Маҳалла – мозий, бугун ва келажакни туташтирувчи маскан
Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини
ошириш, фуқароларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш бўйича олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларни изчил амалга оширишда жамиятнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Маҳалла жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслилигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш тўғрисидаги топшириғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Президент Администрацияси раҳбари кўрсатмалари асосида Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги “М.Ашрафий” маҳалласида Ўзбекистон Миллий университети жамоаси томонидан “маҳаллабай” тизими доирасида жорий йилнинг 10 февраль кунидан бошлаб салмоқли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, ўтган вақт давомида Яшнобод туманининг “М.Ашрафий” маҳалласида университетнинг ёшлар билан ишлаш, молия ва иқтисодиёт масалалари бўйича проректорлари, ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари, профессор-ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчилари таркибидан иборат ишчи гуруҳи томонидан жами 390 та хонадонда 1648 нафар фуқаролар билан уйма-уй юриш орқали социологик суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, уйма-уй юриш орқали аниқланган 88 та муаммоли ҳолатлар ўз жойида ҳал этилди.
М.Ашрафий Шоҳ кўчаси бўйлаб 3 км масофада ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 60 туп дарахтларга қўшимча ишлов берилди. Шунингдек, университет психологлари таркибидан иборат 12 нафар амалиётчи психологлар томонидан 57 нафар (стресс ва агрессияга мойил, оилавий низолари мавжуд, ногиронлиги бўлган, уюшмаган ёшлар) фуқаролар билан индивидуал психологик суҳбатлар ўтказилди.
10 нафар ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларга 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ижтимоий ёрдам сифатида тарқатилди. “М.Ашрафий” МФЙ биноси тўлиқ таъмирлаб берилди, 1 та чет тилини ўргатиш тўгараги ташкил этилиб, мазкур хона мебеллар билан жиҳозланди, 500 дона бадиий ва илмий адабиётлар университет томонидан тақдим этилди.
Шунингдек, университетнинг факультетлар кесимида маҳалла ёшлари учун фан тўгараклари ташкил этилиб, кимё, математика, физика ва чет тилини ўргатиш тизими йўлга қўйилди.
Хусусан, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларнинг туб негизида халқимиз табиатига мос бўлган ҳамда онгу-тафаккури, қалби-шуурига чуқур сингиб кетган бунёдкорлик, яратувчанлик, янгиликка интилиш каби эзгу фазилатлар мужассам бўлиб, улар табиатнинг узвий ва ажралмас қисми сифатида яшариш ва янгиланиш фасли бўлмиш баҳор билан, Наврўз байрами билан узвий боғлиқ.
Ушбу фаслда маҳалла-кўй бир-бирига қалб-қўрини бағишлаб яшаш, беморлар, етим-есирларнинг ҳолидан хабар олиш, табаррук кексаларимизнинг дуосини олишга интилиш, кундалик турмушда учраб турадиган гина-кудратларни унутиш, жамиятимизни аҳиллик ва ҳамжиҳатликка чорлаш каби инсоний туйғулар янада кучаяди.
Халқимизга хос ушбу миллий анъаналар эса минг йиллик тарихга эга маҳаллаларимизда шаклланиб, ардоқланиб келинмоқда.
Бу борада университет жамоасининг эзгу фазилат йўлидаги саъйи ҳаракатлари давом этади. Унда иштирок этаётган барча масъулларга, профессор-ўқитувчиларга “эл-юртга фидойилик ва эзгулик йўлида намунасиз” деб қоламиз.
Камолиддин Мирзааҳмедов,
ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори
Сўнгги фикрлар