МАҲАЛЛА МЕҲРИ

Ижтимоий муҳит – ижтимоий онгни вужудга келтиради, деган ҳикмат бўларди.

photo_2024-03-02_16-57-32

Уни қайси файласуф айтганидан қатъи назар донишмандона гап эканини яхши биламиз. Бугунги тўқ ва фаровон ҳаётимизда шу муҳитимизни янада шаффоф ва ҳаётбахш қилишга эришиб бориш мақсадга мувофиқдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 22 декабрда республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида илгари сурган ғояларини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!» шиори остида ўтказилаётган «Маҳаллада дув-дув гап» тадбирлари кенг жамоатчилигимизда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ҳар гал Ўзбекистон мадҳияси садолари остида бошланган тадбир ҳар бир юртдошимизда қанчалик қизиқиш уйғотаётгани уларнинг чеҳраларида ёрқин акс этиб турарди. Сўнг, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, имом хатиблар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг чиқишлари, дилдан суҳбатлари маҳалла аҳлида катта таассурот қолдирган бўлса, таниқли актёрлар саҳна асарлари ва санъаткорлар дилрабо куй-қўшиқлари билан давраларга файз киритди. Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида кўтарилган масалалар, фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб авлодлар қилиб тарбиялаш мавзусида қилинган маърузалар, суҳбат ва савол-жавоблар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Маҳалла фаолларига китоблар совға қилинди.

Дилдан суҳбатларда маҳалла оқсоқоллари, фаоллари ҳам сўзга чиқишиб, ўлка тарихи, ўтмишда ёрқин из қодириб кетишган нурли сиймолар ҳақида сермазмун маърузалар қилишди. Айниқса, машҳур жадид боболарнинг мангу жасоратлари, уларнинг издошлари бўлган ўнлаб миллий қаҳрамонларимиз ҳақидаги суҳбатлар барчада катта таассурот қолдирди. Албатта, инсон онгига етиб борган ҳар қандай сўз ва ғоя шак-шубҳасиз тафаккурга ўз таъсирини кўрсатади. Оммавий тадбирларда айтилган эзгу ғоялар оилалар орқали ёшлар қалбини ҳам забт этади. Бу эса ёшларимизнинг ватанпарварлик руҳида камол топишига, уларни турли бузғунчи ғоялардан асрашга хизмат қилади.

Бугун кексалик гаштини сураётган отахону онахонлар болалик даврида кўрган-кечирганларини асло унутишмайди. Улар айни дамда ёшларга ҳавас билан қарашлари сир эмас. Ёшларни шукроналик ҳисси билан улғайтириш учун ҳар бир отахон ва онахон қандай йўл тутишни яхши билади. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам аслида шудир…

Кенг миқёсда ташкил этилган тадбирлар маҳалла аҳлининг музейларга саёҳатлари, санъат саройларида маданий дам олишлари билан давом этмоқда.

Маънавият ва маърифат сарчашмасига айланган бундай тадбирлар то абад бардавом бўлиши мақсадга мувофиқ эканлигини ҳаёт ўзи исботламоқда.

Қалбларда ажиб туйғуларни жўш урдирган “Маҳаллада дув-дув гап” тадбирида кўрган-кечирганларимиз илҳом бахш этиб, туйғуларимиз шеърий сатрларга уланиб кетди:

 

Маҳалланинг кексаси – файзи,

Юрагидир – оловқалб ёшлар.

Ошинодир йилнинг тўрт фасли

Бир-бирига маҳалладошлар.

 

Элчиликда келим-кетим бор,

Маъракада тортилар ошлар.

Қўни-қўшни яқин мададкор,

Қараб турмас маҳалладошлар!

 

Фарзандлари бирга чўзар бўй,

Орзулар ҳам гуркирай бошлар.

Кимга дуо, кимга керак уй:

Кенгаш қилар маҳалладошлар.

 

Эл бирлашса – сайллар бўлгай,

Бир ёқадан чиққай минг бошлар.

Қозонларга сумалак тўлгай,

Наврўзда жам маҳалладошлар.

 

Бир болага етти том – она,

Дакки каби керилган қошлар.

Керак пайти қилгайдир таъна,

Мақтагайдир маҳалладошлар.

 

Ўзбекистон – меҳр диёри:

Бунда йўқдир дийдаси тошлар.

Дастурхондай тўкиндир бори:

Маҳаллаю маҳаладошлар!

 photo_2024-01-18_22-15-27

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Маънавият фидойиси

 “Улуғ йўл” газетаси, 2024 йил 1 март

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *