Меҳри дарё, қалби офтоб ёхуд адибнинг сўнгги сафари

Пиримқул Қодиров ва Абдуғафур Расулов каби устозларим ҳаёт

бўлганларида бугунги оламшумул воқеалардан илҳомланиб яна қанча ажойиб асарлар ёзардилар. Энди шу улуғ устозлар ишини истеъдодли қаламкаш ёшлар изчил давом эттиришларидан умидвормиз, дейди Дониш домла ўзи ҳам енг шимариб.

2010 йил ёз кунларининг бирида Абдуғафур Расулов хонадонида. Чапдан: Тўлқин Эшбек, Пиримқул Қодиров, Абдуғафур Расулов, Худойберди Тўхтабоев ва рафиқалари ҳамда  Пиримқул аканинг оиласи — София онамиз.

***

Инсон қай даражада комилликка эришаётганини унинг саъй-ҳаракатлари ва гап-сўзларидан англаб олиш қийинмас. 1980 йилларда бизга сабоқ берган адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов домламиз теран фикрлари, олижаноб инсонлиги билан мафтун қиларди.

  Ҳаётимиздаги ажойиб-ғаройиб воқеалар устоз билан меҳр ришталарини янада пайваста қилиб қўйди.

Бир воқеа сабаб бўлиб 1987 йилда устоз адиб Пиримқул Қодиров билан жуда яқин бўлиб қолгандик. Кейинчалик устознинг ҳолидан хабар олиш учун хонадонига тез-тез бориб турадиган бўлдим. Инсон ёши бир жойга борган сари кимгадир маънан таяниб қоларкан. Анҳор бўйидаги сўлим гўшада жойлашган уйнинг иккинчи қаватида устоз умр йўлдоши София опа билан қандайдир меҳрга ташна бўлиб ўтиришларини ҳис этардим. Ўша кезлар устоз адабиётшунос олим Абдуғафур Расуловга ўз туғишган иниси каби таяниб қолганини англаганман. Ана шу самимий муносабатлар бизнинг домла билан ҳам меҳр ришталаримизни янада мустаҳкамлаган бўлса ажабмас.

Пиримқул ака кўпинча телефонда ким биландир гаплашиб ўтирганини кўрардим. Мавлоно, деб сўзлашларидан билардимки Абдуғафур домла билан гурунг қилмоқда. Устоз фақат домламизга мавлоно ё мулла Абдуғафур, деб мурожаат қилардилар.

Домламиз ҳам Пиримқул акани туғишган акасидек кўрардилар. Демак, улар нафақат адабиёт мавзусида, балки ҳаётдаги бошқа муҳим масалалар ҳақида ҳам фикрлашардилар. “Ўзбек адабиёти неча асрлар мобайнида катта карвон каби ўз йўлидан келмоқда,– дерди Пиримқул ака куюнчаклик билан.– Айрим ёш қаламкашлар янгилик қиламан деб унинг ўзанини миллий қадриятларимизга ёт ғоялар сингдирилган томонларга буриб юборишларига асло бепарво қараб ўтирмаслигимиз керак”.

Бу фикрни домламиз дилдан қўллаб-қувватларкан, “Пиримқул ака жуда донишманд адиб” дея олқишларди.

Пиримқул Қодировнинг адабиётга, ўзбек адибларига муносабати ҳақида ҳали кўп хотирлаймиз. Атоқли адиб раҳматли Озод Шарафиддиновдан кейин адабиётшуносликда Абдуғафур Расулов билан Умарали Норматов ўзига хос бетакрор анъаналаримизни давом эттирмоқда, деган фикрини умид ва ишонч билан айтарди.

2010 йилнинг ёзи жуда иссиқ келди. Кўп қаватли уйда яшайдиган баъзи заифроқ кишилар бироз салқин тушишини интиқлик билан кутишарди. Тўғри, замонавий совутгичлар бундай пайт жоннинг роҳати. Бироқ, бу матоҳ салга шамоллайдиган кексаларга унча тўғри келмасди. Шундай кунлардан бирида Абдуғафур ака мени ҳовлисига таклиф қилдилар. Янги чиққан бир-иккита китобларга бирга тақриз ёзиш ҳақида суҳбатлашдик. Ҳар гал суҳбат мавзуси албатта Пиримқул акага уланарди. Устознинг ҳолидан қачон хабар олганимни, отахонга яна қандай ёрдам кераклигини домламиз албатта сўраб-суриштираркан, ўзлари ҳам яқинда телефон орқали нималар ҳақида гурунг қилганини завқ билан сўзлардилар. Ўша куни домламиз дилига тугиб юрган бир таклифини айтдилар:

– Пиримқул ака “дом”да сиқилиб ўтирибдилар,– дедилар жонкуярлик билан.– Ҳовлимизга таклиф этиб, кўнглини олсак қандоқ бўларкин?

– Жуда савоб бўларди-да,– дедим ҳаяжон билан.– Биздан нима хизмат?

– Биласизми, у кишига ўзим таклиф этишга истиҳола қиляпман,– деди устоз салмоқ билан.– Мабодо, боролмайман, деб қолса, бироз хижолатпазлик бўлади. Қандоқ таклиф этишни сиз эплайсиз…

Домламиз бу вазифани менга юклаётгани бежиз эмасди. Саксон иккинчи баҳорини кўраётган нуроний отахон ва ёнларида қилтиллабгина юрадиган София опамизнинг иккинчи қаватдан тушиб-чиқишлари, ҳовлида меҳмон бўлиб ўтиришга қанчалик хоҳишлари бор-йўқлигини аввало ўзларидан сўраб билиш лозим эди.

Эртаси куни устозни йўқлаб бордим-да, Абдуғафур аканинг таклифини ётиғи билан тушунтирдим.

– Мулла Абдуғафур барака топсин,– деди нуроний устоз қандайдир интиқлик билан, сўнг хижолат тортгандек қўшиб қўйдилар,– уларни овора қилиб қўймасмикинмиз?..

Хуллас, улуғ устознинг розилигини олиб, вақти-соатини келишдик.

Домламизнинг катта ўғиллари Рустамжон айтилган вақтда машинасини шай қилиб турди.

Абдуғафур аканинг Дўмбиробод маҳалласидаги файзли хонадонига етиб келганимизда қуёш тафти бироз қайтганди. Ҳовлига сепилаётган сувлардан она тупроқнинг муаттар бўйлари кўтарилиб, ҳузур бахш этарди. Пиримқул аканинг ҳам баҳри-дили очилиб кетгани ним табассум югурган юзларида аён кўринди. Неча йиллар мобайнида бу чоғроққина ҳовлида не-не улуғ адиблар, шоирлар-у адабиётшунослар тунларни тонгларга улаб гурунглар қилмаган, дейсиз. Ана шундай дилтортар суҳбатларнинг навбатдагиси ўша куни бўлди.

Дарвозадан бирин-кетин атоқли адиб Худойберди Тўтабоев рафиқаси билан, улар ортидан таниқли олима Суюма Ғаниева, адабиётшунос Ҳамидулла Болтабоев кириб келдилар.

Тўкин дастурхон атрофида шундай устозларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишнинг ўзи мен унутилмас воқеа эди.

Ўзаро ҳангомалар қизиганида Суюма опа Пиримқул аканинг ёнига ўтиб ўтирди-да ниманидир муҳокама қила бошлади. Гап орасида София опа томон илкис қараб:

– Намунча ёмон қарайсиз? Ҳалиям рашк қиласизми?..– деса бўладими.

Гур-р кулги кўтарилди.

Пиримқул ака эса рафиқасига, қалайсиз энди, дегандек жилмайиб қўйди.

Шу мўътабар ёшда ҳам устозларнинг бундай самимий ҳазил-мутойиба қилишларини кўриб завқим келиб-кетарди.

Бир пайт Пиримқул ака даврага юзланган кўйи шундай деди:

– Менга бир шеър жуда ёққанди. Шуни ҳозир Тўлқинбекдан эшитсак…

Устозга ёққан шеър ёдимга тушди. Абдуғафур Расулов домламизнинг 70 йиллигига бағишлов эди. Улуғ устозлар салобати босиб турганда шеър айтиш осонмас. “Тошкент ҳафтаномаси” газетасининг 2008 йил 24 январь сонида ёритилган “Устоз зиёси” сарлавҳали шеърни ҳаяжон ичра бир амаллаб айта бошладим:

Зиёли зиёсин таратиб яшар,

Зиёни қиёслаб юрамиз нурга.

Тангри зиёсидан яратган уни

Зиёдан бахт бериб Абдуғафурга!

Тақдир тақозоси – ниҳол каби у,

Қаршида айланди улкан дарахтга.

Ўн йилча ўт каби ёнгач юраги,

Тошкентда эришди беқиёс бахтга.

Адабиёт ўзи – инсоншунослик,

Инсонсиз дунёда бўлмайди маъно.

Абдуғафур домла қалб дунёсини,

Зиёга тўлдирди обтобдек Раъно!

«Илми ғарибани қўмсаб» юрганлар,

Абдуғафур Расул сабоғин олсин.

«Янги замон янги қаҳрамон»лари,

«Ардоқли адиб»дек ҳайратга солсин.

Билинг, «Танқид, талқин, баҳолаш» сирин,

«Олим ва таржимон» – мисоли офтоб.

Ўша «Истеъдод ва эътиқод» рамзи –

«Озод Шарафиддин» энг мангу китоб!

Зиёдан мунаввар бўлади башар,

Зиё зийнатидир инсон асили.

Адаб илмин берар авлодларига,

Абдуғафур домла – билим Расули!

Улуғ устозлар чапак чалиб олқишлаганлари менга қанот бахш этарди шу тобда. Севимли адибимиз Худойберди Тўхтабоевнинг сўзлари ажиб хотима ясади:

– Абдуғафур домла – билим Расули, деган сатрларингиз жуда чиройли, пурмаъно чиқибди.

Бетакрор суҳбатлар поёнига етмасди.

Бироқ, энди туришнинг ҳам мавриди келди. Пиримқул ака дастурхонга дуо қилдилар.

Қалби офтоб, меҳри дарё Абдуғафур домламиз меҳмонларни алоҳида сийлашга тушди. Пиримқул Қодиров ва Худойберди Тўхтабоевга тўн, Суюма Ғаниева, Ҳамидулла Болтабоев ва каминага кўйлаклар инъом этдилар.

***

Адабий учрашувларда мухлислар шоир ва адибларга кўпинча биринчи китоби ҳақида савол берадилар. Улуғ адиблар ҳаёт билан видолашганларида у сўнгги бор нималар қилгани ё дегани ҳақида сўраб-суриштириб қолиш ҳам одатий ҳолга айланган. Раҳматли устозимиз Пиримқул Қодиров ҳақида энди қаерда сўз кетмасин, унинг сўнгги сафари Абдуғафур Расулов хонадонига бўлгани ҳақида ҳаяжон билан сўзлаб юраман.

Ўз навбатида раҳматли домламиз Абдуғафур Расулов ҳақида ҳам сўз кетган давраларда ўша меҳридарёлик билан қилинган меҳмондорчилик ҳамда қалбимизга муҳрланиб қолган суҳбатлар ҳақида мароқ билан айтиб бергим келаверади.

Аслида бу ҳам улуғ устозларнинг биз учун бетакрор ибрат мактабидир…

***

Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг сўнгги мақолаларидан бири ҳам адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов ижодига бағишланган. Устоз билан бирга ёзган “Оққан дарё яна оқади” сарлавҳали ўша мақоламиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 9 июль сонида ёритилган эди.

Ушбу мақолани раҳматли домламиз Абдуғафур Расулов хотира китобига тақдим этар эканман, икки буюк устозимнинг руҳлари озми-кўпми шод бўлар, деган умиддаман…

***

ОҚҚАН ДАРЁ ЯНА ОҚАДИ

Шукрки, Ўзбекистонимиз талантларга бой. Биз ўз соҳамизга назар ташлаганда адабий жараёнда фаол иштирок этаётган янги истеъдодларни қувониб қаламга оламиз. Адабий жараён эса турли ирмоқлардан оби-ҳаёт оладиган дарёдай кенг ва сертармоқдир.

Шу фикрдан келиб чиқиб адабиётимизнинг муҳим тармоғи ва узвий қисми бўлган адабий танқид билан адабиётшунослик ҳақида баъзи мушоҳадамизни айтмоқчимиз.

Таниқли олим Абдуғафур Расуловнинг 2009 йилда “Мумтоз сўз” нашриётида чоп этилган адабий-танқидий мақолалардан иборат “Бетакрор ўзлик” номли янги китоби “Истеъдод қадри” деган мақола билан бошланади. Муаллиф Юртбошимизнинг матбуотда эълон қилинган ва ҳаммамизнинг дилимиздан ўрин олган “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” асаридаги қуйидаги оташин сўзларини келтиради: “Истеъдод, истеъдод ва яна бир бор истеъдод соҳибларини топиш, тарбиялаш ва уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш энг асосий вазифамизга айланиши керак”.

