Меҳр

Ёш истеъдод соҳиби Ислом Асилбеков 1994 йилда Наманган вилояти, Чуст тумани, Қорақўрғон қишлоғида туғилган. Қалами «Чуст ҳақиқати» газетасида қайралмоқда. Ижодий машқларидан улкан истеъдоднинг тафти келаётганга ўхшайди, дейди Дониш домла оқ йўл тилаб.

Фото Тулкина Эшбека.

Одилбек меҳрибонлик уйи деразасидан ташқарига разм солар экан, хаёлидан ота-онасининг «Сени олиб кетаман ўғлим» деган сўзларини ўтказар эди.

Аммо ота-онасидан на хабар бор, на дарак… У умидсизликка тушмай уларни кўтарди. Тарбиячи опаларга ҳар куни эрталаб ўрнидан турибоқ “Бугун онам ёки отам келадилар, сўнгра мени олиб кетадилар”, дея дарвоза томон отилади. Ҳар куни шу аҳвол. Кеч тушар пайт хомуш яна ортига қайтади.

Табиатан тортинчоқ Одилбек болаларга ҳам қўшилмайди. Ўзи ёлғиз боғдаги ўриндиқда хаёлга берилиб ўтиргани-ўтирган. Ҳамма ҳайрон. Тарбиячилар у билан гаплашишга ҳаракат қилсада, фойдаси бўлмайди.

Кунларнинг бирида Одилбек тарбиячи Анора опанинг олдига бориб ичидаги дардларини тўкиб солди:

«Холажон, эсимда, мени ёшлигимда ота-онам жуда-жуда яхши кўришар эди. Отам боғчага елкасига опичлаб олиб борардилар.

Кечга томон ҳам уларнинг елкаларида уйга қайтардим. Ойимлар эса ҳар куни ширинлик пишириб берардилар.

Бир куни тонгда ота-онамнинг бақир-чақиридан уйғониб кетдим. Ташқарига отилдим.

«Йўқ дада, урманг», дея ойижонимга ёпишдим. Уларни ҳимоя қилишга уриниб маҳкам қучоқлаб олдим.

Ойимнинг иссиқ бағрида ухлаб қолибман. Уйғонсам онам уйда ҳам, ташқарида ҳам йўқ эдилар. Кейин билсам улар мени дадамга ташлаб, уйдан кетиб қолган эканлар. Дадам билан яшаб турдик.

Кунларнинг бирида кечқурун дадам қўлимга бир даста пул тутқазиб, ташқарида кутиб турган холамларнинг олдига олиб чиқдилар-да:

— Ўғлим, бир ҳафта иш билан бир жойга сафарга кетяпман, қайтиб келсам сени олиб кетаман,- дея холамларга мени топширдилар.

Шундан сўнг дадамни кўрганим йўқ.

Эртасига холам мени ювинтириб, кийимларимни тугдида, «Бир жойга бораман», дея йўлга тушдилар. Кейин шу жойга олиб келиб, бир аёлга мени топширдилар.

Ўша пайтлари дунё кўзимга қоронғу бўлиб кўринарди, наҳот мендан ҳамма юз ўгирган бўлса, айбим нима?!

Кунларнинг бирида музқаймоқ олгани ташқарига чиққандим. У ерда ногаҳон онамга кўзим тушиб қолди… Ойижон, — дея бағриларига отилдим. Уларни кучганча роса йиғладим. Иссиқ меҳр тафтларидан баҳра олиб юзларидан ўпдим. Анча озиб кетибдилар.

Улар эса кўз ёшларимни артиб қўлимга рўмолчаларини тутқаздилар, «Озгина кутгин, ишимни тугатиб бўлиб сени олиб кетаман», дея яна ташлаб кетдилар. Мана ўша рўмолча.

Ишонасизми, бу мен учун шунчалар азизки, тунлари уни тўйиб-тўйиб ҳидлаб ойижонимнинг тароватини сезгандай бўламан, холажон, дея йиғлаб юборди.

Анора опа уни бағрига босиб, аста бошини силаб:

— Қўй йиғлама, Одилбек. Агар келаман деган бўлсалар, келадилар. Иш билан юргандирларда дея, тасалли берарди, гарчанд унинг ота-онаси келмаслигини ич-ичидан сезиб турсада

Одилбек эса табассум ила: — Холажон, мен ойим ва да­дамга яна хат ёздим, — дея Анора опага тутқазди.

Хатда шундай дил сўзлари битилганди:

«Ассалому алайкум ойижон, яхши юрибсизми, дадажоним билан ярашиб олдингизми? Сизлар мени меҳрибонлик уйига ташлаб кетган бўлсанглар ҳам мен сизларни ҳамон яхши кўраман.

Кечалари уйғониб кетаман, сизларни ўйлаб йиғлайман, ойижон?

Эсингиздами, ойижон «Тез кунда келиб олиб кетаман», деган эдингиз, мана орадан 2 йил ўтибди, сизлардан хабар йўқ сизни тасодифан кўчада учратиб қолганимда, «Ишим тугай деб қолди, олиб кетаман», дегандингиз-ку. Сизни жуда ҳам соғиндим. Умид билан яшайман. Ишонаман, бир кун келиб сизлар мени бу ердан олиб кетасизлар…

Чексиз соғинч билан ўғлингиз Одилбек».

 Фото Тулкина Эшбека.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Наманган вилояти, Чуст тумани, Қорақўрғон қишлоғи.

«Чуст ҳақиқати» газетасининг 2016 йил 28-январь сонидан олинди.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *