Маҳорат дарси: Одамлар орасидаги омад
Журналистика факультетида Устозлар талабаларни ҳамиша ижодга, изланишга
илҳомлантиради. Бўлғуси журналистларга назарий билим бераётган устозимиз Тўлқин Эшбек амалий машғулотлар, маҳорат дарсларига кўпинча таниқли пулицистлар, шоир ва ёзувчилар, адабиётшуносларни таклиф этади. Таниқли журналист, сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлаганов, Самарқанд вилоят “Зарафшон” газетаси Бош муҳаррири Фармон Тошев, “Адолат” газетаси Бош муҳаррири Ислом Ҳамролар итирокида ўтказилган маҳорат дарслари ёш ижодкорларда катта қизиқиш уйғотди.
Навбатдаги маҳорат дарсида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетини 1997 йилда тамомлаган ижодкор Сафар Оллоёр ва таниқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдош иштирок этдилар.
Учрашув аввалида устозимиз Тўлқин Эшбек мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида сўз юритди.
Педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдош адабиётнинг жамият ва инсон ҳаётидаги бетакрор ўрни, кўнгил аталмиш нозик хилқатни тадқиқ этишда унинг роли беқиёс эканлигини таъкидлади. “Теварак-атрофимиздаги ўн саккиз минг оламни тушуниш, англаш осон, лекин кўнгилни билиш қийин, чунки чек-чегара билмайди бу кўнгил деган нарса. Чин шоир уни тадқиқ қилишга ҳаракат қилади,– деди адабиётшунос олим.– Изланувчан шоир Сафар Оллоёр ана шу нозик хилқатдаги нозик туйғуларни теран ҳис қилади ва зарбулдостонида уларни катта маҳорат билан ёрқин бўёқларда ишончли ифода этади. Мазкур асарда адабиётда биринчи марта шоир ўзини ўзидан фарқлайди: “Деди Сафар” ва “Дедимки мен” тарзидаги бадиий диалог билан ажойиб кашфиёт қилган. Буни “шоир билан лирик қаҳрамон” деймизми ё “шоир билан ички “мен”и ўртасидаги ўзаро мулоқот” деймизми, ҳали адабиётда бундай тажриба қўлланилмаган эди. Аслида, санъат нимаси билан санъат? Санъат ягоналиги – бир нусхада эканлиги билан санъат, агар иккинчи нусхаси бўлса, у саноатга айланиб қолади. “Одам ва Омад” асарининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, муаллиф саккиз достон, тўққиз шеър ва тўққиз митти ҳикоятларни яхлит тарзда бир-бирига шундай жипслаганки, бир-бирига шу қадар бадиий маҳорат билан шундай пухта пайвандлаганки, биронтаям сўз иккинчи бир сўзга уйғунлаштирилмаган ҳолда ишлатилмаган, ҳатто юзга яқин ички сарлавҳаларнинг ҳаммаси бир-бирига қофиялаштирилган: “Эл сўйлаган ривоят – Эзгу Ўйдан иборат”, “Мўъжаз саховатда савоб бор катта”… Одатда оддий қофиядан сўнг моҳиятга ўтилади. Бу асарда эса, сарлавҳадан олдин ифодада ўша сарлавҳага зарурат ҳосил қилади шоир, кейин ўша қофияга мослаб сарлавҳа ясайди: “Ҳамият – майин талаб, вазият – тайин сабаб”, “Лирик чекиниш – мавридли тиниш” каби салкам икки юз бетлик асар ана шундай уйғунликка қурилган ва мунтазам узвийликни ташкил этади булар. Бунақаси адабиётда учрамаган эди. Истеъдоднинг қудрати шундаки, ана шундай мураккаб топилмаларни қўллаш – истеъдодли одамнинг қўлидан келадиган иш. Бизга Навоийнинг такрори ёки Абдулла Ориповнинг “ксеронусха”лари керак эмас, уларнинг ўзлари етарли адабиётимизга, балки айнан мана шу “Одам ва Омад”дай янги, оригинал асарлар маънавиятимизни юксалтиришга, адабиётимизни бойитишга хизмат қилади.”
Адабиётшунос олим истеъдодли шоир Сафар Оллоёр ижодининг ўзига хос жиҳатларини бадиий тадқиқ этар экан, жумладан шундай деди:
“Сафар Оллоёрнинг шундай бир шеъри бор:
Қалб дегани кенг қўрғон экан,
Ҳислар унда тирик жон экан.
Баланд-баланд деворларидан
Шу қўрғонга бўйлаётирман.
Одамни жисми қудратли қилмайди, бўйи икки метр бўлиши мумкин, лекин руҳи майда бўлса, у майда одамчадир, холос.
Мазкур зарбулдостонда яна шундай ажойиб фалсафий сатрлар бор:
Ҳаёт ғоят кенг саройки, адаштирар кирган касни…
Ёки:
Дедимки мен, қўлга олдинг қоғоз-қалам – қийнар не Дард?
Деди Сафар: Дилимда кўп Назмий Сўз бор – айтмоғим шарт.
Ҳаргиз қизиқ: Одам – ким у?
Шу хусусда ёзажакман,
то Замонга фарзанддирман – Чин Сўз қарзман Келажакдан!..
Инсониятнинг тарихий тараққиётидан маълумки, бутун адабиёт “одам ким?” деган саволга жавоб излаб келаяпти. Навоий ҳам, Абдулла Орипов ҳам шу саволга жавоб излаб ўтди, мана энди Сафар Оллоёр ана шу қадимий саволга жавоб излаб, саккиз достонда одамнинг ботиний оламини – сийратини теран тадқиқ қилди. Адабиётдан бошқа восита йўқ ҳақиқатни айтишга.”
Бадиий сўзнинг қудрати оламшумул аҳамият касб этишини теран англаган талабалар адабиётимизда яратилган илк зарбулдостон – “Одам ва Омад” асарини катта қизиқиш билан ўқмоқда. Асар муаллифи шоир Сафар Оллоёр ижодий тажрибаларини сўзлаб берди.
Маҳорат дарсида талабалар ўз ижодий машқларини устозлар эътиборига ҳавола этишиб, ўзларига тегишли йўл-йўриқлар олишди. Қизиқарли савол-жавоблар эса, ЎзМУ Журналистика факультети талабаларнинг http://uchildiz.uz сайти орқали давом эттирилишига келишиб олинди.
Бундай жонли учрашув тарзида ўтадиган маҳорат дарслари талаба-ёшлар учун ижодий сабоқдир.
Гулмира ЧИННИҚУЛОВА,
ЎзМУ Маънавият ва маърифат тарғиботчилари гуруҳи аъзоси
Ўзбекистон Миллий университетининг фаҳрига айланган улуғ истеъдод эгаси, таниқли шоир Сафар Оллоёрнинг ташрифлари барчамизни қувонтирди. Адабиёт- ҳаёт бўстонидир, у инсонни юксалтиради, инсон туйғуларини нозиклаштиради.Адабиётга кўз ташлар эканмиз унинг илдизи севги, ҳис туйғу эканлигига гувоҳ бўламиз, билимсиз ҳис туйғусиз инсон эса иш моҳиятини англаб етмайди. Сўзларимни якунлар эканман маҳорат дарсимиз бизда яхши таъссуротлар қолдирди десам муболаға бўлмайди.
Адабиётни яхши кўрган инсоннинг ҳаёти бошқа худди шу шароитда яшаган, бироқ адабиётдан йироқ тенгдошларига қараганда анчайин мазмунлироқ кечади. Зеро, биз қаноат, оркашлик, ўзгалар ҳақидан қўрқиш, омонатга хиёнат қилмаслик каби инсоний фазилатларни бадиий асарлар орқали ўзимизга кўпроқ юқтирамиз.
Adabiyot bizga azal — azaldan, ota — bobolarimizdan meros. O’ zbek xalqi adabiyotsiz yashay olmaydi. Fakultetimizga Safar Ollayorning tashriflari sababli bunga yana bir bor amin bo’ldim.
Dunyoning avvali — So’z. Chunki 18 000 olam Ollo taoloning «Bo’l!» degan amridan yaralgan. Demak, So’z maydoni, ayniqsa, ham ma’nan, ham ruhan sayqal topgan badiiyat, betakror xilqat — ko’ngil kuychisi bo’lgan dilbar poeziya banibasharning najot qo’rg’onidir. Biz O’zlik qasrini faqatgina Soz saltanati tasarrufidagi mintaqalarda bunyod eta olamiz. Bunda badiiy adabiyot va adabiy qarashlarimiz juda asqotadi.