўринишинг) оройишига кўп аҳамият берма, чунки бундай аъмолдан ботининг расво бўлади…”

Қуйидаги қатралар ҳазрати Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний айтган қимматли сўзлардан айримлари бўлиб, хожагон (кейинроқ, нақшбандия) тариқатининг асосий одоб қоидаларини ташкил қилади: Ҳуш дар дам, Назар бар қадам, Сафар дар ватан, Хилват дар анжуман, Ёдкард, Бозгашт, Нигоҳдошт, Ёддошт. Мазкур ўн бир қоиданинг тўрттасини Юсуф Ҳамадоний, яна тўрттасини Абдулхолиқ Ғиждувоний, қолган учтасини Хожа Баҳовуддин Нақшбанд ишлаб чиққан. Бироқ уларнинг дастлабки тўрттаси нақшбандия таълимотида кўпроқ машҳур. Бу рашҳаларнинг шарҳи шундай:

1.Ҳуш дар дам. Зикр асносида ичдан чиқаётган ҳар бир нафас ҳушёрлик ва огоҳлик ила чиқмоғи лозим, токи бунда ғафлат юз бермасин.

2.Назар бар қадам. Тариқат аҳли шаҳарда, қишлоқда, саҳрода ва бошқа ҳар қандай жойда юрганда ҳар бир қадамига диққат ила разм солиб, огоҳ бўлиб юрмоғи лозим, токи унинг назари пароканда бўлмасин: лозим бўлмаган жойга бормагани маъқул.

3.Сафар дар ватан. Ё Раб, оғиз очмасдан, яъни қалбдан кулиш қандай яхши,

Ва кўз очмай(қарамай) жаҳонни кўриш қандай соз!

Ўрнингда ўтириб сафар қилиш бағоят маъқул,

Беминнат (қимирламай) жаҳон кезиш ҳам ғоят соз.

Бироқ кўпгина собиқ шўро олимлари ўз ишларида мазкур қоидани оддийгина — ватанни сайр қилиш , очиқ табиатда юрт бўйлаб кезиш, деб тушунтирганлар. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, айниқса, юқорида келтирилган рубоий мазмунидан ҳам сезилиб турибдики, бунда зимнан, қалбан, ботиний сафар назарда тутилган.

Хилват дар анжуман. Ташқаридан ошнонамо, лек ичкаридан бегонаваш бўл…

Ҳазрати Ғиждувоний 76 йиллик умри давомида “Рисолаи соҳибия”, “Рисолаи шайх уш-шуюх ҳазрати Абу Юсуф Ҳамадоний”, “Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний”, “Аз гуфтарҳои Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” номли тўрт асар ёзиб қолдирган.

Хожа Ориф Ревгарий

            Хожагон тариқатидаги энг йирик машойихлардан бири ҳисобланган бу мўътабар зот Бухорои шарифнинг етти бузругвор пирларидан иккинчиси бўлиб, унинг тўлиқ исми Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарийдир. Уни яна “Моҳтобон” ҳам дейишади.

Айрим манбаларда Хожа Ориф Ревгарий маноқиб ёзган дейилади, афсуски, бу ҳақда бирор маълумотга эга эмасмиз. 1993 йилда Хожа баҳовуддин Нақшбанднинг 675 йиллигига бағишлаб республикамизда ўтказилган улкан халқаро йиғин муносабати билан Моҳтобоннинг ўз қўллари билан ёзилган бир қиммматбаҳо асарга эга бўлди. “Орифнома” деган қўлёзма асарни покистонлик нақшбандшунослар Бухоро олимларига совға қилишди.

Моҳтобон хожагон тариқатига кирган толибларга ва умуман тасаввуф йўлига ўзларини бағишлаган сулук аҳлига мурожаат қилиб, тасаввуфий таълимотлардаги таркидунёчиликнинг мазмун-мақсад ва моҳиятини англатади. Кўпчилик таркидунёчилик деганда ушбу ҳаётдан бутунлай воз кечиш, ўзини мутлақо нариги дунёга бағишлаш, деб тушунади. Ҳақ толибларини таркидунёчиликнинг асл маъносини тўғри англашга ундаб, дил дунё ишқи билан эмас, фақат ва фақат Оллоҳ ишқи билан банд бўлсин, деди ҳазрати Хожа Ориф. Яна хожамиз солик ва толибларни дунё ҳою ҳавасларига берилмасликка, нафси амморадан воз кечиб, кщнгил фаыат Оллоҳ ёди ва ишқи билан тўла ва мустағриқ бўлсин, дейди.

“Орифнома”ни мутолаа қилган одам Хожа Ориф Ревгарий(Моҳтобон) ўз ҳаётида ва таълимотида илоҳийлик билан дунёвийликни тенг олиб борганлигига, ҳам илоҳийлик, ҳам дунёвийлик қадриятларини баробар, Худо ва Инсон тушунчаларини тенг ва ёнма-ён ҳамда бақамти олиб борганига амин бўлади. Чунки ҳақиқий дини мубийни исломнинг, унинг асл моҳияти, мазмун-мақсади бўлмиш тасаввуфнинг асл қалби, мояси, муддаоси ҳам шундадир!

Тасаввуфшунос Иброҳим Ҳаққул “Хожа Ориф Моҳтобон” эссесида Моҳтобон ҳазратлари ўз пири бузругворидан эшитган бир ҳикоятни келтиради: “Ҳорун ар-Рашид замонасида нувузли бир замондор бор экан. У ҳар куни Хизр(а.с) билан кўришиб суҳбатлашар экан. Бир кун шу киши ўз ишига истеъфо берибди. Ва зоҳид бўлиб, инсонлардан бир четда тоат-ибодатга шўнғибди. Лекин унинг Хизр билан учрашиши ҳам тўхтабди, яъни Хизр(а.с) унинг ҳузурига келмай қўйибди. Шу тарзда кунлар кетидан кунлар, йиллар кетидан йиллар ўтаверибди. Зоҳид эса тундан тонгга қадар Оллоҳга ёлвориб, кўз ёшларини оқизиб, тавба-тазарру этишдан тўхтамабди. Ниҳоят бир кеча тушига Хизр(а.с)киргач, у ёлвориб дебди: “Эй вафоли дўст! Мен сен билан доимий тарзда суҳбат қурмоқ мақсадида дунё ишларига этак силкитдим. Узлатга чекиниб, танҳоликда ибодатга киришдим. Сен эса дийдорингни дариғ тутдинг. Нечун бундай бўлди?” Хизр(а.с) дебди: “Эй рафиқ! Менинг сен ила кўришиб, суҳбатлашувимнинг боиси: қилаётган ибодатлар, хайр ҳасанот учун эмасдур. Балки ўша масъул вазифада мусулмонларнинг ишларини ҳақ ва адолат билан бажо келтирганинг учун эди. Сен ўзингни шахсий камолотинг учун бир гўшага чекиндинг. Ўз маънавий манфаатингни кўпчилик манфаатидан устун қўйдинг. Энди сенинг ўрнингни эгаллаган адолатсиз кимса мўмин-мусулмонларга зулм ва ғайри машруъ ишлар билан алам ва азоб еткизмакдалар. Шу кунларда улар ранж ва кадар оғушидадирлар. Буларнинг барига сен сабаб бўлдинг! Шуни билгинки, сенинг шахсий манфаатинг мусулмон қардошларингнинг умумий манфаатлари олдида катта бир қимматга эга эмасдир. Чунки узлатга кириб, рўза тутиб, намоз ўқиб, зикр айлашни ҳамма ҳам адо этмоғи мумкин. Бироқ халққа холис, юксак маърифат ва диёнат мақомида хизмат кўрсатишни ҳамма ҳам уддалай олмас!”…

“Орифнома” асарида Хожаи Жаҳон фикрларига тўлиқ мос келган фикрларни ўқиймиз: “Аюҳал ориф! Пок ва эътиқодли бўл. Зероки қора юрак, чиркин кўнгул бутун аъзойи баданни палид(ҳаром) қилгай. Ахир, Оллоҳнинг бизни қабул этиши ё этмаслиги айни шу кўнгул туфайли-ку”.

