“Менинг фикрим” махсус веб-портали яратилди
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва
парламент тадқиқотлари институти томонидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг 34-банди ижросини таъминлаш мақсадида “Mening fikrim” веб-портали тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
“Mening fikrim” веб-портали концепциясини ишлаб чиқишда унинг қулай ва содда тартибда ишлаши устида кўплаб изланишлар олиб борилди. Бунда 10 дан зиёд илғор хорижий давлатнинг тажрибаси ўрганилган.
“Mening fikrim” веб-портали концепцияси жорий йилнинг 15 февралида кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилганлиги, унда нафақат Олий Мажлис депутатлари, балки электрон жамоавий мурожаатларни туман миқёсида кўриб чиқишга ваколатли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари ҳам иштирок этганлиги веб-порталнинг янада пухта ва тушунарли бўлишида муҳим омил бўлганлиги таъкидланди.
Жорий йил 13 апрель куни “Mening fikrim” веб-портали лойиҳаси германиялик экспертлар томонидан халқаро экспертизадан ўтказилди.
“Mening fikrim” веб-портали мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг очиқлиги, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётий ва самарали бўлишини таъминлаш борасида кўплаб имкониятлар яратади. Ушбу веб-порталнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш келгусида қонунларнинг ижтимоий муносабатларга мослашувчанлигини таъминлаш, уларнинг сифат жиҳатидан такомиллашувига хизмат қилади.
Портал ўзбек ва рус тилларида фаолият юритади. Асосий саҳифада “Барча мурожаатлар”, «Бу қандай амалга оширилади?», «Янгиликлар», «Портал ҳақида», «Кўп бериладиган саволлар» каби рукнлар мавжуд. Веб-порталда мурожаат қолдириш учун шахс Ўзбекистон фуқароси бўлиши талаб этилади. Мурожаат қолдириш учун фуқаро порталдаги Ягона идентификация тизими орқали паспорт рақамини киритади. Доимий фойдаланиш учун шахсий кабинетига эга бўлади.
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари мунтазам равишда порталнинг фаолияти ва мурожаатларнинг ҳолати ҳақида хабардор қилиб борилади.
Сўнгги фикрлар