Меморандум имзоланди
Халқаро илмий, маърифий алоқалар – тараққиёт омилидир.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бу борада сўнгги йилларда қатор лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасида олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг флагманига айлантириш вазифаси белгилаб қўйилган эди. Шунингдек, мазкур олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 500 таликдаги олий таълим муассасалари даражасига кўтариш кераклиги аниқ кўрсатиб берилган.
Бугунги кунда мазкур соҳада ЎзМУда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Университет профессор-ўқитувчиларнинг нуфузли халқаро журналларда илмий мақолалар нашр қилиш сони ўтган йилга нисбатан 2,5 бараварга ўсди, ўқув жараёнига мунтазам равишда хорижлик профессорлар жалб қилинмоқда ва улар билан ҳамкорликда илмий лойиҳалар бажарилмоқда.
Хусусан, истиқболли йўналишлар ва мутахассисликларда халқаро қўшма таълим дастурлари очиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2021 йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон Миллий университетига Д.И.Менделеев номидаги Россия химия-технология университети ректори Александр Мажуга, ўқув ишлари бўйича проректор Сергей Филатов ва давлат грантлари бошқармаси бошлиғи Мария Солдатёнклар ташриф буюрди.
Икки томонлама илмий, маърифий ва халқаро алоқаларни ривожлантириш юзасидан ўтказилган музокараларда ЎзМУ ректори Иномжон Мажидов илгари сурган қатор истиқболли таклифлар россиялик ҳамкасбларда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашувда, шунингдек, университет раҳбарлари профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашиши, талабаларнинг академик мобиллигини йўлга қўйиш, ҳамкорликда ўқув ва илмий ишланмалар нашр этиш ҳамда истиқболли йўналишларда қўшма таълим дастурлари очиш бўйича фикр алмашилди.
Мулоқот сўнггида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Д.И.Менделеев номидаги Россия химия-технология университети тенг имкониятлар ҳамда ўзаро манфатлар асосида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида англашув Меморандумини имзоладилар.
Раима Ширинова,
ЎзМУ Халқаро алоқалар бўйича проректори, профессор
Сўнгги фикрлар