Қовун қовунни кўриб ранг олади, деганларидек, бўлғуси журналистлар
устоз ижодкорларнинг сабоғини қанча кўп олсалар, шунга яраша камолга етадилар.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида Фармон Тошев, Сирожиддин Саййид, Муҳаммаджон Обидов, Шарофиддин Тўлаганов, Собир Ўнар, Ислом Ҳамро, Муслимбек Йўлдошев, Бекзод Шукуров, Ғайрат Ширинов каби забардаст публицист, шоир, адибларнинг маҳорат мактаблари ўз самарасини кўрсатмоқда. Талабаларимиз амалиёт даврида ана шу Устозларга эргашиб, ижод бўстонида муносиб ўрниларини топаётганлари умид уйғотади.
Журналистика факультетимизни сўнгги йигирма йил орасида тамомлаб, Устоз журналистлар қаторидан ўрин олган Нилуфар Жабборова, Нурхон Элмирзаева, Олим Тўрақулов, Ҳусниддин Бердиев, Фахриддин Ҳайит, Носиржон Жўраев, Муҳиддин Абдусаматов, Шуҳрат Ориф, Азиза Қурбонова, Ҳусен Тангриев, Ғайрат Шералиев, Ислом Қорабоев каби бугунги пешқадам ҳамкасбларимизнинг ҳам ана шундай ижодий маҳорат мактабларини ташкил этиш ниятидамиз.
Қуйида «Гулхан» журнали Бош муҳаррири Нилуфар Жабборованинг эътиборингизга ҳавола этилаётган долзарб мавзудаги мақоласи ана шу ижодий маҳорат мактабидан бир нишонадир.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
«БОРАЙ ДЕСАМ ҚАБРИ, КЎРАЙ ДЕСАМ БОЛАМ ЙЎҚ»
Бир неча кундирки ижтимоий тармоқларда Россия кўчаларида илиб қўйилган: “Узбек на день. Разнорабочний 1600 руб день” сўзлари ёзилган эълонлар қизғин муҳокамага сабаб бўляпти. Бу ҳол халқимизнинг жаҳлини чиқаргани табиий. Гўёки бу сўзлар орияти ва ғурури баланд ўзбек халқига ҳақоратдек туюлди. Аммо нега биз бундай аҳволга тушдик, деган ҳақли савол туғилади. Афсус, минг афсуски бундай ачинарли аҳволга тушишимизга ўзимиз сабабчи эмасмизми?! Агар халқимиз ўртасида етарлича меҳр-оқибат, аҳиллик бўлганида эди, ичимиздаги муаммоларни бирдамликда ҳал қилганимизда, фарзандларимизнинг кўксидан итармай, тўғри йўл-йўриқ кўрсатганимизда эди бундай ҳолга тушмаган бўлармидик…
Бир ой аввал қабристонда бир аёлни кўриб қолдим. Бир бурчакдаги ўриндиққа ўтирганча юм-юм йиғлайди, сув ичади, яна йиғлайди. Қабристонни зиёрат қилиб бўлиб ортимга қайтмоқчи эдим, яна ўша аёлга кўзим тушди. Аҳволини кўриб индамай ўтиб кета олмадим. Ёнига бориб ўтирдим. Ғамдан эзилган аёлни кузатар эканман, бир оғиз ҳам сўз айтолмадим. Бироз вақт ўтганидан сўнг, “Бу ерда кимингиз бор?”, дея олдим зўрға. У бўлса яна йиғлади. “Ҳеч кимим, ҳеч кимим йўқ бу ерда”, деди. “Унда нега келгандингиз?!” деган саволимдан сўнг аёл сергак тортди. Сўнг чуқур хўрсинди-да: “Бу ерга кўнглимга таскин топиш учун келаман”, деди. “Эрим 6 йил аввал инсульт бўлиб, чап томони фалаж бўлиб қолди. Ўзим фаррош бўлиб ишлайман. Бир фаррошнинг ойлиги нимага ҳам етарди. Қолган фарзандларим ҳали мактабда ўқишади… Катта ўғлим Анваржон мактабни қизил шаҳодатнома билан тамомлади. Ўқитувчилари ҳар гал унинг ақлли, одобли, билимли ўқувчи сифатида мақташса қувониб, ғурурланардим. “Ҳали ўғлим, бир катта одам бўлсин, қийналган кунларим унутилади”, деб ўйлардим. Ўғлим кеча-ю кундуз тинмай китоб ўқиб, олий ўқув юртига кириш учун астойдил ҳаракат қилди, аммо икки йил киролмади. Бир куни уйга тушкун аҳволда кириб келди. Нима гаплигини билсам, қўлига бирон марта китоб олишни истамаган ва дарслардан қочавериб ўқитувчиларни безор қилиб юборган иккита синфдоши бюджет асосида ўқишга кирибди. Ўғлимга, “Фақат пул берсангина кира оласан”, дейишибди. Улар айтган катта пул қаердан ҳам топардик. Топган пулимиз рўзғор учун, эримнинг дори дармонларига зўрға етиб турган бўлса. Ўғлим иш сўраб жуда кўп жойга борди. Аммо қўлида дипломи йўқлиги сабаб тайинли иш топа олмади. Айрим ишхоналар ҳеч бўлмаса талаба бўлганингизда ҳам олардик, дейишибди. Шу биргина қоғоз ҳам кўп нарсани ҳал қиларкан-да. Кейин заводга ишга кирди. Йўл кира ва тушлигидан орттирган пули ҳеч вақо бўлмасди. Маҳалламиздаги Ботир деган ўртоғининг Россияга ишлашга кетаётганини эшиб, ўғлим ҳам кетаманга тушиб қолди. Худонинг зорини қилдим, “Нима қиласан, болам, бормагин”, деб. Аммо унамади. “Ўғил бўлиб сизларга ҳеч нима қилиб беролмаяпман. Қаранг, қанча одам чет элда ишлаяпти. Мен ҳам бориб ишласам, оиламизга ёрдам бўлади. Қачонгача шундай қийналиб, яшаймиз, онажон?!”деди. Ноилож кўндим. Уч-тўрт ой ўтиб оз-оздан пул юбора бошлади. Тез-тез қўнғироқлашиб турардик. “Ойи, кўпроқ ишласам, кўпроқ пул беришар экан. Шунинг учун кўпроқ ишлаяпман”, дерди. Ўғлимнинг ишлагани сабаб ҳафтада бир килограмм гўшт сотиб оладиган бўлдик. Акаси сабаб болаларимнинг оғзи гўштли овқатга етганди… Бир куни кечки пайт ўғлим йиғламсираган овозда қўнғироқ қилди. “Онажон, уйга қайтсам дегандим. Озроқ пул жамғариб қўйганман. Яна бир-неча ойлик маошимни олганим йўқ. Энди берамиз дейишди. Ишлаётган жойимиз жудаям совуқ. Бу ердагилар “Сизлар бизнинг ҳисобимиздан бойияпсанлар, шу ердан туриб уй-жойингни тиклаяпсанлар”, деб аяб ўтиришмас экан. Пул топаётган бўлсак меҳнатимиз эвазига оляпмиз-ку. Кечаси билан ишлаганларга кўпроқ пул беришяпти. Мен ҳам кўпроқ пул топиш учун кечаси билан ишлаётгандим. Энди эса ҳолим қолмади. Суякларим қақшаб оғрияпти. Қўлимдаги бармоқларим яхши ишламаяпти. Буколмаяпман”, деди. Хўрлигим келди: “Сен ҳали шу азобда ишлаяпсанми, болам! Қайт орқангга, менга сенинг соғлиғинг керак. Шу ердалигингда ҳам кунимиз ўтаётганди-ку”, дедим. Икки кун ўтиб ўғлим уйга қайтиш учун поездга чипта олгани ҳақида хабар берди. Хурсандлигимни кўрсангиз эди. Икки йил кўрмагандим боламни. Орадан икки ҳафта ўтди ҳамки ўғлимдан хабар йўқ. Хавотир ола бошладим… Бир ой ўтиб ўғлим билан бирга кетган Ботир эшигимиздан кириб келди. Узоқ вақт гапиролмай соқовдек ўтирди. Сўнг зўрға тилга кирди. Азизжон чипта сотиб олганидан сўнг бошлиқларидан тўланмаган ойлик маошларини беришларини сўрабди. Улар эса тўланиши керак бўлган пулни ярмини беришибди. Хуллас ноҳақликка чидолмаган ўғлим тўпалон кўтарибди. Ўзларининг ҳам ҳоли шундай бўлишини тушунган ўртоқлари биргаликда норозилик билдиришибди. Тортишув муштлашувга, муштлашув пичоқлашишга айланибди. 4 киши қаттиқ жароҳатланибди. Ўғлим билан яна бир йигит пичоқнинг зарбидан ўша заҳотиёқ вафот этибди… Эҳ, онани яратмасин экан. Ўз кўзим билан кўрмаганим учун ишонганим ҳам йўқ. Россияга бораман, ҳақиқатдан ҳам ўғлим вафот этган бўлса, боламни ўзи туғилиб ўсган жойга қайтариб олиб келаман, деб ўйлаган эдим. Бормаган жойим, кирмаган эшигим қолмади. Аммо ҳеч ким ҳеч қандай ёрдам беролмади. Маҳалламиз оқсоқолига ёрдам беринг деб қайта-қайта ялиндим. У эса, “Опа, Россияга бордингиз ҳам дейлик. Бир ўзингиз нима қила оласиз? Икки киши бўлиб борсангиз ҳаражатингиз икки бараварга ортади. Чет элдан майитни олиб келиш қанчага тушишини биласизми? Қанча қоғозбозлик, ҳужжатбозлик қилиш керак. Сизга ҳозир ҳеч ким катта пул топиб беролмайди. Устига устак орадан ойлар ўтди. Энди ўғлингизни таний оласизми, йўқми, Худо билади. У ердагилар бошқа бир марҳумни кўрсатса ҳам ўғлим, деб кўтариб келаверасиз-да. Энди опа, қолган болаларингизни, тўшакка михланиб қолган эрингизни ўйланг. Ўғлингизни тақдирида шундай қайтиш қилиш бор экан. Сабр қилмай иложингиз йўқ”, деди. Оқсоқол бу гапларни шунчалар босиқлиқ билан айтдики, худдики бир қоп картошканг чет элда қолса қолибди-да, оҳангида қабул қилдим. Кейин роса суриштирдим. Ростан ҳам чет элдан одамнинг тиригидан кўра ўлигини келиши анча қимматга тушар экан. Оҳҳҳҳ, қўлим калталик қилди. Боламнинг совуқ дийдорига ҳам етолмадим. Икки йилдан бери айрилиқ доғида ёнаман. Қўшниларим қабристоннинг тупроғини кўксингизга суртинг, сўнг сувга солиб ичинг. Ана шунда ичингиздаги куйишиш сал бўлса-да босилади, дейишди. Ичимдаги ёнаётган чўғнинг азобидан ким нима деса қилдим. Аммо нима қилайки, кўксимдаги ачишиш ҳеч кетмайди, зўрайса-зўраядики, камаймаяпти. Имкон топдим дегунимча шу қабристонга келаман. Болам билан тенгдош марҳумларнинг қабрини зиёрат қиламан. “Шулар ҳам кимнингдир фарзанди эди, улар ҳам фарзанд доғига чидаяпти-ку”, дейман ўзимга таскин берган киши бўлиб… Кимга гапирсанг тақдир, тақдир дейди. Худойим бизга ҳаёт беради. Тўғри ёки нотўғри яшаш эса бандасининг қўлидаги иш. Бўлмаса, дўзах, жаннат деган тушунчалар бўлмасди. Менинг болам адолатсизлик қурбони бўлди. Ўз юртида адолат, меҳр-оқибат кўрмади. Агар олий ўқув юртига кирганида ёки шу ерда бирор ишга жойлашганида Россияга кетмаган, бу ишлар бўлмаган, болам бағримда юрган бўларди. Агар ростан ҳам боламнинг пешонасига қисқа умр битилган бўлса, ўз юртида ўзбек удумларига хос қилиб дафн этиларди… Энди кўрай десам на болам бор, тепасида йиғлай десам на қабри бор…”
Қанчалар аччиқ ҳақиқатлар! Сиз айрилиқдан оташда ёнаётган юрагини совитиш илинжида музлатилган сувни ичаётган, асабийлашганидан титраётган бу муштипар онага қандай таскин берган бўлардингиз?! Таассуфки, мен юпанч бўла оладиган бирорта сўз топа олмадим. Дарҳақиқат, биз ҳаммасини тақдирга, қисматга ортиб қўйишга, муаммоларни ўзимиздан тезроқ узоқлаштиришга одатланиб қолганмиз. Аслида эса ечим топиш қўлимиздан келишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Афсуслар билан шуни айтиш мумкинки, чет элга ишлаётган ёшларнинг ҳаммаси ҳам тўқликка шўхликдан кетаётгани йўқ. Қанчадан-қанча навқирон, билимли ёшларимизни ўз қўлимиз билан ажал домига отаётганимизни биламизми?! Ўз оиламизда бир-биримизга оқибатли бўлолмаяпмизу, ўзга халқдан меҳр-шавқат кутишга ҳаққимиз бормикан?! Масъулиятли лавозимларда ўтирган мансабдор кишилар бевақт нобуд бўлаётган ёшларнинг руҳи ҳаққи, онаизорларнинг изтиробли кўз ёшлари олдида ўзларини озгина бўлса-да айбдор ҳис қилишармикан, адолатсизликларни виждонан таҳлил қилиб кўришармикан?!
Ўтган йили барча курсдошларимиз йиғилишиб байрам қилдик. Даврада бир шўхроқ курсдошимиз водийлик курсдошимизни туртганича ҳазиллашиб:
– Бу ўзи бир вилоят газетасида бош муҳарриру, яна қийналган талабаларнинг контрактини тўлаб юради. Обуна йўқ пайтида ўзини-ўзи қийнагани-қийнаган, – деди. Унга жавобан курсдошим:
– Мен ҳам талабалик пайтимда контракт пулини тўлай олмай, ноиложликдан ўқишни ташлаб кетмоқчи бўлиб юрган кезларимда бир яхши инсон мурувват кўрсатиб, контрактимни тўлаб берган. Ўша пайтда узатилган нажот қўлидан кўнглим тоғдек кўтарилган. Қўлимга контракт пули тўланганлиги ҳақидаги қоғозни олганимда, кўзимда ёш билан ўзимга вақти келиб мен ҳам қўлимдан келганича инсонларга ёрдам қиламан, ўзимдек қийналган талабаларга кўмак бераман, деб ваъда бергандим. Умрим давомида шунга амин бўлдимки, имконим борича, озгина бўлса-да, кимгадир яхшилик қилган бўлсам, Худойим менга икки ҳисса қилиб эзгуликлар, ёруғликлар, ютуқлар йўлини очиб берди. Имконим бўлганида яна-да кўпроқ яхши ишлар қилган бўлардим, – деди.
Кетма-кет ютуқлару, мукофотларга эришаётган курсдошимнинг гапларини эшитар эканман, кўнглим ёришди. Орамизда катта қалбни кўтариб юрган Инсонлар борлигидан ҳам қувондим, ҳам фахрландим. Демак, юракда чин дилдан истак бўлса яхшилик қилиш мумкин экан. Чеккадан келиб ҳеч ким бизнинг дардимизга даво топиб, оғриқларимизга малҳам бўла олмайди. Ичимиздаги дардимиз ҳам, камчилигимиз ҳам ўзимизга аён. Шундай экан давоси ҳам ўзимизда. Даво эса – бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизда, аҳиллигу иноқлигимизда. Шундай экан, ОҚИБАТ деворларини баланд қилиб кўтарайлик, азизлар.
Нилуфар ЖАББОРОВА, журналист
Мақола 26.03.2020 йил «Дарё» газетасида нашр этилган.
Сўнгги фикрлар