Биз таҳлил қилмоқчи бўлган “Бетакрор ўзлик” китоби бошдан охиригача мана шу олижаноб вазифани сидқидилдан бажаришга қаратилгандир.

2010 йил – Баркамол авлод йили бўлгани учун қирқ йилдан буён истеъдод билан болалар ва ёшлар адабиётини ривожлантириб келаётган Худойберди Тўхтабоев ижодига “Бетакрор ўзлик” китобида энг катта – 100 саҳифадан ортиқ ўрин берилгани тасодиф эмас.

Худойберди Тўхтабоев асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги турли тилларга таржима бўлиб нашр этилган ва қизиқиб ўқилади. “Бетакрор ўзлик” китобида адибнинг “Сариқ девни миниб”, “Ширин қовунлар мамлакати ёки сеҳргарлар жанги”, “Сеҳрли қалпоқча” ва бошқа асарлари Парижда, Римда, Москвада, Берлинда, Бухарестда, Норвегияда, Финландияда, Туркияда, хуллас, жаҳоннинг йигирмадан ортиқ мамлакатларида таржима бўлиб ўқилмоқда. Унинг “Сариқ девни миниб” романи ҳақида жаҳонга машҳур итлаьян адиби Жанни Родари қандай юксак баҳо бергани “Бетакрор ўзлик” китобида келтирилган.

Ўз ўрнида Абдуғафур Расулов ҳақли равишда шундай дейди: “Афсуски, ўзбек адабиётшунослиги ёзувчи рейтинги масаласига эътибор бермайди. Ваҳоланки, рейтинг – кўзгу”. Рейтинг нафақат кўзгу, балки талантнинг қадрини белгиловчи мезон. “Бетакрор ўзлик”да биз ниҳоят мана шу мезонни топамиз ва унга қараб Худойберди Тўхтабоевнинг энг яхши асарлари адабиётимизни жаҳон миқёсига олиб чиқа оладиган зўр истеъдод манбаи эканини, уларни астойдил қадрлашимиз зарурлигини сезамиз. Шу фактларга асосланиб айтишимиз мумкинки, ўзбек адабиётшунослигида Худойберди Тўхтабоевнинг талантини чинакам қадрлаган ва янгидан кашф қилган заршунос олим Абдуғафур Расулов бўляпти.

Биз юқорида Юртбошимизнинг истеъдод ҳақида айтган сўзларини келтирган эдик. Истеъдоднинг энг ёрқин белгиси – унинг бектакрорлиги, ўз асари билан китобхонни янгича завқ, янги таассуротлар билан бойитишидадир. Абдуғафур Расуловнинг ўз китобини “Бетакрор ўзлик” деб атагани – унинг бетакрор истеъдодларга бағишланганидан далолат беради.

Муаллиф адабий жараёнлар билан боғлиқ ҳар бир фикрини илмий асослашга, аниқ мисоллар билан изоҳлашга ҳаракат қилади. Кўплаб шоир ва ёзувчиларимиз асарлари бир неча хорижий тилларга таржима қилинган бўлса-да адабиётимиз дунёда биз кутган даражада донг тарата олмаётгани сабаби ҳақида мушоҳада юритар экан, “уларни талқин, таҳлил қилиш, ташвиқ-тарғиб этиш паст савияда,– деган хулосага келади.– Мантиқан хорижий адабиётлар бўйича диссерация тайёрлаган олим ўзбек адабиёти, унинг намоёндалари ижодини сувдай билиши лозим. Афсуски… Олий Аттестация Комиссиясининг филология соҳаси бўйича эксперти сифатида ачинарли ҳолларга гувоҳ бўлдим… Уларнинг аксарияти ўзбек тили ва адабиётини билмайдилар”. Илмий ишини ҳимоя қилган ёш олимлар билан суҳбат ўтказилганида улардан ўзбек адибларининг машҳур асарлари ҳақида ҳам сўралади. Шунда уларнинг “мактабда ўқиганмиз, эсдан чиқиб кетган” деган жавобидан ҳар қандай зиёлининг энсаси қотади. “Ваҳоланки, ўз адабиётини билмаган, унинг тараққиёти билан қизиқмаган “олим” аллақайси юрт адабиёти бўйича яхши мутахассис бўла олмайди,– деган хулосага келади муаллиф.– Қолаверса, шу мутахассиснинг илмий ишини узоқ юртдаги олимлар ўқийди, деб ўйлайсизми?” Бу билан у, хорижий адабиёт бўйича олимлик даъвосини қилувчилар аввало ўз адабиётини яхши билиши, керак бўлса, уларни дунёга тарғиб қилиши, ўша халқ тилига ўгирилган ўз асарини талқин қилиб, мақола ёза олиши кераклигини таъкидлайди. Яқинда Англия-Америка адабиёти бўйича таниқли олимнинг диссертацияси ҳақида фикр алмашув бўлганида унга Абдуғафур Расулов шундай савол берган:

“– Сиз америкалик ёзувчиларнинг сатирик романлари ҳақида докторлик диссертациясини ҳимоя қилибсиз. Унда Америка адабиётидаги болаларга аталган асарларда сатира мавзусига урғу берибсиз. Айтинг-чи, машҳур ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевнинг сатирик романларини Америка болалар адабиёти намуналарига қиёслаб кўрдингизми?”

Бу билан муаллиф Америка адабиёти ҳақида сўз юритганда ўзбек адиби Худойберди Тўхтабоевнинг ҳам жаҳон адабиёти майдонида салмоқли ўрни борлигини исботлайди.

Диссертант эса ҳайрон бўлиб қараб, “Сиз номини айтган ёзувчини билмайман. Романлари ҳақида эшитмаганман”,– деб жавоб берган. Ўша олимнинг бир неча шогирди Ғарб, Америка адабиётидан илмий иш ёқлагани, улар ҳам ўзбек адабиётидан мутлақо фойдаланмаганлари ҳақида муаллиф куюниб ёзади. Дарҳақиқат, хорижда илмий мақола ёритаётган бўлғуси олимлар шу тариқа миллий адабиётимиз дурдоналарини жаҳонга чиқишига ҳисса қўшса нур устига аъло нур бўлур эди, деган хулосага келасиз.

Замон билан ҳамнафас олим Абдуғафур Расулов миллий адабиётимиз мавқеини дунё қадар кўтариш ҳақида мушоҳада юритар экан, ўзбек тилидаги интернет адабиётини, жумладан, танқидчилигини шакллантириш, шоир ва ёзувчилар, мунаққидларнинг веб-сайтларини ривожлантириш орқали миллий адабиётимизни кенг миқёсда тарғиб-ташвиқ қилиш зарурлигига эътибор қаратади. “Ҳозирги ўзбек адабиёти – жаҳон адабиётининг бой, ривожланаётган, бадиийлиги юксак таркибий йўналишларидан бири” экан, уни замонавий коммуникация технологиялари орқали дунёга кўрсатиш чиндан-да галдаги долзарб вазифалардан биридир.

Ўтмиши буюк халқнинг келажаги шунга яраша бўлиши оддий ҳаёт ҳақиқатига айланган. Адабиётда ҳам шу: буюк ўтмиш – келажак пойдевори бўлиб хизмат қилади. “Бетакрор ўзлик”да ўзлигимизни намоён этишга қодир шоирлар, адиблар ва мунаққидлар ижоди таҳлилу талқин қилинади. “Хотима-хотира асар” сарлавҳали мақоласида ҳаётнинг паст-баландини нозик ҳис қиладиган санъаткор адиб Садриддин Айний ҳаёти ва ижоди тадқиқ этилган бўлса, “Абдулла Қаҳҳор университети” мақоласида буюк адибнинг ижод мактаби ҳақида сўз боради. “Абдулла Қаҳҳор ўнларча бетакрор, ўз моҳиятига эга тимсолларни яратган санъаткордир,– деб ёзади муаллиф.– Ёзувчи яратган адабий университетнинг ҳали узоқ яшашига, кишиларни маънан-руҳан тарбиялашига шубҳа йўқ”.

Китобдан ўрин олган “Ҳамид Олимжон шеърларида диёр мадҳи”, “Интеллектуал сиймо”, “Ҳазрати инсон ёди”, “Ёзувчи тақдири – адабий авлод тарихи”, “Асарлари яшаяптики…” сарлавҳали мақолаларида адабиёт осмонида ёрқин из қолдириб кетишган Ҳамид Олимжон, Асқад Мухтор, Раҳмат Файзий, Рамз Бобожон, Ўлмас Умарбеков сигари сиймолар ижоди бугунги кун нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. Энг муҳими, ўша шоир ва адибларнинг даврлар синовидан ўтган ва айни дамларда ҳам мароқ билан ўқилаётган ўнлаб асарларига холис баҳо берилиб, ибратли жиҳатлари кўрсатилади.

Китобда бугунги давр адабиётига ҳам кенг ўрин берилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, “Ғаройиб салтанат” мақоласида болаларнинг севимли адиби Худойберди Тўхтабоев ижоди кенг тадқиқ қилинган бўлса, “Ижодий ўзлик сари йўл” мақоласи таниқли шоир ва адиб Анвар Обиджон ижодига бағишланган. Муаллиф бир ўринда шундай дейди: “Юртимизда Анварлар кўп, Обидлар кўп, аммо, Анвар Обиджон ягона! У ўзбек болалар адабиётига ўз овози билан кириб келди. Очиғи, ушбу тўпламга – “Бетакрор ўзлик” деган номни ҳам шу хокисор шоир таклиф этган”. Муаллиф бир ўринда уни шундай таърифлайди: “Анвар Обиджон борлиққа – мавжудоту маҳлуқотга; ой, қуёш, юлдузларга; узлуксиз ғимир-ғимир ҳаракатга боланинг маъсум кўзи билан боқди. Пишиқ-пухта, умри узоқ асарлар яратди. Болалар адабиёти пирлари қаторидан ўз диди, тили, услуби билан жой олди”.

Муаллиф болалар адабиётига оид фикрларини давом эттирар экан, “Болаликнинг беғубор осмони” мақоласида шоир Турсунбой Адашбоев ижодига алоҳида тўхталади. “Болафеъл шоиргина бола ҳолатини, беқиёс оламини англайди,– деб ёзади муаллиф.– Турсунбой Адашбоев жаҳон болалар адабиётини бир бутун деб билади”. Мақолада болалар адабиётини янада ривожлантириш омиллари ҳақида жўяли фикрлар илгари сурилгани эътиборга моликдир.

Улуғ устозлар ҳақида теран фикр юритган мунаққид “Таваллуд топаётган кўнгил муждалари” мақоласида бугунги насримизнинг истеъдодли вакилларидан бири Шойим Бўтаев ижодини атрофлича таҳлил этади. “Абдулла Қодирий Тошкент шаҳри даҳаларини, Тошкент теварагидаги қишлоқларни, Марғилон, Қўқонни бадиий тасвирлади… Мирзакалон Исмоилий Фарғона водийсини, Саид Аҳмад “Уфқ”ида Андижонни, Одил Ёқубов Туркистон ерларини, Қарноқ даштини, Садриддин Айний Сокторе қишлоғини, Ғиждувон туманини, Бухоро юртини акс эттирган,– деб ёзади муаллиф.– Шойим Бўтаевнинг аксарият асарларида тоғ этаклари – қияликлардаги қишлоқлар тасвирланган. Китобхон булоқлардан чиқаётган сувни кўраётгандай, дарахтлар остида хордиқ чиқараётгандай, қишлоқ кўчаларига хос бетакрор томонларни ҳис этаётгандай бўлади”. У ўзбек адабий харитасини янги жуғрофий ҳудуд, бетакрор адабий аҳоли эвазига бойитгани мақолада атрофлича кўрсатиб берилган.

Адабий давраларда мунаққидларнинг ижодига бўлган муносабатлар кўпчиликда қизиқиш уйғотади. “Бетакрор ўзлик”да танқидчилик маҳорати ҳақида ҳам сўз борар экан, “Танқид майдонида туриш машаққати”, “Озод Шарафиддиновни англаш”, “Мунаввар сиймо”, “Олимнинг ойдин йўли”, “Адабий танқид – гўзаллик кашшофи” сарлавҳали мақолаларида Ҳомил Ёқубов, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров, Бахтиёр Назаров, Санжар Содиқ каби таниқли адабиётшунос олимлар ва мунаққидлар ижодига холисона ёндашилади.

Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуровнинг мунаққидчилик майдонида қилган ибратли ишлари жуда кўп. Бироқ у ҳақида шу кунгача етарли даражада таҳлилий мақола ёзилмаган. Адабиётшунослик оламидаги шу “бўшлиқ”ни муаллиф “Мунаввар сиймо” мақоласи билан тўлдиришга ҳаракат қилади. Мақолада таниқли адиб ва таржимон, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуровнинг сиймоси ёрқин бўёқларда кўрсатилган. “Иброҳим Ғафуров асарлари истиқлолдан сўнг янги бир манба билан бойиди,– деб ёзади муаллиф.– Мунаққид-олим Навоийга улфат бўлишни, унинг яқинига келиб ўтиришни орзу қилади… Иброҳим Ғафуров ўн тўрт мақолада Навоий ҳақидаги қараш, тушунишларини баён этади. Мунаққид ақидасича, Навоий собиту сайёрани, бутун борлиқни нурафшон этган сиймо”.

Адабиётшунослик оламида Бахтиёр Назаров Иззат Султондан кейинги йирик сиймога айлангани “Олимнинг ойдин йўли” мақоласида атрофлича кўрсатилган. Унда ўзбек мунаққидлик мактабининг шаклланиши йўлида фидойилик кўрсатган адабиётшунос олимларнинг ибратли ишлари қаламга олинади.

“Бетакрор ўзлик” мазмунан ва моҳиятан бетакрор китоб бўлганини эътироф этиш мумкин. Тўпламдан ўрин олган адабий-танқидий мақолалар аниқ мақсадга қаратилган, тили равон, фактларга бой. Муҳими, бу фактлар шунчаки санаб ўтилмасдан илмий тадқиқ ва таҳлил этилади.

Шундай мақолалар адоғида “асар айрим жузъий камчиликлардан ҳам ҳоли эмас” деб қистириб ўтиш таомилга айланган. Буни қарангки, муаллиф ушбу китобига дастхат ёзиб бериш асносида китобини варақлаб, ўша “ўтиб кетган” айрим хатоларини қаламда битталаб тўғрилаб чиққанига биз гувоҳ бўлдик. Бу зукко олимнинг қалам тебратишдек залворли ишга қанчалик масъулият билан ёндашишини кўрсатади. Бу ҳам ўзига хос ибратдир.

Бу китоб муаллифи ўзининг суюкли устози Озод Шарафиддиновга хос истеъдоднинг кучи ва миқёси жаҳон адабиётшунослари билан бўйлашадиган даражада эканини кўрсатади. Айни вақтда бугун Озод Шарафиддиновнинг энг яхши анъаналарини давом эттираётган Умарали Норматов, Бахтиёр Назаров, Наим Каримов, Иброҳим Ғафуров ва бошқа кўпгина истеъдодли адабиётшунослар ижодига муаллиф меҳр билан ёндашади, ўз таҳлилларида уларнинг қадр-қимматини юқори кўтаради. Шунинг ҳаммаси “Бетакрор ўзлик” деб аталган китоб истеъдодшунослик ва заковатпарварлик руҳи билан суғорилганини кўрсатиб туради.

Халқ мақолида “Оққан дарё яна оқади” деб бежиз айтилмаган. Озод Шарафиддинов каби улкан сиймони берган адабиётшунослик фани ва сўз санъати келажакда яна улкан талантларни тарбиялаб етиштириши шубҳасиз. Бу фикрни тасдиқлайдиган истеъдодлардан бири – “Бетакрор ўзлик”дек ажойиб китоб муаллифи Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, профессор Абдуғафур Расулов дейиш мумкин.

 DSC_0047

Пиримқул ҚОДИРОВ,

Тўлқин ЭШБЕК

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2010 йил 9 июль

http://sharh.uz/adabiyot-va-sanat/item/16673-abdugafur-rasulov-pirimqul-qodirov

Вам может также понравиться...

Ответов: 2

  1. Мак,олани укиб туриб хаёлан ховлимизга саёхат килгандай булдим.Ховлимизнинг харорати,сув сепганда ер иси…согинч хислари яна бир бор кузг’алди…Шунингдек адабиёт оламига шунг’иб,унда шухрат топган улуг’ устозларимиз туг’рисида хали хеч кайси китобда укимаган,эшитмаган кизикарли вокеалар билан танишдим.

  2. Ustoz maqolani oqib xayolimga qishlogimiz manzaralari gavdalandi.
    Yuqoridagi suratni korgan inson bir biringizga boolgan mehr qanchalik darajada bolganini anglashi qiyin emas albatta. Xar qanday oquvchi maqolani oqib sizlarning ijodingiz va xayotdagi beg’ubor munosabatlaringizga koz tegmasin deydi.Judayam xavasim keladi. Ularning ishlarini siz albatta davom ettiryapsiz desak adashmaymiz qaysidir manoda.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *