Миллий университетда ёшлар таронаси
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетда 30 июнь – “Ёшлар
куни” муносабати “Ёшлигим, кел, куйга тўлган!” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
– Мамлакатимизда ёшлар масаласига доимо устувор масала сифатида қаралмоқда,– деди ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Нажмиддин Қодиров.– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ёшларига байрам табриги”да таъкидланганидек, биз ёшларнинг орзу-интилишлари, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш мақсадида бошлаган ишларимизни наинки давом эттирамиз, балки уларни янги, янада юксак босқичга кўтарамиз. Бу улуғвор ишда Миллий университетимиз ҳам сиз азиз талабаларга ишончли қанотдир.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини янада ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар талайгина. Бу вазифалар ЎзМУда босқичма-босқич амалга оширилаётгани эътиборга моликдир.
Байрам муносабати ЎзМУ атрофидаги хиёбонларда, спорт майдонларида югуриш бўйича мусобақалар ўтказилгач, маънавий-маърифий тадбир “Ҳаракатлар стратегияси” хонасида мусиқали дастурга уланиб кетди.
– Бугунги кунда дунёда фан ва технологиялар жадал ривожланиб бораётган бир шароитда, инсон омилига жиддий салбий таъсир қилувчи диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётир,– деди ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Аброр Хидиров.– Бундай шароитда аҳолисининг салмоқли қисми ёшлардан ташкил топган мамлакатлар ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва пухта олиб боришни бирламчи вазифа, деб ҳисоблаши табиий. Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг барчаси халқимиз, айниқса, ёшларнинг ижтимоий-маънавий ҳамда маданий ҳаётида жуда катта воқеа бўлди. Беш муҳим ташаббус – ёшларни санъат ва маданият масканларига кенг жалб этиш, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун зарур шароитлар яратиш; ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ҳамда спорт иншоотлари қувватини янада ошириш; аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишга оид чора-тадбирлар; ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш; ҳудудларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, муаммоларини ижобий ҳал этишга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда муҳимдир. Ана шундай муҳим ташаббусларни ҳаётга самарали татбиқ этишда нафақат давлат ва жамоат ташкилотлари, балки ота-оналар ҳам фаоллик кўрсатишлари шарт. Дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариб, фарзандлар камолоти учун давлатнинг яратаётган шарт-шароитларидан оқилона фойдаланишга фарзандларимизни йўналтирайлик. Шундагина ота-она учун энг катта бахт – фарзандлар камолотини кўриш барчамизга насиб этади. Мана шу даврамизда иштирок этаётган ҳурматли домламиз, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек, Журналистика факультети талабаси Муслима Омонқулова каби фаоллар билан биргаликда Олмазор туманидаги қатор мактабларда 5 ташаббусга бағишланган тадбирларимиз давомида шунга ишонч ҳосил қилдикки, биз чин дилдан ҳаракат қилсак, ҳар қандай муаммони ижобий ҳал этишимиз мумкин экан.
Тадбирда Миллий университетимиз маънавий-маърифий ишларида фаоллик кўрсатишаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларга ҳамда талабаларга “Ташаккурнома”лар топширилди.
Ёшларнинг қайноқ қалбини жўш урдирувчи дилрабо куй-қўшиқлар даврага файз киритди.
Мақсуд Бобоев,
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси
Суратлар муаллифи Сайфулла Аширов
Rahmat ustoz salomat bo’ling!