Рисолада яна шундай ҳикматга дуч келамиз: “…бировни ҳаддан ташқари мадҳ қилмоқ мажусийлик исботи ва бу иш Оллоҳ таолони инкор этмоқ ила баробардур…”

Яна Оллоҳга илк бор ишқ изҳор қилган бузругвор мутасаввиф аёл Робия ал-Адавия(713-891) ҳаётидан ажойиб бир ҳикоя келтирилган: “Робия ал-Адавия Ҳасан ал-Басрийнинг асрдоши эди. Ул Ҳасан ал-Басрийга уч нимарсани юборди: булар мум(шамъ), игна ва соч толаси эди. Аҳли ҳикмат бу воқеани шундоқ шарҳ қилурлар: мум каби мулойим бўл ва ўзинг ёниб оламни мунаввар айла! Ва игна каби ўзинг яланғоч қолиб бўлса-да, ўзгаларни кийинтир ва бир-бировларига пайванд эт! Ва Оллоҳ таолога олиб борувчи йўл худи соч толасидек нозик ва ингичкадурким, тойиб йиқилишдан ҳушёр бўл! ”

Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарийнинг муборак мақбараси Шофиркон шаҳридадир. Иброҳим Ҳаққулнинг эссесида ёзилишича, Хожа 103 йил умр кўрган. Ўрта бўйли, кўркам юзли, кўзлари йирик-йирик, оқ-қизғиш тусли донишманд зот бўлган экан. Шунинг чун ҳам замондошлари «Моҳтобон» деб атаган.

 Хожа Маҳмуд Анжир-Фағнавий

 Бухорои шарифнинг учинчи пири Хожа Маҳмуд Анжир-Фағнавий (ваф.1307) ҳисобланади. Бу мўътабар зот Хожа Ориф ар-Ревгарийнинг шогирдидир. Вобкентда муқим яшаган. Касблари гулчилик бўлиб, шу Билан тирикчилик ўтказган. Иброҳим Ҳаққул Анжир Фағнавийнинг зикр шакли ҳақида шундай дейди: «Хожа Ориф устозларига (Абдулхолиқ Ғиждувонийга) издош бўлиб, умрининг охиригача зикри хуфияни тарк этмаганлар. Аммо вафотларидан олдин зикри Алания-овоз чиқариб зикр айлаш, яъни ошкора зикрга ҳам рағбат кўрсатганлар».

Замондош олимлари Маҳмуд Анжир-Фағнавийдан нима учун йиғилишиб зикри жаҳр қилишларини сўраганда у шундай жавоб берган: “Ғофиллар уйғонурлар ва огоҳ бўлурлар… Зикр очиқ ошкор бўлсинки, халқ ундан баҳра топсин.”

XII-XIII асрлар орасида Бухоро вилоятида яшаган Хожа Маҳмуд Анжир-Фағнавий Вобкент туманига қарашли Анжир – Фагнав қишлоғида таваллуд топган, ўша ўз она қшлоғида вафот этган ва дафн қилинган.

  Хожа Али Ромитаний

            Хожагон тариқати силсиласидаги мазкур улкан машойихни тасаввуф оламида яна «Азизон» лақаби Билан ҳам атайдилар.

Хожагон(нақшбандия) таълимотини бутун ислом олами бўйлаб кенг ёйган бу мўътабар зот 1195 йилда туғилиб, узоқ умр кўрган ва 1321 йилда Хоразмда вафот этган, хоки кейинроқ Ромитанга келтириб дафн этилган.

Ҳазрати Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» тазкирасида шундай ёзилади: “Ривоят қиладиларки, бир куни мусоҳибларидан бири Хожа Али Ромитанийдан «Иймон надур?» -деб сўрабдилар. Алар дебдиларки, «кандан» ва «пайвастан», яъни «узмоқ» ва «боғламоқ»; ҳою –ҳаваслардан узилиб, Ҳаққа боғланмоқдир. Яна алар бир куни деган эканларким, «агар Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг шогирдларидан бири ўша пайта ер юзида бўлганида, Мансур (Ҳаллож) бар дор бўлмас эрди»” .

Алоҳида таъкидламоқ жоизки, Хожа Баҳовуддин Нақшбанд каромат йўли билан Қасри Орифонда Хожа Али Ромитанийнинг муборак кулоҳини кийган ва ўзини ҳазрати Азизоннинг шогирди эканини доимо ката ифтихор ила гапириб юрган.

Азизон ҳикматлармдан:

 Шундай тил билан дуо қилингларки, гуноҳ сўз айтмаган бўлсин, яъни пок тил билан дуо қилнглар, дуоингиз ижобат бўлади.

«Рашаҳот»да ёзилишича, ҳазрати Азизон ғойибона аҳкомга биноан Хоразмга борган, у ерда ажойиб кароматлар ва хайрли амаллар кўргазиб, хоразмшоҳ ва унинг мулозимлари орасида ҳам обрў қозонган, натижада хоразмшоҳ ҳам ҳазрати Азизон ихлосмандига айланган экан.

Хожа Али Ромитанийдан «Рисолаи ҳазрати Азизон» рисласи, 16 рашҳа ва 10га яқин рубоийлар сақланиб қолган. Ҳаққа васл бўлиш учун тариқат аҳли (солик) томонидан бажарилиши лозим бўлган 10 та асосий шартлар ҳақида сўз юритилади:

1.Солик доимо таҳоратли, яъни пок бўлсин.

  1. Ношоиста сўзлардан тил доимо хомуш бўлсин.
  2. Солик хилват ва узлатда бўлиб, номаҳрам аёллардан ўзини тийиб юриши шарт.
  3. Рўзани канда қилмаслик.
  4. Зикр. Зикрнинг энг аълоси «Ло илоҳо иллаллоҳ», таййиба калимасидир.
  5. Хотирани сақлаш.
  6. Тангрининг ҳукмига ризо бўлиш.
  7. Соликлар суҳбатини ихтиёр этиб, ёмонлардан узо қ бўлиш.
  8. Бедорлик (уйғоқлик).

10.Ҳамиша ҳалол ва пок луқмани тановул этиш.

Азизоннинг ушбу байтини Шох Нақшбанд доимо завқ билан такрорлаб юрган экан:

Ким билан ўтирсангу қалбинг ундан таскин топмаса,

Ундан сув ва галнинг заҳмати етмаса,

Унинг суҳбатидан воз кечмасанг,

Азизоннинг руҳи ҳаргиз кечирмайди.

 Хожа Муҳаммад Бобои Самосий

 Хожа Муҳаммад Бобои Самосий 1354 йилда вафот этган. Нақл қилишларича, ҳазрати Азизон вафотлари яқинлигини сезиб, барча саҳобаларини тўплайди. Уларнинг орасидан Хожа Муҳаммад Бобони ўз ўрнига халифа этиб тайинлайди.

Хожа Баҳовуддинни Бобои Самосий фарзандликка қабул этганлар. Бобои Самосий ҳазрати Хожа Баҳовуддин таваллуд топишлардан олдин Бухоро ёнидаги «Кўшки Ҳиндувон»дан ўтганларида ҳамиша «бу жойдан буюк бир мард(эр киши)нинг ифори келади. Демак, бу жойда ўшал буюк зот туғилажак» деб пешбинлик қилган эканлар. Сайид Амир Кулолга деганлар: “Менинг фарзандим Баҳовуддин тарбиясида меҳрингни дариғ тутмассан!”

Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» асарида ёзилишича, Бобои Самосий ўз кулоҳини Баҳовуддинга берган. Аллох шу муқаддас кулоҳ шарофатидан Шоҳ Баҳовуддинга балогардонлик кароматини ато қилган экан» .

Сайид Амир Кулол

Баҳоуддин Нақшбанднинг пири-муршиди Сайид Амир Кулол соҳибқирон Амир Темурга ҳам пирлик қилган. Ул зоти муборак 1305 йилда Бухорои Шариф яқинидаги Сухор қшлоғида таваллуд топганлар ва 1370 йилда шу қишлокда оламдан ўтганлар.

«Амир кулол мақомотлари» асарида мана бундай қизик бир ривоят бор: “Бир куни ҳазрат Сайид Амир алайҳир раҳма жума намозини Бухорои шарифда масжидда ўқиб, уйлари томон равона бўладилар. Шаҳардаги Гулобод ва Фатҳобод мавзелари орасидаги сабзазорда бир гуруҳ кишилар ўтириб, дарвишлар мақомоти ва авлиёлар каромати ҳакида суҳбат қилишарди. Бу жамоа оарсида Амир Темур ҳам бор эди. Ҳазрат Амир кулол ўз муридлари билан ўтиб кетаётганларида Амир Темурнинг кўзлари дарвишларга тушиб, булар кимлар, деб сўрабдилар. Орадан бир киши: “Саййид Амир Кулол в аул зоти бобарокотнинг асҳоблари ўтиб кетаётирлар”, деб жавоб беради. Амир Темур шу заҳоти шамол каби югуриб, ҳазрати Амир Кулол рўпараларига келадилар.

«Амир кулол мақомотлари»да ёзилишича оналари айтар эканлар: “Амир Кулол қорнимда бўлганида бирор шубҳали таом есам, қорнимда қаттиқ дард пайдо бўларди, бу ҳол неча бор такрор бўлгач, тушундимки, бунинг сабаби манна шу фарзандимдандир. Ўшандан кейин ҳар доим луқма ейишдан олдин эҳтиёт бўладиган бўлдим.”

