“Миллатимиз ифтихори” мавзусида мақолалар танлови бўлиб ўтди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Миллатимиз ифтихори” мавзусида мақолалар танлови бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий университети проректори Давлатбой Жумабоев ва бошқалар Шароф Рашидов мамлакатимиз фаровонлигини ошириш йўлида ўзининг фидокорона меҳнати, ибратли ҳаёт йўли, ижтимоий-ижодий фаолияти билан халқимиз қалбидан чуқур жой олганини таъкидлади. Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори Шароф Рашидов ҳаёт йўлини ёшлар томонидан ўрганишда муҳим омил бўлди.
Мазкур танловдан кўзланган мақсад Шароф Рашидовнинг Ватанимиз фаровонлиги йўлидаги фидокорона меҳнатлари, фаолияти билан навқирон авлодни яқиндан таништиришдан иборатдир.
Иштирокчилар Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар асосида ёзилган ижодий мақолаларни тақдимот шаклида ҳимоя қилди. Шунингдек, буклетлар, саҳна кўринишлари, тарғибот материаллари ҳам тайёрланганлиги танловнинг янада қизиқари ўтишини таъминлади.
– Танловда «Шароф Рашидов – юртимиз фахри» номли мақолам билан иштирок этдим,– дейди университетнинг хорижий филология факультети талабаси Мадина Эгамова.– Мазкур танлов Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишишимизга ёрдам берди. У кишини нафақат атоқли давлат арбоби, балки Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқатни, сабр-қаноат, матонат ва ҳалолликни тараннум этган кўплаб асарлар муаллифи сифатида ҳам қадрлаймиз.
Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сўнгги фикрлар