Мунаққиднинг мумтоз мактаби

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети талабалари домламиз Абдуғафур Расуловнинг дарсига «прогул» бўлмаслик ёки баҳо олиш учун эмас балки, чинакам илм эгаллаш, адабиёт, адабий танқидчилик, қолаверса, бадиий ижод сирларидан баҳраманд бўлиш иштиёқида келардилар.

АРасулов4

Домламиз дарсини шу қадар жонли, қизиқарли ўтар эдиларки, танаффусга қўнғироқ чалинганини сезмай қолардик.

Устознинг ўнлаб асарлар ҳақидаги теран таҳлилини тинглар эканмиз, беихтиёр шундай савол туғиларди: муаллифлар ҳам ўз ижодидаги ўша «нозик қирралари»ни билишармикин? Очиғи, баъзи адибларнинг «асаримдаги шу жиҳатларга эътибор бермаган эканман» дея эътироф этганини эшитиб, домлага тан берардик. Адабиётшунос олим нималарга қодирлиги ва адабиёт бўстонидаги ўрни нечоғли юксаклигини англаб етганмиз. Ёшлигимизга бориб, ҳатто шундай баҳслашган эдик: «ёзувчи кучлими ё мунаққид?» Шунда бир ҳамкурсимизнинг топқирлигидан мириқиб кулганмиз. У секин домлага ишора қилиб, шундай деган: «Агар ёзувчи ҳам Абдуғафур акага ўхшаса, демак, у ҳам жуда зўр!»

Она алласи қалбимизга муҳрлангани каби устоз таълими ҳам юракка умрбод жо бўлган. Аллага тенг таълим дунёқарашимизни шакллантирган, маънавий юксакликка чорлаган. Буни қарангки, дорилфунун билан хайрлашганимизга чорак асрдан ошган бўлса ҳамки, устознинг бетакрор фикрлари, қуйма иборалари биз учун ҳамон маънавий пиллапоя бўлаётир.

Устоз бугун ҳам бўлғуси журналистларга сабоқ бераётганини кўриб, дилим равшан тортади. Негаки, дунёқарашлари бутунлай ўзгача «замона ёшлари»нинг улуғ устозлардан ҳам таълим олиши уларнинг катта ҳаёт йўлига эсон-омон чиқиб олишларида муҳим ўрин тутишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Очиғи, чақалоғини эплашга қийналаётган тажрибасиз ёш ота-она яна оиланинг катталарига таянгани мисол бугунги ўнлаб ёш ўқитувчилар Абдуғафур акадек устозлардан мураббийлик сирларини ўрганаётганлари шубҳасиз. (Ўзим ҳам талабаларга дарс бераётиб, бизни ўқитган домлалар айрим «маҳмадана»ларга қандай муомалада бўлаётгани ва уларни қай усулда «йўлга солаётгани»ни суриштириб, тажрибаларини ўрганиб бораман!) Домламиз аудиторияда «жим ўтиринглар!» дейишига ҳожат қолмасди. Салобат билан сукут сақлаб, шундоқ қарардики, унга кўзларимиз дош беролмай, нафасимиз ичимизга тушиб кетар, сўнг жон қулоғимиз билан тинглаб ўтирардик. (Узр, ҳозир айрим ёш мураббийларда на салобат, на «бургутқараш санъати» бор…)

Филология фанлари доктори, профессор Абдуғафур Расулов наинки назариётчи олим, шу билан бир қаторда мунаққидлик бобида мактаб яратган ижодкор, тиниб-тинчимас мураббийдир. Бугунги кунда филология ва журналистика факультетларида ана шу меҳридарё устозга ҳавас қилиб, у кишининг изидан бораётган шогирдларининг саноғи йўқ.

Бугун ортидан шогирдларини эргаштириб юрган домламиз бу дориломон кунларига осонликча эришмаганини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Илмнинг машаққатли сўқмоқларини ўн чандон мушкуллаштирадиган «ғов»лардан илгарироқ у собиқ мустабид тузимнинг «ёзилмаган қонун»лари жафосини чекканди. Шўро даврида «кадрлар сиёсати»га биноан Тошкент шаҳридан ўқишга келганларга шундай «шарт» қўйиларди: кириш имтиҳонларини фақат «5»га топшириши шарт! Кейин бирор завод ё фабрикада ишлаган бўлиши, «Меҳнат дафтари» талаб этиларди… Бу талаблар «пойдевори» ҳам мустаҳкамланиб, мактабда ўқиб юрган кездаёқ «Ким бўлсам экан?» деган мавзуда иншо ёздиришар, қишлоқ мактаби ўқувчиларига «деҳқон бўламан», шаҳарликларга «ишчи бўламан» деб ёзиш тавсия этиларди. Мактабни битиргач, «энди сўзингда тур!» қабилида муомала қилинарди. Қишлоқликлардан хўжалик раисининг махсус «рухсатнома»си, шаҳарликлардан «ишчилик иш стажи» талаб этиларди… Хуллас, Бешёғочдаги 90-ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаган Абдуғафур ҳам САГУ (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетига кириш имтиҳонларини аъло баҳоларга топширганига қарамай «Тошкентлик бўлгани» учун том маънода камситилган эди…

Пойтахт шаҳримизда улғайган йигит-қизларнинг бунақа камситилиши шу билан тугамасди. Минг машаққат билан ўқишга киргач, уни тамомлаганидан сўнг бирор олисроқ вилоятда ишлаб келиши, айтайлик «жўшқин комсомол сифатида» Қарши, Жиззах, Сирдарё чўлларини ўзлаштиришга «ҳисса қўшиши» шарт эди. Акс ҳолда, диплом берилмасди…

Хуллас, 1959 йилда университетни тамомлаган Абдағафур ака ҳам ўша давр «таомили»га кўра Қашқадарёга юборилди. Қарийб 10 йил Қарши Давлат педагогика институтида фаолият кўрсатди. Ниҳоят, 1968 йилда жонажон Тошкентига қайтган устоз ўшандан буён қадрдон университетининг филология ва журналистика факультетларида ёшларга адабиёт сирларидан сабоқ бермоқда.

Илму ижоди умрининг мазмунига айланиб борган устоз 1966 йилда филология фанлари номзоди, 2002 йилда эса фан доктори бўлди. Адабиёт бўстонида – адабий танқидчилик борасида ўз овозига эга бўлган ижодкор сифатида 1979 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Устознинг ақл тарозуси бир палласида мудом бадиий асарлар турса, иккинчи палласида адабий мезонлар туриши адабий жамоатчиликка яхши маълум.

Фикрдан фикр унади, деганларидек, етмишинчи баҳорини қаршилаётган устоз ҳақида атоқли адиб ва олимларнинг ҳам дил сўзлари қоғозга тушурдик. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров шундай дейди:

– Нозиктаъб мунаққид Абдуғафур Расуловнинг энг ажойиб фазилатларидан бири – юксакликка қараб интилишидир. Баъзи кишилар «фалончилар мендан пастроқ-ку» деб ўзини ўзи овутиб юради, бу билан ўзича таскин топади. Пастга қараб тўн бичган одам ҳеч қачон юксакликка эриша олмайди. Абдуғафур Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов каби етук адабиётшуносларнинг изидан бориб, ўз мактабини яратганини эътироф этса арзийди. Мен унинг докторлик диссертацияси авторефератига тақриз ёзган эдим. Шунда адабиётшунослигимизда қанчалик улкан иш қилинганидан қувонганман. Айтиш мумкинки, ушбу диссертация асосида салмоқли дарслик яратса бўлади.

ЎзМУ журналистика факультети декани, тарих фанлари доктори Қудрат Эрназаровнинг дил сўзлари сизни ҳам ҳаяжонга солади:

– Адабиёт илми ва ижод журналистиканинг жуфт қаноти, дегим келади. Сўз санъатидан йироқ кишидан журналист чиқиши жуда мушкул. Неча ўн йилдирки, Абдуғафур Расулов бўлғуси журналистларга сабоқ берар экан, журналистикамиз пойдевори ҳам, метиндек қаноти ҳам сўз санъати билан боғлиқлигини улар қалбига сингдиради. Зеро, факультетимиздан таниқли адиблар, шоирлар, олимлар ҳам етишиб чиқишида заҳматкаш олимнинг хизматлари жуда катта, дейишга ҳақлимиз. Устознинг кўксини безаган «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» унвонида айнан журналистика факультетида қилган фидокорона меҳнатлари ифодаси ҳам акс этиб турганга ўхшайди.

Мирзо Улуғбек номли Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Д.067.02.16 рақамли докторлик илмий даражасини олиш учун диссертациялар ҳимояси бўйича Ихтисослашган кенгаш аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Файзулла Мўминов шундай дейди:

– Абдағафур ака филология ва журналистика соҳаларининг бир-бирига пайваста эканини амалда кўрсатиб юрган фидойи олим ва ижодкор. У журналистика сирларини ҳам яхши билади. Ихтисослашган кенгашимизда фаолият кўрсатган кезларда айнан журналистика ихтисослиги бўйича илмий ишлар мавзусини тасдиқлашдан тортиб, ҳимоясигача фаоллик кўрсатарди. Илмнинг ғоят машаққатли йўлларида тажрибали олим бўлғуси филология фанлари номзодлари ва докторларига қимматли маслаҳатларини аямасди…

Бугун олтмишдан ошиб етмишга етаётган, саксондан сакраб тўқсон билан тўқнашаётган барча устозларимизнинг айни кучга тўлган, вужуди илму ижод иштиёқи билан ёнган даври, афсуски, собиқ мустабид тузум йилларига тўғри келган эди. Улар ёшлик ғурури, жўшқин ғайрати, бетимсол шижоат билан ишлайдиган, энг сара асарларини яратиши мумкин бўлган даврида юртимизда мустабид тузум ҳукм сурарди. Шунга қарамасдан улар муросаи мадора қилиш билан қаторда ўнлаб асл асарларини ҳам яратишга ҳам муваффақ бўлганлари баайни ҳақиқат.

Ўша кезларда истеъдодли ёш қаламкашларга бериладиган мукофот ҳам «доҳий» номи билан аталарди. Мукофот нима деб аталишидан қатъи назар у шоир ё ёзувчи меҳнатини эътироф этишнинг ўзига хос ифодаси бўлган. Биз учун муҳими, ўша мукофот соҳиби бўлган ижодкорлар ҳақида ёзилган адабий мақолалар замирдаги дурдек фикрлардир. Зеро, 1977 йилда 10000 нусхада чоп этилган «Ўзбекистон Ленин комсомоли мукофоти лауреатлари» тўпламидан Абдуғафур Расуловнинг 9 та мақоласи ўрин олган. Бу даврда филология фанлари номзоди бўлиб, айни кучга тўлган, адабий фикрлари янада сайқаллашаётган устоз теран нигоҳ ила Султон Жўра, Гулчеҳра Нуруллаева, Худойберди Тўхтабоев, Гулчеҳра Жўраева, Иброҳим Ғафуров, Ҳалима Худойбердиева, Яйра Саъдуллаева, Ойдин Ҳожиева, Ўткир Ҳошимов сингари замондош (таъбир жоиз бўлса, кўпчилиги билан қарийб тенгдош) ижодкорлар ҳақида ёзган мақолаларида ҳам адабий хазинамизни янада бойитишга хизмат қиладиган дурдек фикрларини баён этган.

Устознинг 1985 йилда чиққан «Танқидчилик уфқлари», «Олим ва таржимон» китоблари ўша давр ўзбек адабий танқидчилигида ўзига хос воқеа бўлган бўлса, 1998 йилда «Маънавият» нашриётида чоп этилган «Илми ғарибани қўмсаб…», «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти томонидан 2000 йилда нашр этилган «Истеъдод ва эътиқод», 2001 йилда чоп этилган «Ардоқли адиб», 2006 йилда «Фан» нашриётида чиққан «Танқид, талқин, баҳолаш» сингари қатор китоблари ўзбек адабиётшунослигимиз илмий-маънавий хазинасини янада юксак пағоналарга кўтарди.

Кўпни кўрган кўп билади, деганларидек, устоз талабаларга ўтган дарсларида, адабий давраларда, турли учрашувларда айтган ва китобларида баён этган дурдона фикрларини ён дафтаримга ёзиб юрардим. Бу қуйма фикр-у ҳикматлар йиллар синовидан ўтиб, бугунги китобхонлар, мунаққидликка қизиққан филологлар, педагоглар ва журналистлар учун ҳам ўзига хос ибрат мактабига айланди, дегим келади. Ақл-у тафаккур хазинаси абадул-абад аждодлардан авлодларга қоладиган энг буюк маънавий меросдир! Асл маънавий хазина қайси даврда яратилмасин, асал айнимас, олтинг зангламас, деганларидек, асрлар оша унинг қадри ошиб борарар экан.

АРасул1

Устоздан эшитиб, китобларидан ўқиб саралаган ўгитларимни «Домланинг дил дафтари» деб номладим. Уни ўқир экансиз, ўша дурдона фикрларни домланинг ўзлари сўйлаб бераётгандек ажиб таассурот қолдиради. Бебаҳо маънавий хазина қалбингизни нақш айлаганидан ҳузур қиласиз. Марҳамат, бу дурдоналардан Сизга ҳам илиндик.

* * *

Шоир умрининг мазмуни яшалган йиллар сони-ю, ёзилган асарлар ҳажми билан белгиланмайди.

* * *

Шоир асрлар қаърига дадил кириб боради. Бундай мушкул юмушга шоирни тафаккур машъали ундайди.

* * *

Шоир асарларида асрлар ҳаракатда берилади.

* * *

Самимийлик, соддалик, мураккаб муносабатларни оддий тасвирлаб бериш болалар асарларининг хусусиятларидандир.

* * *

У болалар адабиётига қонуний бир йўналишни – хаёлот дунёси самараларини олиб кирди.

* * *

Ўқимасдан,чуқур билим олмасдан замоннинг ҳақиқий кишиси бўлиш мумкин эмас деган фикр жуда кўп мисоллар – воқеалар, саргузаштлар орқали исботланилади.

* * *

Қаҳрамондаги табиий томонлар кулгига, самимийликка, ажойиб-ғаройиб ҳодисаларга йўл очиб беради.

* * *

Характер тасвирида ундаги мана шу икки қутб бирликда кўрсатилади.

* * *

Оддийлик – табиийликнинг аниқ белгиси.

* * *

Мураккаб ҳаётни, ҳар хил кишиларни оддий қилиб кўрсатиш фақат ёзувчининг сеҳрли дунёсига боғлиқ.

* * *

Танқидчи сўзнинг сеҳрли дунёсига кирар экан, ўта эҳтиёткорлик, назокат билан ҳаракат қилади, сўзнинг заҳа, сўз санъатининг озор топишига зинҳор йўл қўймайди.

* * *

У сўзларни «босиб-янчиб», оёқости қилиб, пала-партиш иш кўрадиган, сўзнинг «жонли», «асаби» борлигини тушунмайдиган таваккалчиларга қарши кураш бошлайди.

* * *

Танқидчи учун истеъдод, дид қанчалик зарур бўлса, теран билим, сермушоҳадалилик, адабий жараённи чуқур, кенг қамраб олиш шунчалик фарздир.

* * *

Ҳар бир ўринда танқидчининг «ўзлиги» билиниб, кўриниб турмоғи лозим. Қиёфасизлик – танқидий асар кушандаси.

* * *

Ёзувчилар асарнинг биринчи сатри, илк саҳифасидаёқ китобхон диққати устидан «ҳокимлик» қилишга интиладилар.

* * *

Танқидчи ўрни-ўрни билан ҳаётий воқеаларни боплаб ҳикоя қилиб беради, оҳори тўкилмаган ҳикмат, халқ донишмандликларини қистириб кетади.

* * *

Адабий танқиднинг парвози малакали танқидчиларга боғлиқ.

* * *

Билиш, дунёни англаш жараёнида босиб ўтилган умр масофасининг аҳамияти муҳим.

* * *

Умрнинг ҳар бир палласида инсон маълум муаммолар билан қизиқади.

* * *

Қизиқиш, англаш, кашф этиш кабиларнинг ёш билан боғлиқлиги табиий ҳолга айланган.

* * *

Ҳаётнинг бебаҳолиги-ю, умрни бошқариш санъати нақадар мукаммаллигини ҳис этган, қалби ёниқ кишилар дунёнинг безагидирлар.

* * *

Лирик қаҳрамон ота-онаси эришмаган бахтга эришди, уларга насиб этмаган эзгуликларни кўрди. Ўз навбатида лирик қаҳрамон ҳаётга энди қадам қўяётган гўдакнинг яна ҳам бахтли бўлишини орзу қилади.

* * *

Келин бўлган билар келин аҳволини…

* * *

Оила қанчалик мустаҳкам, асосли бўлса, жамиятнинг кучига куч, қудратига қудрат қўшилаверади.

* * *

Донишманд кишилар билар-билмас оила масалаларига аралашавермайдилар.

* * *

Шундай дамлар бўладики, оила ташқи таъсирга муҳтожлик сезади. Шундай дамдларда ҳакамлик вазифасини елкасига олган кишилар жарроҳдай жиддий, заргардай нозик иш олиб боришлари керак.

* * *

Оила муаммоларини самимий, қалб сўзлари билан ҳал қилмоқ, унинг дардига юрак ҳарорати, холис ниятдан малҳам тайёрламоқ керак.

* * *

Оналик – аёлликнинг нурли чўққиси, таърифга сиғмайдиган бахти.

* * *

Оналик туйғуси қаршисида барча хусусиятлар чекинади.

* * *

Қаҳрамон қалбига орзу, ишонч ҳокимлик қилади.

* * *

Инсон кулгуси кекса замонни минг йилларга яшартириб юборишини, табиатнинг соқов тошларига тил ато қилишини, сўнгсиз самовотни асрий уйқудан уйғотишини истайди шоира.

* * *

Инсон меҳри тугаса қуёш ҳароратсиз, дунё муҳаббатсиз бўлиб қолади.

* * *

Юлдуз эмас, инсон улуғ: юлдуз ном-нишонсиз сўниши ҳақ, лекин инсон инсонлар қалбида эзгуликлари, ҳеч бўлмаганда, армон қолдириши билан яшайди.

* * *

Инсон эркини бўғган замонлар кам бўлганми ёки тузумлар камми?!

* * *

Онасидан айрилган қиз ўзини қўярга жой тополмайди. Унга ҳаёт ҳам ғариб, мотамсаро бўлиб кўринади.

* * *

Кўз илғамас кенгликда табиат, инсон, коинот бирлиги аниқ сезилади.

* * *

Орзу – инсоннинг бахти, қуввати, келажаги.

* * *

Баҳор, севги ва ёшлик қондош ва эгизак тушунча.

* * *

Санъаткор давр руҳи, ҳаётнинг жиддий муаммоларини ёрқин образлар яратиш орқали акс эттиради, ҳал қилади.

* * *

Ҳар бир даврнинг етакчи хусусиятлари, келажакнинг белгилари, одатда, ёшлар характерида аниқроқ намоён бўлади.

* * *

Ёзувчи кишилар, ҳаёт тўғрисидаги мулоҳазаларини вақт синовидан ўтган ҳикматларга, турмуш сабоқларига суянган ҳолда давом эттиради.

* * *

Адабий-бадиий танқид адабиётшунослик, бадиий ижод билан жуда яқин, фалсафа, эстетикага жон томирлари билан уланади, лекин у ўз моҳиятига, тафаккур йўсинига, ўзига хос функциясига эга соҳадир.

* * *

Илмда бор ҳақиқатни тўла-тўкис ёритиш имкони, тенденцияси мавжуд экан, уни танқидчиликка ҳам татбиқ этишимиз табиийдир.

* * *

Ижодкор истеъдоди бадиий асарда мантиқни ўзига бўйсундиради.

* * *

Танқид ҳам оммага, ҳам ижодкорга, ҳам адабий жараёнга қаратилади.

* * *

Бадиий асарда асосан ижтимоий ҳаёт, муносабатлар тасвирланади.

* * *

Ҳақиқий бадиий асарларнинг умри боқийдир. Ҳар бир янги авлод асардаги янгидан-янги маъно қатламларини кашф этади.

* * *

Машҳур асарни одам умри давомида бир неча бор ўқиши мумкин. Ишонч комилки, ҳар гал у асарнинг янги жиҳатларини, мазмун қатламларини, характерлардаги янги хусусиятларни кашф этади.

* * *

Ўйламай ишлатилган иқтибос мантиқий изчилликни бузади: кўчирма энг зарур ўринларда, тадқиқотда асосланаётган фикрни ҳар томонлама далиллашга хизмат қилсагина мақбулдир.

* * *

Табиат гўзал, инсон меҳнатининг натижаси гўзал.

* * *

Бадиий бойлик яратишда санъаткорнинг истеъдоди, дунёқараши, зеҳни, жасорати, қўйинг-чи, инсон сифатидаги барча хислатлари муҳим аҳамиятга эга.

* * *

Тириклар ўлимга қарши бир жон, бир тан бўлиб курашадилар.

* * *

Ҳақиқий ёзувчилар инсонни, бадиий гўзалликни севишга, қадрлашга ўргатадилар.

* * *

Маданиятли одамлар санъат асарини тушунишга, ундан ҳузурланишга интиладилар.

* * *

Ўтмишнинг бизгача етиб келган улуғ асарларида умуминсоний ғоялар ниҳоятда кучли.

* * *

Инсон интеллектини бойитадиган илмий маълумот унутилиши мумкин. Аммо бадиий асар орқали китобхон борлиғига сингган ижтимоий мазмун сира йўқолиб кетмайди.

* * *

Диди ўртача китобхон, ўртамиёна қобилиятли ёзувчи бор экан, ўртамиёна адабиёт ҳам бор.

* * *

Ҳақиқий адабиёт ҳамиша ўртамиёналикка қарши курашади.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

“Таълим муаммолари” журнали, 2008 йил 2-сон, 11-12 бетлар.

Вам может также понравиться...

Ответов: 3

  1. Адолат ҒАФУРОВА:

    Инсон меҳри тугаса қуёш ҳароратсиз, дунё муҳаббатсиз бўлиб қолади. Ҳақиқатдан ҳам инсон билан гўзалдир бу олам. Чунки инсон ўз меҳри билан қуёш ҳароратини ортда қолдиради. Лекин танганинг икки томони болганидек, жамиятда шундай инсонлар борки улар дунёни зулматга айлантиради. Мен қачон ёмонликни кузатсам, инсонларнинг ёмон қилиқларини кўрсам ўйлаб қоламан ўшалар ҳам инсонку. Аслида ёмон инсонлар меҳрга, бир оғиз ширин сўзга муҳтож бўдиб юради….
    Абдуғафур Расуловнинг фаолияти, уларнинг маҳоратлариҳ ҳақида тўхталиб ўтилибди, хоҳлардимки журналистика факултетида Абдуғафур Расуловга ўхшаган устозлар кўпайсин.

  2. ustoz sizlarga mana shunday domlalar dars bergani uchun ham sizlar yetuk kadr bo’lib yetishdinglar bugun biz bunga iqror bo’lmoqdamiz, siz va siz kabi domlalarning bizga dars berishi kelajagimizning yorqin bo’lishiga xizmat qiladi

    • Раҳматли Абдуғафур Расулов, Очил Тоғаев каби профессорлардан таълим олганимиз билан фахрланиб, уларнинг мураббийлик анъаналарини давом эттиришга ҳаракат қиляпмиз.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *