Миллати бор — покиза…
Адабиётшунос олим Султонмурод Олимов 1954 йили Бухоро вилоятининг
Вобкент туманидаги Қирғизон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетини имтиёзли диплом билан тугатган. 1993 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида лаборант, катта лаборант, кичик илмий ходим, илмий ходим, катта илмий ходим, докторант, Ташқи ишлар вазирлигида «Спич райтер» гуруҳи раҳбари, бўлим мудири ўринбосари, таҳририят мудири, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида консултант, етакчи консултант, бош консултант, Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари ўринбосари лавозимларида ишлаган. Ҳозирги пайтда «Нақшбандия» журнали бош муҳаррири.
* * *
Кўнгилга бир дард тушди,
Дардманд қани-кай?
Жисм уйидан ҳуш учди,
Учар у токай?
“Қуръон” ўқийин десам,
Устод топилмас.
Ўқимайин десам, у
Сира ёпилмас…
* * *
Хуш бўйларин туяр эдим баҳорнинг,
Нафасидан тўяр эдим наҳорнинг.
Кундуз зилол кўринарди лойқа сув,
Тунлар кулиб боқар эди Ой — сулув.
На ҳидини сездим бу йил баҳорнинг,
На нафасин тўйиб сўрдим наҳорнинг.
Тиниқ сувнинг тинганини туймадим,
Ҳатто, қошга гул инганин суймадим.
Ё кўзларим тўсиб олган бир риё,
Бирга-бирга қариди ё бу дунё?..
ЎҒЛИМГА
Шеър ёзсанг, сўзларни сўзларга едир,
Кўнглингни гулга ё булбулга дедир.
Сўз топмай қийналсанг, билганим айтай:
“Бухоро” сўзининг ўзи бир шеърдир.
БЕШЛИКЛАР
СОҒИНЧ
Майли, иста, кўзларинг бўлай,
Айтолмаган сўзларинг бўлай,
Сувлар тутай, ҳовучинг бўлай,
Ҳассанг бўлай, ковушинг бўлай —
Тушимга кир, она, онажон!..
ОМОНАТ
Қўл ювиб келгунча косамни ялаб,
Ичига тош солиб қўйсалар, ахир,
Қўлига топширсам Мўмин Мирзони,
Тўрвага бош солиб қўйсалар, ахир —
Мен кимга ишонай омонатимни?..
СИРДАРЁ
Сирдарё, отамдай қаридинг,
Ингичка илоннинг изидай.
Не бўлди сенга, эй Бобосув,
Чуқуринг чақалоқ тизидай —
Ўзанда сўзондир Қизилқум.
ХОРАЗМ
Бу асрий қумликлар аро Хоразм,
Гоҳида хор бўлди, гоҳида — азим.
Ҳарчанд йиғласам ҳам, кўзёшим етмас,
Самолётдан туриб солганда разм.
Кўзинг оч, атрофда қум қилар базм.
ҚОРАҚАЛПОҒИМ
Туби — бир ва лекин шохи минг бўлар,
Миллат деганининг, билсанг, қароғим,
Сенда Помир тоғи юксак руҳи бор,
Оролим, қардошим, қорақалпоғим —
Юзингни тоғ сари бурмасанг — бўлмас!
УМР
Умрим менинг шунчалар қисқа,
Вақт топмасман бошим қашлашга.
Не-не қуюқ зиёфатлар ҳам
Сабаб бўлар кўнгил ғашлашга —
Узаярми ўтганимдан сўнг?
ҒАШЛИК
Бу қишлоққа не бўлган ўзи —
Одамининг кўзида завқ йўқ?!
Топганини бир шиша майга
Етказишдан бошқа бир шавқ йўқ.
Бу қишлоқдан кетайлик, кўнгил!
КИМГА ҚИЙИН?
Кимга қийин бу дунёда,
Кимга осон — билмадим.
Мушкулотнинг қайси оғир —
Буни шоён қилмадим.
Хулосага келдим охир,
Айтган эмас бир ноқил:
Беақлнинг ишларини
Кўриб турса бир оқил —
Шундан оғир азоб бўлмас,
Бундан душвор сазо йўқ,
Ақллига мукофоту
Беақлга жазо йўқ.
***
БОРИ МИЛЛАТ ‒ ПОКИЗА…
Эй Худоё, сен яратдинг бунча хилқат покиза,
Қайдан олдинг бунча шафқат, бунча ҳиммат покиза?!
Суйганинг бандангга бердинг Ойдан ҳам ойдин чирой,
Кун бўлиб ё нур таратди хушсуврат покиза.
Шарт бўлди аммо уйғун келса шаклу маъно ҳам,
Шунча сувратга муносиб тушса сийрат покиза.
Сенки, инсон наслидирсан, қалбинга ошиқ ‒ Худо,
Шунга масъулсанки, бўлсин энди тийнат покиза.
Тарки иллат айла неки, бўлса ҳайвоний ҳавас,
Токи қолсин руҳ аро яккаш фазилат покиза.
Шунда сендан қўрқар, ҳатто, кўрки, Шайтони лаъин,
Бўлгай ул руҳониятда янги қудрат покиза.
Ҳар сўзим шарҳин сўрарга ўрганиб қолган кўнгил,
Содда тилда сўзласам, шу ‒ маънавият покиза.
Динимиз йўлини тутсанг, янграгай асрий нидо:
“Бўлсин аввал бандада ҳар неки ният покиза”.
Якка-ёлғиз тингладинг бу ўгитимни, эй ҳабиб,
Истагайман, бўлса, Султон, бори миллат покиза.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистон Ёувчилар уюшмаси аъзоси.
2021.25.01.
Сўнгги фикрлар