Маълумки, Хожагон тариқатида Хожа Махмуд Анжир-Фағнавийдан то Сайид Амир Кулол давригача хуфия зикр Аланий зикр Билан биргаликда олиб борилар эди. Сайид Амир Кулол ўз шогирдлари ва саҳбалари мажлис қилганда ва гоҳ-гоҳ аланий зикр ижро этилганда, Баҳовуддин ҳеч кимга билдирмай аста-секин ташқарига чикиб кетра эди. Бирок устоди эҳтиромини бажо келтириб, ҳеч нарса демас, унга эътиро билдирмас экан.

Нақл қиладиларки, Сайид Амир Кулол вафотидан олдин барча саҳобаларини тўплаб, уларни Хожа Баҳовудддин тобеиятига топширган. Ўшанда саҳобалар сўрабдиларки, “Зикри Алания бобида Баҳовуддин Сизга мутобаат қилмади.Ҳазрати пиримиз, энди буёғи қандоқ бўлади?” У киши бунга жавобан шуендай деди: “У ҳар қандай амални бажарар экан, уз ихтиёри билан эмас, аксинча, илоҳий ҳикмат юзасидан ижро қилади.” Сўнгра васияти сифатида қуйидаги байтни айтибди:

Агар сени ихтиёрингсиз ташқарига чиқарсалар, қўрқма,

Ва агар ўз ихтиёринг ила ташқарига чиқсанг, қўрқаваер.

Сайид Амир Кулолнинг қабри Бухоро вилояти Когон туанида жойлашган.

Хожа Баҳовудддин Нақшбанд

 Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон ҳамда Яқин ваЎрта Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган, ўз даврига нисбатан илғор оқим бўлмиш нақшбандия тариқати Хожа Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбанд(1318-1389) номи Билан боғлиқдир.

Тасаввуфнинг машҳур билимдони, атоқли шарқшунос Е. Э. Бертельснинг ёзишича, Нақшбанд таълимотининг асосида ихтиёрий равишдаги фақирлик ётади… Шунга биноан, Баҳовуддин Нақшбанд умр бўйи деҳқончилик билан кун кечирган, ўз қишлоғида унчалик ката бўлмаган ерига буғдой ва мош экар экан. Қишда қамшлар устида, ёзда эса бўйра устида ётиб кун кечирган, уйида ҳеч қачон хизматкор ишлатмаган. Ҳукмдорларан доим ўзини йироқ тутган, улар олдида ҳеч қачон таъмагирлик қилмган.

XIV асрда Туркистонда пайдо бўлган нақшбандия таълимоти Афғонистон орқали Ҳиндистонга ва бошқа ислом юртларига ҳам шиддат билан тарқала бошлайди. Заҳириддин Муҳаммад Блбур даврида , ундан кейинги XVI асрда Хожа Муҳаммад ал-Боқий Кобулий Ҳиндистонга боргандан сўнг Ҳинд тупроғида авж олади.

Маълумки, Мавлоно Саъдуддин Қошғарийнинг шогирди мазкур тариқатнинг улкан вакили Абдураҳмон Жомий Алишер Навоийни нақшбандия тариқатига жалб қлган. Бу таълимот тарафдорлари таркидунёчиликка ҳамда бой-зодагонларнинг зулм ва истибдодига қарши бўлганлар. Нақшбандийлар савдо-сотиқ, деҳқончилик, ҳунармандчилик, бадиий адабиёт, мусиқа, илм-маърифат, хаттотлик, наққошлик, миниатюра созлик, қурувчилик каби барча фойдали ва хайрли юмушлар билан шуғулланишга даъват этганлар. Шунингчу н ҳам Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Бобораҳим Машраб, Махтумқули сингари юзлаб тараққийпарвар мутафаккирлар нақшбандия йўлини танлаганлар.

Абдухолиқ Ғиждувоний, Ориф Ревгарий, Ромитаний ва Хожагон тариқатининг бошқа машойихлари каби шоҳ Нақшбанд ҳам шоиртаъб донишманд бўлган, ўз суҳбатларида ўтган мутафаккир, мутасаввифларнинг, забардаст шоирларнинг шеърларидан, рубоийларидан қуплаб фойдаланган. Гох-гоҳ ўзи ҳам гўзал ва ибратли шеърий парчалар, қитъалар ва рубоийлар айтиб, фикрларини иисботлаганлар.

Унинг рубоийларидаги фақир ва ғариб дарвиш бағоят мағрур, ҳеч кимдан ўзини кам ҳисобламайдиган, ҳиммати баланд, озод одам. У ҳеч кимдан таъма қилмагани учун ҳам эркин. Бу дарвиш фақат худо олдида ғариб. Унинг “Нақшбанд” тахаллуси борасида турли фикрлар юради. Баъзи мутахассислар ёшлик пайтида темирчилик билаш шуғулланган ва темир буюмлар устига ҳар хил нақшлар ясаш билан машғул бўлганини айтадилар. Яна бир фикр бор: “Нақшбанд” тахаллуси тариқатнинг асосий қоидасидан келиб чиқади. “Зоҳиран халқ билан ва ботинан худо билан бўлиш”, — бу демак, дилда Аллоҳнинг нақши битилган бўлсин (яъни “нақшбанд бўлсин”)

1.Ҳуш дар дам. Зикр асносида ичдан чиқаётган ҳар бир нафас ҳушёрлик ва огоҳлик ила чиқмоғи лозим, токи бунда ғафлат юз бермасин.

2.Назар бар қадам. Тариқат аҳли шаҳарда, қишлоқда, саҳрода ва бошқа ҳар қандай жойда юрганда ҳар бир қадамига диққат ила разм солиб, огоҳ бўлиб юрмоғи лозим, токи унинг назари пароканда бўлмасин: лозим бўлмаган жойга бормагани маъқул.

3.Сафар дар ватан. Ё Раб, оғиз очмасдан, яъни қалбдан кулиш қандай яхши,

Ва кўз очмай (қарамай) жаҳонни кўриш қандай соз!

Ўрнингда ўтириб сафар қилиш бағоят маъқул,

Беминнат (қимирламай) жаҳон кезиш ҳам ғоят соз.

Бироқ кўпгина собиқ шўро олимлари ўз ишларида мазкур қоидани оддийгина — ватанни сайр қилиш, очиқ табиатда юрт бўйлаб кезиш, деб тушунтирганлар. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, айниқса, юқорида келтирилган рубоий мазмунидан ҳам сезилиб турибдики, бунда зимнан, қалбан, ботиний сафар назарда тутилган.

Хилват дар анжуман. Ташқаридан ошнонамо, лек ичкаридан бегонаваш бўл…

Ёдкард. Лисоний ёки қалбий зикрдир. Аввал шайх дилида шундай гапиради: “Ло иллоҳа иллоллоҳ, Муҳаммадун Расул Оллоҳ!” Шундан кейин мурид дилини ҳозирлаб, шайх дилига баробарлайди, кўзини каттароқ очади, оғзини устувор тутади, тилини тангалайига ёпиштирган ҳолда оғзини маҳкам ёпиб туриб, бурнидан ўпкасини туўлдириб нафас олади ва таъзим бажо келтириб, бутун бор қуввати билан зикр ижросига бошлайди.

Бозгашт. Зикр қилувчи ҳар вақт калими тоййибани айтиб бўлгач, унинг орқасидан ўша қалб тили билан “худовандо, менинг мақсудим сенсан ва сенинг ризоингни тилайман!” дейди.

Нигоҳдошт. Зикр ижросиси тоййиба калимасини дилида айтаётганда хотири бошқа томонга чалғиб кетишда эҳтиёт бўлиши лозим.

Ёддошт. Бу қоида Ҳақ субҳонони ёд этишда солик ҳамиша огоҳ бўлиб туриши, яъни ўша муборак аъмолни доимо ёдда тутишдан иборатдир.

Вуқуфий ададий. Баҳовуддин Нақшбанд айтганидек, ададга риоя қилиш қалбий зикр асносида зокирни фикр чалғишидан сақлайди.

Вуқуфи замоний. Банда ҳамиша ўз аҳволидан воқиф бўлмоғи лозим. Солик ўз умридаги ҳар бир дақиқани яхшилик билан ўтдими, ёки ёмонлик билан ўтдими доимо ҳисоб-китоб қилмоғи даркор.

Вуқуфи қалбий. Зокирнинг дили доимо Ҳақ субҳонаҳу томонга воқиф ва огоҳ бўлиб турмоғи керак.

 Ориф Усмоннинг “Бухорои шарифнинг етти пири” китоби асосида тайёрланди.

Аброр Хидиров,

ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *