“Меҳмоннома”ни ўқиганларнинг меҳмони бўлинг!
Меҳмон — отангдан азиз, деган нақл бежиз айтилмаган. Атоқли шоир Эркин
Воҳидовнинг «Сўз латофати» китобида бу нақл мағзи жуда тушунарли ифода этилган. Меҳмон кутишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Қуйидаги мақолани ва унда таҳлил этилган китобни ўқисангиз, меҳмондорчиликнинг сиру синоатларидан кўпроқ баҳраманд бўласиз, дейди Дониш домла.
Файласуф Карим Маҳмудовнинг “Меҳмоннома”си
файласуфларнинг фикрича, бирон-бир нарсанинг моҳияти унинг ўзидангина эмас, балки унинг шаклидан ҳам намоён бўлади. агар ана шу предмет ва нарсага қараб, унинг маъносини тушунсангиз, демак унинг ижтимоий-маданий турмуш образи эканини ҳис этасиз. моҳият – бу олий даражадаги мазмун, ғоя, объектдан сўнгги мақсад. унинг маданийлашуви инсон ҳаётига муносиблиги ва зарурияти даражасини белгилайди.
Ҳар қандай буюм яратилиш шаклига кўра, тактоникаси, бичими, ҳажми, прапорционаллиги, қулайлиги, чидамлилиги, чиройлилиги, бежиримлиги ва бошқа хусусиятлари билан инсон дилида, яъни истеъмолчи дилида эстетик завқ, мамнунлик уйғотади.
Бадиий асар – бу ижодий объект ёрдамида ҳиссиётларини “узатиш” демак. Гўёки инсон буюмга жон ато этади. Ундан фойдаланган инсон билан мулоқотга киришади. Демак, шу буюмни яратган инсон фикрини шу буюмдан фойдаланган инсон ўқийди, ўқибгина қолмай, уқади ҳам.
Ўтган асрнинг 80-йилларида файласуф олим Карим Маҳмудов (1926-1990) ўзининг “Меҳмоннома” деб номланган фалсафий-аҳлоқий китоби учун манба излаб, Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва қишлоқларида бўлади. Китобнинг “Меҳмондўстлик тўғрисида бирор манба излаб…” деб номланган мақоласида қуйидагича ёзади: “Ҳурматли кексалар билан суҳбатда шу нарса аниқландики, қадим замонлардан буён меҳмонни самарқандликлар худди нон-насиба каби ҳурмат қилар эканлар. Меҳмонга атаб, атайлаб махсус патирлар пиширилган, нонни тайёрлаганларида юзини хамирдан нақшинли кунгурадор қилиб безатганлар. Ҳатто баъзи ноннинг юзига шеърий мисралар ва азиз меҳмонларнинг номлари битилган. Меҳмонлар кетар пайтида баёт битилган, чиройли безатилган нонларни уларнинг қўлига тутқазишган. Ушбу нонларни меҳмонлар эҳтиёт қилиб, мисоли бир санъат асари каби ўз уйларининг деворларига осиб қўйгарлар. Яхши меҳмондорчиликда эсдалик бўлган нон яна безак вазифасини бажариб турган”.
Нонлар бир йўла уч вазифани бажарадиган қилиб тайёрланган, биринчиси, таомлик, иккинчи маъноси озиқ-овқати вазифасини, ризқ-рўз, маънавий-аҳлоқий вазифани бажарган, учинчиси, катта меҳмондорчиликларда ва тўйларда нонлар бетига ош, гўшт, мева-чева, қанд-қурс қўйиб дастурхонга тортилган. Бу одат ҳозир ҳам бор. Нонларимиз: патир қирғоқлари бўртган, ўртаси нафисроқ, яъни бамисоли лаган, товоққа, кулча эса ликопча, тақсимчага ўхшаб ясалганининг боиси ҳам шу (расм). Нон шакли ва мазаси орқали биз нонвойнинг истаги, сиз билан бизни тўйдириш, меҳмон қилиш, эъзозлаш тушунчаларини англаймиз. Шу боис, халқимизда нонвойларни жуда ҳурмат қиладилар, унга энг озода ва фойдали касб эгаси деб қарайдилар.
Ўтган асрда яшаган файласуф олим Карим Маҳмудов инсоннниг предметли олам муҳитидаги ўрни ҳақида ўнлаб фалсафий мавзулардаги китобларни ёзган. Улар ичида “Меҳмоннома” алоҳида аҳамият касб этади. Меҳмон, яъни истеъмолчи учун техник жиҳатдан қуйлай ва эстетик завқ берувчи буюмлар, нарсалар яратиб, инъом этиш, хизмат кўрсатиш, савдо-сотиқ кабилар шакл яратиш борасида анчагина меҳнат зарурлигини кўсатади.
Яна назариётчи олимнинг оддийгина нон ҳақидаги чуқур фикрларига қайтамиз. Дунёда ноннниг шакллари кўп, турлари ҳам анчагина. Улар инсон учун доим ва ҳамиша зарур. Шу билан биргаликда, Самарқанд нонларининг яна бошқа хусусиятлари, узоқларга олиб кетиш, анча вақтгача ўз сифатини сақлаб туриши, ичига бошқа таом ва масаллиқларни жойлаштириш мумкинлиги, танаввул қилиш учун қулайлиги, яъни эрганомикаси ва бошқалар. Демак, файласуф Карим Маҳмудов ўтган асрнинг 80-йилларида миллий дизайн турлари ҳақида фикр юритган. Унинг ҳозирги кунларда “жараёнлар дизайни” деб номланган тури, яъни байрамларни, тадбирларни ташкил этиш, турли маросимларни уюштириш, кўргазма ва бошқалар саноат дизайни ёки жараёнлар дизайни билан уйғунлашиб кетган фуд-дизайн соҳасидаги изланишларини тилга олишимиз мумкин.
“Ҳар қандай таом бу шифобахш малҳам, ошпаз эса шифокордир”, дер эди К.Маҳмудов. “Уни дид бидан хўрандага тартмоқлик – санъат, дастурхон безаш эса, анчагина билим, маданият ва қобилиятни талаб қилади”. Бу фикрлар “дизайн” ва “дизайнер” ҳақидаги тушунчаларга ҳамоҳанг. Фақат бу ерда дизайн объекти – таом, дастурхон безаш ва у билан боғлиқ жараёнлар.
Энди “меҳмоннома” сўзи ҳақида фикр юритсак, меҳмон – истеъмолчи, мезбон – дизайнер. Демак, ҳамма нарса истеъмолчи учун яратилади. Унинг усули эса уй-жойдан, яъни интерьерлардан тортиб, ланшафтларгача (боғлар, ҳовлилар, айвонлар ва бошқалар), дастурхонлардан тортиб хизмат қилувчиларгача, масаллиқлардан тортиб таомларгача, ҳатто ташкилий равишда танаввул қилиш жараёнларигача, айтиш жоиз бўлса, мезбон ҳулқ-атвори, кийиниши, фазилатлари ва бошқалар “меҳмоннома” деб аталмиш услубни вужудга келтирган. Агар ўзбек халқининг меҳмондўстлиги фазилатларини фалсафий жиҳатдан асос қилиб олсак, бемалол дизайн услуби сифатида қарашимиз, меҳмоннома услуби деб аташимиз мумкин. Ўзимизда ҳам, хорижда ҳам бу услубни “этнографик услуб” деб атайдилар, аммо К.Маҳмудовнинг услуби эса айнан “меҳмоннома” услубидир. Шундай экан, инсон нарсалар яратиш жараёнида нафақат ўз тажрибасини, балки ўзидан олдин яшаб ўтган аждодоларининг ҳам тажрибларини қўллайди. У ўзи яратган нарса ёрдамида ўзини ҳам намоён қилади, ўзининг ким эканини кўрсатади.
Американинг буюк дизайнери Раймонд Лоуи ошхона буюмлари лойиҳаларини яратаётган пайтларда ўз ҳузурига Оливе исмли ошпазни таклиф қилади. Унга бозордаги қозон,товоқ, кастрюллар, сквородларни кўрсатади ва уларни танлаб беришни илтимос қилади. Лоуи томонидан лойиҳалаштирилган ва ошпаз Оливе томонидан синаб кўрилган ошхона буюмлари саноат асосида ишлаб чиқарилгандан сўнг, уларнинг Европада бозори чаққон бўлади. Демак ошпаз идиш товоқларнинг тилини яхши тушунган эди. Шу каби хар бир буюмда лойиҳачи дизайнер ҳам ўзининг қиёфасини акс эттиради.
Янги буюмни лойиҳалаш ва яратиш–бу дизайнер фикрининг объективлашуви, табиатнинг инсон фаолиятида натижасида янги қиёфа олиши демакдир. Кўп ҳолларда дизайнерлар буюмлар ҳам инсонни шакллантириши ҳақида унутиб қўядилар. Бу тизимни ( одамлар-буюмлар-одамлар ўртасидаги муносабатлар) ташкил қилади. “Меҳмон отангдек улуғ” деган халқнинг ахлоқий фазилатларида, энг аввало, дизайн нафақат илмий тушунча, балки аҳлоқий тушунча ҳам эканини сезишимиз мумкин.
Ўтган асрнинг 80-йилларида “Ўзбек таомлари” юзасидан ҳам таркибий-кимёвий, ҳам фалсафий, ҳам педагогик, ҳам дидактик изланшлар олиб борган ўзбек фуд-дизайни асосчиси Карим Маҳмудов фаолиятининг КПСС МК томонидан қаттиқ танқид қилингани тарихдан маълум. Унинг фаолиятига “таомлар тайёрлаш, меҳмон кутишнинг ҳам илм-фанга алоқаси борми?”, деб шубҳа билан қарайдиган “илм соҳиблари” ҳам бўлган. Аммо Карим Маҳмудов ўз фикрида қатъий турар эди. У дизайн ҳамма ерда бор, у маданият тарихининг бир бўлаги, энг асосийси, аҳлоқий тушунчадир, дея ўз назарий тадқиқотларини далиллашга уринар эди.
Яратувчилик воситасида ўзининг, халқининг, Ватанининг гўзаллигини, маданиятлилигни, меҳмондўстлигини ва бағрикенглигини намойиш қилиш ўзбекларга хос (барчага ҳам) хусусият саналади. Карим Маҳмудовнинг “Турмуш зийнати” деб номланган китобида ўтган асрнинг 80-йилларида дизайн унсурларининг секин-аста совет маданиятига кириб келаётганини акс эттирган; китоб саҳифаларида “Хонани шинам тутиш”, “Кийиниш маданияти”, “Меҳмон ва мезбон”, “Тўй қилиш қоидалари” ва бошқа саҳифалар бўлиб, уларда кўтарилган масалалар ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас.
Ҳар қандай кашфиёт, энг аввало, инсон руҳий оламида туғилади ва предметлар оламида кўчиб чиқади. Шакл яратишда эса турли-туман услублар мавжуд. Улар ичида “меҳмоннома” услуби энг қадимий ва навқирон услублардан биридир. Файласуф Карим Маҳмудовнинг бу услуби этнографик услуб сифатида доимо ҳизматда, у одамларга ҳамиша яхши ният улашади. Яхши ниятдан туғилган шаклларда меҳр-оқибатнинг азалий рамзи бўлиб, “ўзбек палов”и кулиб туради.
Дадахон Ёқубов,
Ўзбекистон санъат арбоби, журналист
Сўнгги фикрлар