Меҳридарё, фидойи устозларга эҳтиром кўрсатилди

Президентимизнинг жорий йил 27 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни

муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида“ги фармонига мувофиқ пойтахтлик 19 нафар устоз ва мураббийлар ҳам ватанимизнинг фахрий унвонлари билан тақдирланди.

Меҳридарё, фидойи устозларга эҳтиром кўрсатилди

Тошкент шаҳар ҳокимлигида устоз ва мураббийларни мазкур давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унга ўқитувчи ва мураббийлар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, жамоатчилик, пойтахт фаоллари таклиф этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўқиб эшиттирди.
Дарҳақиқат, Президентимиз табригида таъкидланганидек, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир.
Тантанали тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида кўрсатилаётган улкан эътибор устоз ва мураббийлар, кенг педагогик жамоатчиликнинг ишида яққол намоён бўлмоқда. Уларнинг меҳнатини қадрлаш, ижтимоий муҳофазалаш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай эзгу ишларнинг бари ўқитиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда миллий анъана ва қадриятларга содиқлик, ватанпарварлик, фидойилик туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришда муҳим пойдевор яратмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўқитувчиларни эъзозлаш, жамиятда бу касбнинг мавқеини юксалтириш борасидаги юксак эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Шу куни пойтахтимиздаги “Наврўз“ маданият ва истироҳат боғида Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва мураббийлар учун сайл ташкил этилди.
– Ислоҳотлар таълимнинг барча бўғинларини қамраб олаётгани ёш авлод келажаги, унинг истиқболи йўлида кўрсатилаётган чин ғамхўрликнинг амалий намунасидир, – деди Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги енгил саноат касб-ҳунар коллежининг ишлаб чиқариш таълими устаси, “Шуҳрат“ медали соҳибаси Гулсарахон Аҳмеджонова. –Камтарона меҳнатларим шундай юксак қадр ва эътибор топганидан қалбим ҳаяжонга тўлди, руҳиятим осмонлар қадар юксалди. Назаримда бугун ҳар бир педагогнинг кўнглидан шундай туйғулар кечмоқда, десак янглишмайман. Ўқитувчилардек оддий, хокисор ва шу билан бирга ғоят масъулиятли касб эгаларига кўрсатаётган юксак эътибори учун Президентимиздан жуда миннатдормиз.
Сайлда ўқитувчиларнинг мулоқот қилиши, ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун барча шароитлар яратилди. Болалар бадиий ижодиёт марказлари фаолиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди. Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги мусиқий дастур устоз ва мураббийларга ғоят манзур бўлди.
Бу каби тадбирлар Тошкент шаҳридаги кўплаб маданият ва истироҳат боғларида бўлиб ўтди. Меҳридарё устозларга бағишланган байрам шукуҳи мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
1.jpg
5.jpg
11.jpg
29.jpg

Назокат УСМОНОВА, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/me-ridarye-fidoyi-ustozlarga-e-tirom-k-rsatildi-30-09-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *