Маҳорат мактаби: “АГАР БОШ МУҲАРРИР БЎЛСАМ…”
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети талабалари билан “Агар бош муҳаррир бўлсам” деган мавзуда давра суҳбати ўтказилди.
Бугун орзулар оғушида юрган талаба эртага таҳририятларда масъул лавозимларда ишласа, қандоқ йўл тутган бўларди? Миллий журналистикамиз тараққиётига қандоқ ҳисса қўшарди?
Бу борада айрим талабаларнинг теран фикрларини қоғозга туширдик.
Гулсанам Эшматова:
– Оммавий ахборот воситалари орасида газета энг кўп таҳлилий мақолалар ёритиши билан ажралиб туради. Газетхон хабар ва мақолаларни бафуржа таҳлил қилиб, мушоҳада элагидан ўтказиб ўқиш имконига эга бўлади. Бу жараёнда у зарур ахборотга эга бўлиш билан бир қаторда маданий хордиқ чиқариши ҳам табиий. Келгусида мен қайсики нашрга масъул бўлсам, аудиторияни қизиқтирган мавзуларга жиддий эътибор қаратардим. Аввало газетхонлар кутган энг долзарб мавзулар, муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида таҳлилий мақолаларни кенгроқ ёритар эдим. Бадиий, кўнгилочар мавзулар ҳам четда қолмасди. Негаки, у газетхонлар эътиборини кўпроқ жалб этади. Газетани имкон қадар “Маърифат”, “Даракчи” сингари кўп саҳифали қилиб чиқаришга ва ҳар бир саҳифада турли соҳаларга оид мавзуларни қамраб олишга муваффақ бўлардим.
Насиба Аҳмедова:
– Журналист ҳаётнинг қийин синовларидан қочмай, турфа муаммолар ечимини қалами билан ижобий ҳал этиши мақсадга мувофиқ, деб биламан. Кўп муаммоларни айтиш осон-у улар ҳақида рисоласини келтириб ёзиш, бу жараёнда фактларни аниқлаш, исботлаш, қонун доирасида иш тутиш, ниҳоят, таҳлил қилиб қоғозга тушириш жараёнлари айтишгагина осон. Мен шундай мураккаб ишнинг уддасидан чиқаётган устоз журналистларга ҳавас қиламан. Севимли газетам – “Оила ва жамият”нинг ҳар бир сонини эътибор билан кузатиб бораман. Оиладек нозик ва поёнсиз мавзуларни шу қадар ўқишли қилиб ёритаётган устозлардан кўп маҳорат сирларини ўрганиш мумкин. Шундай нашрга масъул бўлсам, оила борасидаги миллий ва асл қадриятларга оид мавзуларга янада кўпроқ эътибор қаратар эдим…
Райҳона Қобулова:
– “Ҳуррият” газетаси бўлғуси журналистлар учун ўзига хос амалиёт мактаби, десак арзийди. Ундаги ибратомуз мақолалар, суратлар, сарлавҳалар, рукнлар ҳақида кўп ижобий фикрлар айтишимиз мумкин. Баҳс тариқасида айрим таклифларимни билдирмоқчиман. Газетанинг шу йил 42-сонида Ўқитувчилар ва мураббийлар кунига бағишланган мавзулар алоҳида ўрин эгаллаган. Бу мавзудаги мақолалар кетма-кет жойлаштирилганида мақсадга мувофиқ бўларди. Реклама саҳифаси сўнгги бетда берилганида, “Дунё сиёсати” газета сҳифаларининг ўртароғида жойлаштирилганида газетхонлар дидига янада мосроқ бўлармиди, деган фикрдаман.
Маънавият инсонни яхшиликка етаклайди. Бу мавзуга кенгроқ ўрин берилиши мақсадга мувофиқдир. “Ғарбга тақлид қилиш ўринлими?” сарлавҳали мақолада кўтарилган муаммо ғоят долзарб. Уни “Муҳокама учун мавзу” рукни билан баҳс-мунозара тарзида давом эттирилса фойдадан ҳоли бўлмасди.
Шунқор Чориев:
– Ҳар бир нашр ё муҳарририятнинг номи худди инсон исмидек пурмаъно, жарангдор бўлишини истардим. Шу нуқтаи назардан “Ўзбекистон” телерадиоканалидаги “Ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий эшиттиришлар” муҳарририятининг номини сал ўзгартириш керак, деган фикрдаман. Чунки, радио студияларига ташриф буюрган кишилар аввало хона пештоқидаги ёзувга қарайди. Ахир, “ижтимоий” ва “социал” (яъни, жамият) сўзлари синоним эмасми?
Демоқчиманки, муҳарририят номи эшиттиришлар мавзусга мос, ихчам ва халқона тилда лўндагина бўлса.
Ирода Каттабекова:
– Айрим ёш журналистларнинг бирор мавзуга қўл урмасдан туриб “цензура бор” дея оғиз кўпиртиришини сира ҳазм қила олмайман. Қани ўша цензура? Ахир, маҳоратли журналистлар энг долзарб мавзуларни ҳам ёритшяпти-ку! Чамаси, бирор мавзуни эплаб ёза олмайдиганларга бу бир баҳона. Буни мен “НТТ” телеканалида амалиёт ўтаганимда англаб етдим. Чор-су бозори ҳудудидаги ерости йўлакларидаги муаммолар ҳақида тайёрлаган танқидий лавҳамиз эфирда берилгач, томошабинларда катта қизиқиш уйғонган.
Насиба Аҳмедова:
– “Даракчи” газетасида турли соҳаларга оид қизиқарли мақолалар берилмоқда. Дизайни ҳам жуда яхши. Мамлакатимизда энг кўп нусхада чоп этиладиган бу нашрда ижтимоий-иқтисодий мавзулар ҳам кенгроқ ёритилса нур устига аъло нур бўларди.
Азиза Рўзимуҳамедова:
– “Орият-доно” радиосининг мухлислари кўп. Уни янада қизиқарли мавзулар билан бойитиш зарур. Радионинг имкониятлари кўплигини яхши биламиз. Энг муҳими, тингловчилар дидига мос эшиттиришлар бериб бориш лозим. Бевосита мулоқотлар кўпчиликда қизиқиш уйғотади.
Севара Рўзметова:
– “Постда” газетасида турли мавзуларга кенг ўрин берилади. Менга айниқса, “Сиз кутган учрашув”, “Ташаббус”, “Спорт”, “Маърифат дарси”, “Турмуш чорраҳаларида” рукни остида бериладиган мақолалар жуда ёқади. Келгусида шу газетага бош муҳаррир бўлиб қолсам, “Маънолар хазинаси” саҳифасини ташкил этардим. Бу саҳифада ибратли мақоллар, маталлар ва маънавий хазинамизни бойитишга хизмат қиладиган бошқа мавзулар кенг ёритилар эди.
Муродбек Давлатов:
– “Заковат” кўрсатувига бош муҳаррир бўлиб қолсам, саволлар сонини кўпайтирар эдим. Томошабинлар учун ўриндиқлар ҳам ташкил этардим. Очиғи, бу кўрсатув анча яхши, мукаммал дейиш мумкин. Унга ортиқча ўзгартириш киритишга ҳожат йўқ. “Заковат” анча ҳаққонийлиги билан бошқа кўрсатувлардан ажралиб туради.
Гулноз Сиддиқова:
– Болалигимда “Оқшом эртаклари” кўрсатувини севиб томоша қилардим. Соат 20.00 да эфирга узатиладиган бу кўрсатувда мультфилм қаҳрамонларига монанд ишланган қўғирчоқлар билан бирга ширинсухан бошловчилар, фариштадек бувижонлар, доно бувалар турли эртаклар айтишиб, хушнуд этишарди. Улардан ўзимизча хулоса чиқариб, ширин уйқуга кетардик. Ҳозир бу кўрсатувнинг номи ҳам, эфир вақти ҳам ўзгарган. Яъни, “Эртаклар – яхшиликка етаклар” номи билан соат 17.00 да эфирга узатилмоқда. Бу вақт болалар ва ўсмирларнинг телевизор кўришлари учун унчалик қулай пайт эмас. Келгусида улғайиб, “Ўзбекистон” телерадиоканалида бош муҳаррир бўлсам, ана шу кўрсатувнинг номи ва эфир вақтини тўғрилардим. Уни ранг-баранг мавзулар билан бойитардим. Эфир вақтини ҳам ўн дақиқадан ўттиз дақиқага узайтириш масаласини ҳал этардим. Чунки, болакайлар учун бу вақт камдек туюлади. Бу борада мутахассислар билан ҳам маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқ деб биламан.
Малика Иброҳимова:
– Телевидение, радио ё газетанинг мавқеи уларнинг халқ орасига қанчалик кириб боргани билан белгиланади. Бу кўрсатувлар, эшиттиришлар ва мақолаларнинг қанчалик қизиқарли, ҳаққоний, савияси юксаклигига боғлиқдир. “Давр” информацион кўрсатувида юртимизда юз бераётган ўзгаришлар, хориж хабарлари атрофлича ёритилади. Бироқ, бутун мамлакатимиз миқёсида жуда кўп ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг барчасини бу кўрсатув қамраб олиши қийин. Агар келгусида мен телевидениеда бош муҳаррир бўлиб қолсам, сиёсий кўрсатувларга кўпроқ эътибор қаратиш ниятидаман.
Дилдора Абдураимова:
– Бир ҳақиқатни тан олиш керакки, замонамиз ёшларининг кўпчилиги сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий мавзуларга қизиқиш билан қарасаларда, уларнинг ҳаётини завқ-шавқ, ўйин-кулги ва қувончли воқеаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Буларсиз ҳаёт зерикарли туюлади гўё. Шу боисдан мен ОАВ орасида энг оммабоп ҳисобланган радиоэшиттиришларини тайёрлашда ёшларбоп эшиттиришлар, бевосита мулоқотлар, қизиқарли янгиликларга кўпроқ эътибор қаратиш тарафдориман. Бу эшиттиришлар савияси юқори даражада бўлишига ҳам эришиш зарур. Келгусида республикамиз радиосида масъул лавозимда ишлаш насиб этса, ана шундай эшиттиришлар доимий эътиборимда бўлади.
Отабек Умаров:
– Устозлардан бир гап эшитгандим: журналист балиққа ўхшаши керак. Бошидан тутса, думи билан, думидан ушласа, бошидан сирғалиб чиқиб кетиши лозим. Яъни, муаммолар гирдобида қолиб кетмаслиги керак. Имкон қадар ҳаёт ҳақиқатини ёритиши зарур. Ҳозирда баъзи реклама роликлари зерикарли. Келгусида телевидениеда масъул вазифада ишласам, рекламаларни оммабопроқ қилиб ёритар эдим.
Дилноза Сайфутдинова:
– Ҳар бир кўрсатувни эътибор билан кузатаман. Улар ортида қанча журналистларнинг машаққатли меҳнатлари борлигини ҳис этаман. Шу боисдан мен бирор кўрсатувни ёмон дейишни истамайман. Нур қидирганга нурли кўрсатувларимиз кўплигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бироқ, баъзи бошловчилар соф ўзбек тилида гапиришни унутиб қўяётганга ўхшайди. Миллионлаб миллатдошларимиз эътибор билан тинглайдиган эфирда тил ва нутқ маданиятига жиддий эътибор қаратиш зарур.
Мунира Хайриддинова:
– “Шифо” газетасини мунтазам ўқиб бораман. Унда турли касалликлар ва уларнинг давоси ҳақида қизиқарли материаллар кенг ёритилади. Модомики, тиббиётга оид мақола ёки маълумотми, уни оммабопроқ тилда ёритишса, мақсадга мувофиқроқ бўларди.
Гулруҳ Даминова:
– “Бекат” кўрсатувининг мухлисиман. Кўрсатув менга жуда манзур бўлмоқда. Айрим жузъий камчилиги ҳақида ҳам очиқ айтмоқчиман. Унга тегишли анонсда бекат лавҳаси берилади. Лавҳада бир чиройли аёл ва хушбичим йигит ёмғир саҳнасида тасвирланган. Билишимча, бу лавҳа яширин камера воситасида суратга олинган. Бир-бирига нотаниш кимсалар автобус кутишаётган экан. Аммо суратга шундай қойилмақом қилиб олинганки, экранда улар гўё севишганларга ўхшаб кўринади. Оқибатда, ҳалиги аёлнинг оиласи бузилиб кетган… Кўрсатув ҳам, бошқа саъй-ҳаракатларимиз ҳам яхшилика, оилалар бахти ва фаровонлигига хизмат қилиши керак. Келгусида тележурналист бўлиб етишсам, мен ана шундай эзгу йўлдан бораман.
Отабек Қўлдошев:
– Телевидениеда “Ёшлар” канали кўрсатувлари мухлислари сони тобора ортиб бормоқда. Биз бўлғуси тележурналистлар учун унинг ибратли жиҳатлари талайгина. Биргина таклифим, ҳозирги кунда беҳаё лавҳалари кўп Туркия сериалларининг ўрнига ўзимизнинг миллий сериалларни кўпроқ берса мақсадга мувофиқ бўларди.
Шерзод Боллиев:
– Ҳозирги кунда айрим ёш журналистларнинг эринчоқлиги мени ташвишга солади. Интернет баъзиларни “Тайёрга айёр” қилиб қўймаяптими? Газета саҳифаларига назар солсангиз, “интернет хабарлари” кўп жойни эгаллаяпти…
Севара Каримова:
– Миллий телевидениемиз ютуқлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Теледастурлардан ёшлар тарбиясига салбий таъсир етувчи ва миллий қадриятларимизга ёт кўрсатувлар ҳам ўрин олаётгани афсусланарлидир. Келгусида тележурналист бўлсам, элимизга маънавий озиқ берадиган кўрсатувларни кўпроқ тайёрлар эдим.
Мухлиса Худойбердиева:
– Мунозарали, баҳсли материаллар оммани доимо ўзига жалб этади. Келгусида қайсики нашрга бош муҳаррир бўлсам, жамоатчиликнинг хилма-хил фикрларини кенг ёритишга ҳаракат қилардим. Ҳақиқат – баҳсларда туғилишини ўз газетам орқали намойиш этардим.
Лобар Аҳмедова:
– Ўқиб-ўрганиб, тажриба тўплаб келгусида ОАВ соҳасида мустақил лойиҳалар устида ишлаш насиб этса, аввало босма нашрларнинг дизайни, полиграфик ижросига алоҳида эътибор берардим. Зотан, бизнинг меҳнаткаш миллатимиз ҳам исми жисмига монанд чиройли кўринишдаги, жозибадор нашрларни ўқийдиган вақт келди. Мамлакатимиз раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз табрикларида таъкидлаган-ларидек, “…1300 дан ортиқ матбаа корхонасининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, маҳсулот сифати юксалиб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, истиқлол йилларида мамлакатимиз бу соҳада катта тараққиёт йўлини босиб ўтганидан далолат бреади”.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда “Жаннат макон”, “Бела-терра”, “Мегаполис» каби журналларни қўлингга олсанг завқинг келади…
Дилдора Иноятова:
– Келгусида қайсики телекўрсатувда масъул лавозимда фаолият кўрсатиш насиб этса, биринчи галда атрофимга энг истеъдодли ёшларни, тажрибали журналистларни тўплардим. Улар билан баҳамжиҳат шундоқ кўрсатувлар тайёрлар эдимки, телетомошабинлар мириқиб томоша қиладиган ва катта маънавий озиқ оладиган бўлишига эришмоқ учун изланардим. Кўрсатувларимиз асосан Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги, юрт осойишталиги, азалий дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланиши учун хизмат қиларди.
Албина РАЖАБОВА:
– Мен бу мавзуга қўшимча бошқа фикрим билан ўртоқлашмоқчиман. Яъни, миллий киноларимиз хусусида кўп баҳс-мунозаралар бўлмоқда. Албатта, миллий киноларимизнинг ютуқлари ўзларига яраша. Улар мавзу, сюжет, жанрлар ўзига хослиги билан ажралиб туради. Кинофильмлар яратишда ўзига хос рақобат пайдо бўлмоқда. Бу эса кино санъатимиз янада ривожланишига хизмат қилади. Бироқ, сўнгги пайтларда баъзи фильмларда оғриқлироқ ҳолатлар ҳам кузатилмоқда Яъни, қаҳрамонларнинг ўзаро сўзлашувларида адабий тил нормаларига деярли риоя этилмаяпти. Баъзи сўзларнинг ҳатто қўпол равишда бузиб ишлатилиши томошабинларнинг ғашига тегмоқда…
Бу гап ҳамма фильмларга тегишли эмас, албатта. Чунки, томошабинлар эътиборини қозонаётган ажойиб фильмларимиз ҳам талайгина. Уларни мароқ билан томоша қилганлар маънавий озиқ олади.
Ҳар қандай фильм, у қандай бўлишидан қатъи назар омма учун яратилади. Демак, ўз-ўзидан маълумки, ҳаммага бирдек тушунарли ўзбек адабий тилида яратилиши зарур! Айрим фильмларда шевага хос сўзлар меъёридан ошиб кетмоқда. Узр, баъзан шундай жумлалар ишлатиладики, уларни фақат ўша маҳалладагилар тушуниши мумкин. Масалан, бир фильмда қаҳрамонлардан бири: “хў харип!” деса, бошқасида “бўт қат?” деб сўрайди. “Фантомас” фильми ўзбек тилига таржима қилингани қанчалик яхши бўлган бўлса, фильм қаҳрамони – комиссар Жукка овоз берган севимли актёримизнинг “портлатди” деган сўзни – “пўртиллатди” деб айтиши ҳам кулгили, ҳам аянчли эшитилади. Фантомаси тушмагур портлатиб қочаверади, комиссар Жук “пўртиллатди!” деб қувлайверади…
Фильм ижодкорлари айниқса тилга эътибор қаратсалар нур устига аъло нур бўларди…
Нодира ВАҲОБОВА:
– Мен ҳам она тилимизда “оммалашиб” кетаётган айрим қусурлар ҳақида сўз юритмоқчиман. Қатрада қуёш акс этганидек, инсоннинг бутун қиёфаси, маънавий дунёси, характери, дунёқараши у сўзлаган нутқида акс этади. Мухтасар қилиб айтганда, сўз – инсон зийнатидир.
Шундай экан, ҳар бир сўзни ўз ўрнида, ўз маъносида ишлата билмоқ жоиз. Лекин, ҳар бир тилда бўлганидек, она тилимизда ҳам вульгаризм, варваризм, жаргонизм каби бир қатор салбий қусурлар мавжуддирки, бу тилимизни оқ қоғоз юзидаги сиёҳ томчисидек хунук ва беўхшов кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда тилимизда аллақандай жаргонлар, ғайритабиий иборалар, мантиққа умуман зид бўлган сифатлашлар пайдо бўлмоқдаки, бу нафақат тилимиз учун, балки мазкур сўзларни ўз луғат бойлигига қўшаётган инсонлар учун ҳам салбий ҳолатдир. Мисол сифатида қулоққа чалинган гаплардан айримларини ҳавола этсак.
Тилимизда салбий маъноли сўзлардан ижобий маънода фойдаланиш оммалашиб бораяпи. Масалан:
“Анави талаба ёмон ўқиб қўяди-да!” (Яхши ўқийди демоқчи).
“Кеча бир қиз билан танишиб қолувдим, кўрсанг даҳшат экан!” (Чиройли экан, демоқчи).
“Ўртоғим гапни синдириб ташлайди!” (Қойилмақом қилиб гапиради, демоқчи).
“Манави қўл телефони қичуқ эканми, дадохўжасидан эканми?” (Ниҳоятда ажойиб, демоқчи).
“36 та тестдан 34 та урдим!” (Ечдим, демоқчи).
“Кеча Манчестер билан Арсенални ўйинини кўрдингми, вабшей ужас бўлди!” (Ўйин шиддатли, тезкор ва қизиқ бўлди, демоқчи).
“Анави қиз качок, ёмон экан-а!” (Жуда келишган, демоқчи).
Айрим суҳбатларда шундай беўхшов сўз ва иборалар қулоққа чалинади:
“Манави (телефон) аппарат итидан эканми”, “манави (компьютер) клавятура буқасидан эканми?”
Бу қанақа ўхшатиш бўлди? Наҳот сўзларимиз шу қадар ғализлашиб кетмоқда?
Яна шундай беўхшов гаплар қулоққа чалинади:
“Сочни ремонт қилдириш (яъни, сочни кестириш, демоқчи).
“Гапни кийдириб кетди”. (Алдаб кетди, демоқчи).
“Кийими ўтирибди”. (Ярашибди, демоқчи).
“Манга гудок ташлавоттими?” (Айрим қизлар шу тариқа – гап отяптими, демоқчи бўлади).
“Телефонинг гадой бўп қолибдими?” (Пули тугаб қолибдими, демоқчи).
Бунақа пойинтар-сойинтар гапларга бефарқ қараб юраверсак, бебаҳо она тилимизнинг ҳоли не кечади? Катталарнинг ўзаро сўзлашувларидан тил ўрганаётган ёш авлод қай йўсинда сўзлашади?
Кўча-кўйда қулоққа чалинган баъзи ибораларни таҳлил этар эканман, она тилимиз шу қадар дағаллашиб кетаётганидан ёқамни ушлаб қоламан.
Мана бу гапларга нима дейсиз:
“Бир қизни пушкага олиб қўювдим, кўрмайсанми?” (Мўлжаллаб, кўз остимга олиб қўювдим, демоқчи).
“Бир қизга стрелка қўйиб келдим” (Учрашувга келишиб келдим, демоқчи).
Гоҳида баъзи оғзи шаллақироқ йигитларнинг (садқаи йигит кетсин, дегинг келади) гапи қулоққа чалинганида сесканиб кетасан. Йўловчилар гавжум бекатда бир йигит шундай деб бақирди:
“Анави қиз чўтки эканми, Бе, урод экан-ку” (Бу билан ўзича уни – бадбашара, деб таҳқирлади. Аслида она тилисини таҳқирлаганини тушунармикин?)
Бунақа гаплар, қош қўяман деб кўз чиқарибди, деган мақолни ёдга солмайдими? Энг ачинарлиси, бундай пойинтар-сойинтар гап-сўзлар айрим газеталарда, радиоэшиттиришларда ва телекўрсатувларда ҳам қулоққа чалинаётганига бефарқ қараб бўладими?
Айтмоқчиманки, келгусида қайсики тенгдошимизга бош муҳаррир ёки бошқа масъул лавозимда ишлаш насиб этса, энг аввало сўзлашув тилимизда пайдо бўлаётган ана шундай қусурларга минбаъд чек қўйиши мақсадга мувофиқдир.
***
Давра суҳбатида шу нарса аён бўлдики, таҳририятлардаги “Маҳорат мактаблари”да бўлғуси журналистлар соҳамиз амалиётини ҳамда устоз журналистлар тажрибаларини баҳоли қудрат ўзлаштирмоқдалар. Изланувчан талабаларнинг бугунги матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳақида билдирган турфа фикрлари ҳам эътиборга моликдир. Муҳими, улар келгусида ахборот майдонида ўз овозига эга бўлишга ва ўзларига хос ижодий йўлларини топишга интилмоқдалар.
Аслида, журналистика факультетида таълим-тарбия бериш ҳамда амалиёт сирларини ўргатишдан мақсад ҳам шу!
Суҳбатни “Ёш матбуот котиблари клуби”
раҳбари Тўлқин ЭШБЕК ёзиб олди.
2009 йил.
Таҳририятдан: Ушбу суҳбат ёзилганига (ва “Журналист” ўқув газетасида, яна қайсидир нашрларда ёритилганига) 5 йил бўлибди. Нодира Ваҳобова, Албина Ражабова, Дилдора Абдураимова, Гулноз Сиддиқова каби иқтидорли талабаларимиз магистратура босқичисида ҳам таҳсил олдилар. Бугунги кунда уларнинг барчаси ҳаётда ўз ўрниларини топиб кетдилар. Бош муҳаррир даражасига ҳам аста-секин ета бошлаётганига шубҳа қилмаймиз. Хўш, улар масъул лавозимга эришганларида ўша орзу-ниятларини қанчалик амалга оширишга муваффақ бўларкин?
Умид қиламизки, суҳбатни улар ҳали узоқ давом эттирадилар.
Демак, аҳдига вафодорлардан сермазмун жавоблар кутиб қоламиз!
Bugun jamiyatimizga insoniy fazilatlarga ega bilimdon,tajribali bosh muharrirlar kerak.Men ham kelajakda yuqoridagilarga amal qilib,telekanallarimiz saviyasini yaxshi ko’rsatuvlarga boyitardim.
Har qanday sohada rahbarning o’rni kattadir. Men agar bosh muharrir bo’lsam eng avvalo moddiy manfaat uchun yozadigan junalistlarni emas, shu sohani sevadigan haqiqiy jurnalistlarni to’plar edim.
Ayni zamonamizga kelib fidoilik tushuchasini boshqa tushunish, unga boshqacha qarashni ko`rishimiz mumkin. Har qanday paytda ham fidoiylik bu qurol olib jangga kirish deb tushunilmagan. Vatan uchun chin farzand, uning uchun turli tarafdan yordamga keldi. Bilim, zakovat va jasorat uyg’unlashtirgan holda kurashga otlanadi. Men murarrir bo’lsam, xodimlarimfa bilim zakovat va jasoratni uyg’unlikda olib barishini tashkil qilardim
«Bosh muxarrir bo’lsam» juda ajoyib mavzu tanlangan. Bu albatta orzuligicha qolib ketmasligi kerak.Axir aytishadiku orzu boshqa amal boshqa deb.Yillar o’tib bosh muxarrr bo’lsam avvalo lavozim kasaliga chakinmaslikka harakat qilardim.Bundan tashqari diplomni o’qib olgan kadrmi yo sotib olgan shu jixatlarini ham inobatga olardim.Jurnalist,teartshunos umuman kerakli kadr kerakli gapni ayta olishi kerak.
Kim ham orzu qilmaydi deysiz bosh muharrir bo’lishni.Yuqoridagi fikr bildirganlar barchasi diliga tukkan niyatni aytishibdi.Ilohim niyatlariga Olohni o’zi yetkazsin.Yaxshi nashrlar va yaxshi qalami o’tkir muharrirlar ko’payaversin.